Мана сизга яна бир мисол, Ибн Тулун Миср волийларидан бири бўлган. Қадимдан Миср халқи золим ҳукмдор кетидан золим ҳукмдорга дучор бўлиб келмоқда. Барча жойлардаги биродарларимизнинг бошига тушган кулфатларни кеткизишини Аллоҳ таолодан сўраймиз.
Азизлар, бу ҳукмдор ўша мамлакатда ўн саккиз минг мусулмонни ёстиғини қуритган. Уларни шундай бир тарзда ўлдирганки, бу услуб энг ваҳший қатл қилиш турларидан ҳисобланади. Ибн Тулун уларни озиқ-овқат ва сувсиз қолдирган, натижада улар очлик ва сувсизликдан ўлганлар. Буни эшитган зоҳид Абул Ҳасан роҳимаҳуллоҳнинг кўзидан уйқу қочди. Ахир, ўз биродарларининг қийноқларга солинганини эшитсаю, уларга ёрдам бериш учун бормаса. Қандай ҳам бормасин, ҳолбуки, бундан илгари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Энг афзал жиҳод – золим ҳукмдор ҳузурида айтилган ҳақ сўздир”- деганларини эшитган бўлса?!
Абул Ҳасан Ибн Тулуннинг олдига борадилар ва унга қарата: “Мусулмонлар қонини тўкишда Аллоҳдан қўрқ”- дейди ва уни Аллоҳнинг интиқомидан огоҳлантирадилар. Бу гапларни эшитган Ибн Тулуннинг ғазаби қайнайди ва уни зиндонбанд қилишга ва бир шерни уч кун овқат бермай оч қолдиришга буюради. Уч кун ўтгач барча одамларни бир жойга йиғади. Абул Ҳасан билан уч кундан бери овқат емаган шерни олиб келинади. Ундан ўзга ҳақ илоҳ мавжуд бўлмаган Аллоҳ билан боғланган бу зот ўрнидан туриб намоз ўқий бошлайдилар. Уч кун оч қолган шерни унга қарата қўйиб юборадилар, у киши томонга отилиб боради, унинг яқинига келади-ю, бирдан тўхтаб қолади ва унга қараб, уни ҳидлай бошлайди. У ҳидлар экан оғзидаги сўлаклари Абул Ҳасаннинг қўлларига тушарди. Унинг қўлларида кўплаб жароҳатлари бор эди. Золим ҳукмдор ҳам, йиғилган оломон ҳам қаттиқ даҳшатга тушадилар. Шу дам уч кундан буён оч қолган шер орқасига қайтади.
Бу зотни бундай таҳликали ҳолатда ким сақлади? Албатта уни — кенгчилик пайтида Унинг динини сақлайдиган бандаларини Ўз ҳифзу-ҳимоясида асрагувчи Аллоҳ сақлади. Шундан кейиноқ ўз устозлари билан учрашган шогирдлар узтозларидан сўраган эканлар: “Эй Абул Ҳасан, шер сизга ташланганида дилингиздан нималар кечди!?” Абул Ҳасан бунга жавобан шундай деган эканлар: “Аллоҳга қасамки, мен сизлар ўйлаган нарса ҳақида ўйламадим ва сизлар қўрққан нарсадан ҳам қўрқмадим. Аксинча, мен Аллоҳга муножот қилиб турар эканман, таҳоратимни бузиб қўйишидан хавотир олиб, ичимда шернинг сўлаги покми ёки нажосат эканлигида ўйлар эдим”.
Бундай инсонлар Аллоҳнинг динини унга амал қилиш билан сақлаган эдилар, Аллоҳ уларни сақлади. Агар банда Аллоҳ билан мустаҳкам боғланса, Унинг динига риоя қилса, сўнгра осмонлар ва ердаги барча нарсалар унга қарши қанча ҳийла-найранг ишлатмасинлар, албатта Аллоҳ унга ечим ва енгиллик ато этади.
Эй Аллоҳ, бизларни олдиларимиз ва ортларимиздан, ўнг ва чап томонларимиздан ва устларимиздан сақлагин. Эй Аллоҳ, оёқ остимиздан ҳалокат келишидан Ўзинг паноҳ беришингни сўраймиз.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев