Фозил Достон билан синфдошларининг тўйида танишиб, биргаликда хизмат қилган эди. Шу-шу кўча-кўйда кўришиб қолишса, анча суҳбатлашиб, бир-бирининг ишончига кирган, дўстона муносабатлар ўрнатган эди. Ўша куни ҳам қўчада тасодифан учрашиб қолишди. Яқин орадаги ошхонага кириб дилдан суҳбат қуришди. Суҳбат орасида Достон "Malibu 2" автомашинасининг ишқибози эканлиги, арзонроқ сотадиган киши топилса, жон-жон деб сотиб олишини айтди. Фозил англадики, унинг пули бор. Дарров уни қандай қўлга киритиш ҳақида ўйлай бошлади. Бу гап 2023 йилнинг ноябрь охирларида бўлаётган гап. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай у Достонга қўнғироқ қилиб, бир ишончли оғайниси пул зарур бўлиб қолганлиги боис ўз автомашинасини 25.000 АҚШ долларига сотаётгани хабарини берди. Достон бошланғич кафолат тўлови сифатида 12 минг АҚШ доллари беришини, олди-сотди нотариал расмийлаштирилгач, қолганини тўлашини маълум қилди. Шу куни кечқурун Достон қаҳвахонада учрашиб, айтилган пулларни Фозилга тутқазди.
— Аслида мавжуд бўлмаган автомашинани кўрмай туриб, танишининг гапларига учиб, 12 минг АҚШ долларини бериб юборган Достон эртаси автомашинани кўздан кечириши ва гўёки эгаси билан биргаликда нотариал идорага боришлари керак эди,–дейди Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Камола Ҳикматова. – Бироқ Фозил унинг телефон қўнғироқларига жавоб бермайди. Унинг уйига қидириб борганда эса, автомашинанинг озгина таъмирталаб жойи борлигини айтиб, расмийлаштиришни орқага суради. Достон шу важлардан кейин ҳам асли йўқ автомашинанинг таъмирланишини кутиб, вақтни ўтказади. Фириб еганини сезгачгина ички ишлар органларига мурожаат қилади.
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди очиқ суд мажлисида, 1989 йилда туғилган, муқаддам судланган А.Фозилнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги, жабрдийдага етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрланувчининг моддий ва маънавий даъвоси йўқлигини ҳисобга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида, яъни 34 миллион сўм жарима жазоси тайинлади.
#tergov_amaliyotidan #из_следственной_практики
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев