Дард ва даво (71): Гуноҳнинг касофати (30) Гуноҳ – душманга мадад (3)
Бўлим
Сўнг қулоқ чегарисини тўсиб қўйинглар. Токи у ердан кўзлаган мақсадларингни пучга чиқарадиган сўз кириб кетмасин. Унинг қулоғи орқали ботилдан бошқа сўз киргазмасликка тиришинглар. Чунки ботил сўз нафс учун енгил бўлиб, унга ёқимли ва ширин туюлади. Ботил (сўз) учун энг ширин ва ақлни сеҳрлайдиган энг кучли сўзларни танланглар ва уни нафсга ёқимли нарсалар билан ўраб айтинглар. Агар (одам боласи) ушбу ботилга қулоқ тутганини кўрсанглар, дарров кетидан бошқа ботил сўзларни ҳам тиқиштиринглар. Қачон (дунёсига ҳам, охиратига ҳам фойдасиз бўлган) бирор нарсани ёқтирганини кўрсанглар, унга мудом уни эслатиб туринглар.
Бу чегарадан Аллоҳнинг, ё Пайғамбарнинг, ё насиҳатгўй инсонларнинг бирон сўзи ўтиб кетишидан ниҳоятда эҳтиёт бўлинглар. Агар уларнинг бирон сўзи сизларни мағлуб этиб кириб кетгудек бўлса, у ҳолда ё унинг тескарисини айтиш, ё уни даҳшатли ва ўта буюк ишдек кўрсатиш орқали уни англашдан, у ҳақда фикр юритишдан, ундан эслатма олишдан тўсинглар ва бундай деб айтинглар: “Ҳозирда бу ишни бажариш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди, бу ишни қилишга бир одамнинг кучи етмайди”. Ё бўлмасам, уни (ҳақ сўзни) арзимас, кичик ишдек қилиб кўрсатинглар ва денглар: “Айни дамда одамлар ундан кўра муҳимроқ, буюкроқ, шарафлироқ, эътиборлироқ ва харидори кўпроқ бўлган ишлар билан шуғулланиш керак. Ҳаққа келсак, кўпчилик уни хоҳламайди, унга эргашганлар ўзини бошқаларнинг буғзу адоватига дучор этади. Одамлар орасида кенг тарқаган ва уларга ёқадиган ишлар билан шуғулланиш афзалроқ”.
Шу тариқа ботилни нафс қабул қиладиган, унга енгил келадиган, ҳақни эса нафсга ёқмайдиган, оғир келадиган қолипга солиб кўрсатишади.
Бу сўзга амин бўламан десангиз, уларнинг шайтонсифат инсон биродарларига бир боқинг. Улар қай тариқа яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришдек яхши ишни ортиқча ва бекорчи иш, одамларнинг айбини излаш, тоқати етмайдиган балоларга ўзини дучор этиш, инсонлар орасида фитна чиқариш ва ҳоказо ёқимсиз қолипларга солиб кўрсатишади. Пайғамбаримиз суннатига эргашишни ва Аллоҳ таоло Қуръонда, Пайғамбаримиз ҳадисларида васфлагандек Аллоҳ таолони васфлашни У зотни махлуқотларга ўхшатиш, Унинг жисми бор дейиш, сифатларини тасвирлаш деган ёмон қолипга солиб кўрсатишади.
Аллоҳ таолонинг бандаларидан юқорида эканини, аршига кўтарилганини ва бандаларидан ажралганини “таҳайюз» – мавжудотлар каби бирон бўшлиқни эгаллаш деб номлашади. (Кечанинг сўнгги учинчи қисмида) Аллоҳ таолонинг дунё осмонига тушиши ва: “Ким мендан сўраса, унга сўраганини бераман” деб айтишини ҳаракатланиш, бир жойдан бошқа жойга ўтиш деб, уларни инкор қилишади. Аллоҳ таоло Ўзини васфлаган қўл ва юз сифатларини (бор десак, улар Аллоҳнинг) аъзоси бўлиб қолади деб айтишади. Аллоҳ таолонинг ишларини “ҳодисалар” деб, сифатларини эса “Аъроз” деб номлаб, уларни инкор қиладилар. Сўнг мазкур нарсаларни инкор қилиш орқали Аллоҳ таоло Ўзига нисбат берган сифатларни инкор қилишга йўл топишади ва илмсиз ва калтафаҳм инсонларга Қуръон ва суннатда айтилган ушбу сифатларни бор дейиш юқорида айтилган натижага олиб келади, дея уларни нотўғри тасаввурга ишонтиришади. “Аллоҳ таолонинг сифатларини йўққа чиқариш”ни У зотни поклаш ва улуғлаш қолипига солиб кўрсатишади.
Кўпчилик инсонлар ақли заиф бўлади. Бир фикрни бир сўз билан айтганда қабул қилса, айни фикрни бошқа сўз билан айтганда инкор қилади.
Аллоҳ таоло айтади: “Шунингдек, ҳар бир пайғамбар учун инсу жин (дан бўлган) шайтонларни душман қилиб қўйдик. Улар бир-бирларини алдаш учун безатилган (ялтироқ) сўзлар билан васваса қиладилар. Агар Парвардигорингиз хоҳласа, ундай қилмаган бўлур эдилар. Бас, уларни туҳмат, бўҳтонлари билан бирга тарк қилинг!” (Анъом, 112). Аллоҳ таоло ботил сўзни ялтироқ, безатилган сўз деб номлади. Чунки ботилни сўзлаётган киши уни қўлидан келганча безаб, зийнатлайди ва алданаётган кишининг қулоғига қуяди. Натижада бу инсон у билан алданиб қолади.
Мақсадга ўтсак, шайтон қулоқ чегарасига маҳкам ўрнашиб олган. Бу ердан бандага фойда бермайдиган, аксинча зарар берадиган нарсаларни қалбга киритиб ўтиради ва фойда берадиган нарсаларни тўсишга тиришади. Борди-ю, инсонга фойдали бўлган маълумот беихтиёр ўтиб кетгудек бўлса, уни бузишга (йўққа чиқаришга) уринади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев