Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (15)
Энди мавзунинг иккинчи нуқтасига ўтамиз.
Савол: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромлар “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси тақозоларини ўз ихтиёрларидан келиб чиқиб татбиқ этганмидилар? Татбиқ уларга вожиб бўлмаганмиди?
Бу ерда баъзиларга чалкаш бўлиб қоладиган ва яхши тушуниб олиш керак бўлган бир нуқта бор. Яъни саҳобаларга қандай мажбуриятлар юкланган эди-ю, улар нималарни ўз ихтиёрлари билан қилишар эди?
Мен “Ҳозирги воқелигимиз” номли китобимда батафсил айтиб ўтганимдек, саҳобаларнинг бошқалардан ажралиб турадиган белгилари раббоний мажбуриятларни адо этишлари эмасди, чунки бу ишлар бутун умматга вожиб ва ҳар бир кишидан талаб қилинган ишлардир. Балки саҳобаларни бошқалардан ажратган нарса – раббоний мажбуриятларни мислсиз олий кўринишда адо этганликлари эди.
Мисол учун, Аллоҳ таоло урушни фарз қилди. Аммо уруш учун уйидан чиққан бир саҳоба қўлидаги бир нечта хурмони еб тугатиши уни жаннатга етказувчи йўлга юришдан кечиктиради деб ҳисоблайди ва: “Агар бу хурмоларни еб тугатгунча қолиб кетсам, бу жуда узоқ вақтдир”, дейди. Сўнг қўлидаги хурмоларни ташлаб, маърака майдонига ўзини отади ва жанг қилиб, шаҳид бўлади. Албатта, бу раббоний мажбуриятни беназир кўринишда адо этишнинг бир мисолидир. Шунга ўхшаш амаллар билан саҳобалар бошқалардан ажралиб турадилар. Аммо урушнинг ўзига келсак, у бутун умматдан талаб қилинган амал эди, саҳобалар авлодига хос амал эмас эди.
Аллоҳ таоло ислом жамиятининг барча аъзолари жамиятга умумий манфаат келтирадиган улкан яхшиликда елкама-елка туриб иштирок этишларини буюрди ва бунга закотни восита қилди. Давлат бойларнинг нисобга етган молларидан закот олиб, муҳтожларга тарқатади. Ушбу ояти карима буни баён этади: “Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, қулларни озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида юрганларга ҳамда йўловчи мусофирларга берилур…” (Тавба, 60).
Ва яна Аллоҳ йўлида закотдан бошқа, белгиланмаган миқдорда инфоқ қилишни восита қилди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Молда закотдан ташқари ҳам ҳақ бор”, дедилар. Бу ҳам фақат саҳобаларга хос амал эмас, балки бутун уммат бунга даъват этилган эди. Аммо бор мулкини инфоқ қилиб юборган саҳобалар бўлди… Бир саҳобанинг уйига меҳмон келганида уйида болаларининг кечки овқатидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Хотинига, чироқни ўчириб, болаларни ухлат, деди. Сўнг меҳмон хижолат тортмасин деб, хотини билан қоронғида ўзларини меҳмон билан бирга овқатланаётгандек қилиб кўрсатдилар. Шундай қилиб, меҳмон таомнинг ҳаммасини ўзи еди. Кейин Аллоҳ таоло улар ҳақида оят нозил қилди: “Гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, бошқаларни ўзларидан афзал кўрадилар” (Ҳашр, 9).
У ҳам, бу ҳам Аллоҳ фарз қилмаган нафл амал эди. Шунга ўхшаш амаллар билан саҳобалар кейинги умматлардан фарқли бўлган эдилар.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳалол аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Бу иккиси ўртасида шубҳали нарсалар бор. Бас, ким шубҳалардан сақланса, динини покиза сақлабди. … Ким тўсиқ атрофида айланса, унга тушиб қолиши эҳтимоли бор”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).
Мўминларни шубҳадан узоқлашишга, динларини пок сақлашга ва ҳалол билан кифояланиб, ундан бошқасидан узоқ туришга чорладилар. Албатта, бу ҳамма асрдаги мусулмонлар учун бир хилда айтилган гап. Энди ҳаромга тушиб қолишдан қўрқиб, ҳалолнинг ҳам ўнтадан тўққизтасини тарк этардик, деган сўзга келсак, шубҳасиз, бу Аллоҳ фарз қилмаган олий даражадаги нафл ибодатдир. Бу ҳам саҳобаларни бошқалардан яққол ажратиб турадиган амаллардандир.
Шундай қилиб, икки амал ўртасидаги баъзи одамлар англаб етолмаётган фарқни очиқлаштириб олдик. Яъни ўхшаши йўқ беназир зотлар бўлган саҳобалар Аллоҳ фарз қилган амалларни адо этиш билан бирга – ҳолбуки, бу амаллар фақат уларга хос бўлмаган, балки барча умматга фарз бўлган, уларни тарк этган киши гуноҳкор бўладиган амаллар эди, – нафл ибодатларни ҳам худди фарзларни адо этгандек бажарар эдилар. Улар Аллоҳ таклиф этган вазифаларга чуқур иймон ва уйғоқ қалб билан киришар эдилар.
Келинг, улар ўзларига юкланган шаръий мажбуриятларни қандай адо этишганини кўрайлик. Ўзларига фарздек қилиб олиб, астойдил амал қилган нафлларни қўя турайлик.
Аллоҳ ва Расули тарафидан келган ҳар бир буйруқ ва қайтарувга амал қилиш ва ҳар бир ишда Аллоҳ ва Расулининг ҳукми билан ҳукм чиқариш саҳобаларнинг ўзарича қилган нафл ибодатларидан бўлганмиди?! Уларга фарз қилинмаганмиди?!
Аллоҳ йўлидаги жиҳодга содиқлик ҳам уларга юкланмаган нафл ибодатмиди?!
Жамиятнинг барча қатламлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, мўминлар ўртасида чинакам биродарликни вужудга келтириш, яхшилик йўлида бир-бирларига кўмаклашиш, бир-бирларининг моллари, жонлари ва обрўларини сақлаш каби олий амаллар билан уммат маъносини ҳақиқий суратда рўёбга чиқариш ва шунга ўхшаган ишларнинг ҳаммаси уларга юкланмаган нафл амаллардан эдими?!
Ер юзида раббоний адолатни ўрнатиш ҳам ихтиёрий нафл амал бўлганмиди?!
“Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси тақозо қилган ахлоқларни ўзида мужассам этиш ҳам уларга юкланмаган нафл ибодатмиди?!
Аҳдга вафо қилиш ҳам уларга юкланмаган ихтиёрий амалмиди?!
Саҳобалар бу амалларни адо этар эканлар, уларни иймоннинг асосига зиёда ўлароқ ихтиёрий равишда бажараяпмиз, деб ҳис этардиларми?! Гарчи юқоридаги амаллардан биронтасини қилмасалар ҳам иймон тасдиқ ва иқрорнинг ўзи билан қалбларида ва воқеий ҳаётларида мавжуд, деган тушунчада эдиларми?!
Ёки Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарининг суннатидан таълим олганларидек, бу вазифаларни адо этиш “Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммад расулуллоҳ” калимасига бўлган иймоннинг тақозоси эканига тўла ишончда эдиларми? Сўнг бунга амал қилишда Аллоҳга яқин бўлиб, мана шундай юксак даражаларга етишдиларми?
Улар Ислом учун амалга оширган ишларнинг барчаси иймоннинг аслига зиёда қилинган ва унга дохил бўлмаган ишлармиди?!
Унда бу диннинг қадр-қиммати қанчалик? Дин одамлар ҳаётида адо этадиган вазифа нима?
Аллоҳ таоло китобларни нозил қилиши, расулларни юбориши, сўнг уларни сабру матонатга, оғир курашга буюриши қалбларда яшириниб ётувчи ва одамларнинг ҳаётида ҳеч нарсани ўзгартира олмайдиган, ҳақни рўёбга чиқаролмайдиган, ботилни заволга маҳкум этолмайдиган, маъруфни ёйиб, мункарни йўқ қилолмайдиган бир салбий маъно учун эдими?!
Бу уммат мана шу нарса учун вужудга келганмиди?!
“(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз” (Оли Имрон, 110).
Бу умматни чиқаришдан асосий мақсад керагидан ортиқча иш бўлиб, унинг рўёбга чиқиши ёки чиқмаслиги зарур ҳам эмас, асл ғояга таъсири ҳам йўқ, деб эътиқод қилиш ақлданми?!
Ёки “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси билан шу калима тақозо қилган мажбуриятлар ўртасидаги боғликлик саҳобаларга хос эди, улардан кейин келганларга бу ишлар вожиб эмас, фақатгина тасдиқлашлари ва эътироф этишлари етарлидир, дейдиларми?!
Бу гапга Қуръондан ёки Суннатдан ёки мантиқ ва ақлдан бўлса ҳам бирон далил борми?!
Бирон далил ёки мантиқ “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг тақозолари муайян бир умматга ёки муайян шахсларга хос, улардан бошқалар қалб билан тасдиқ этиб, иқрор бўлсалар ва тил билан “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммад расулулллоҳ” деб қўйсалар етарлидир, дейдими?! Ва шуни айтиб қўйсалар бутун масъулиятдан қутиладилар, ундан кейин ҳеч нарсадан масъул бўлмайдилар, мабодо ўзларидан келиб чиқиб “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг тақозоларидан биронтасини қилсалар, бир фазилатли амал қилган бўлиб, савобга ҳақли бўладилар. Агар қилмасалар уларга ҳеч қанақа маломат йўқ, чунки улар аллақачон иймон неъмати билан мушарраф бўлиб бўлганлар, дейдими?!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2