АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ: «...ВА БОШЛАРИНГИЗГА
МАСҲ ТОРТИНГ...» (МОИДА 6) ДЕГАН СЎЗИГА БИНОАН, БОШНИНГ ҲАММАСИГА МАСҲ ТОРТИШ ҲАҚИДА
Ибн Мусайяб: «Аёл киши (масҳ вожиблигида) эркак киши даражасидадир: бошига масҳ тортади», – деган.
Моликдан: «Бошнинг баъзисига масҳ тортса ҳам етарлими?» – деб сўралган эди, у Абдуллоҳ ибн Зайднинг ҳадисини ҳужжат қилиб келтирди.
185. Яҳё Мозинийдан ривоят қилинади:
«Бир киши Абдуллоҳ ибн Зайдга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай таҳорат қилишларини менга кўрсатиб бера оласанми?» – деди. Абдуллоҳ ибн Зайд:
«Ҳа!», – деди-да, сув келтиришни сўради. Бас, уни икки қўлига қуйди ва қўлини икки марта ювди. Кейин уч марта оғиз чайди ва бурунга сув олиб, қоқди. Сўнг юзини уч марта ювди. Сўнгра икки қўлини тирсаклари билан икки мартадан ювди. Кейин икки қўли билан бошига масҳ тортди. Уларни олдидан орқага, орқадан олдига қараб юргазди: бошининг олд томонидан бошлаб, то энсасигача олиб бордида, кейин уларни бошлаган жойига қайтарди. Сўнгра икки оёғини ювди».
39-боб. ИККИ ОЁҚНИ ТЎПИҚЛАРИ БИЛАН ЮВИШ ҲАҚИДА
186. Амр ўз отасидан ривоят қилади:
«Амр ибн Абу Ҳасаннинг Абдуллоҳ ибн Зайддан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратлари ҳақида сўрганига гувоҳ бўлдим. Шунда у мис идишда сув келтиршни сўради. Бас, у уларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратлари каби таҳорат қилиб берди: мис идишдан қўлига сув қуйиб, икки қўлини уч марта ювди. Кейин мис идишга қўлини солиб, уч ҳовуч сув билан оғзини чайиб, бурнига сув олиб, қоқди. Сўнгра қўлини солиб, юзини уч марта ювди. Кейин икки қўлини тирсаклари билан икки мартадан ювди. Кейин қўлини солиб, бошига масҳ тортди: уларни олдидан орқага, орқадан олдига қараб бир марта юргазди. Сўнгра икки оёғини тўпиқларигача ювди».
40-боб. ОДАМЛАРНИНГ ТАҲОРАТ СУВИДАН
ОРТГАНИНИ ИШЛАТИШИ ҲАҚИДА
Жарийр ибн Абдуллоҳ ўз аҳлини мисвокидан қолган сувда таҳорат қилишга буюрган.
187. Абу Жуҳайфа айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туш вақтида бизнинг олдимизга чиқдилар. Таҳоратга сув келтирилди, у зот таҳорат қилдилар. Кейин одамлар у зотнинг таҳорат сувларидан ортганини олиб, ўзларига сурта бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни икки ракъат ва Асрни икки ракъат қилиб ўқидилар. У кишининг олдиларида бир аназа* бор эди».
* Изоҳ: «Аназа» – ҳассадан узунроқ, найзадан қисқароқ, учига темир қопланган таёқ.
188. Абу Мусо айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идишда сув келтиришни сўрадилар. Бас, унда икки қўлларини ва юзларини ювдилар ҳамда оғизларидаги сувни унинг ичига пуркадилар. Сўнгра икковига*:
«Ундан ичинглар ҳамда юзларингизга ва кўксиларингизга қуйинглар», – дедилар».
*Изоҳ: Абу Мусо Ашъарий ва Билол ибн Рабоҳа розияллоҳу анҳумога.
189. Ибн Шиҳоб айтади:
«Маҳмуд ибн Рабиънинг менга айтганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг қудуғидан сув олиб, юзига пуркаган одам унинг ўзи бўлган. У ўшанда ёш бола экан».
Урва Мисвардан ва яна бошқа бир кишидан – уларнинг ҳар бири шеригини тасдиқлайди ‒ нақл қилиб айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таҳорат қилсалар, (одамлар) у зотнинг таҳорат сувлари учун уришиб кетай дер эдилар».
40БОБ
190. Соиб ибн Язийд айтади:
«Холам мени Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, синглимнинг ўғли оғриқ», – деди.
Шунда у зот бошимни силадилар ва менга барака сўраб дуо қилдилар. Кейин таҳорат қилдилар. Мен таҳорат сувларидан ичдим. Сўнгра у зотнинг орқаларига турдим ва икки кураклари ўртасидаги чимилдиқ тугмасига* ўхшаган нубувват муҳрини кўрдим».
* Изоҳ: Бу ерда келинчакнинг безатилган хонасидаги турли мато ва кийимларни бирлаштириб турадиган каттакатта тугмалар назарда тутилмоқда. Бу, албатта, ўша давр одатидан келиб чиққан ҳолда айтилган.
41-боб. БИР ҲОВУЧ БИЛАН ОҒИЗ ЧАЙИБ,
БУРУНГА СУВ ОЛГАН КИШИ ҲАҚИДА
191. Абдуллоҳ ибн Зайддан ривоят қилинади:
«У киши идишдан икки қўлига сув қуйиб, уларни ювди. Кейин бир кафт сув билан (оғзини) ювди [ёки оғзини чайқади] ва бурнига сув олиб, қоқди. Буни уч марта қилди. Сўнг икки қўлини тирсаклари билан икки мартадан ювди ва бошига олдидан орқага, орқадан олдига қаратиб масҳ тортди ва икки оёғини тўпиқларигача ювди. Сўнгра:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратлари шундай эди», – деди».
*Изоҳ: Ҳанафия мазҳабида оғизни ва бурунни уч мартадан, алоҳида-алоҳида сув олиб чайиш суннат ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратлари бошқа ҳадисларда ана шундай ривоят қилинган.
42-боб. БОШГА БИР МАРТА МАСҲ ТОРТИШ ҲАҚИДА
192. Амр ибн Яҳё ўз отасидан ривоят қилади:
«Амр ибн Абу Ҳасаннинг Абдуллоҳ ибн Зайддан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратлари ҳақида сўрганига гувоҳ бўлдим. Шунда у бир мис идишда сув келтиришни сўради. Бас, у уларга таҳорат қилиб берди: мис идишдан қўлларига сув қуйиб, уларни уч марта ювди. Кейин идишга қўлини солиб, уч ҳовуч сув билан уч мартадан оғзини чайди ва бурнига сув олиб, қоқди. Сўнгра идишга қўлини солиб, юзини уч марта ювди. Кейин идишга қўлини солиб, икки қўлини тирсаклари билан икки мартадан ювди. Кейин идишга қўлини солиб, бошига масҳ тортди: икки қўлини олдидан орқага, орқадан олдига қараб юргазди. Сўнгра идишга қўлини солиб, икки оёғини ювди».
Мусо бизга айтиб бердики, Вуҳайб (ҳадис ровийларидан бири):
«Бошига бир марта масҳ тортган», – деб ривоят қилган.
43-боб. КИШИНИНГ ЎЗ АЁЛИ БИЛАН ТАҲОРАТ ҚИЛИШИ ВА АЁЛ КИШИНИНГ ТАҲОРАТ СУВИНИНГ ҚОЛДИҒИ ҲАҚИДА
Умар розияллоҳу анҳу бир насроний аёлнинг уйидан олинган иссиқ сувда таҳорат қилган.
193. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида эркаклар ва аёллар биргаликда таҳорат қилишар эди».*
* Изоҳ: Ушбу ҳолат Исломнинг илк даврида, ҳали ҳижоб ояти нозил бўлмасдан олдин бўлган.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев