КИШИ МАСЖИДГА КИРГАНДА ИККИ РАКЪАТ ЎҚИСИН
444. Абу Қатода Саламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз масжидга кирса, ўтирмай туриб икки ракъат намоз ўқисин», дедилар».
61-БОБ. МАСЖИДДА ТАҲОРАТ СИНИШИ ҲАҚИДА
445. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз ўзи намоз ўқиган намозгоҳида бўлар экан, модомики таҳоратини бузмаса, фаришталар унга саловот айтиб туришади: «Аллоҳим! Уни мағфират қил. Аллоҳим! Унга раҳм қил», дейишади», дедилар».
62-БОБ. МАСЖИД ҚУРИШ ҲАҚИДА
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу: «Масжиднинг шифти хурмо калтакларидан эди», деган.
Умар розияллоҳу анҳу масжидни таъмирлашга амр қилди ва: «Одамларни ёмғирдан тўсгин, уни (масжидни) қизилга ёки сариққа бўя кўрмагинки, одамларни чалғитасан», деди».
Анас айтади: «Масжидлар билан фахрланишади, кейин эса уларни камдан-кам обод қилишади».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Сизлар яҳудий ва насронийлар бежаганидек, уларни бежаяжаксиз», деган.
446. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо шундай хабар қилади:
«Масжид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида хом ғиштдан қурилган, шифти хурмо калтаклари ва устунлари хурмо ёғочи эди. Абу Бакр унга бирор нарса қўшмади. Умар унга қўшимча қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги қурув асосида уни хом ғишт ва хурмо калтакларидан қурди. Устунларини қайта ёғочдан қилди. Сўнг Усмон уни ўзгартириб, унга кўп қўшимчалар қўшди. Деворларини нақшинкор тошлар ва ганждан қилди. Устунларини нақшинкор тошлардан, шифтини эса сож* ёғочидан қилди».
* Изоҳ: Сож – тахтанинг сифатли ва қиммат бир тури. У Ҳиндистондан келтирилган.
63-БОБ. МАСЖИД ҚУРИШДА ЎЗАРО КЎМАКЛАШИШ ҲАҚИДА
«Мушрикларга, ўзларининг кофир эканларига гувоҳ бўлган ҳолларида Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари мумкин эмас. Ана ўшалар амаллари ҳабата бўлганлардир ва улар дўзахда мангу қолувчилардир.
Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар». (Тавба, 17-18).
447. Икрима айтади:
«Ибн Аббос менга ва ўғли Алийга: «Икковингиз Абу Саъиднинг олдига бориб, унинг ҳадисларидан эшитинглар», деди. Биз борсак, у боғида ишлаётган экан. Ридосини олди-да, эҳтибо* қилиб ўтирди. Сўнг бизга ҳадис айтишни бошлади. Ниҳоят, сўз масжид қурилишига келганда:
«Биз ғиштни биттабитта кўтарар эдик, Аммор эса иккитаиккита ғишт кўтарар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб, ундан тупроқни қоқдилар ва: «Амморнинг шўри қурисин. Уни боғий* тўда ўлдиради. У уларни жаннатга чақирса, улар уни дўзахга чақиришади», дедилар. Аммор: «Фитналардан Аллоҳнинг паноҳига қочаман», деди», деб айтди».
* Изоҳ: Эҳтибо – думбани ерга қўйиб, икки тиззани кўтариб, бели билан болдирини қўшиб, битта матога ўраб ўтириш. Мато ўрнида инсонинг ўз қўли бўлиши ҳам мумкин, яъни думбани ерга қўйиб, тиззани қучоқлаб ўтириш ҳам «эҳтибо» дейилади.
* Изоҳ: Боғий ‒ луғатда «тажовузкор», истилоҳда «Ислом давлатига қурол кўтариб қарши чиққан шахс».
64-БОБ. МИНБАР ВА МАСЖИД ЁҒОЧ ИШЛАРИ УЧУН ДУРАДГОР ВА ҲУНАРМАНДЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲАҚИДА
448. Саҳл розияллоҳу анҳу айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аёлга одам юбориб: «Дурадгор ғуломингга буюр, менга ўтиришим учун ёғочминбар қилиб берсин», дедилар».
449. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аёл: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга устида ўтирадиган бир нарса қилиб берамайми, менинг дурадгор қулим бор», деди. У зот: «Хоҳласанг», дедилар. У минбар қилиб берди».
65-БОБ. МАСЖИД ҚУРГАН КИШИ ҲАҚИДА
450. Убайдуллоҳ Хавлоний эшитганки, Усмон ибн Аффон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини қураётган кезлари одамларнинг унинг шаънида қилган гап-сўзларига:
«Сизлар ошириб юбордингиз. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳнинг юзини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда ўшанинг мислини қуриб қўяди», деяётганларини эшитганман», деди».
66-БОБ. МАСЖИДДАН ЎТГАНДА КАМОН ЎҚИНИНГ УЧИНИ УШЛАБ ОЛИШ ҲАҚИДА
451. «Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади:
«Бир киши ёнида қамон ўқлари билан масжиддан ўтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Тиғларини ушлаб ол», дедилар».
67-БОБ. МАСЖИДДАН ЎТИШ ҲАҚИДА
452. Абу Бурданинг отасидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бизнинг масжидларимиз ёки бозорларимизнинг бирортасидан камон ўқлари билан ўтса, тиғларини кафти билан ушлаб олсин, бирор мусулмонга жароҳат етказиб қўймасин», дедилар».
68-БОБ. МАСЖИДДА ШЕЪР АЙТИШ ҲАҚИДА
453. Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авф шундай хабар қилади:
«Ҳассон ибн Собит Ансорий Абу Ҳурайрадан гувоҳлик сўраб: «Аллоҳ ҳаққи, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Эй Ҳассон! Аллоҳнинг Расули номидан жавоб қайтар. Аллоҳим! Уни Муқаддас Руҳ ила қўллагин!» деганларини эшитганмисан?» деди. Абу Ҳурайра: «Ҳа», деди».
69-БОБ. МАСЖИДДАГИ НАЙЗАБОЗЛАР ҲАҚИДА
454. Оиша розияллоҳу анҳо айтади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳужрамнинг эшиги олдида кўрдим. Ҳабашлар масжидда ўйин қилишаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ридолари билан тўсиб турар, мен уларнинг ўйинларини томоша қилар эдим».
455. Оиша розияллоҳу анҳо айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Ҳабашлар найзалари билан ўйин қилишаётган эди...».
*Изоҳ: Бу ерда юқоридаги ҳадис бошқа бир ровий тарафидан «найзалари билан» деган қўшимчаси билан ривоят қилингани айтилмоқда.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев