ИНСОФ
(Рамазон ойи учун)
Ҳалима сирғасини сотиб уйга бозорлик қилиб келди. Эртадан рамазон ойи бошланишини ўйлаб, навбатдаги рўзасини тутмоқликни ният қилди...
Турмуш ўртоғи Раҳимжонга ҳеч инсоф кирмади. Деярли ҳар куни ичиб келади. Тўғри, жанжал қилмайди-ю, аммо рўзғорнинг баракасини учиради-да бу зорманда, - хаёлидан ўтказди Ҳалима. Боз устига бугун маош оладиган куни. Турмуш ўртоғининг бўкиб ароқ ичиб келишини кўз олдига келтирди. Беозоргина ухлаётган фарзандларига қараб, мўжазгина бахти бор эканлигини ҳис қилди. Саҳарликка туриши кераклигини ҳам унутган аёл эрини кута-кута, ахийри ухлаб қолди. Телефоннинг саҳарлик вақтига белгиланган мусиқа овозидан уйғониб кетди. Қараса, ёнида эри йўқ. Хавотир аралаш ўрнидан тураркан, ювиниш хонасидаги сувнинг шовқини уни ажаблантирди. Бориб қараса, соҳиби катта хафсала билан таҳорат олаётган экан. Ҳалима унга салом берди. Турмуш ўртоғи Раҳимжон саломга алик олгач, унинг ҳайратини баттар ошириб, тезроқ саҳарлик тайёрлашни буюрди.
Тун ҳали кунга ўз ўрнини бўшатиб беришга улгурмай, эр-хотин биргаликда тамадди қилиб бўлишиб, дастурхон устида дуога қўл очиб турган эди...
***
Раҳимжон пластик карточкасига маоши тушганлиги ҳақидаги хабар телефонида пайдо бўлгач, ишдан қайтадиган вақти бўлишини интиқлик билан кутди. Бу орада у улфатларига сим қоқишга ҳам улгурди. “Эртага рўза киради, шунинг учун обдон бугун маишат қилиб олиш керак”, - хаёлидан ўтказди Раҳимжон.
Иш вақти тугагач, келишилган чойхона томон йўл олди. Йўл-йўлакай бозор орқали спиртли ичимликларни улгуржи сотадиган магазинга кириб ўтишни мақсад қилди. Магазиндан икки дона ароқни қўлтиқлаб чиқар экан, қўшни заргарлик дўкони ёнидаги суҳбат қулоғига чалиниб қолди:
Опажон! Илтимос, яна озроқ қўшинг, бисотимдаги биттаю-битта сирғамни сотаяпман. Уйимизда ейишга ҳеч вақомиз қолмаган.
Синглим! Бозор нархидан баландроқ тўлаяпман вазиятингизни тушуниб. Нима эрингиз йўқми, ейишга ҳеч вақо йўқ деяпсиз?
...
Раҳимжон таниш овозни эшитиб ўша томонга қараган эди, кутганидек
аёли Ҳалиманинг овози ва бўлиб ўтган суҳбат уни жойида музлатиб қўйди. Бу орада Ҳалима заргарлик дўкони сотувчисининг кўнгли эриб, яна бир оз қўшиб берилган пулларини олиб, шоша-пиша бозор томон кириб кетди.
Раҳимжон келишилган чойхонага етай деб қолганда, бозордаги бўлиб ўтган воқеа хаёлларини бутунлай банд қилиб улгурди. Чойхона ёнидаги чиқинди ташланадиган темир қути ёнига бориб, сотиб олган “зорманда”ларини темирга уриб синдирди. Бу ишни қилганидан афсусланмади, аксинча, руҳан енгил тортди. Ортига қайтар экан, ичкарида бўлган воқеани кўриб қолган улфатларидан бирининг чақириғи ҳам қулоғига кирмай, ўз йўлида кета бошлади. Йўлда кетар экан, маҳалла масжидида шом намозига айтилаётган азон овози унинг хаёлларини тўзғитиб юборди.
Масжид имоми шом намозидан сўнг уни кимдир сўраётганини айтишди. Унинг “Кираверсин, чақиринг!” деган гапига чақираётган кишининг ичкарига киришга тортинаётганлигини эшитгач, имом масжид ҳовлисига чиқди.
Э-э-э, келинг-келинг Раҳимжон! Хуш келибсиз! Қандай шамоллар учирди?! Марҳамат, ўтиринг,-дея масжид ҳовлисига ўрнатилган узун стулга ўтиришди.
Ассалому алайкум домла! Узр сизни безовта қилдим. Ичкарига киришга тўғриси тортиндим домлажон.
Ҳечқиси йўқ, Раҳимжон! Хижолат бўлманг! Биздан нима хизмат?
Раҳимжон бозордаги ва ундан кейинги воқеалар ҳақида имомга гапирар экан, ўзидаги руҳий ўзгаришларнинг сабабини унчалик ҳам тушунмаётганлигини айтиб ўтди.
Ажойиб иш қилибсиз Раҳимжон, - домла унга ҳайриҳохлик билдириб, - Аллоҳ қалбингизга иймон уруғларини сочган кўринади. Бу уруғларни парваришлаб, улкан тақво боғини яратиш эса ўз қўлингизда укажон.
Бунинг учун қандай йўл тутсам тўғри бўлади домла?
Шуниям сўраб ўтирасизми? Биринчи эртадан рўза тутишни бошланг иним. Қолаверса, бирданига беш вақт намоз демайман, жума намози, ишдан келиб кечга бизлар билан ифторликларга бориб, таровиҳ намозларини ўқиб бошланг. Секин-секин ҳаммасини ўрганиб оласиз. Иложи бўлса, хуфтон намозига қолинг.
Албатта, домла! У қачон бўлади?
Имом жилмайиб хуфтон намози вақтини унга айтиб, унинг қўлига “Намоз ўқишни ўрганамиз”,-номли китоб берди.
Хуфтон вақти келганда Раҳимжон намозда ўзи ёшлигида ёдлаган бир-иккита сураларни айтиб, ҳамма қатори эгилса эгилди, турса турди.
Масжиддан руҳан енгиллик ҳис қилиб чиққан Раҳимжоннинг аввалги аҳволи, қилган гуноҳлари кўз олдидан ўтар экан, “Инсоф берганингга шукур!”,-дея пичирлаб уйи томон йўл олди...
***
Эртасига ишга борган Раҳимжонни бошлиқ йўқлатибди. Раҳбари тақводор одам, масжид имомининг синфдоши. Имом унга телефон қилиб, маҳалла посбони Каримнинг уйида ифторлик эканлигини, ходими Раҳимжонни ҳам айтиб қўйишини тайинлади. Бошлиқнинг ҳайратига имом Раҳимжондаги кечаги ижобий ўзгаришлар ҳақида қисқача айтиб ўтди. Раҳимжон минг битта ўйда бошлиқнинг хонасига кириб келди. Бошлиқ гапни узоқдан олди.
Раҳимжон! Соғлигингиз, оилангиз яхшими?
Рахмат ўртоқ бошлиқ!
Мақсадга кўча қолай, имом сизни маҳалла посбони Каримникига ифторликка олиб боришимни қаттиқ тайинлади. Лекин, сизни йўқлатишимдан мақсад фақат бу эмас. Биласиз, қўшни бўлим раҳбари Собир акани эртага нафақага кузатамиз. Шу бўлимга сизни тайинламоқчиман. Собир аканинг ўзи ҳам сизнинг номзодингизни маъқуллади. Ҳужжатларингизни тайёрлайверинг.
Раҳимжон ўзгача кайфиятда ишдан чиқди. Кўнглига тугиб қўйган ишини амалга ошириш учун бозорга йўл олди...
Ҳалима турмуш ўртоғини ҳар доимгидан кўра кўтаринки кайфиятда кутиб олди. Раҳимжон унинг саломига алик олар экан, кўзларини юмишини буюрди. Ҳалима ҳайрон бўлганча кўзларини юмди. Раҳимжон унинг қулоғига ўзининг қадрдон сирғасини тақиб қўйди. Ҳалима қаршисидаги кўзгу орқали ўзининг қадрдон сирғасига қарар экан, кўзлари қувончдан порлаб кетди. Ёш болаларча беғуборлиги тутиб, раҳмат айтганча соҳибининг юзидан ўпиб қўйди.
Ифторлик вақтига бир оз қолганда дарвоза ёнида машина сигнали чалинди. Чиқса, бошлиғи унга “Тезроқ бўлинг, жаноб бўлим бошлиғи! Тағин ифторликка кечга қолиб, имомдан гап эшитиб қолмайлик!”,-деганча кулиб қўйди...
( Facebookdan olindi )
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев