Эй иймон келтирганлар (20): Хотинларни мажбурий мерос қилиб олиш ва уларни олган маҳрларидан воз кечишлари учун ушлаб туриш ҳаромлиги
“Эй иймон келтирганлар, хотинларни ўзлари истамаган ҳолда мерос қилиб олишингиз сизларга жоиз бўлмайди. Яна, берган маҳрингизнинг баъзисидан воз кечишлари учун зарар бериш мақсадида уларни ушлаб туришингиз ҳам жоиз бўлмайди. Фақатгина улар зино каби фаҳш ишни қилган бўлсалар, (шундагина берган нарсаларингизни қайтариб олгунингизча уларни ушлаб туришингиз мумкин). Хотинларингиз билан хушмуомалада ва тинч-тотув яшанг. (Мабодо хотинларингизни ёқтирмай қолган бўлсангиз, шунда ҳам сабр қилинг!) Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин” (Нисо, 19).
Шарҳ:
Бу оятнинг нозил бўлиши сабаби ҳақида Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан келтирган ҳадисда қуйидагилар айтилган: “Эри вафот этган хотинга эрнинг яқинлари эгалик қилар, хоҳлашса бирлари унга уйланар, хоҳлашса эрга берар ва хоҳлашмаса эрга бермай ушлаб туришар эди. Хуллас, хотиннинг яқинларидан кўра эрнинг яқинлари унга эгароқ эдилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди: “Эй иймон келтирганлар, хотинларни ўзлари истамаган ҳолда мерос қилиб олишингиз сизларга жоиз бўлмайди…”.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларига нидо қилиб: “Эй иймон келтирганлар”, деди ва уларни жоҳилият даврида урф бўлган бир ишдан қайтарди. Бу иш шундан иборат эдики, агар бир киши вафот этиб хотини бева қолса, вафот этган кишининг катта ўғли отасининг ўз онасидан бошқа хотинини мажбуран мерос қилиб олар эди. Кейин хоҳласа ўзи унга уйланар, хоҳласа маҳрини олиб бошқа бировга турмушга бериб юборар ва хоҳласа отасидан олган маҳрини қайтариб бергунича ушлаб турар эди. Аллоҳ таоло бу жоҳилий зулм бўлган меросни ҳаром қилиб: “хотинларни ўзлари истамаган ҳолда мерос қилиб олишингиз сизларга жоиз бўлмайди”, деди. Шундан сўнг хотин кишининг эри вафот этса ва эрнинг фарзанди бўлса, хотин Аллоҳ белгилаган меросдан саккиздан бирини оладиган бўлди. Агар эрнинг фарзанди бўлмаса, у ҳолда хотин мероснинг тўртдан бирини олади ва тўрт ойу ўн кун бўлган идда муддатича эрнинг уйида қолади. Иддаси тугагач, хоҳлаган ерга кетиш ихтиёри ўзида бўлади.
Аллоҳ таоло хотинларни мажбуран мерос қилиб олишни ҳаром қилганидек, уларга зарар етказиш мақсадида ушлаб туришни, бошқа эрга тегишдан тўсиб туришни ҳам ҳаром қилди. Кенгроқ айтадиган бўлсак, эр хотинини бирон сабаб билан, масалан, хунуклиги, хулқи ёмонлиги ёки бошқа сабаб билан ёқтирмай қолса, унинг ҳаётини танглаштиради, унга турли азиятлар беради, то хотини ундан қутулиш учун пул бермагунча уни ушлаб туради. Пул олгач, талоқ қилади. Аллоҳ деди: “Аёлларингизни ёқтирмай қолган пайтингизда, уларга берган маҳрнинг баъзисидан воз кечишлари учун зарар бериш мақсадида уларни ушлаб туришингиз ҳам жоиз бўлмайди”.
Агар хотин зино каби фаҳш ишни қилмаган бўлса ёки эрга такаббурлик қилиб итоат этишдан бош тортмаган бўлса, шундай бўлади. Аммо, шубҳага ўрин қолдирмайдиган очиқ зино қилса, ё эрига итоатсизлик қилса, ё эридан юз ўгирса, у ҳолда эр берган маҳрини қайтариб олгунича хотинини ушлаб туриши мумкин.
Сўнг Аллоҳ таоло мўмин бандаларини эр-хотинлик ҳаётини саодатли қиладиган ишга йўллаб: “Хотинларингиз билан хушмуомалада ва тинч-тотув яшанг”, деди. Яъни ҳар бир эркак аёли билан ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва меҳр-муҳаббатда ҳаёт кечирсин, хотинига мудом яхшилик қилсин, бирон сўз ё ҳаракат билан унга ёмонлик қилмасин. Мабодо хотинини ёқтирмаса ҳам сабр қилсин, талоқ қилиб ажрашиб кетмасин, шоядки Аллоҳ бу оиланинг сақланиб қолишида кўп яхшиликларни тақдир қилар, отанинг кўзини қувонтирадиган ва умматга фойдаси тегадиган фарзандлар дунёга келар ёки эрнинг қалбидаги ёқтирмаслик кетиб, ўрнини муҳаббат эгаллар ва эр-хотин ўртасида меҳр пайдо бўлар. Аллоҳ таолонинг: “Хотинларингиз билан хушмуомалада ва тинч-тотув яшанг. (Мабодо хотинларингизни ёқтирмай қолган бўлсангиз, шунда ҳам сабр қилинг!) Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин” деган сўзидан мурод мана шулардир. Буюк Аллоҳ рост айтди. Бандаларини уларнинг ҳаётини гўзал қиладиган ишларга йўллаган Парвардигори оламга ҳамду санолар бўлсин.
Бу Раббоний кўрсатма нурига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари қўшимча нур бўлади: “Мўмин эр мўмина хотинидан нафрат қилмасин. Агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқа бир хулқидан рози бўлади” (Муслим ривояти). Яъни, эр хотинидан буткул ғазабланиши жоиз бўлмайди, чунки хотинининг айрим феълидан ғазабланса, унинг бошқа яхши одатларидан рози бўлиб кетавериши керак.
Азиз ўқувчи, бу оятда келган илоҳий йўл-йўриқларни ёдда тутинг! Улар қуйидагилар:
Жоҳилият қонуни бўлган хотинларни мажбуран мерос қилиб олишнинг бекор қилиниши. Юқорида ўтдики, жоҳилият даврида эр вафот этса, унинг катта ўғли хотинга (яъни ўгай онага) эгалик қилар, хоҳласа унга уйланар, хоҳласа эрга берар ва маҳрини олар, хоҳласа ушлаб турар, отаси берган маҳрни қайтариб олгач талоқ қилиб юборар эди. Бу жоҳилий одат нақадар жирканч эди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким, Ислом неъмати ила бу жоҳилий жавр-зулм ва бузуқлик бўлган қонунни бекор қилди. Ўрнига мўмин бандалари учун илоҳий раҳмат бўлган қонунларни жорий этди.
Олган маҳрини ёки ундан ҳам кўпроғини қайтариши эвазига ўзини озод этиши учун хотинни зулм билан ушлаб туриш ва шу билан унга зулм қилиш ҳаромлиги. Бу иш айни зулм, тажовуз, қалбнинг бузуқлиги, ахлоқсизлик кўринишидир.
Хотин эрини ёқтирмагани, унга итоатсизлик қилгани, у билан иноқ ва тинч-тотув яшамагани ёки ахлоқсизлик ва бузуқлик қилгани учун эр хотиндан эваз олиб талоқ қилишига рухсат берилгани. Буни “хулуъ” дейилади. Хулуъ келишилган маблағ эвазига хотинни талоқ қилиш бўлиб, бу маблағ хотиннинг олган маҳридан кўра кўпроқ бўлиши ҳам мумкин.
“Шояд сиз ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин” оятидаги “шояд” калимаси араб тилида умид боғлаш маъносидадир. Умид қилинган нарса бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин. Аммо бу сўзни оламлар Рабби Аллоҳ айтган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг илми, қудрати, ҳикмат ва марҳамати тақозосига кўра, умид қилинган нарса албатта бўлиши ва ҳатто кечикмаслигини ифода қилади. Шунинг учун Аллоҳнинг: “Шояд сиз ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин” деган сўзларини тўғри англаган мўмин банда Парвардигори унга вожиб қилган ишни маҳкам ушлаб, гарчи ёқтирмаса-да хотинига сабр қилишга ўтади ва кўп ўтмай бу ёқтирмаслик ўрнини розилик, муҳаббат ва кўп яхшиликлар эгаллаганига ўзи гувоҳ бўлади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев