Савол:
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ! Мен анча йиллардан бери кесак, гилмоя (ёхуд гилвата) ва бўр каби ер жинсидан бўлган нарсаларни истеъмол қиламан. Баъзи инсонлар бу нарсаларни пок, шунга кўра уни ейиш жоиз, деб айтишса, баъзилар ҳаром дейишди. Шариатимизда бунинг ҳукми қандай?
Жавоб:
Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!
Дарҳақиқат, шариатимизда кесак, тош ва кўмир каби ер жинсидан бўлган нарсаларни ейиш ҳаромлигига далолат қиладиган оят ёки саҳиҳ ҳадис келмаган.
Имом Ибн Муборак[1], имом Аҳмад[2], имом Байҳақий[3] ва имом Иброҳим Маррузий[4] каби муҳаддис олимлар кесак ёки тупроқ ейиш ҳаромлигига далолат қилувчи ҳадисларнинг барчаси заиф, дейишган.
Шунга биноан уламолар мазкур нарсаларни истеъмол қилиш натижасида инсонга етадиган зарар ёки фойдаларга назар солиб ҳамда ўз тажрибалари ва табибларнинг сўзларига таяниб турли фикрларни билдиришган. Ким тупроқ, кесак ва шу каби нарсаларни ейиш инсон танасига зарар етказади деб билса, ҳаром ёки макруҳ деган. Ким зарар етказмайди деб билса, ҳаром демаган.
Ҳанафий мазҳаби уламоларининг баъзилари гоҳида оз-оздан кесак еб турса бўлади, дейишган бўлса, баъзилари инсон соғлиғига зарарли, дея уларни ейиш макруҳ деган[5].
Моликий мазҳаби уламоларининг баъзилари ҳаром деган бўлса, баъзилари макруҳ деган.
Шофеий мазҳаби уламолари тош ва кесак ейиш инсон соғлиғига зарар етказсагина ҳаром бўлади, дейишган.
Ҳанбалий мазҳаби уламолари эса даволанишдан бошқа мақсадда кўмир, кесак ва турпоқни кўп истеъмол қилиш макруҳ дейишган[6].
Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Имом Аҳмад деди: “Кесак ейиш макруҳ деб биламан. Албатта, бу хусусда бирон саҳиҳ ҳадис келмаган, бироқ у инсон танасига зарарлидир. Қолаверса, унинг таъми ҳам ёмон, деб айтишади. Шунга кўра, уни емаган афзал”. Аҳмад роҳимаҳуллоҳ кесак зарарли деб билгани учун макруҳ деди. Бироқ даволаниш мақсадида истеъмол қилинадиган “арман кесаги” (Гилмоя каби инсонлар истеъмол қиладиган кесак) каби кесакларни ейиш макруҳ эмас.
Дарҳақиқат, кесак зарари ҳам фойдаси ҳам тегмайдиган оз миқдорда ейиш жоиздир. Чунки (ердан чиққан ёки унинг жинсидан бўлган) нарсаларни ейиш аслида мубоҳдир. Қолаверса, уламолар кесак инсон соғлиғига зарар етказгани боис, уни ейишни макруҳ деб санашган. Бироқ кесак зарари тегмайдиган оз миқдорда ейишнинг зарари бўлмагани учун макруҳ бўлмайди” [“Муғний”, 9/341].
Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кимнинг соғлиғига кесак ейиш зарар етказмаса, унинг учун ҳалолдир. Аммо соғлиғига зарар етказадиган бўлса, ҳаром бўлади. Нафақат кесак, балки кимнинг соғлиғига кўп сув ёки кўп нон ейиш сабабли зарар етадиган бўлса, уларни ҳам ейиш ҳаром бўлади” [“Муҳалло”, 6/111].
Кўриб турганингиздек шариатимиз томонидан кесак, тош ва бўр каби ер жинсидан бўлган нарсаларни ейишни ман қилувчи бирон далил йўқ. Шу боис уламолар уни истеъмол қилиш натижасида ҳосил бўладиган зарар ёки фойдага қараб, ҳаром ёки ҳалол деган фикрларни билдиришган.
Дарҳақиқат, бундай масалаларда ҳар бир инсон ўз сиҳат-саломатлигини эътиборга олиб ҳамда мутахассис шифокор маслаҳати билан иш тутиши керак. Зеро, бир инсонга зарарли бўлган нарса бошқа инсон учун фойдали ёки аксинча бўлиши мумкин. Шунга кўра, уларни истеъмол қилиш ҳақида табибдан сўрашингиз керак.
Шуни эслатиб ўтиш лозимки, бўр ёки гилмоя (ёхуд гилвата) каби нарсалар таркибига нажосат аралашмаган бўлиши шарт бўлади. Акс ҳолда, нажосат аралашгани учун уни истеъмол қилиш ҳаром бўлади, валлоҳу аълам
[1] Байҳақий “Сунанул кубро”, (10/12).
[2] Муғний”, (9/341).
[3] Байҳақий “Сунанул кубро”, (10/11).
[4] “Равзтотут-толибийн”, (3/291).
[5] “Муҳитул бурҳоний шарҳи фиқҳи Нўъмоний”, (5/353).
[6] “Қувайт фиқҳий қомуси”, (5/125).
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1