Ризқим узилганга ўхшайди, чоғи,
Излама, ҳеч қандай ташҳису, малҳам.
Тобора авжланар дарднинг ўчоғи,
Етолмасам керак Тошкентгача ҳам.
Тек қўй, кузатмагин, вужудим оғрир,
Элликқалъа деган юртда не гуноҳ
Ватаннинг шарқида туғилиб, охир,
Ғарбида ўлмоқни битибди, Аллоҳ!
Иғво тарқатманглар маза-бемаза,
Мабодо, юз берса бирор бир кор-ҳол.
Тошкентда очмасин, ҳеч қандай аза,
Сим қоққин, Абдулла Орифга дарҳол!
Тўхта, айтиб қолай, жон пишмасидан,
Ҳаммаси жойида: сейф, стол, палос...
Фақат Ёзувчилар уюшмасидан,
Бир варақ ариза қарзим бор, холос.
Айтганча, столим чап тортмасида,
Бир шоир йигитнинг қўлёзмаси бор.
Адашмасам, эди юртга қасида,
Шуни нашриётга-тақризга юбор.
Оғзим қурияпти, сув бер, бир қултум,
"Руҳ ўзин улфати жондан туймоқда".
Оҳ, ота бўлиб мен, нима ҳам кўрдим,
Юрагим куймоқда, ичим куймоқда!
Тўрт боламдан бирин менда кўнгли йўқ,
Нима қилай ахир, Худойим айтсин.
Назира ўгаймас, унинг ўғли йўқ,
Бобурга айтинглар, Дархонга қайтсин!
Шоирнинг шеърлари-тақдири, дерди,
Рости ишонмасдим, босмасди титроқ.
Наҳот, Роббим менга шундай дард берди,
Тақдирим бўлдими "Лолақизғолдоқ"!?
Жонсиз жигаримга ботмоқда тикан,
Қорайтириб борар юзларимни ғам.
Аслида, шеърларим пешонам экан,
Тўйин кўролмадим қизларимни ҳам.
Ўлсам, уч қизимга бўлади оғир,
Эҳтимол, улар ҳам қилишар тоқат.
Йиғлашиб, йиғлашиб кўнади охир,
Онамни кўндириб бўлмайди фақат!
Кор қилмайди унга ҳеч ҳимматингиз,
Ўзин адо қилар, жонини ея
Айтинг секингина-Муҳаммадингиз,
Кетди Муҳаммаднинг ёнига-дея.
Соат неччи бўлди, қош қорайдими,
Жонга тегди дерсан, шу шоири ҳам.
"Менга ҳаво етмас...", жон торайдими,
Бунча ҳаяллади, Азроили ҳам.
Келишин кутамиз энди начора,
Бир шоир жонида интиқоми бор.
Айтганча, уч кундан кейин, бечора,
Нозима қизимнинг имтиҳони бор.
Эҳ, нима бўлар-а, ректорга боргин,
Бир илтимос қилгин, учраб ўзига.
Тегса, тегибдида, ёрдами ахир,
Муҳаммад Юсуфнинг битта қизига.
Ана келаётир, ажал пишқириб,
Узмоқ бўлар ризқу-саодатимни.
Қайси бир сўзимда олар...ишқилиб,
Айтишга улгурай Шаҳодатимни.
Оҳ, нима дейсан-а, Назирамга айт,
Шўрликни ёз қолиб, қиши тушмасин.
Яна тилга чиқар, ўзим битган байт:
"Номард одамларга иши тушмасин!"
Унга шон керакмас, унвон керакмас,
Етади хилқату-хаёли деган.
Унвон бериб кетай мен унга, абас,
Муҳаммад Юсуфнинг аёли деган!
Ичим ачияпти Адабиётга,
Арзирли бўлмади, ўгитларим ҳам.
Сўзини муҳрлаб абадиятга,
Одам бўлармикан шогирдларим ҳам?
Биламан, ёзади қаламин ўпиб,
Сирожиддинлару, Азим Суюнлар.
Қўрқаман, қўшиқчи шоирлар қўпиб,
Босиб келмасмикан қаро қуюнлар!
Наҳот ўз-ўзимдан кўнглим тўлмаса,
Чала қолди сабоқ, бўлди энди кеч!
Фақат бир ўгитим: дарди бўлмаса,
Шогирдман демасин Муҳаммадга, ҳеч!
Муҳаммаддан иймон, Юсуфдан жамол,
Яшадим, лек шоир жисми билан, мен.
Гуноҳ ҳам қилганим ростдир, эҳтимол,
Икки пайғамбарнинг исми билан, мен!
Ўзи кечиргувчи, истиғфор айтгум,
Дариғ тутма мендан муҳаббатингни.
Ўзингдан яралдим, ўзингга қайтгум,
Ўзинг кечир содда Муҳаммадингни! "
ЎЛИМ НИМА, БУ ҲАМ БИТТА САЙР, ОНА,
ЎҒЛИНГ ҚАРО ЕРГА КЕТДИ ХАЙР, ОНА
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 27