Лойиіанинг навбатдаги меімони “Пойма-пой”, “Ўзимдан ўзимгача” каби бир қатор фильмлари билан танилган актёр Адиз Ражабов...
1. Юрак амри билан иш қиласизми ёки ақл билан?
— Вазиятга қараб, баъзан ақл, гоҳо эса юрак амри устунлик қилиб қўяди. Бироқ кўпроқ ақл билан иш юритишга ҳаракат қиламан.
2. Асосан драматик ва комик фильмлар қаҳрамонисиз. Ҳаётдаги “амплуа”нгиз қандай?
— Феъл-атворимдан келиб чиқадиган бўлсам, ҳаётда драма яхшироқ. Лекин баъзида мендан қувноқ одамни тополмайсиз.
3. Қайси мавзудаги суҳбатлардан ўзингизни олиб қочасиз?
— Шахсий ҳаётим ҳақидаги гаплардан.
4. Қиз бола бўлганингизда, Адиз Ражабовни севиб қолган бўлармидингиз?
— (Кулади). Бўлмаса-чи! Адиз Ражабов актёр-ку, севиб қоламан-да! Бу ҳазил, албатта. Адизни самимийлиги, тез-тез жаҳли чиқиб туриши, қизларни хафа қилишни ёқтирмаслиги учун юрагимни ишониб топширган бўлардим.
5. “Ўзимдан ўзимгача” фильмида сигир соққансиз. Сиздан яхши сигир соғувчи чиқадими?
— (Мириқиб кулади). Мендан яхши сигир соғувчи чиқмаса керак. Ўша фильмда илк бор сигир соққанман. Аввалига бу юмушни бажариш ғалати туюлган, рости қийналганман. Яна бир бор шунақа имконияти туғилса, жон деб рози бўлардим.
6. Агар шифокор қатъий пархез қилишингиз кераклигини тайинласа...
— Овқатга ҳаддан ташқари ружу қўйган одам эмасман. Шу боис шифокорга панд бермасдим.
7. Одамлардаги қайси камчиликни кечирса бўлади?
— Аслида инсон кечиримли бўлиши керак. Кек сақлаб юриш яхши эмас. Ҳамма камчиликни кечирса бўлади.
8. Адиз Ражабов хонандаликка ҳам ўтиб кетиши мумкинми?
— Овозимга “тўрт” баҳо бераман, назаримда хонандаликни уддалайман. Бироқ ўзим учун қўшиқ айтишим мумкин. Лекин қўшиқларимни мухлисларга тақдим этмайман.
9. Узоқ кутилган дам олиш онларидан воз кечишингизга нима сабаб бўлиши мумкин?
— Фильмнинг суратга олиш ишлари чиқиб қолса ва Бухорога — уйга борадиган бўлсам, ҳеч иккиланмай дам олишдан воз кечаман.
10. Ёнингизда доим бўлиши шарт...
— Қўл телефоним. Усиз ўзимни ноқулай ҳис қиламан.
11. Феъл-атворингиздаги эътиборга молик хусусият?
— Одамлар кўнглига озор етказмаслигим. Бировни нохақ хафа қилмасликка ҳаракат қилман Лекин ўзим истамаган ҳолда баъзан шундай вазиятга тушиб қоламан.
12. Адиз Ражабов — уйқучи, эринчоқ, шартаки... Кетма-кетликда жойлаштиринг.
— Уйқучи, эринчоқ, кўнгилчан.
13. Интернетоманияга чалинганмисиз?
— Йўқ. Керакли маълумотни олиш учунгина интернетдан фойдаланишим мумкин, холос.
14. Нимадан кўпроқ чарчайсиз?
— Мени тушунмайдиган одамлардан.
15. Орзулар осмонида парвоз қилишми ё ҳаракат?
— Кўпроқ орзу. Лекин уни амалга ошириш учун албатта ҳаракат қиламан.
16. Ўзингизни қайси эртак қахрамонига ўхшатасиз?
— Ёвуз вазирларга ўхшасам керак (кулади). Шу образ жуда ёқади.
17. Қандай ғайритабий қобилиятга эга бўлишни истардингиз?
— “Супермен” бўлиб қолишни истардим.
18. Энг асосий камчилигингиз?
— Андишам кучли. Шу кўп панд беради.
19. Сизни ожиз қилиб қўйган вазият?
— Бундай вазиятга тушишдан ўзимни ҳимоя қилиб юраман. Ҳаётда йиғлолмаганимнинг ҳиссасини фильмларда йиғлаб чиқараман.
20. “Йўқ” дея жавоб қайтариш сизга хос одатми?
— Ҳа. Чунки жудаям қайсарман. Масалан, мазза қилиб овқатланиб ўтирганимда, мухлислар келиб “Сиз билан бирга суратга тушиб олай”, деса “Йўқ”, дейман. Бундай вазиятда ҳамма ҳам рад жавобини берса керак.
+1. Турмуш ўртоғингизга сиз билан яшаш осон бўлармикан, нима деб ўйлайсиз?
— Назаримда, осон бўлса керак. Сабаби, тушунадиган одамман. Фақат бир томонлама муаммо туғилиши мумкин. Санъаткорлигимдан келиб чиқсак, эътиборда бўлганим боис оилавий дам олишга, кўча-кўйда бирга юришга имкон бўлавермайди. Қолаверса, жудаям талабчанман.
У ҳақида қисқача
Адиз РАЖАБОВ
·1984 йили 6 январда Бухорода туғилган.
·Оилада тўрт фарзанд. Онаси уй бекаси, отаси ўқитувчи.
·Адиз бўш вақтини футбол кўриб ўтказади. “Тўғриси, футбол ўйнашдан кўра кўпроқ томоша қилишдан завқ оламан”, дейди. У "Барселона" жамоасининг ашаддий -ишқибози.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади
Манба: darakchi.uz
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев