Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомдан Мадинага қайтар экан, одамларнинг аҳволларини билиш учун ўзи ёлғиз айланиб юрар эди, шу пайт чодрали (ёпинчиқ) бир кампирга йўлиқди. Кампир сўради:
– Ҳой йўловчи! Умар нималар қиляпти?
– Шомдан Мадинага қайтди, – жавоб берди ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу.
– Аллоҳ унга яхшилик кўрсатмасин!
– Нега?
– Аллоҳга қасамки, у мўминларга раҳбар бўлганидан бери менга ундан бирор туҳфа етиб келмади.
– Сен ундан олисда бўлсанг, у сенинг ҳолингни қаёқдан билсин?
– Субҳоналлоҳ! Аллоҳга қасамки, мўминларга раҳбар бўлган инсон уларнинг машриқидан мағрибигача билмайди, деб ўйламайман!
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу йиғлаб юборди ва ўзига айтди: «Шўринг қурғур Умар! Ҳар бир инсон, ҳатто мана шу кампир ҳам сендан кўра фаҳмлироқ экан!» Сўнг кампирга айтди:
– Эй Аллоҳнинг канизаги! Умардан қилган шикоятингни қанчага сотасан, шоядки мен уни дўзахдан сақлаб қолсам?
– Мени масхара қилма! – деди кампир.
– Мен сени масхара қилмаяпман!
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ундан шикоятини йигирма беш дирҳамга сотиб олди. Шу маҳал Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳумо келиб қолишди ва салом беришди:
– Ассалому алайкум, мўминларнинг амири!
Кампир бошини чангаллаб қолди:
– Вой шўрим қурсин! Мўминларнинг амирини ўзининг олдида сўкиб юборибман-ку!
– Аллоҳ сенга раҳм қилсин, ҳечқиси йўқ, – деди ҳазрат Умар ва хат ёзиб бергани варақ сўради. Топилмаган эди, кийимининг ямоғидан қирқиб олиб ёзди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ушбу хат Умар раҳбарлик қилганидан бери шу кунгача фалон кампирнинг шикоятларини йигирма беш дирҳамга сотиб олиш шартномасидир. Шу миқдор эвазига фалон аёл Маҳшар кунида Аллоҳ таолонинг ҳузурида Умарга даъво қилмайди. Гувоҳлар − Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд».
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўша хатни ўғлига топшириб тайинлади: «Мен қачон вафот этсам, шу хатни кафанимга қўшиб кўм. Токи Раббимга шу хат билан йўлиқай».
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2