(бўлган вақеа1998)
1998 йиллар, 2-синф ўқувчиси эдим. Онам билан ёлғиз яшардик. Отам неча кунларда бир кўриниб турар, чунки яна бир оиласи бор эди. Еб-ичишимиз онамнинг маошлари ҳисобидан, онам мактабга дарс берар эдилар. Бир куни онам тоғамникига боришимизни айтиб қолдилар. Севиндим, чунки тоғамни уйи катта, пули кўп ва жудаям кўп мазали ширинликлар макони эди. Автобусга миндик, ногаҳон кўзим онамнинг ҳамёнларига тушиб қолди. Бир дона 5 сўмлик, охирги пул ва шу пулни йўл кира учун тўлади. Манзилга етиб келдик ва озгина пиёда юриб тоғамнинг уйига яқинлашдик. Тоғамнинг машинаси кўринмасди, асосан ташқарида турарди. Уйни тақиллатдик, эшикни тоғамнинг хотини келинойим очди. Ичкарига кирдик ва ҳар доимгидек мен катта ҳовлига югурдим, чунки ўзимиз бир хонали квартирада яшардик.
Ўйнаб-ўйнаб онам ва келинойим турган хона деразаси олдига келдим ва суҳбатларини эшитиб қолдим. Келинойим тоғамни чўлдалигини, ҳозир хеч қандай ёрдам беролмаслигини такрорлар эди. Онам эса ялинар, илтимос қилар эдилар. Мен онамни бунақа аҳволда биринчи марта кўриб турардим. Ўйин, ҳовли эсимдан кўтарилди. Сал туриб онам хонадан чиқдилар ва менга кетишимизни айтдилар. Бу ҳолатдан мен гарангсираб қолгандим, чунки тоғамникидан бу аҳволда ҳеч тез қайтмаганмиз. Ҳайрлашиб турган пайт онам "Ақалли 5 сўм бериб туринг, илтимос уйга қайтишга автобусга пулим қолмади" деб яна ёлвориб сўрадилар. Келинойим эса елка қисиб, сейфни калити тоғамдалигини, уйда умуман пул йўқлигини айтди. Хайрлашиб, уйдан узоқлаша бошладик. Йўлда онамга бир неча саволлар бермоқчи эдим, лекин онам кўзларидан ёш оқарди, жудаям қайғули йиғлардилар...
Сал туриб онам уйга пиёда кетишимизни, қайтишда йўл кирага пул қолмаганини айтиб қолдилар. Мен буни сезгандим, онамга пиёда кетишимизга розилигимни, хафа эмаслигимни айтдим, онам яна йиғлай бошладилар. Уйимиз 10 километрлар орасида эди.
Шунда кўзларим осмонга боқарди, ичимда бир гап айланарди, "Ё Аллоҳ, ҳамма сендан қўрқади, сен ўзинг тенги йўқ куч соҳибисан, ҳамма нарсанинг эгасисан. Менку пиёда кетаман, лекин онамни мен учун йиғлатма, онамни мен учун йиғлатма..."
Бу орада ўзимнинг ҳам ичим тўлиб келди, лекин сездирмадим...
... Шу пайт олдимиздан катта тезликда кўк рангли "РАФ" микроавтобуси ўтиб қолди. Кўча охирида тезлик билан чапга, катта йўл томон қайтди. Ҳамма ёқ чанг босиб, атрофни аранг кўриб бўларди. Катта йўлгача яна камроқ йўл қолганди ва ноилож шу чанглар орқали боришимиз керак эди. Ноилож аранг чанглар орасидан юра бошладик ва не кўз билан қарамай, осмондан чанглар орасидан пуллар ёғиларди. Ҳақиқий пуллар...3, 5, 10 сўмлик пуллар. Қувонганимдан пулларни сакраб-сакраб терардим. Қўлларим пулга тўлиб онамни олдиларига келганимда онам ерга ўтириб, рўмолларини тишлаб йиғлардилар, гоҳ менга гоҳ осмонга қараб йиғларди. "Онажон, энди пиёда кетмаймиз, Аллоҳ бизни эшитди, Аллоҳ ёрдам берди" деб хурсандлигимдан бақирардим. Онам эса кўз ёшларини тўхтатолмасдилар. Уйга қайтдик ва шу куниёқ онам байрамларда пиширадиган, менинг севимли қозонкабобимни пиширдилар, жудаям хурсанд эдик. Бу ходисадан кейин менинг ягона таянчим, қалқоним ва сирдошим Аллоҳ эди. Аллоҳга минг шукрлар бўлсинки, онам сабабли олий маълумотли, оилали ва ҳозирда катта тадбиркорлик фаолияти соҳибиман. Жажжи қалбдан чиқиб, Аллоҳга етиб борган мурожаат сабаб, йиллар давомида Аллоҳнинг марҳаматига, куч қудратига ишонч орқали қалбда иймон мустаҳкамланиб бораверди.
Бу бошимдан ўтган "Ҳаётдаги қийинчиларим" китобимнинг бир бўлаги...
Болага ёшлигидаги ишонч ва меҳрини сўндирманг, унинг улуғланишига ишонинг, ёшлигидан Аллоҳнинг борлигига ишонтиринг...
©️ Азизжон.
@Onalar_kanali
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев