Хайз вақтидаги талоқ ва оятлардаги ман қилиш тўғрисидаги саволга жавоб
Савол:
1)Аёл киши хайз холатида бўлса , эри талок берса, талок тушадими?
2)Аллох ман килса, харом буладими? Макрух булиши хам мумкинми?
Жавоб:
Биринчи саволга жавоб. Талоқ тўғрисидаги далилларни кўриб чиқадиган бўлсак, бу тўғрида келган қуйидаги оятни баъзи мужтахидлар далил қилишиб, хайз ҳолатидаги аёлга айтилган талоқ воқе бўлмайди дейишган.
يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِذَا طَلَّقْتُمُ النِّسَاءَ فَطَلِّقُوهُنَّ لِعِدَّتِهِنَّ وَأَحْصُوا الْعِدَّةَ ۖ وَاتَّقُوا اللَّهَ رَبَّكُمْ ۖ
“Эй Пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар, уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар ва идда сананглар! Парвардигорларингиз бўлмиш Аллоҳдан қўрқинглар!” (Талоқ. 1)
Лекин бу мавзуда муттафақун алайҳ ҳадис ҳам келган бўлиб ушбу фикрни, яъни хайз вақтида талоқ воқе бўлмайди деган фикрни нотўғри эканига ва хайз вақтидаги айтилган талоқ талоқ бўлишига далолат қилади.
عن ابن عمر رضي الله عنهما أنه طلق امرأته وهي حائض في عهد رسول الله صلى الله عليه وسلم، فسأل عمر رسول الله صلى الله عليه وسلم عن ذلك فقال: "مره فليراجعها، ثم ليمسكها حتى تطهر، ثم تحيض، ثم تطهر، ثم إن شاء أمسك بعد، وإن شاء طلق قبل أن يمس، فتلك العدة التي أمر الله أن تطلق لها النساء" وفي رواية للبخاري: وحسبت طلقة
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Ибн Умар розияллоҳу анҳумо хотинини хайздалик вақтида талоқ қилди. Умар розияллоҳу анҳу бу иш тўғрисида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради. У киши шундай дедилар: “Бориб ўғлингга айт, хотинини қайтариб олиб келсин, кейин (хайздан) пок бўлгунча ушлаб турсин, кейин хайз кўрсин, кейин яна пок бўлсин, кейин хоҳласа яқинлик қилмай туриб талоқ қилсин, хоҳласа ўзида қолдирсин. Аллоҳнинг аёлларнинг талоғи тўғрисидаги иддаси мана шудир”. Бухорийнинг ривоятида “Талоқнинг саноғи ҳисобига қараб” деган лафз билан келган.
Мазкур ҳадиснинг очиқ маъноси хайз вақтида айтилган талоқнинг воқе бўлишини кўрсатиб турибди.
Энди тепадаги оятга келсак, ушбу оят мужмал (маъноси яширин, қисқача) оят ҳисобланиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундаги мужмалликни кетказиш учун, оятни ҳадис билан тафсир қилиб беряптилар. Оятга маъноси яширин, қисқача (мужмал) оят деб баҳо бераётганимизнинг сабаби, оятдаги аёлларнинг поклик вақтида деган маънони ифодалаб келаётган “لِعِدَّتِهِنَّ” – “уларни иддаларида талоқ қилинглар” жумласидаги “لِ” ҳарфи “учун”, “га”, “да” маъноларини ифодаловчи ҳарфдир. Шу билан оят очиқ зоҳирликни йўқотиб, ушбу жумланинг остида маълум мақсад яширинган ва қисқача(мужмал) келтирилган оят бўлиб қолди. Ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ушбу оятдан кўзда тутилган мақсад аёлларни поклик вақтида талоқ қилиш кераклигини билдириш бўлсада, лекин хайз вақтида талоқ айтилиши ҳам талоқни воқе қилиши тўғрисида эканини тушунтириб бердилар.
Ва яна, бундан ташқари оятдаги “уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар” жумласи бирон кўринишда хайз вақтида айтилган талоқни воқе бўлмаслигини ифодаловчи бирон қарина (ишора) билан келгани йўқ. Фақат талоқни поклик вақтида қилишни айтяпти холос.
Демак хулоса қиладиган бўлсак, хайз вақтида айтилган талоқ воқе бўлади, лекин Аллоҳ эрлар бу ишни аёлларнинг пок вақтида қилишлари кераклигини айтгани учун, гуноҳ қилган бўладилар. Яъни эр гуноҳ қилгани ҳолида талоқни воқе қилган бўлади. Валлоҳу аълам.
Иккинчи саволга жавоб. Макруҳ – манфур, жирканилган, ёқтирилмаган амал, лекин уни қилган мусулмон банда шаръан гуноҳкор ҳисобланмайди ва жазоланмайди.
Қуръонда буйруқ лафзи билан келган оятларнинг баъзиларида айнан фарз ёик вожиб ҳукми келиб чиқмасдан, мандублик ҳукми келиб чиққани ҳолатлари бўлгани каби, бирон нарсадан ман қилиш, тақиқлаш маъносини ифодаловчи лафзлар айнан ҳаромни эмас, макруҳни ифодалаб ҳам келган. Бунга ушбу оятни мисол қилиш мумкин.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَسْأَلُوا عَنْ أَشْيَاءَ إِنْ تُبْدَ لَكُمْ تَسُؤْكُمْ وَإِنْ تَسْأَلُوا عَنْهَا حِينَ يُنَزَّلُ الْقُرْآنُ تُبْدَ لَكُمْ عَفَا اللَّهُ عَنْهَا ۗ وَاللَّهُ غَفُورٌ حَلِيمٌ
“Эй иймон келтирганлар (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган), очилганда сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар! Қуръон нозил бўлаётганда у нарсалар ҳақида сўрасангиз, сизларга очиб берилади (яъни зиммангизга юкланади). Ҳолбуки, Аллоҳ у нарсаларни кечиб юборган эди. Аллоҳ мағфиратли, ҳалиймдир”. (Моида. 101)
Мазкур оятда Аллоҳ Таъоло тўғридан тўғри “сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар” деб шундай ишларни сўрашдан қайтаряпти, яъни шунақа нарсаларни сўрашни тақиқлаяпти, лекин бу буйруққа амал қилмаган одам, ҳаром иш қилган бўлмайди, балки шошқалоқлик қилиб ўзига ёқмайдиан нарсани кавлаштирган бўлади, бу унинг ўзига зарар бўлиши мумкин, уни ҳафа қилиши мумкин.
Демак хулоса қиладиган бўлсак, Аллоҳнинг қайтариқлар маъносидаги оятлари фақатгина ҳаромликнинг ўзини ифодаламасдан, баъзи ана шундай лафз билан келган оятларда макруҳлик ҳукмлари ҳам келиб чиқиши мумкин. Валлоҳу аълам.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев