Аҳли байтнинг фазилати ва улар борасида жафо қилмай ва ғулув кетмай эътиқод қилиш лозимлиги
Аҳли байт Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг садақа ейишлари ҳаром бўлган хонадони аъзолари бўлиб, улар Али оиласи, Жаъфар оиласи, Ақил оиласи, Аббос оиласи, Ҳорис ибн Абдулмуттолиб авлоди ҳамда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ва қизларидир.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбар хонадони аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди» (Аҳзоб, 33).
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бу оят ҳақида айтади: «Қуръонни тафаккур билан ўқиган киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳам мазкур оят остига киришлари ҳақида шак-шубҳа қилмайди, чунки гапнинг оқими аслида улар ҳақида бормоқда. Шунинг учун кейинги оятда: «(Эй пайғамбар аёллари,) уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни пайғамбар ҳадислари)дан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар!» (Аҳзоб, 34) дейилади. Яъни Аллоҳ таборака ва таоло сизларнинг уйларингизда Ўз Расулига нозил қилаётган Китоб ва Суннатга амал қилинглар (Қатода ва бошқалар тафсирига кўра), бутун инсонлар орасидан фақат сизларга хосланган бу неъматни зикр қилинглар, зотан ваҳий бошқаларнинг эмас, айнан сизларнинг уйингизда тушмоқда. Ойша Сиддиқа бинти Сиддиқ розияллоҳу анҳо улар ичида бу неъматга энг лойиқроқ ва бу хусусда улуши кўпроқ ва ушбу умумий раҳматдан хосланганроқдир. Чунки унинг тўшагидан бошқа бирон аёлнинг тўшагида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлган эмас. Бу ҳақда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари хабар берганлар».
Аҳли сунна вал-жамоа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтларини яхши кўради, дўст тутади ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улар ҳақидаги васиятларини ёдда тутади: «Сизларга аҳли байтим хусусида Аллоҳ(дан қўрқиш)ни эслатаман».[1]
Аҳли сунна уларни яхши кўради ва ҳурмат қилади. Чунки бундай қилиш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва ҳурматлашга киради. Фақат шарти шуки, улар аждодлари Аббос ва унинг авлоди, Али ва унинг авлоди каби суннатга эргашувчи, динда мустаҳкам турган бўлишлари керак. Аммо суннатга хилоф қилган ва динда барқарор бўлмаган кишиларни, гарчи аҳли байтдан бўлсалар-да, дўст тутиш жоиз эмас.
Аҳли сунна вал-жамоа аҳли байтга нисбатан мўътадил ва инсоф билан муносабатда бўлади, улар ичидан динда мустаҳкам турувчи кишиларни дўст тутади, суннатга мухолиф бўлган ва диндан четланган кимсалардан, гарчи аҳли байтдан бўлсалар-да, воз кечади. Зеро ундай кимсаларнинг аҳли байтдан ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндошларидан бўлишлари то динда барқарор бўлмагунларича уларга ҳеч қандай фойда бермайди.
«Яқин қариндошларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!» (Шуъаро, 214) ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қариндош-уруғларини чорлаб, уларга шундай хитоб қилдилар:
«Эй Қурайш жамоаси, – ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар, – ўз жонингизни қутқариб олинг, мен Аллоҳнинг азобидан бирон нарсани сизлардан тўса олмайман. Эй Аббос ибн Абдулмутталиб, мен Аллоҳнинг азобидан бирон нарсани сиздан тўса олмайман. Эй Расулуллоҳнинг аммаси София, мен Аллоҳнинг азобидан бирон нарсани сиздан тўса олмайман. Эй қизим Фотима, молимдан истаганингча сўра, бироқ мен Аллоҳнинг азобидан бирон нарсани сендан тўса олмайман».[2]
Яна ҳадис шариф борки: «Қай бир кимсани амали (саодат даражасига етишда) кечиктирган бўлса, насаби уни тезлата олмайди».[3]
Аҳли сунна вал-жамоа аҳли байтнинг баъзилари хусусида ғулув кетиб, уларни гуноҳдан мутлақ пок деб даъво қиладиган рофизийлардан ҳам, ҳақ йўлда барқарор бўлган аҳли байтларга адоват қиладиган, уларга таъна-маломат тошлари отадиган носибийлардан ҳам, аҳли байтни Аллоҳга восита қиладиган ва уларни илоҳийлаштирадиган бидъат ва хурофот аҳлидан ҳам ўзларини пок деб биладилар.
Аҳли сунна бу ва бошқа хусусларда мўътадил манҳаж ва тўғри йўл устидадир. Улар аҳли байт ва улардан бошқалар ҳақида ҳаддан ҳам ошмайдилар, бепарво ҳам қарамайдилар, жафо ҳам қилмайдилар, ғулув ҳам кетмайдилар, ғулув кетувчилардан ўзларини пок санайдилар. Амирул мўминин Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу ўзи ҳақида ғулув кетган кимсаларни тириклай ўтга ташлади. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо уларни ўлдиришни қўллаб-қувватлади, бироқ ўтда ёндириш ўрнига қилич билан қатл қилиш тарафдори бўлди. Али разияллоҳу анҳу ғулувчиларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Сабаъни ўлдириш мақсадида излатганида у қочиб яширинди.
[1] Муслим ривояти.
[2] Бухорий ривояти.
[3] Муслим ривояти.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев