Лолақизғалдоқ...
Мендан нима колар?! Икки мисра шеър,
Икки сандик китоб, бир уюм тупроқ.
Одамлар ортимдан нима деса дер,
Мен сени ўйлайман ўзимдан кўпрок,
Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Мен кетсам, ёмондан йироқ бўл оху,
Чунки сен чиройли, кўркли бир жувон.
Ёмон кунлар бир кун яхши бўлaру,
Ёмон одам яхши бўлмас ҳеч қачон.
Яша чегарада тургандек огох,
Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Уйда ётибману, сезиб турибман,
Кўкда кетаётир қушлар қайтишиб.
Ҳайрлар ёғдириб қанотларидан,
Ҳаста шоирига видо айтишиб.
Бор, мен учун ҳам уларга қўл қоқ,
Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Уларни мен яна кўраманми-а?!
Айвондан одамдек кузатолмадим.
Куз...Тўйлар бошланди...юрагим пора,
Битта қизимни ҳам узатолмадим...
Демак, тақдир экан тўй кўрмай ўлмок,
Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Бирок, кўнглим сезар, мендан кейин ҳам,
Бир кун бу ҳовлига одам тўлади.
Ҳали тўйлар қилиб чарчайсан, эркам,
Менинг қизларим энг бахтли бўлади!
Келинлар кўйлаги рухимдай оппоқ,
Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Ўғлим, яқинрок кел, қара, не савдо,
Бу ажиб ишларни дил лавҳига ёз.
Кимга қаср етмас, кимга мол-дунё,
Менга эса ҲАВО етмайди ҳолос.
Тириклар мудроқда, ўликлар уйғоқ,
Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Кўксим куйиб борар, кўкрак ёнмокда,
Айтинг докторларга ёришса, ёрсин!
Жисм ўз улфати жондан тонмокда.
Бечора жон энди қаерга борсин.
Энди осмон йироқ, энди ер юмшоқ,
Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Буни ҳаёт дерлар унутма асло.
Бир кун очиласан бир кун сўласан.
Қалбимда-ку фақат сен эдинг танҳо,
Қабрим устида ҳам ўзинг бўласан.
Сен бизнинг севгидан хотира , байрок,
Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Аёл қалбинг билан сув кеч, олов кеч.
Ғам келса бошингдан ҳушинг учмасин.
Худодан сўрадим мендан кейин ҳеч,
Номард кимсаларга ишинг тушмасин.
Уларнинг қўлида ҳамиша тузоқ,
Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Ишинг тушса, иним Муҳаммадга бор,
Шоирлар ичида ишонганим шу.
Бироз ичишини айтмаса агар,
Кўкси тиниқ бола ҳалол бола у.
Фақат сал соддароқ, фақат сал ёшроқ,
Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Жон сўнгги бошпана топаркан онгда.
У юрак остида дердим мен бўлсам.
Ажабланма агар эртага тонгда,
Сени ўпиб ўзни қучоқлаб ўлсам!..
Ўтинчим,тепамда йиғлама узоқ,
Лола, лолажоним, Лолақизғалдоқ!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 22