Ҳотамул Асом буюк солиҳлардан эди.
Бир куни қалби ҳаж қилишни истади, аммо ҳажнинг сарф-харажатларига етарли молга эга эмасди.
Фарзандларининг нафақасини бермай туриб, уларни рози қилмай туриб ҳажга бориши жоиз эмасди. Унга ҳаж вожиб эмасди. Ҳаж вақти яқинлашганда унинг қизи отасини маҳзун, йиғлаган ҳолда кўрди. Қизи солиҳа эди. Қиз билан отаси ўртасида қуйидагича суҳбат бўлиб ўтди:
- Эй отажон, сизни нима йиғлатди?
- Ҳаж мавсуми яқинлашди.
- Нега ҳаж қилишга уринмаяпсиз?
- Нафақа йўқлиги сабабли.
- Аллоҳ сизни нафақа билан ризқлантирсин.
- Сизларни нафақаларингиз йўқлиги сабабли.
- Аллоҳ бизни нафақа билан ризқлантирсин.
- Лекин иш онангга бориб тақалади.
Охирида аёли ва фарзандлари Ҳотамул Асомга: “Ҳажга бораверинг, Аллоҳнинг Ўзи бизга ризқ беради” дейишди.
Ҳотамул асом оиласига уч кунлик нафақани қолдириб, ҳажга жўнади. Аммо ўзи учун етарли ҳеч нарса олмади. У карвоннинг ортида борарди. Йўлга чиқишгандаёқ карвонбошини чаён чақиб олди. Одамлар унга Қуръон ўқиб дам соладиган ва унга муолажа қиладиган кишини суриштиришди. Излаб-излаб, Ҳотамул Асомни топишди. Ҳотамул Асом карвонбошига Қуръон ўқиб дам солди. Аллоҳ таоло унга тезда шифо берди. Карвонбоши:
- Унинг ҳажга бориш ва қайтиш нафақаси менинг зиммамда, деди. Шунда Ҳотамул Асом:
- Ё Аллоҳ, бу Сенинг мен учун қилган тадбиринг. Энди менга аҳлим учун қилган тадбирингни кўрсат, деди.
Орадан уч кун ўтди. Оилага қолдирилган нафақа ҳам тугади. Очлик уларни қийнай бошлади. Улар отани ҳажга жўнатишга урингани учун қизни маломат қила бошлашди. Қиз эса уларнинг маломатидан кулди. Улар:
- Ўзимиз очликдан ўлай деб турибмиз-у, сен нега куляпсан? деб сўрашди. Қиз:
- Отамиз ризқ берувчими ёки ризқ еювчими? деди. Улар:
- Ризқ еювчи. Ризқ берувчи Зот Аллоҳдир, дейишди. Қиз:
- Ризқ еювчи кетди ва Ризқ берувчи Зот қолди, деди.
Қиз уларга гапириб турган ҳам эдики, шу пайт эшик таққиллаб қолди. Улар:
- Ким у? дейишди. Эшик қоққан киши:
- Амирул муъминийн. Сизлардан сув сўрайди, деди.
Қиз мешни сувга тўлдирди ва мўминларнинг амирига узатди. Раҳбар сувни ичиб, ажиб бир ҳаловатни туйди. У Ҳотамул Асомнинг оиласидан:
- Бу сувни қаердан олиб келгансизлар? деб сўради. Улар:
- Ҳотамнинг уйидан, деб жавоб беришди. Мўминларнинг амири:
- Ҳотамни чақиринглар, уни мукофотлай, деди. Улар:
- У ҳажда, дейишди.
Шунда мўминларнинг амири қимматбаҳо тошлар қадалган, қиммат ва сифатли матодан тайёрланган белбоғини ечди ва “Бу сизларга” деди. Кейин:
- Ким мени яхши кўради, ким мени қўллаб қувватлайди? деди. Ёнидаги барча вазирлар ва савдогарлар ҳам белбоғларини ечиб, уларга узатдилар. Белбоғлар устма-уст бўлиб, бир уюм бўлиб тўпланди. Уларни савдогарлардан бири уй тўла тиллага сотиб олди. У тиллалар оила аъзоларининг вафот этгунларига қадар етарди. Кейин савдогар сотиб олган белбоғларни яна оилага қайтариб берди.
Улар кулиб, хурсанд бўлиб таом сотиб олдилар. Қиз эса йиғлади. Она ҳайрон бўлиб:
- Эй қизалоғим, сенинг ишинг жуда ажойиб. Биз очликдан йиғлаганимизда сен кулаётган эдинг. Энди Аллоҳ таоло бизга кенг ризқ бергани учун ҳурсанд бўлиб турганимизда сен нега йиғлаяпсан? деб сўради. Шунда қиз:
- Бу мўминларнинг амири ўзи учун зарарга ҳам, фойдага ҳам эга бўлмайдиган бир махлуқ бўлиб, бизга меҳрибонлик кўзи билан қарагани учун бизни ўлгунимизча бой бадавлат ҳолда яшашимизга сабаб бўладиган молу мулк берди. Энди Моликул мулук (Подшоҳларнинг Подшоҳи) бўлган Зот ҳақида нима дейсиз?! деди.
Ҳа, азизлар! Бу – Аллоҳга бўлган кучли ишончдир. Ризқ берувчи Зотга бўлган кучли ишончдир. Бу иймоннинг кучлилигидан, Аллоҳга бўлган таваккулнинг қувватлилигидан даракдир. Бизнинг аҳволимиз қанақа? Биз ҳам ўша қизга ўхшаб кучли иймон, кучли таваккул соҳибларимизми?!
Агар Аллоҳ сенга бир неъматини ато этган бўлса, сенинг мумтоз бандалигинг ёки қилган тоатинг учун бермайди. Балки сени ўраб олган Унинг раҳмати сабабли беради. У Зот сендан ўша неъматларни хоҳлаган пайтда олиб қўйиши мумкин. Шунинг учун амалинг билан, ибодатинг билан ғурурланма. Йўлидан адашган кимсага паст назар билан боқма.
Агар Аллоҳнинг раҳмати сени ўраб олмаганда сен ҳам ўша банданинг ўрнида бўлардинг.
Бизга иймон неъматини, таваккул неъматини, ихлос неъматини, ишонч неъматини берган ва бизларни кенг ризқ билан ризқлантирган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!
telegram.me/Jannatgaoshiqlar yoki @Abdunosir98 ga murojat qilinglar!!!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев