Буюк математик, астроном ва географ Муҳаммад ал-Хоразмий VIII асрнинг охири ва IX асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этди. Бу даврда Марказий Осиё араб халифалиги таркибига кирар эди.
Ривожланиб келаётган мавжуд тузум тақозо қилган ижтимоий-иқтисодий талаблар бу даврдаги тараққиёт жараёнининг асосий омилларидан бири бўлди. Қурилиш, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларни янада тараққий эттириш учун астрономия, геодезия, геометрия каби фанларни ривожлантириш зарурияти туғилди. Ўша даврнинг илғор олимлари бу фанларнинг амалий аҳамияти ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиб, Муҳаммад ал-Хоразмий эса шу олимларнинг пешқадами ва йўлбошчиси эди.
Хоразмий дунё фанига ғоят катта хисса қўшди. У алгебра фанининг асосчиси бўлди. «Алгебра» сўзининг ўзи эса унинг «Ал-китоб
ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала» номли рисоласидан олинган. Унинг арифметика рисоласи ҳинд рақамларига асосланган бўлиб, ҳозирги кунда биз фойдаланадиган ўнлик позицион ҳисоблаш системаси ва шу системадаги амалларнинг Оврўпода тарқалишига сабаб бўлди. Олимнинг «ал-Хоразмий» номи эса «алгоритм» шаклида фанда абадий ўрнашиб қолди. Унинг географияга дойр асари эса араб тилида ўнлаб географик асарларнинг яратилишига замин яратди. Хоразмийнинг «Зиж» и Оврўпода ҳам, Шарқ мамлакатларида ҳам астрономиянинг ривожланиш йўлини кўрсатиб берди. Лекин афсуски, фаннинг бир неча тармоқларига асос солган, «ўз даврининг энг буюк математиги ва агар барча шарт-шароитлар назарга оласа, ҳамма даврларнинг ҳам энг буюкларидан бири» (Ж. Сартон) бўлган бундай сиймонинг ҳаёти ҳақида маълумотлар деярли сақланмаган.
Хоразмий Хоразм ўлкасида туғилиб, ўсди. Адабиётларда 783 йил унинг туғилган йили деб қабул этилган. У дастлабки маълумот ва турли соҳадаги билимларни асосан ўз юртида, Марказий Осиё шаҳарларида кўпгина устозлардан олган, деб билмоқ мумкин.
Манбаларда Хоразмийнинг исмига яна ал-Мажусий ва ал-қутруббулий деган атамалар ҳам қўшиб айтилади. Буларнинг биринчиси олим Хоразмнинг асли маҳаллий аҳолисидан, яъни оташпарастлар (арабча — «мажус» — оташпараст дегани) оиласидан, балки шу оташпарастлик динининг коҳинлари оиласидан келиб чиққанлигини, шу билан бирга олимнинг ўзи ёки отаси мажусий бўлиб, улар исломни кейин қабул қилганлигини кўрсатади. Хоразмда мажусийлар исломдан кейин ҳам узоқ муддат ўз диний урф-одатларини сақлаб келган. Бу ҳақда Беруний ўзининг «Осори боқия» асарида гувоҳлик беради. Келтирилган исмларнинг иккинчиси, Хоразмий мўйсафидлик йилларини Бағдод яқинида Дажла бўйидаги ал-қутруббул даҳасида ўтказганлигини кўрсатади. Одатда араблар бирор кишининг характерли хусусиятлари, ҳунарлари, севимли одатлари ёки яшаш жойларига қараб, унга бир неча хил исм — «нисбатлар» берадилар. Хоразмийнинг ал-қутруббулий исми ҳам шу тариқа пайдо бўлган.
(давоми бор)
Мы используем cookie-файлы, чтобы улучшить сервисы для вас. Если ваш возраст менее 13 лет, настроить cookie-файлы должен ваш законный представитель. Больше информации
Комментарии 4