Савол:
Ассалому алайкум. Яқинда бир гуруҳ мусулмон биродарлар билан сафарга чиқдик ва мусофирчиликда ўқилинадиган намоз масаласида озгина тушунмовчилик бўлди.
Биринчи масала пешин билан асрни жамлаб ўқиш, яъни битта ният билан икки фарз намозни қўшиб, тўрт ракаат ўқиш (худди пешиннинг тўрт ракаатлик фарз ёки суннати каби) жоиз ёки йўқлиги хусусида бўлди.
Иккинчи масала шом намозини сафарда ўқиган пайтда уч ракаат эмас, балки икки ракаат қилиб ўқиш жоиз ёки йўқлиги ҳақида. Баъзиларимиз, бундай қилиш жоиз эмас, десак, баъзилар бунга рухсат берилган, жоиз, дейишди. Имомликка ўтган одам шом намозини икки ракаат қилиб ўқиди. Баъзиларимиз шомни қайтадан уч ракаат қилиб ўқидик, баъзилар эса қайтадан ўқишмади.
Учинчи масала “сафарда витр намозини ўқимаслик жоизми?”, деган масала.
Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Жавоб:
Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!
1. Дарҳақиқат, шариатимизда мусофир одам сафар асносида пешин билан аср ва шом билан хуфтон намозларини жамлаб ўқишига рухсат берилган. Икки намозни жамлаб ўқимоқчи бўлган мусофир икки намозга бир азон ва ҳар икки намоз учун алоҳида иқомат айтади. Масалан, пешин билан аср намозини жамламоқчи бўлса, дастлаб азон айтади, сўнг иқомат айтиб, пешин намозини икки ракаат қилиб ўқийди. Пешинни икки ракаат ўқиб салом бергач, аср намози учун иқомат айтади ва аср намозини ҳам икки ракаат қилиб ўқийди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Видолашув ҳажи”да Арафада пешин билан аср намозини бир азон ва икки иқомат билан ўқиганлари, шунингдек, Муздалифада шом билан хуфтон намозларини ҳам бир азон ва икки иқомат билан ўқиганлари далил бўлади.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (“Видолашув ҳажи”да Арафага етганларида) азон ва унинг ортидан иқомат айтишга буюрдилар. Сўнг пешин намозини ўқидилар. Кейин яна иқомат айтилди ва аср намозини ўқидилар. Муздалифага етганларида у ерда шом билан хуфтон намозини бир азон икки иқомат билан ўқидилар” [Муслим: 1218].
Шунга биноан, сизлар тутган йўл, яъни пешин билан аср намозини бир салом билан тўрт ракаат қилиб ўқишларингиз дуруст эмас. Бинобарин, бу намозларни қайтадан юқоридан баён қилинган тартибда қазосини ўқиб олишингиз фарз.
2. Мусофир одам пешин, аср ва хуфтон каби тўрт ракаатлик намозларни икки ракаатдан қаср қилиб ўқиши суннати муаккада эканига жумҳур уламолар иттифоқ қилишган. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча сафарларида намозларни қаср қилиб ўқиганлари собит бўлган. Бунинг акси ўлароқ, Пайғамбаримиз сафарларида бир бор бўлсада намозларни тўлиқ, яъни тўрт ракаат қилиб ўқиганлари нақл қилинмаган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга (бир қанча сафарларда) ҳамроҳ бўлганман. У зот сафарда (тўрт ракаатли намозларни) икки ракаатдан ортиқ ўқимас эдилар. Шунингдек, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум ҳам сафарда намозларни икки ракаатдан оширмас эдилар” [Бухорий: 1102 ва Муслим: 689].
Бироқ бомдод ва шом намозларини қаср, яъни қисқартириб ўқиш жоиз эмаслигига уламолар ижмо қилишган. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади:
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Исломнинг дасталабки даврларида шом намозидан бошқа барча намозлар икки ракаат-икки ракаат қилиб фарз қилинган эди. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина шаҳрига келганларидан) сўнг пешин, аср ва хуфтон намозлари тўрт ракаатли қилиб фарз қилинди. Сафарда эса намозлар исломнинг бошида фарз қилинганидек, икки ракаатлигича қолдирилди” [Аҳмад: 26338. Ҳасан ҳадис].
Бошқа бир ривоятда: “Бомдод намози узоқ ўқилгани ҳамда шом намози кундузнинг витри бўлгани учун бу икки намоз дастлабки, яъни ҳижратдан олдинги ҳолича қолдирилди” [Ибн Хузайма: 305 ва Ибн Ҳиббон: 2738. Шайх Шуайб Арноут ҳасан деган].
Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ислом уммати уламолари мусофир одам сафарда пешин, аср ва хуфтон намозларини қаср қилиб ўқиши жоизлигига, шунингдек, сафарда бомдод ва шом намозини қаср қилмаслик ҳамда муқимлик пайтида ҳеч бир намозни (бирон узрсиз) қаср қилиш жоиз эмаслигига ижмо қилишган” [“Ал-мажмуъ”, 4/322].
Шунга биноан, сафарда шом намозини икки ракаат ўқиган киши, модомики намоз вақти чиқиб кетмаган бўлса, уни қайтадан уч ракаат қилиб ўқиши, агар намоз вақти чиққан бўлса, у ҳолда қазосини ўқиб олиши фарз бўлади.
3. Маълумки, рожиҳ фикрга кўра[1] витр намозини ўқиш суннати муаккада саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда бомдоднинг икки ракаат суннати ва витрдан бошқа суннат намозларни ўқимас эдилар.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа суннат намозларидан фарқли ўлароқ, бомдод намозининг икки ракаат суннатига алоҳида эътибор қаратиб, уни давомий равишда ўқир эдилар” [Муслим: 724].
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда фарз намозларидан бошқа намозларни уловларининг устида у қаерга юзланса ҳам ўқийверар эдилар. Шунингдек, уловларининг устида витр намозини ҳам ўқир эдилар” [Бухорий: 1000].
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Халилим (мен учун суюкли бўлган зот) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга уч ишни сафарда ҳам, муқимликда ҳам тарк қилмаслигимни васият қилдилар: икки ракаат чошгоҳ намози, ҳар ойда уч кун рўза тутиш ва витр намозини ўқиб ётиш” [“Саҳиҳи сунани Абу Довуд”: 1269].
Шунга биноан, мусофир одам Пайғамбаримизга эргашган ҳолда сафарда ҳам, муқимликда ҳам бомдоднинг икки ракаати ҳамда витр намозини тарк қилмаслиги мақсадга мувофиқдир, валлоҳу аълам.
[1] Витр намози тўғрисида батафсил маълумот олиш учун қуйидаги фатвога мурожаат қилишни тавсия қиламиз: http://ixlos.org/?p=1464
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев