Асвад Ансий Яманда пайғамбарлик даъво қилган ярамас, сеҳргар ва золим бир киши эди. Унинг атрофида “Аллоҳнинг йўлидан тўсувчи гуруҳ” деб номланувчи бир жамоат ташкил қилиш ва Аллоҳнинг динига даъват қилувчи кишиларни қатл қилиш мақсадида ўғри ва йўлтўсарлар тўпланишган эди. Улар мусулмонлардан қанчасини сўйиб, қанчасини ўтда кўйдириб, яна кимларнидир юртларидан қувғин қилиб ва айрим мусулмонларнинг иззат-номусига теккан эдилар. Оқибат, одамлар динларини асраш мақсадида турли томонларга қочгандилар. Ана шундай қийноқларга дучор бўлган мусулмон даъватчилардан бири Абу Муслим Хавлоний роҳимаҳуллоҳ бўлган эди. Ансий уни қийноқларга солди. Бироқ, у худди Фиръавн сеҳргарлари сингари собитқадам қолди. Уни ўз даъватидан буришга ҳаракат қилди. Лекин Абу Муслим: “Мени яратган Зотга қасамки, мен асло бу даъватдан тўхтамайман”- деди: “Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган аниқ ҳужжат-мўъжизани ва бизларни яратган Зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер. Сен фақат мана шу дунёдагина ҳукм қилурсан.” [Тоҳа: 72].
Ансий катта оломонни йиғди ва уларга қарата шундай деди: “Агар бу даъватчингиз ҳақ бўлса, у ҳолда Ҳақ унга нажот бергай. Аксинча, ундай бўлмаса, у ҳолда кўрасизлар”.
Шундан сўнг ниҳоят катта олов ёқишга буюрди ва даҳшатли олов ёқилди. Абу Муслим роҳимаҳуллоҳни келтириб қўл ва оёқларини боғладилар. Сўнгра уни палахмонга ўтқиздириб, алангаланиб турган олов устига улоқтирдилар.
Айтишларича, бу олов шунчалик даҳшатли эдики, олов алангаси ва тафтининг баландлигидан унинг устидан учиб ўтган қушларнинг қанотлари куйиб олов ўртасига йиқилар эди. Палахмонда отилган Абу Муслим ҳавода учар экан ёлғиз Аллоҳни зикр қилди ва унга илтижо қилиб: "Ҳасбияллоҳ ва ниъмал вакил" “Аллоҳнинг Ўзи менга кифоя ва У нақадар яхши асрагувчидир” - деди. Даҳшатли олов ўртасига тушаётган Абу Муслимни кўрган мусулмонларнинг юраклари қинидан чиқаёзди, аламдан қалблар эзилди. Бирдан олов аста секин ўча бошлади. Қарасалар, олов қўл оёқларини бўшатган, кийимлари куймаган, оёқяланг Абу Муслим табассум қилганича чўғ устида юрар эди. Буни кўрган золим Ансий эс-ҳушини юқотди. Бошқалар ҳам мусулмон бўлишидан қўрқиб, уларга таҳдид солиб қўрқита бошлади. Абу Муслим эса Абу Бакр Сиддиқ халифалик даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари олдига йўл олди. Масжиди набавийга етиб келиб у ерда икки ракаат намоз ўқиди. Абу Муслимнинг ҳикоясини эшитган Умар розияллоҳу анҳу унинг олдига келиб:
— “Абу Муслим сизмисиз?”
— “Ҳа”-деди Абу Муслим.
— “Оловга улоқтирилган ва Аллоҳ таоло оловдан қутқарган киши сизмисиз?”
— “Ҳа”-деди у яна. Шу пайт Умар розияллоҳу анҳу Абу Муслимни қучоқлаб йиғлади ва шундай деди: “Менга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматида худди Иброҳим алайҳиссаломга қилинган нарса қилинган кишини кўрсатган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин”.
Абу Муслимни сақлаган ким? Шубҳасиз, уни сақлаган Ундан ўзга ҳақ илоҳ мавжуд бўлмаган Аллоҳдир! У Аллоҳнинг динини сақлаган эди, Аллоҳ уни сақлади: “Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлаувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир” [Юсуф: 64].
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1