ҚАЧОН БИТТА КИЙИМДА НАМОЗ ЎҚИСА, УНИ КИФТИДАН ОШИРИБ ОЛСИН
359. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз кифтида ҳеч нарса бўлмай битта кийимда намоз ўқимасин», дедилар».
360. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:
«Гувоҳлик бераманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким битта кийимда намоз ўқиса, унинг икки учини бир-бирига қарама-қарши қилиб олсин», деганларини эшитганман».
6- -БОБ. КИЙИМ ТОР БЎЛГАНДА...
361. Саъид ибн Ҳорисдан ривоят қилинади:
«Биз Жобир ибн Абдуллоҳдан битта кийимда намоз ўқиш ҳақида сўраган эдик, у шундай деди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарларининг бирида бирга чиқдим. Кечаси бир юмушим юзасидан келган эдим, у зотни намоз ўқиётган ҳолда топдим. Эгнимда битта кийим бор эди. Унга ўраниб олдимда, у зотнинг ён тарафларига ўтиб, намоз ўқидим. У зот тамомлагач:
«Кечаси юришинг нега, эй Жобир?» ‒ дедилар. Мен у зотга ҳожатимни айтдим. Фориғ бўлганимда:
«Мен кўрган бу ўраниш нимаси?» ‒ дедилар. Мен:
«Кийим эканда...», дедим. ‒ тор демоқчи. ‒ У зот:
«Агар кенг бўлса, унга илтиҳоф қилиб ол. Бордию, тор бўлса, уни изор қилиб ол», дедилар».
362. Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ёш болалардек, изорларини бўйинларига боғлаб олган ҳолда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқийдиган кишилар бўларди. Аёлларга «эркаклар тик ўтириб олмагунларича бошларингизни кўтарманглар», дейилар эди».
7-БОБ. ШОМИЙ ЧАКМОНДА НАМОЗ ЎҚИШ ҲАҚИДА
Мажусий тўқиган кийимда намоз ўқиш ҳақида Ҳасан, унинг ҳечқиси йўқ, деб билишини айтган.
Маъмар айтади: «Зуҳрийнинг бавл билан бўялган яманий кийим кийиб юрганини кўрдим».
Алий розияллоҳу анҳу ҳали ювилмаган (янги) кийимда намоз ўқиган.
363. Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу айтади:
«Бир сафарда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. У зот:
«Эй Муғийра, тери кўрани ол», дедилар. Мен уни олволдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетдилар, ҳатто менга кўринмай қолдилар. Кейин қазои ҳожат қилдилар. У зотнинг эгниларида шомий чакмон бор эди. Унинг енгидан қўлларини чиқаришга ҳаракат қилдилару, торлик қилди. Кейин қўлларини унинг тагидан чиқардилар. Мен у зотга сув қуйиб бериб турдим, намозга оладиган таҳоратларидек таҳорат қилдилар ва икки маҳсиларига масҳ тортдилар. Сўнгра намоз ўқидилар».
8-БОБ. НАМОЗДА ВА УНДАН БОШҚА (ҲОЛАТЛАР)ДА ЯЛАНҒОЧ БЎЛИШНИНГ МАКРУҲЛИГИ ҲАҚИДА
364. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шундай сўзлаб берди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар (қурайшликлар) билан бирга Каъбага тош ташир эдилар. Устиларида изорлари бор эди. Амакилари Аббос:
«Эй жияним, изорингни ечиб, тошнинг тагидан елкангга ташлаб олганигда эди», деди.
Шунда у зот уни ечиб, икки елкаларига ташладилар-у, ҳушларидан кетиб, йиқилдилар. Ўшандан кейин у зот кийимсиз ҳолда кўрилмадилар».
Изоҳ: Бу ҳодиса содир бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 25 ёшда эдилар. Ҳали пайғамбарлик келмаган эди. Шундай бўлса ҳам Аллоҳ таоло у кишининг авратларини очиб юришларига изн бермади ва беҳуш қилиб қўйди. Кейин ўзларига келиб изорларини қайта кийиб олдилар. Ўша воқеадан кейин у зотнинг авратларига номаҳрам кўз тушмади.
9-БОБ. КЎЙЛАКДА, ШАЛВАРДА, КАЛТА ИШТОНДА(КИЧКИНА ТУРСИК, ЛАСТОЧКАГА ЯҚИН) ҲАМДА ЯКТАКДА НАМОЗ ЎҚИШ ҲАҚИДА
365. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ади:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига туриб борибдида, битта кийимда намоз ўқиш ҳақида сўради. У зот:
«Ҳаммангиз ҳам иккита кийим топа олармиди?» ‒ дедилар».
Кейинроқ бир одам Умардан сўраган эди, у:
«Қачон Аллоҳ кенг қилса, сизлар ҳам кенг қилинглар. Киши кийимларини эгнига жамласин: изор ва ридода, изор ва кўйлакда, изор ва қабода, шалвар ва ридода, шалвар ва кўйлакда, шалвар ва яктакда, калта иштон ва яктакда, калта иштон ва кўйлакда намоз ўқисин», ‒ деди. Менимча, яна «Калта иштон ва ридода» ҳам деди».
Изоҳ: Ридо ‒ тананинг тепа қисмига кийиладиган эн кийим, изорнинг муқобили; юпқа матодан тикилган, бир қаватли чойшабсимон устки кийим. У енгли бўлиши ҳам, енгсиз бўлиши ҳам, калта енгли бўлиши ҳам мумкин.
Қабо ‒ олди очиқ, узун, жангда кийиладиган, кўйлаксимон ҳипча устки кийим.
366. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Эҳромдаги киши нима кияди?» деб сўради. У зот:
«Кўйлак ҳам, иштон ҳам, бурнус ҳам, варс ва заъфарон теккан кийим ҳам киймайди. Ким кавуш топа олмаса, этик кийсин ва уни тўпиқдан паст қилиб кесиб ташласин», дедилар».
Бурнус – қалпоғли устки кийим, капюшон.
Варс – Яманда ўсадиган сариқ ўсимлик, ундан кийим бўёғи, юз бўёғи олинади.
Заъфарон – заъфарон, сариқ рангли зиравор ўсимлик.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев