Чет элда тўйдан кейин,
Ёшлар тарк этиб уйин,
Бир ой саёхат, ўйин –
“Асал ойи” бошланар.
Ўзбекларда бошқача,
“Асал ойи” – бир кеча,
Сўнг хар тонг супур кўча,
“Сахар ойи” бошланар.
Бечора келин-куёв,
Тунда учрашар бир ров,
Сўнг кўнгил айниб дарров,
“Ташар ойи” бошланар.
Бўлишар ота-она,
Олти йилда тўрт бола,
Мактабга-ю, боғчага,
“Чопар ойи” бошланар.
Керак кўп пул тошиши,
Уй қуриб, том ёпиши,
Камлик қилиб чопиши,
“Учар ойи” бошланар.
Қиз етилгач узатиб,
Зеб – зийнат-ла кузатиб,
Сандиқларни бўшатиб,
“Сочар ойи” бошланар.
Келин чиқса беадаб,
Кўчага ташийди гап,
Хонадон сирин боплаб,
“Очар ойи” бошланар.
Билгунча ўнгу-чапни,
Тушунтиролмай гапни,
Йиғлаб – сиқтаб асабни,
“Бузар ойи” бошланар
У болангда у ғалва,
Бу болангда бу ғалва,
Тинч ўтириш қаёқда?
“Захар ойи” бошланар
Уғил – қизнинг савдоси,
Битмас экан ғавғоси,
Кетга тегиб навдоси,
“Касал ойи” бошланар
Уйлаб – жойлаб, қутилиб
Ташвишларга тутилиб,
Соч оқариб, хол қуриб,
“Яшар ойи” бошланар
Узий-чун шўрлик банда,
Яшашни бошлаганда,
Охират диёрига,
“Сафар ойи” бошланар
Бу бир эски ақийда,
Бундай яшамоқ – хато,
Хаётнинг хар онини,
Эхтиёт қил, Мархабо.
Бериб қўйма юракни,
Ташвишларнинг қўлига,
Ўғил–қиз хам, жигар хам,
Хаммаси ўз йўлига.
Тақдирнинг хеч ишини
Қолипга сололмайсан,
Оллохнинг дунёсини,
Сен бошқара олмайсан.
“Нега ундай, бундай?” деб,
Қилаверма ташвиш, ўй,
Эплай олмаяпсанми,
Ўз холига ташлаб қўй.
Хаёт не бўлса – бўлди,
Охират ғамини қил.
Буям битта рўзғоринг,
Неси йўқ, камини қил.
Шукру таъвозе ила,
Уриб турса хар юрак,
Хаетнинг хар лахзаси,
“АСАЛ” булиши керак.
Marhabo Karimova
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев