Қарз сўраётган одам уни қайтариб бериш ниятида сўраса, айби йўқ. Аммо аввалдан қайтармасликни аҳд қилиб сўраса, бу на дунёвий, на диний тамойилларимизга тўғри келади. Абдуҳолиқ таниш-билишларининг турли русумдаги автомашиналарда “маз-за” қилиб ўйнаб-кулиб “давр суриб” юрганига ҳам ҳаваси ҳам ҳасади келиб, автомашина олишни мақсад қилди. Мақсад-ку яхши-ку-я, аммо машинани текинга ким беради? Рўзғорини амал-тақал қилиб тебратаётган бўлса... У аввалдан таниш бўлган бир неча бор қарз сўраганида “йўқ” демай бериб турган – ростини айтиш керак, авваллари Абдуҳолиқ ўз вақтида қайтарган – Нодирадан сўради. У бунча пули йўқлиги, аммо бир таниши фоизга пул бериб туришини айтди. Абдуҳолиқ 2024 йилнинг май ойида тумандаги нуфузли, француз қироллари саройи номини олган тўйхонанинг автотураргоҳида Турғуной билан учрашди. Фоизчи аёл ўз шартларини айтди – шарти берадиган 10 минг АҚШ долларини фалон ойнинг фалон кунида 12.500 АҚШ доллари қилиб қайтаради. Абдуҳолиқ кўнди.
— Бу ёғи фирибгарларнинг сценарийси бўйича давом этди, — дейди Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Мирзоҳид Набиев. — Келишилган вақт келганида, турли баҳоналарни рўкач қилиб, қочиб юрган қарздор, кейин телефонни умуман ўчириб қўйди. Ўртада туриб, балога қолган Нодира Турғунойнинг қистови билан бир неча марта унинг уйига борди, аммо уни топа олмади – “қаҳрамонимиз” эшигини ҳам очмади. Дугонаси билан жанжаллашиб, юз кўрмас бўлган Турғуной пулига куйиб қолишини сезиб, туман ички ишлар органларига мурожаат қилди.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди очиқ суд мажлисида 1988 йилда туғилган А.Абдуҳолиқнинг жиноий ишини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми, “а,б” бандлари (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг қилмишидан пушаймонлиги, жабрдийдага етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, оилавий шароитини инобатга олиб, иш ҳақининг 10 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
#tergov_amaliyotidan #из_следственной_практики
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев