Ҳинднинг тупроқлари куйдирар таним,
Мени элитинглар Андижонимга.
Майлига хокимни ўлдирсин ғаним,
Фақат етишайин жонажонимга.
Бағримни ўйинглар, тўлдиринг қумга,
Юртим тупроғидан яшнасин таним.
Шундай имкон беринг, биргина зумга,
Мени қучиб ётсин Она Ватаним.
Ҳеч йўқса қўйинглар афғон хокига,
Ватаним шамоли эсиб туради.
Бир армон яшайди кўксим тоқида,
Дилим, маҳшаргача эзиб туради.
Васиятим бажо айлагил болам,
Умид учқунларим ёнар қароғда.
Сендан рози бўлгум ҳар икки олам,
Юртимнинг бўйлари уфирган чоғда.
Ҳинднинг тупроқлари куйдирар таним,
Мени элитинглар Андижонимга!!!
(Расулбек Сатторов)
Еттинчи синфда ўқирдим, мактабимизга маориф мудирлигидан комиссия келган экан.
Бошқа синфлар қаторида бизнинг синфга ҳам бош суқдилар, синфда адабиёт дарси эди.
Биз мудирликдан яъни ноҳия марказидан келган комиссия аъзоларини, ҳаяжон ва озроқ қўрқув билан қарши олдик.
Албатта салобатли кишилар эди, салом-аликдан сўнг бизга саволлар бера бошлади, Классик шоирлардан бирор ғазал ёки рубоий айтишимизни сўради.
Мен синф бошлиғи бўлганим учун адабиёт ўқитувчимиз менга юзланиб «сен жавоб бер» деган ишорасини пайқаш қийин эмасди.
Мен эса жуда кучли ҳаяжондан дағ-дағ титраётганимни ҳеч ким билмас эди, ўзимдан бошқа.
Бир муддат жимликдан кейин мен қўзғалдим, қўзғалганда ҳам бир қўзғалдимки худди устимдан бир челак муздек сув қуйиб, елкамга харсанг осиб қўйгандек эдим.
Ҳамманинг кўзи менда, худди мен сўнги умиддек қаралардим синфдошларимнинг назарида.
Қаддимни ростладим ва баланд овозда:
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.
Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз,
Ҳар кимки ямон бўлса, жазо топқусидур.
Дея олдим холос!
Шу пайт комиссия бошлиғи келиб,
«Баракалла болам деб» бир ҳаяжондан бир қўрқувдан ва бир уятдан тикка бўлиб кетган сочларимни силаб қўйди.
Уялганимни сабаби бу тўртликнинг муаллифини айтишга журат тополмагандим, ёқилғиси тугаган мотордек ғирт ўчгандим.
Бошим силанганини оз-моз ҳис эттим холос.
Шудай бўлса ҳам бизга таҳсинлар айтиб эшик томон юраётган комиссия аъзоларидан мамнун бўлиб кеттик.
Синф иссиқлигини ва баҳор ойларининг охири эканлигини сеза бошладим!
Синф меҳмонлардан холи бўлгандан сўнг адабиёт ўқитувчимиз раҳматлик Бобоёров устозимиз жилмайиб, «Сатторов сенга бугун "5" баҳо қўяман аммо бошқа сафар рубоийнинг муаллифини ҳам айтасан» деди.
Мен эса бутун бир синфни йўқ-йўқ бутун башариятни қутқариб қолгандай ерга қараб тиржаярдим.
Бу тиржайиш йўғ-э ҳалиги ҳаяжон ва қўрқув мени бу тўртликнинг муаллифи ҳақида кўпроқ маълумот йиғишга ундади.
Мен Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида ҳар хил маълумот ва китоблар ахтара бошладим.
Уйимзда отамнинг каттагина жавонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг рубоилар тўплами ва «Бобурнома»сини топиб олдим ва қунт билан ўқишга киришдим.
Мен ўша синфда номини айта олмаган муаллифни кашф қила бошладим ва бу мен учун жуда ҳам бир катта бахт эканлигини юрак-юракдан ҳис этардим.
Ўрта асрда Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда сифатида гавдаланган муаллифни қунт билан ўрганардим.
У кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин» («Баён этилган»), «Хатги Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда, Фарғона улусининг ҳокими Умар Шайх Мирзо оиласида дунёга келган.
«Бобурнома»ни варақларканман, кўз олдимдан Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон халқларига хос бўлган фазилат ва нуқсонлар, уларнинг тафаккур оламини кенглиги ва мураккаблиги билан бирга, ўша даврдаги ҳаёт муаммолари, Бобурийлар
давлатидаги сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг тўлиқ манзараси намоён бўлади. «Бобурнома»да келтирилган бу тарздаги маълумотлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур даврида ёзилган бошқа тарихий манбалар: Мирхонд, Хондамир, Биноий, Муҳаммад Ҳайдар, Фаришта, Абул-Фазл Алломий ва бошқа тарихчиларнинг асарларида бу даражада аниқ ва мукаммал ёритилган эмас. Муаллиф «Бобурнома»да Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Беҳзод, Мирзо Улуғбек ва бошқа алломалар ҳақида ўзининг энг юқори фикр ва мулоҳазаларини билдиради.
«Бобурнома» — Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон, Эрон халқларининг XV аср охири — XVI асрнинг биринчи ярмидаги тарихини ўзида акс эттирган бўлса ҳам, шу билан бирга жуда кўп долзарб иқтисодий, ижтимоий масалалар, юқорида номлари келтирилган вилоятларнинг ўзаро сиёсий-иқтисодий ва савдо муносабатлари, жуғрофий мавқеи, иқлими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, тоғлари, дарёлари, халқлари, қабила ва элатлари ва уларнинг яшаш шароитлари, урф-одатлари, муҳим тарихий иншоотлари — ҳиндулар ва мусулмонларнинг ибодатхоналари, тўй ва дафн маросимлари ҳақида ниҳоятда нодир маълумотларни ўзида қамраб олган шоҳ асардир. Шу боис «Бобурнома» тарихий ва адабий мерос сифатида дунё олимларини ҳайратда қолдириб келмокда.
Узоқ йиллар давомида Ғарб ва Шарқнинг машҳур шарқшунос олимлари «Бобурнома» мазмунини жаҳон жамоатчилигига етказиш борасида катта фаолият кўрсатдилар.«Бобурнома»ни ўрганиш соҳасида жаҳоннинг машҳур шарқшунослари қаторидан япониялик олимлар ҳам жой олмоқдалар.
Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тарихий, илмий ва адабий меросини ўрганиш ва оммалаштиришда Ўзбекистон, Тожикистон, Россия олимларининг фаолиятлари ҳам диққатга сазовордир. ХIХ-ХХ асрлар давомида Георг Кер, Н. Ильминский, О. Сенковский, М. Салье, Порсо Шамсиев, Содиқ Мирзаев, В. Зоҳидов, Я. Ғуломов, Р. Набиев, С. Азимжонова, А. Қаюмов каби олимларнинг саъй-ҳаракатлари билан «Бобурнома» бир неча бор рус ва ўзбек тилларида чоп этилди, уларга сўзбоши ёзилди ва кенг китобхонлар оммасининг маънавий мулкига айлантирилди, унинг шеърлари ҳам бир неча бор нашр этилди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек адабиётида ўзининг нозик лирик асарлари билан ҳам машҳурдир. Унинг ҳаёти ва адабий фаолияти Мовароуннаҳрда сиёсий ҳаёт ниҳоят мураккаблашган феодал гуруҳларнинг бошбошдоқлик ҳаракатлари авжига чиққан ва Темурийлар давлатининг инқирози давом этаётган бир даврга тўғри келган эди. Бундай мураккабликлар инъикосини «Бобурнома»да кўрган бўлсак, шоир руҳиятида қандай акс этгани эса, унинг шеърларида намоён бўлади. Мовароуннаҳрни бирлаштиришга уринишлари натижа бермагач, Заҳириддин Муҳаммад Бобур руҳан қийиналган, амалдорларнинг хиёнатлари таъсирида умидсизликка тушган кезлардаги кайфияти шеърларида акс этган. Кейинчалик ўз юртини тарк этиб, Афғонистон ва Ҳиндистонга юз тутганда Бобур шеъриятида Ватан туйғуси, Ватан соғинчи, унга қайтиш умиди мавж ура бошлади.
Толеъ йўқки жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишниким, айладим хатолиғ бўлди,
Ўз ерин қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қоролиғ бўлди.
Шу билан бирга Заҳириддин Муҳаммад Бобур лирикасида шеъриятнинг асосий мазмуни бўлган инсоний фазилатлар, ёр васли, унинг гўзаллиги, унга чексиз муҳабат, ҳижрон азоби, айрилиғ аламлари ва висол қувончлари ниҳоят гўзал ва моҳирона ифода этилган.
Хазон япроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим,
Кўруб раҳм айлагил, эй лола руҳ, бу чеҳраи зардим.
Сен эй гул, қўймадинг саркашлигингни сарвдек ҳаргиз,
Аёғингга тушуб барги хазондек мунча ёлвордим.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз лирик шеърларида ҳар доим одамларни яхшиликка, адолат, инсонпарварликка, юксак инсоний туйғуларни қадрлашга чақирди:
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.
Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз,
Ҳар кимки ямон бўлса, жазо топқусидур.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур лирик шеърлари ва тарихий «Бобурнома»сидан ташқари, ислом қонуншунослиги ва бошқа соҳаларда ҳам асарлар яратган. 1522 йилда ўғли Ҳумоюнга атаб ёзган «Мубаййин» номли асарида ўша замон солиқ тизимини, солиқ йиғишнинг қонун-қоидаларини, шариат бўйича кимдан қанча солиқ олиниши ва бошқа масалаларни назмда изоҳлаб берган. «Хатти Бобурий» деб аталган рисоласида араб алифбосини туркий тиллар, хусусан, ўзбек тили нуқтаи назаридан бирмунча соддалаштириб беришга ҳаракат қилган. У, тажриба сифатида «Хатти Бобурий» алифбосида Қуръони Каримни кўчирган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг аруз вазни ва қофия масалаларига бағишланган «Муфассал» номли асари ҳам бўлганлиги маълум, бироқ бу асар бизгача етиб келмаган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллайди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур — 1530 йил декабр ойида, Агра шаҳрида вафот этди ва кейинроқ унинг васиятига кўра фарзандлари унинг хокини Кобулга олиб келиб дафн этдилар.
Буюк шоир умринг охирги дақиқаларига қадар Ватан ишқида ёниб ўтди.
Бугун ўша мени бошимни силатган ва бутун башариятни қутқариб қолишимга кўмаклашган тўртлик муаллифи Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллудига 534 йил бўлибди.
Шоирларнинг шоҳи ва шоҳларнинг шоири Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамон қалбларда мудомдир!
Расулбек Сатторов
14_02_2017
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев