КЕЧАСИ ТАҲАЖЖУД ЎҚИШ ВА АЛЛОҲ АЗЗА ВА ЖАЛЛАНИНГ: «КЕЧАНИНГ БАЪЗИСИДА У ИЛА БЕДОР БЎЛ. СЕНГА НОФИЛА БЎЛСИН», ДЕГАН ҚАВЛИ ҲАҚИДАГИ БОБ
1120. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжудга турсалар, қуйидагиларни айтар эдилар:
«Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин, Сен осмонлару ер ва улардагиларни қоим қилгувчисан.
Сенга ҳамд бўлсин, осмонлару ернинг ва улардагиларнинг мулки Сеникидир.
Сенга ҳамд бўлсин, Сен осмонлару ернинг нурисан.
Сенга ҳамд бўлсин, Сен ҳақдирсан. Ваъданг ҳақ. Сенга йўлиқиш ҳақ. Сўзинг ҳақ. Жаннат ҳақдир. Дўзах ҳақ. Набийлар ҳақдир, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ. Қиёмат ҳақдир.
Аллоҳим! Сенга таслим бўлдим. Сенга иймон келтирдим. Сенга таваккул қилдим. Сенга қайтдим. Сен(инг исминг) ила хусуматлашдим. Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Бас, менинг аввалу охир, сиру ошкор бўлган (гуноҳларимни) мағфират қил. Муқаддим ҳам Ўзингсан, муаххир ҳам Ўзингсан, Сен ўзга ҳеч илоҳ йўқ.
Суфён: «Абдулкарим Абу Умайя: «Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» ни зиёда қилди», деди.
2. КЕЧАСИ БЕДОР БЎЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДАГИ БОБ
1121-1122. Солим отаси (Абдуллоҳ ибн Умар) розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида бирор киши туш кўрса, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳикоя қилиб берар эди. Шунда, қанийди мен ҳам бир туш кўрсам-да, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳикоя қилиб берсам деб орзу қилдим. Ўша вақт ўспирин эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида масжидда ухлар эдим. Бас, тушумда гўё мени икки фаришта тутиб, дўзахга олиб борганини кўрдим. Қарасам, у қудуққа ўхшаб, атрофи ўралган экан. Унинг икки шохи ҳам бор экан. Унинг ичида мен танийдиган одамлар бор эди. Бас, мен «Аллоҳдан дўзахдан паноҳ беришини сўрайман!», дея бошладим. Шунда, бизга бошқа бир фаришта йўлиқиб, менга:»Қўрқма!», деди.
Бас, мен уни Ҳафса розияллоҳу анҳога ҳикоя қилиб бердим. Ҳафса эса уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳикоя қилиб қилиб берган экан, у зот:
«Агар кечаси намоз ўқиса, Абдуллоҳ қандай ҳам яхши одам!», дебдилар. Шундан кейин у кечаси озгина ухлар эди.
3. КЕЧАСИ БЕДОР БЎЛИШДА САЖДАНИНГ УЗУНЛИГИ ҲАҚИДАГИ БОБ
1123.Оиша розияллоҳу анҳо хабар қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн бир ракъат намоз ўқир эдилар. Бу у зотнинг намозлари эди. У зот бошларини кўтаришларидан олдин, бирингиз эллик оят ўқийдиган миқдорда сажда қилар эдилар. Бомдоддан олдин икки ракъат намоз ўқир, сўнгра то намозга чақирувчи келгунига қадар ўнг тарафларига ёнбошлар эдилар».
4. БЕМОР ҚИЁМНИ ТАРК ЭТИШИ ҲАҚИДАГИ БОБ
1124. Асвад айтади:
«Жундаб розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тоблари қочиб, бир ёки икки кеча қоим бўлмадилар», дегинини эшитдим».
1125. Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади:
«Жаброил соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келмай қолди. Шунда, Қурайшлик бир аёл: «Унинг шайтони кечикди», деди. Бас, «Чошгоҳ билан қасам. Сукунатга чўмган тун билан қасам. Роббинг сени тарк қилмади ва ғазаб ҳам қилмади», (ояти) нозил бўлди.
5. НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ КЕЧАНИНГ НАМОЗИ ВА НАФЛЛАРГА ВОЖИБ ҚИЛМАЙ УНДАШЛАРИ ҲАҚИДАГИ БОБ
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча намоз учун Фотима ва Али алайҳимассаломларнинг эшикларини қоқдилар.
1126. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир кеча Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб:
«Субҳаналлоҳ, бу кеча қанчадан-қанча фитналар нозил қилинди ва қанчадан-қанча хазиналар очилди. Ҳужра соҳибаларини ким уйғотади? Кўпинча бу дунёда кийимли (аёл), у дунёда ялонғочдир», дедилар.
1127. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу хабар қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси у киши ва Фотима бинт Набий алайҳиссаломларнинг эшикларини тақиллатиб:
«Намоз ўқимайсизларми?!», дедилар. Шунда, мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Жонимиз Аллоҳнинг қўлида, қачон бизни уйғотишни хоҳласа, уйғотади», дедим.
У зотга шу гапни айтганимизда, менга бирон нарса қайтармай кетдилар. Кейин бурилиб кетаётиб, сонларига уриб:
«...Ва инсон аксари ҳолда жадал қилувчидир...», деяётганларини эшитдим.
1128. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қилишни яхши кўриб турган бир амални фақат одамлар уни қилиб, у уларга фарз бўлиб қолишидан қўрқибгина тарк этар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч ҳам Чошгоҳ намози ўқимаганлар, мен эса албатта, уни ўқийман».
1129. Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунларнинг бирида масжидда намоз ўқидилар. У зотнинг намозларига эргашиб одамлар ҳам намоз ўқишди. Сўнг у зот келгуси кечада ҳам намоз ўқидилар. Бас, одамлар ҳам кўпайишди. Сўнг учинчи ёки тўртинчи кечада тўпланишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларнинг олдига чиқмадилар. Бас, тонг отгач, чиқиб: «Дарҳақиқат, қилган ишингизни кўрдим. Мени сизларнинг ёнингизга чиқишдан уни сизларга фарз бўлиб қолишидан қўрқишимгина ман қилди», дедилар. Бу Рамазонда эди».
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев