Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: — «Оллоҳ таъоло айтди: Одам боласининг рўзадан ташқари барча амали ўзи учундир, рўза эса Мен учундир ва рўза мукофатини Ўзим бераман. Рўза қурғондир. Бирларингиз рўза тутган кунида оғзидан ади кириб, бади чиқмасин (хотинига қўшилмасин) ва бақириб-чақирмасин. Агар уни биров ҳақоратласа ёки у билан урушса: мен рўзадор кишиман, десин. (Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар): Муҳаммадни жони қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадор оғзидаги бадбўйлик Оллоҳ наздида миск бўйидан-да хушбўйроқдир. Рўзадорнинг икки хурсандчилиги бор: ифторлик қилган вақт ифторлиги билан хурсанд бўлади. Парвардигорига рўбарў бўлганида рўзаси сабабли хурсанд бўлади».
(Бухорий, Муслим, Насоий) Абу Ҳурайрадан ривоят қилганлар.
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: — «Одам боласининг ҳар бир амалига бир яхшиликка ўндан тортиб то етти юз баробаригача ва Оллоҳ хоҳлаган баробарида Оллоҳ яхшилик беради. Оллоҳ азза ва жалла айтди: — «Фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофатини Ўзим бераман. (Рўзадор) шаҳвати ва таомини Мен (и розилигим) учун ташлайди. Рўзадор учун икки хурсандчилик бордир: ифторлик қилган пайтдаги хурсандчилиги ҳамда Парвардигорига рўбарў бўлган пайтдаги хурсандчилигидир. (Оллоҳга қасамки) рўзадор оғзидаги бадбўйлик Оллоҳ наздида миск бўйидан-да хушбўйроқдир».
(Муслим, Аҳмад, Насоий, Ибн Можа) Абу Ҳурайрадан ривоят қилганлар.
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: — «Рўза (тутган) кунида ҳаёти хотима айланган киши жаннатга киради».
(Саҳиҳ) (Баззор) Ҳузайфадан ривоят қилганлар.
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: - «Оллоҳ йўлида бир кун рўза тутган кишининг юзини Оллоҳ дўзахдан етмиш йиллик (масофага) йироқлатади».
(Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий) Абу Саъиддан (Термизий) Абу Умомадан ривоят қилганлар.
Термизий ривоятидаги мантда: - «У билан дўзах орасида осмон билан ер оралиғичалик чуқурлик қилади», - дейилган.
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: — «Рамозон (ойи рўзасининг фарзлигига) иймон келтириб ва Оллоҳдан савоб умидида рўза тутган кишининг ўтган гуҳони кечирилади».
(Бухорий, Муслим, Аҳмад) Абу Ҳурайрадан ривоят қилганлар.
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: — «(Рамозоннинг) ҳар бир кеча - кундузида Оллоҳнинг (дўзахдан) озод этиладиган бандалари бордир. Озод этилган ҳар бир банданинг бир мустажоб дуоси бордир».
(Саҳиҳ) (Аҳмад) Абу Ҳурайра ёки Абу Саъиддан (Самавайҳ) Жобирдан ривоят қилганлар.
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: — «Рамозоннинг биринчи кечасида шайтонлар, жинларнинг каттаконлари занжирбанд қилинади ва дўзах эшиклари биронта қолдирилмасдан қаттиқ бекитилади ва жаннат эшиклари биронта қолдирилмасдан ланг очилади. Ҳар тунда бир жарчи: — «Эй яхшилик истаган (банда) юзлан, эй ёмонлик истаган тийил», - деб чақиради. Оллоҳнинг ҳар бир тунда (дўзахдан) озод этиладиган (бандалари) бор».
(Ҳасан) (Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон/саҳиҳ, Ҳоким/мустадрак,Байҳақий/сунан) Абу Ҳурайрадан ривоят қилганлар.
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам ўзини бичишга рухсат сўраган кишига: — «Рўза умматимнинг бичишилишидир», - деганлар.
(Саҳиҳ) (Аҳмад, Тобороний/кабир) Ибн Аъмрдан ривоят қилганлар.
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: — «Рўзани маҳкам тутинг, чунки уни ўхшаши йўқдир».
(Саҳиҳ) (Аҳмад, Насоий, Ибн Ҳиббон/саҳиҳ, Ҳоким/мустадрак) Абу Умомаъдан ривоят қилганлар.
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: — «Жаннатда саккизта эшик бордир. (Жаннат) эшиклари орасида Райён номли, эшик бўлиб, ундан фақат рўзадорлар кирадилар».
(Бухорий) Саҳл ибн Саъддан ривоят қилганлар.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев