Яхши ёки ёмон (йўл) қолдириш баёни...
------------
Аллоҳ таоло:
«Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-ҳуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин», дейдиган кишилардир» (Фурқон сураси, 74-оят);
«Яна уларни Бизнинг амримиз билан (кишиларни Ҳақ йўлга) ҳидоят этадиган пешволар қилдик» (Анбиё сураси, 73-оят), деб айтган.
172/1. Абу Амр Жарир ибн Абдуллоҳдан р.а. ривоят қилинади. «Бизлар куннинг ўртасида Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларида эдик. Яланғоч, жундан тўқилган кийимлар ёки чопонларини тешиб бошларидан ўтказиб олган бир қавм келди. Уларнинг аксарлари, балки барчалари Музар қабиласидан эди. Улардаги муҳтожликни кўриб Расулуллоҳ с.а.в. нинг чеҳралари ўзгариб кетди. Уйларига кириб кетдилар. Сўнгра чиқиб Билолга р.а. азон ва иқомат айтишни буюрдилар. Кейин намоз ўқиб, қуйидагича хутба қилдилар: «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёлларни тарқатган Раббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб, бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқинг. Албатта Аллоҳ устингиздан кузатувчи Зотдир. Эй имон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганини кўриб қўйсин. Киши диноридан, дирҳамидан, кийимидан, бир соъ буғдойидан, бир соъ хурмосидан, ҳаттоки агар хурмонинг ярмини бериб бўлса ҳам, садақа қилсин», дедилар. Ансорийлардан бўлган бир киши халтада кумуш олиб келди. Қўли уни кўтаришга ожизлик қилай, дерди. Балки ожиз қолди ҳам. Кейин одамлар бирин-кетин нарса олиб келишни бошлашди, ҳаттоки овқат ва кийимлардан икки уюм бўлганини кўрдим. Ва яна Расулуллоҳ с.а.в. нинг (хурсанд бўлганларидан) юзлари олтин каби ярақлаганини кўрдим. У зот: «Кимки Исломда бир яхши суннат (йўл) чиқарса, савоби унга бўлиб, яна ундан кейин бу йўл билан амал қилганларнинг савоби ҳам етур. (Бу билан амал қилганларнинг) савобларидан бирор нарса камайтирилмайди. Кимки Исломда ёмон суннат (йўл) чиқарса, гуноҳи унга бўлиб, яна ундан кейин бу йўл билан амал қилганларнинг гуноҳи ҳам етур. (Бу билан амал қилганларнинг) гуноҳларидан бирор нарса камайтирилмайди», дедилар». Имом Муслим ривоятлари.
173/2. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Бирор нафс зулм билан ўлдирилса, у қоннинг гуноҳида Одам болаларининг биринчиси (Қобил)нинг ҳиссаси бордир. Чунки Қобил ўлдириш одатини биринчи чиқарган кишидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев