Ибратли ҳикоя...👇
Хулоса ўзингиздан...👇
Муаллиф ...?
— Худди ёмон туш кўраётганга ўхшайман. Наҳот шу ишларни мен қилдим? Ўшанда ўзимга нима бўлаётганини англамасдим, тушунмасдим. Оқибатини ўйлаб кўрмасдим. Мени деб фарзандимиз азият чекса ҳам тушуниб етмадим. Чунки барчаси учун аёлимни айблардим, кўришга кўзим йўқ эди уни.
Ҳар куни хотиним билан суҳбатимизнинг қисқача мазмуни шулардан иборат эди: «Бундай ҳаётга чидаб бўлмайди. Бу оқшом уйга келмайман. Дўстимнинг уйида қоламан!» — дердим. Дилбар бунга жавобан: «Эътиборсизлигингиз, дашномларингизга ортиқ чидаб бўлмайди. Келмасангиз, келманг!» — дерди.
Бир куни аёлим билан бўладиган одатий жанжалдан сўнг уйдан чиқдим. Ишга кетарканман, бу муаммоларнинг ечимини ўйлаб бош қотирдим. «Ўн бир йил… Шунча йилдан бери мен хор бўлиб яшаяпман. Тоқатим қолмади. Бундай яшашни хоҳламайман. Лекин… лекин болалар-чи? Болалар? Уларга нима бўлади? Кел, яхшиси, бошқа аёлга уйлана қоламан. Мени тушунадиган, ҳурмат қиладиган, қараганимда кўзларимни қувнатадиганига уйланаман!» Хаёлимдан тинмай шу фикрлар ўтарди. Ўзим таниган-билган аёлларни кўз ўнгимга келтирдим. Тўсатдан хаёлимга Лобарнинг исми келди-ю, таққа тўхтадим. «Эй, воҳ, қанийди, у эрга тегмаган бўлганида. У мен билан бир идорада ишлайдиган ҳамкасбим Расулга турмушга чиққан. Лобар ҳам ҳамкасбим. Биз билан ишлайди. У жуда гўзал, ораста. Унга қараганда кўзинг қувнайди. Аёл киши шундай бўлиши керак-да!? Дилбар эса… Эҳ, ундан доим саримсоқ, ошхонанинг ҳиди анқиб туради. Сочлари тўзғиган, чақирсам ошхонадан овқат иси ўрнаб қолган кийимларида чиқиб келади. Эҳ-ҳе қандай қилиб шунча йил яшадим-а?! Шулар ҳақида ўйлаб, ишхонамга кириб келдим. Ўзимча гўзал аёлларни тасаввур қилиб, ашула хиргойи қила бошладим ва бехосдан нигоҳим ҳамкасбим Расулга қадалди. У афтодаҳол, хўмрайган, кайфиятсиз ўтирарди. Тезда ўртоғимдан нима бўлганини сўрадим. Ундан бундай жавобни сира кутмагандим, эшитиб, турган жойимда қотиб қолдим.
— Эй, дўстим, нимасини айтай?! Хотиним билан ажрашдик. Бугун суд бўлди.
Мен: «Қандай қилиб шундай аёл билан ажрашасан? Эй, аҳмоқ, одамларнинг сенга ҳасади келарди-ю сен бўлсанг… Сенга ҳайф шундоқ аёл, а?!» дедим ичимда ва ажралишнинг сабабини сўрадим.
Расул деди:
«У билан ортиқ яшашга мадорим қолмади. У ўта совуққон, худбин. Уни ўзидан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмайди. Мен учун эмас, кўча учун ясанади. Лобарга бошқаларнинг у тўғрисида нималар дейиши муҳим. Ҳақиқатан, у гўзал, ораста. Лекин булар мен учун эмас. Одамлар кўриши учун. Мен унга пул бераман. У ўзини безайди. Менинг ўрнимда бўлмаган киши аҳволимни тушунмайди. Лобар узун тирноқлари, бармоқларига шикаст етишидан қўрқиб, ошхонага умуман кирмайди. Доим тайёр таомларни сотиб олиб еймиз. Уйнинг тозалигию, уйилиб ётган кир кийимлар билан ҳам иши ҳам йўқ. Майли, буларга чидайман. Лекин менинг борлигимни ҳис қилмаслиги, икки хил табиат эгаси эканимиз, уйга киришга тоқатим қолмагани мени чарчатди. Аёлим ўз маошини пардоз-андозга ишлатса, меники ҳам унга, ҳам тўловлару тайёр овқат, уйни тозаловчи ходимларга кетади. Охири буларнинг барчасига чек қўйдим ва натижада ажрашдик.
Буларни эшитиб, «Эй, Худойим, Лобар каби бир аёлни орзу қилибман-а?! Кўзларим бунча кўр бўлмаса? Мен энг яхшисини топишим керак. Ўқимишли, ақлли, мени тушунадиган, мазмунли суҳбат қура оладиган, қувноқ бўлсин! Ҳа, шунақасини топишим керак», деб ўйладим. Уйга қайтарканман, таниш аёлларни яна хаёлимдан ўтказдим. Раъно эсимга тушди. «Эҳ-ҳе, нега олдинроқ эсимга келмади-я? Раъно синглимнинг дугонаси. Олий маълумотли, ақлли аёл. Муҳим мавзулар тўғрисида кўп тортишганмиз. Унинг фикрлари мени қойил қолдирарди. Тўхта, у турмушга чиққанми-йўқми, шуни билиш керак!
Агар турмушга чиқмаган бўлса, менга рози бўлармикин? Яхшиликка шошилган яхши! Синглимга қўнғироқ қилиб сўрайман!»
Дарҳол синглимга қўнғироқ қилдим. Салом-аликдан кейин Раъно ҳақида суриштирдим. Синглим ҳайрон бўлиб:
— Тинчликми, ака? Раънони эслаб қолибсизми? У бечора турмушга чиққанди. Кўп яшамасдан ажрашди. Эри тўғри қилди ажрашиб. Доим ҳамма нарсада тортишадиган аёлнинг нима кераги бор? Фақат ўз фикрини маъқуллайди. Бундан ташқари, фақат ўзини ақлли, ўта доно, деб билади. Бундай аёл билан ажрашиш керак эди.
Ўзи ҳам шуни хоҳлади. Нима эмиш, иккинчи маротаба докторликни ёқлаши учун турмуш халақит қилармиш?! — деди.
«Эҳ, бугун қанақа кун бўлди? Майда-чуйда нарсаларгаям тортишаверадиган хотин менга керакми? Эй, Аллоҳим, Ўзинг ёрдам бер! Энди нима қилдим?!» дея ўйланиб, уйга кириб бордим. Дилбар яна ошхонада ивирсирди. Сув ичиш учун ошхонага кирдим. Кичик ўғлим Дилбарнинг ёнида ғингширди. Негадир ўз-ўзидан асабийлаша бошладим ва унга қарата: «На уй ишларини эплайсан, на болага қарашни», дея ёзғирдим. Аёлим аввал менга қараб қотиб қолди, кейин асабийлашди. У билан ажрашишимни, ортиқ бундай яшай олмаслигимни айтдим. Жанжалимиз борган сари авжига чиқди. Шунда Дилбар бехосдан чойнакни туртиб юборди. Қайноқ сув эмаклаб юрган болажонимнинг устига тўкилди. Хотиним додлар, ўғлим тинимсиз йиғларди. Кўз олдим қоронғилашиб, нима қилишни билмай қолдим. Ҳаммасига мен айбдор эдим.
🔥🔥 @Gulxanatrofi 🔥🔥
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев