Улардан эҳтиёт бўлишни бизга ёшлигимиздан уқтиришади. Биз эса бунга сира эътибор бермаймиз. Аслида шу тошлар рақобатлашиб қолса… Худо сақласин. Оёқлар остида жимгина ётган тошлардан бир нечаси бир куни: “Ким зўр?” дея баҳслашиб қолишибди. Биринчи бўлиб “туҳмат” тоши осмонга сапчибди. Тўппа-тўғри бепарво йўловчи ўтиб бораётган йўл четидаги кўлмакка тушибди. Ҳар икки рақиби “Мўлжални тўғри олмади”, дея хурсанд бўлишибди. Аммо кўлмак ичидаги балчиқ у одамнинг юзидан тортиб кийимларигача ифлос қилибди. Иккинчи бўлиб осмонга сапчиган “нафрат” тоши эса уст-боши ҳам, чеҳраси ҳам гўзал бир йўловчининг бошига тушибди. Бечоранинг боши ёрилибди. Хасад тоши эса навбати келганини эслатишса ҳам жойидан жилмабди. Уни “енгилди” деб ўйлаган шериклари мақтана бошлашибди:
– Кўрдиларингми, – гердайибди туҳмат тоши, – ана энди у кийимларини, юзини тозалагунча бир қанча муддат ўтади. Аммо доғи барибир қолади.
– Кийим нима бўпти? – унинг сўзини бўлиб керилибди нафрат тоши. – Юздаги доғ ҳам ҳеч гапмас. Ёрилган бошни даволаш учун қанча вақт ва маблағ кетади. Муҳими, режадаги ишлари ортга сурилади. Мен барибир ғолибман.
У сўзини тугатар-тугатмас йўлда “хасад” тоши ётганидан бехабар ўтиб бораётган бахтли жуфтликдан бири унга қоқилиб кетиб, кўлмакка ағдарилибди. Уни ушлаб қоламан деган жуфти эса тошга боши билан тушибди. Мақтаниб турган ҳар икки тош жим бўлиб қолибди. Писмайиб турган хасадгўйлардан эҳтиёт бўлинг.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев