АҲЛИ АЁЛИГА ҚИЛИНАДИГАН НАФАҚА ХАҚИДА
------------------
Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади:
«Уларни (яъни, оналарни) яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир»
(Бақара сураси, 233-оят);
.
«Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан (яъни, бойлигига ярашадиган) нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ ўзига ато этган нарсадан (яъни, ўз ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ-рўз)дан бошқа нарсага таклиф қилмас, (яъни, ҳар бир инсон фақат Аллоҳ ўзига ато этган ризқдан инфоқ қилишга таклиф қилинур)»
(Талоқ сураси, 7-оят);
«Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур» (Сабаъ сураси, 39-оят).
.
290/1. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Бир динор Аллоҳ йўлида инфоқ қилдинг. Бир динор қул озод қилиш учун инфоқ қилдинг. Бир динор мискинга инфоқ қилдинг. Ва бир динор ўз аҳлингга инфоқ қилдинг. Буларнинг ичида энг савоби улуғи ўз аҳлингга инфоқ қилганингдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
.
291/2. Расулуллоҳ с.а.в. нинг озод қилган қуллари Абу Абдуллоҳ Савбон Буждуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Ўз аҳли аёлига инфоқ қилинган динор, Аллоҳ йўлидаги уловини боқиш учун инфоқ қилинган динор, Аллоҳ йўлидаги дўстларига инфоқ қилинган динор – динорларнинг афзалидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
.
292/3. Умму Саламадан р.а. ривоят қилинади. «Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, аввалги эрим Абу Саламадан бўлган болаларимга молимдан инфоқ қилсам, савоб бўладими? Уларни ундай ёки бундай (қаровсиз) қолдирмайман. Чунки улар ҳам болаларим-ку», десам, у зот с.а.в. : «Ҳа, уларга қилган инфоқингда ҳам ажр бордир», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
.
293/4. Саъд ибн Абу Ваққосдан р.а. ривоят қилинади. (Китобимизнинг аввалидаги ният бобида келтирилган узун ҳадисда зикр қилинишича), Расулуллоҳ с.а.в. : «Бирор нарсани инфоқ қилиб Аллоҳнинг розилигини талаб қилсанг, савобга эришасан. Ҳаттоки, хотинингнинг оғзига солган луқмангга ҳам савоб оласан», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
.
294/5. Абу Масъуд ал-Бадрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Агар киши Аллоҳнинг розилиги учун аҳли аёлига бирор нарсани инфоқ қилса, ўша нарсаси у учун садақа бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
.
295/6. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Ўз қарамоғидаги кишини қаровсиз қолдирмоғи гуноҳкор эканлигига кифоя қилади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
Имом Муслимнинг ривоятларида: «Ризқига эга бўлиб туриб ундан ўша ризқни ман этиши кишининг гуноҳкор эканига кифоя қилади», дейилган.
.
296/7. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Банда тонг оттирганида икки фаришта тушади. Улардан бири: «Аллоҳим, инфоқ қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт», дейди. Иккинчиси: «Аллоҳим, хасис, зиқналарга талофот бергин», дейди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
.
297/8. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Юқоридаги қўл пастки қўлдан яхшидир. (Яъни, эҳсон қилувчи қўл тиланчи қўлдан яхшидир.) Садақа беришни аввал қарамоғингдагилардан бошлагин! Садақаларнинг энг яхшиси ўзинг ва оиланг эҳтиёжларини қондирадиган нарсаларни қолдириб қилган садақангдир. Кимки тиланчиликдан сақланиб ўзини тийса, Аллоҳ ҳам уни тиланчиликдан офиятда қилиб қўяди. Кимки (берганига қаноат қилиб) ўзини беҳожат қилса, Аллоҳ ҳам уни беҳожат, бадавлат қилиб қўяди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев