ОЗОДА
Озодани севаман мен, Озодани,
Сулувларнинг сарвари — хонзодани.
Йўлатмасман ёнига шаббодани,
Озодани севаман мен, Озодани.
Кўрганману кўрганим эртасидан,
Юрагим қоқ бўлинган ўртасидан.
Ҳар куни бир ўтаман кўчасидан,
Озодани севаман мен, Озодани.
Ўтаман-да. Ўтмасам бўлмайди ҳеч,
Ўтмай десам, кўнгил курғур тўлмайди ҳеч.
Кўзим тойиб кетаверар — қўймайди ҳеч,
Озодани севаман мен, Озодани.
Бир эсласам зирқиллайди банди-бандим,
Кечагина бир қизчани ўйнатгандим!
Кучугига оққанд бериб ўргатгандим,
Озодани севаман мен, Озодани.
Тушунмаслар кулади: эсиз-эсиз,
Кимдир эрмак қилади: эсиз-эсиз,
Хотиним ҳам билади, нима дейсиз?
Озодани севаман мен, Озодани.
Йигит қирқда қирчиллаб ғарқ пишади,
Эрта-индин сочимга оқ тушади,
Чин ошиқлар қирқ йилда топишади!
Озодани севаман мен, Озодани.
Севган эдим, ҳамон у суюкли ёр,
Билагида бармоғимнинг изи бор.
Озоданинг бир ўғил, бир қизи бор...
Мен барибир севаман Озодани.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев