21~қисм.
Меҳри иморатини пахсадан кўтармоқчи бўлгани учун пойдеворнинг нами кўтарилиши билан пахсакашлар ишга киришди. Қизи бошлаган катта ишдан ҳам қувониб, ҳам ваҳимага тушиб, усталарнинг хизматини қилиб юрган Маъқул хола тўсатдан касалланиб, баданлари сарғайди. Вақтида овқатланмай, оч-наҳор юриш, оғир меҳнат кекса аёлга таъсирини кўрсатган, қони камайган, ўт пуфаги яллиғланиб, ошқозони безовта қилаётганди. Ноилож қолган Меҳри уй қуришни тўхтатиб, онасини касалхонага ётқизди.
Ҳар куни у барвақт йўлга отланиб, ишга боришидан олдин онасидан хабар олади, нонуштага сутчойми, аталами, тухумми едиради, бирпас суҳбатлашиб ўтиради-да, сўнг ишга кетади. Ҳар тугул касалхона муолажасининг нафи бўлакча – Маъқул холанинг юзига қон югуриб, ранги-рўйи кўриниб қолди. Шундай бўлса-да, Меҳри уни касалхонадан чиқаришга шошилмаётган, яхшилаб даволансинлар, дам олсинлар, деган фикрда эди. Аммо орадан ўн кун ўтиб, одатдагидай ишдан олдин онасини кўришга кириб тутилиб қолди, уни даволовчи врач йўқлаганини айтишди.
–Синглим, онангиз анча тузалиб қолдилар, – деб сўз бошлади врач. – Ўзингиз шифокорсиз, қолган муолижани уйингизда давом эттирсангиз ҳам бўлади. Онангизни беморлар руҳий хаста деб эшитиб, бир палатада ётишдан қўрқишяпти.
–Бугунчалик ётиб турсинлар, –илтимос қилди Меҳри. –Ишга кечикяпман. Эртага эрталаб олиб кетаман.
–Менга фарқи йўқ, лекин бу гап бош врачга бориб етибди, бугундан қолмай жавоб беринглар, деган. Касалхонанинг тартиб-қоидасини ўзингиз яхши биласиз.
–Майли, нима ҳам дердим, олиб кетаман.
Меҳри палатага кириб, Маьқул холанинг нарсаларини йиғиштиришга тушди.
–Уйга кетамиз, она, врач рухсат берди, соғайибсиз.
Шу пайт Шамсиддин бир идишда овқат кўтариб келиб қолди.
–Онамни олиб чиқяпман, –акасига деди у. – Хайруллага тайинланг, мен ишда пайтим хотини тузукроқ қарасин.
–Айтаман, қарайди, сен, ўзинг, соат тўққиз бўляпти, ҳали ишга бормадингми?
–Онамни уйга қўйиб, кейин бораман. Тўсатдан жавоб бериб қолишди, билганимда бўлим мудирини огоҳлантириб қўярдим.
–Кечиккан бўлсанг боравер, онамни бизникига олиб кетиб, бир-икки кун қарайман.
Меҳри қулоқларига ишонмади, ҳали умрида акаси онасига бундай мулозамат кўрсатмаганди, унинг таклифидан қувониб, сиз нима дейсиз, деган маънода Маъқул холага қаради.
–Йўқ, акангнинг уйига бормайман, қўрқаман, у мени уради. Ўзимнинг уйимга олиб бориб қўй.
Меҳри бир томондан ишга шошилаётгани, иккинчи томондан акамнинг сазаси ўлмасин, деган хаёлда онасини амаллаб уникига боришга кўндирди.
–Майли, бораман, –деб розилик берди Маъқул хола. –Фақат ўзинг олиб бориб қўясан.
У Меҳрини ёнидан жилдиргиси келмай, турли баҳоналар ўйлаб топаётганди. Меҳрининг кўнмай иложи йўқ эди, биргаликда йўлга тушдилар ва кўп ўтмай такси уларни манзилга олиб келди. Шамсиддин олдиндан, Меҳри билан онаси унинг ортидан уйга киришди.
–Норхол, уйдамисан? – Шамсиддин хотинини чақирди. – Кичкина хонага онамга жой сол, икки-уч кун икковлашиб қараймиз.
Норхол қайнонасига салом бериб, уларни хонага бошлади ва кўрпача тўшаб ўтқизди.
–Мен энди ишга борай, соат бирдан ошибди, кечикканим учун гап эшитмасам яхшийди. Аксига олиб бугун навбатчи эдим, кечда келолмайман.
Меҳри шундай дейиши билан, Маъқул хола униқди.
–Ўзимнинг уйимга кетгим келяпти, бекор акангникига олиб келдинг, ҳали ҳам олиб кет.
–Ишга кеч бўлди, онажон, – ялинди унга Меҳри. – Бир кунгина шу ерда қолинг, эртага, албатта, уйга қайтамиз. Ишонмасангиз мана, жемферимни олиб қолинг.
–Бир кун бизникида ётсанг ўлмайсан, –Шамсиддин жаҳл билан гапирди. – Эртага борасан ўша кулбангга.
–Ана, кўрдингми, сен кетишинг билан у мени уради. –Маъқул хола юзини терс буриб олди. –У уради, барибир уради, уйидан ҳайдаб юборади, хотинининг кучи етмайди, ажратолмайди, кўчага ҳайдаб юборади. У уради, барибир уради, унинг авзойи бузуқ, барибир уради…
Меҳрининг кўнгли ғаш тортиб, Шамсиддинни чеккага имлади.
–Ака, онам ҳали соғайгани йўқ, қаттиқ гапирманг. Биласиз, касал кишининг кўнгли нозик, яхши гапнинг гадоси бўлади.
–Онамга қўполлик қилмайман, деб қасам ичгудай бўламан-у, барибир жаҳлимни чиқаради, ўзимни тутолмай қоламан. Юр, деб олиб келдим, шукур қилмайдими? Кетаман, деб туриб олганини қара.
–Онамни бугун кўряпсизми, ака? Кексалар вайрона бўлсаям ўзларининг кулбаларини пеш билишади. Сиз барибир кўнглига қаранг, бугун навбатчиман эртага ишдан чиқиб тўғри шу ерга келаман.
–Овқатланиб кетинг, сузяпман, –деди ошхонадан югуриб чиққан Норхол.
–Кеч бўлди, янга. Ўтирсам онам яна бир нима ўйлаб топади, яхшиси борақолай.
–Унда боравер, онамдан хавотирланма, –Шамсиддин унинг кўнглини хотиржам қилмоқчи бўлди.
Меҳри хаёл билан ишга қандай етиб келганини сезмади. Бўлим мудирига учраб узрини айтганди, у қовоғини очиб, бирор нарса демади ҳам, ноилож врачлар хонасидан чиқиб, ҳамшира билан палаталарга кирди-да, беморларидан хабар олди, улардан муолажаларнинг таъсирини сўради, касаллик тарихларини тўлдираркан, лаборатория таҳлилларини солиштирди, айрим беморларга қўшимча муолажа тайинлади. Кўнгли ғашлигидан тушлик ҳам қилгиси келмади, соат бешдан ўтиб врачлар бирма бир уйларига кетишди, Меҳри эса навбатчиликда қолди, ошхонага ўтиб, наридан-бери тамадди қилди, энди бўлимларни айланаман, деб турганди, навбатчи ҳамширага дуч келди.
–Қабулхонага бир беморни олиб келишди, жуда безовта, афтидан ошқозони оғриётганга ўхшайди.
Меҳри шошилиб қабулхонага борди, қараса бемор ғужанак бўлиб кўкраги остини ушлаб олган.
–Нима бўлди, амаки? Қаерингиз оғрияпти?
–Мана шу жойим, – бемор кўкрагининг остини кўрсатди. –Кимдир ғижимлаб олганга ўхшайди, ичим таталаб кетаяпти, илгари сира бунақа бўлмаганди.
–Нима овқат егандингиз?
–Иштаҳам йўқлиги учун тузук овқатланмагандим. Тобим қочиб, иссиғим чиққанида қизим иссиқни туширувчи дори берганди, шуни ичганимни биламан, нимадир ичимни ғижимлашга тушди, жуда ёмон оғрияпти.
–Дорини оч қоринга ичибсиз-да, амаки. Шундан кейин бирор нарса едингизми?
–Йўқ.
–Беморни зудлик билан палатага жойлаштириб, енгилроқ тамадди қилдиринг, оғриқсизлантирувчи уколлар қилинг.
Ҳамшира топшириқни бажаришга киришди. Меҳрининг рўпарасига ёшгина йигит келди.
–Духтир, бемор менинг дадамлар. Аҳволлари оғир эмасми, яхши бўладиларми?
–Хавотир олманг, ҳамшира муолажаларни қилсин, яна кўрамиз, тез-тез, кам-кам тамадди қилиб турсинлар. Ошқозонларини тўлиқ текширувдан ўтказиш керак.
Меҳри гапираётган пайти беш-олти киши атрофини ўраб олди, афтидан ҳаммаси беморнинг яқинлари. “Ҳар бир касалнинг ортида қанчадан қанча тақдир бор. Бир танага кирган зирапчадан ўнлаб киши ғуссага ботади. Касалхонага умид билан келган ҳар бир бемор ноумид кетмаса қандай яхши”, ўйлади Меҳри.
У қабулхонадан чиқиб йўлак бўйлаб кетаётганди, ҳамширалардан бири югуриб келди.
–Духтир, нариги бўлимда бир бемор оғирлашиб қолди, тезроқ юринг.
Меҳри оёғини қўлига олиб чопди. Бемор оғриқнинг зўридан ўзини қўярга жой тополмай ўрнидан туриб олган, бир ёнга эгилганича хонанинг у ёғидан бу ёғига юрарди.
–Нима бўлди, опа? –сўради Меҳри.
–Белим… Белимга биров пичоқ қадагандай оғрияпти, чидолмаяпман, кўнглим, кўнглим ҳам беҳузур…
Аёл сўзини тугатмай қайд қилиб юборди. Меҳри беморни ётқизиб, қон босимини ўлчади: анча кўтарилган, буйрак хуружиники.
–Илгари ҳам шундай хуруж бўлганми?
–Йўқ, биринчи марта. Олдинлари сим-сим оғриб юрарди, совуқ тўғри шу еримга келиб уриларди.
Меҳри ҳамширага беморга зудлик билан қон босимини туширувчи, оғриқни қолдирувчи ва тинчлантирувчи уколлар қилишни буюрди.
–Беморнинг ёнида бўлиб туринг, яна безовта бўлса хабар қилинг. Эртага туман марказига олиб бориб, аниқ текширтиринг, буйракда тош борга ўхшаяпти.
–Хўп бўлади.
Меҳри бўлимдан ташқарига чиққанида ҳур-ҳур шамол эсар, йўлакнинг икки четидаги осмонўпар тераклар япроқлари майин-майин шитирларди. Қоронғида касалхона ваҳимали кўринса-да, йўлак бўйлаб ўрнатилган чироқлар бу ваҳимани босиб, атрофни ёритарди.
Меҳрининг бирпас скамейкада ўтиргиси келди.
“Онам нима қилаётган бўлса? – хаёлга чўмди у. – Аҳволи тузукмикин?”
–Духтир, шу ердамидингиз, изламаган жойим қолмади.
Меҳри чўчиб тушди, рўпарасида навбатчи ҳамширалардан бири турарди.
–Тинчликми? – сўради ундан.
–Ҳалидан бери уйингиздан қўнғироқ қилишяпти.
Меҳри ҳовлиққанича врачлар хонасига кирди. Гўшакдан акасининг овози эшитилди:
–Меҳри, тез етиб кел. Онамнинг аҳволи оғир.
–Нима бўлди? Яхши эдилар-ку.
–Келсанг биласан.
Шамсиддин гўшакни қўйиб қўйди.
Меҳрининг кўз ўнги қоронғилашди, юраги гўппиллаб уриб қолди ва соатига қаради: кечки 11.00. Эрталабгача вақт кўп, энди нима қилади? Кетиб ҳам бўлмайди, қолиб ҳам, икки ўт орасида ёнарди у. Касалхонада ҳар хил ҳолат рўй бериши мумкин, врачсиз қолдириб бўлмайди. У ёқда онаси… Меҳри бирма-бир ҳамкасбларига қўнғироқ қилди, бирови уйида йўқ, бошқаси гўшакни кўтармади, хуллас, ҳеч бирини тополмади.
Игнанинг устида ўтиргандай питирлади у, касалхонадаги элликка яқин беморни тарозининг бир палласига ва онасини иккинчи палласига қўйди-да, чамалашга тушди: фарзандлик бурчи билан шифокорлик бурчи бир-бири билан жанг қилди. У онасини қанчалик яхши кўрмасин, аҳволидан хавотирга тушмасин, беморларнинг ҳаёти учун жавобгарлигини унутмади, постни ташлаб кетолмади. Эрталабгача акасининг уйига ўн марталаб қўнғироқ қилса ҳам тушолмади, хуноби ортиб хаёлан минг кўчага кириб чиқди ва “Аллоҳим, онамни паноҳингда асра, унга бир гап бўлса ўзимни асло кечирмайман”, дейишдан нарига ўтолмади.
Меҳри дам хонага кирди, дам ташқарига чиқди, орада буйраги хуруж қилган, янги келган беморлардан хабар олиб, унинг тинчгина ухлаётганидан хотиржам тортди, безовталанган бошқа беморлар аҳволидан ҳам хабар олди, дори-дармон буюрди, лекин бир дақиқа ҳам онаси хаёлидан кетмади, юрагига қил сиғмай, хаёл-бехаёл ишлади. Аксига олиб вақт шу қадар секин ўтдики, у ҳали умрида тонг отишини бунчалик интиқлик билан кутмаганди. Қуёш чиқар-чиқмас ҳамшираларга ишларни тайинлади-ю, навбатчи машинага ўтириб, йўлга отланди. Манзилга етгач, шофёрга жавоб бериб, акасининг уйига ўқдай отилиб кираркан қулоғига янгасининг овози чалинди:
–Ҳар гал онангизни уйимизга олиб келинг, деганимда қулоқ солмадингиз, мана, оқибати, кўниколмаяптилар.
–Бунақа қилишини қаердан билибман, –Шамсиддиннинг овози эшитилди.
Улар Меҳрини кўриб жим бўлишди, иккиси Маъқул холанинг икки ёнидан қўлтиқлаб, тўшакка олиб бораётганди.
–Онамга нима бўлди?–жаҳл билан сўради Меҳри.
Унинг овозини эшитган Маъқул холанинг кўзларида ёш ҳалқаланди:
–Болам, мени олиб кет.
У шу гапни айтди-ю, ҳушини йўқотди.
–Нима қилиб қўйдинглар?– Меҳри акаси билан янгасига қаради ва онасини даст кўтариб кўчага чиқди. Дуч келган таксини тўхтатиб, уни ётқизди.
–Жон амаки, тезроқ ҳайданг, Нуристон қишлоғига.
–Онангизнинг тоби йўққа ўхшайди, касалхонага олиб борсак яхши эмасми?-деди ҳайдовчи.
–Йўқ, амаки. Кеча шифохонадан чиққандилар, ўзим ҳам врачман, уйда қарайман.
–Врач бўлсангиз-ку яхши.
Машина шитоб билан юриб кетди. Духтирнинг кечаги гапидан сўнг онасини касалхонага олиб боролмас, шунинг учун таксини тўғри қишлоққа ҳайдатди. Ҳайдовчига, бирпас кутиб туринг, деб онасини кўтариб, уйга олиб кириб ётқизди-да, танометр билан қон босимини ўлчади. Маъқул холани совуқ тер босган, лаблари кўкариб, нафас олиши тезлашган, қон босими тушиб кетганди. Меҳри югуриб кўчага чиқди.
–Амаки, энди мени дорихонага олиб боринг. Пулингизни бераман.
–Майли, қизим,–деди ҳайдовчи. –Қаерга десанг олиб бораман.
Меҳри йўлда кетяпти-ю, ўз-ўзига ҳайрон қолди. Онасидай гавдали, йирик аёлни қандай кўтарди, қандай таксига олиб кирди, бу куч унга қаердан келди, ўзи ҳам билмайди. Энг яқин дорихонадан керакли дори-дармонларни харид қилгач, ортга қайтди, ҳайдовчига айтган пулини берди-да, уйга кириб, онасига укол қилди. Бироқ Маъқул хола қимир этмай ётар, фақат нафас олгани эшитиларди.
–Мени норози қилиб уй қураётган эдинг, насиб этмайдиган кўринади.
Шундагина Меҳри Хайрулла тепасида уни кузатиб турганини билди, жаҳлини босолмай, ёнида турган пиёлани акасига отиб юборди. Ўлим тўшагида ётган онаизорига ачинмай шунақа гапни айтадими? Фарзанд ҳам шунчаликка борадими?
Хайрулла синглисининг важоҳатини кўриб, чиқиб кетди, бир оздан сўнг хотини кириб келди:
–Нима бўлди? Тинчликми? –сўради у Меҳридан.
Меҳри янгасига қайрилиб ҳам қарамади, онасига термилиб ўтираверди. Яхши гап сингари ёмон гап ҳам тез тарқалади, Маъқул холанинг аҳволини эшитиб, ҳол-аҳвол сўрагани келган Малика момо унинг қимир этмай ётганини кўриб, куни битганини фаҳмлади ва бошини чайқади. Меҳрининг онасини дам билагидан, дам томиридан укол қилаётганини кузатаркан насиҳатга ўтди:
–Қизим, онангни жонсарак қилма, омонатини осонгина топширсин. Шу пайтгача қийналгани етади.
Меҳри Малика момони яхши кўрса-да, бу сўзлари малол ботди, тилини тишлаб туролмади.
–Сиз худоми, момо? Ҳали кўрасиз, онам ўлмайди, онам яшайди!
Малика момо индамади, бутун ҳаётининг мазмунини онаси деб билган қизни тушунди.
–Ўзинг биласан, мен айтдим-қўйдим-да, – деди.
Тонг отиши билан Меҳри кийиниб йўлга отланди, қаёққа кетяпсиз, деб сўраган Зоҳидага жавоб ҳам қайтармади. Орадан икки соатлар ўтгач, дарвоза ёнида машина келиб тўхтади ва Меҳри оқ халатли ёши 50-55 лардаги оппоқ сочли врач билан кириб келди.
Духтир Маъқул холани обдон текширди, юрагини ЭКГ қилди, Меҳри ундан кўзини узмай ҳар бир ҳаракатини кузатиб турди.
–Духтир, умид қилса бўладими? – қўрқа-писа сўради ниҳоят.
–Бундай ҳолатдан сўнг тузалиб кетганлар бор, –жавоб қайтарди духтир.– Дориларни ёзиб бераман кунма кун, соатма соат муолажа қиласиз. Онангизнинг юраги бақувватга ўхшайди, ўзига келиб қолса ажабмас.
Кўчада такси кутиб турганди, Меҳри духтир билан ўзи ҳам жўнаб кетди ва бир йўла керакли дори-дармонларни олиб қайтганида онасининг ёнида Шамсиддин ўтирган экан.
–Духтир олиб келибсанми? –сўради у синглисидан.
–Ҳа, Эгамбердиевга кўрсатдим, тузалиб кетишлари мумкин экан.
–Ўлади, демайди-ку. Бу аҳволда онам узоққа бормаслиги кўрга ҳам аён-ку.
Меҳри акасига ғазаб билан тикилди.
–Нафасингизни иссиқ қилинг, ака. Духтирдан ҳам зўрмисиз?
–Зўр эмасман, аммо кўрганимни айтяпман. Майли, худо деб турайлик, у ёғи бир гап бўлар.
Шамсиддин уч-тўрт кун уйига кетмай, онасиникида турди. Маъқул хола бир маромда кўзини юмиб ётар, юзида на ўлим, на ҳаёт шарпаси сезилар, икки дунё оралиғида яшар эди у. Кутиб ўтиришдан маъни йўқлигини билган Шамсиддин кетишга чоғланди.
–Бирор гап бўлса хабар берасан,–тайинлади Меҳрига.
Маъқул хола ўлим билан олишаётганди. Меҳри бир унинг қон босимини, бир ҳароратини ўлчар, юрак уришига қулоқ солиб, томирини ушлаб кўрар, духтир ёзиб бергани бўйича соатма соат муолажа қиларди. У ўзини тамоман унутган, хуши тутган маҳал бир бурда нон емаса, бошқа пайт овқатга қайрилиб ҳам қарамас, эрталабдан кечгача онасидан кўзини узмай ўтирарди.
Бир куни Шамсиддин Зоҳида овқатни қайтариб кетаётгани устидан чиқди.
–Овқатни емабдилар, – деди у. – Ҳар куни аҳвол шу, жуда қорнилари очқаса бир бурда нон чайнайдилар.
–Очлик эълон қилдингми? –акаси жаҳл билан гапирди. – Худога қарши бормоқчимисан?
–Ака, нима қилай, иштаҳам йўқ, овқат егим келмайди.
–Бу аҳволда онам қолиб, ҳамма сен билан овора бўлади-ку…
Шамсиддин ҳали гапини тугатмаган эди, бир лаганда чучвара кўтариб Малика момо келиб қолди.
–Келин чучвара пиширган экан Меҳрига илиндим, – деди Малика момо. –Онамга қарайман деб роса қийналиб кетди шўрлик.
–Момо, бекор олиб келибсиз, – деди Шамсиддин Меҳрига кесатиб.– Бунингиз рўза тутган, овқатга қарагиси келмасмиш
–Унақа қилма, қизим, – насиҳатга ўтди Малика момо. –Одамзод овқат билан тирик, бўш қоп тик турмайди. Онанг-ку, ошини ошаб, ёшини яшади, сен ўзингни асра. Ҳаммаси Аллоҳга боғлиқ, ол, қулим, деса тузалиб кетади, йўқса, бандачилик. Қани, кел иссиққина чучварадан **** ол.
–Онам кун кўрмай ўлиб кетаверадими, момо? Орзуларини рўёбга чиқармоқчи эдим, ақалли уй қуриб беролмадим.
–Ҳамма вақт ҳам банданинг айтгани бўлмайди, болам, армонли дунё бу, ҳамиша бири кам. Қани ол, овқат маҳтал бўлмасин.
Малика момо чучварани Меҳри томонга суриб қўйди.
–Сен ҳам кел, – деди у Шамсиддинга. – Бир ўзи емасин, шайтон шерик бўлади.
Шамсиддин ҳам ўтирди ва Меҳрининг тўйдим, деганига қарамай мажбуран едирди.
–Бу бошқа гап, –деди Малика момо. –Шуни бил, ҳеч қачон ўлганга қўшилиб ўлмайдилар, тирик киши ўз тирикчилигини кўриши керак.
–Момо, унақа дейсиз-а, –Меҳри аччиқланди. – Онам ҳали тирик-ку, ўлганга чиқариб қўяяпсиз.
–Айтдим-қўйдим-да. Мен бир қари кампир бўлсам, баъзан нима деб алжираётганимни билмайман ҳам.
Аслида Меҳридан бошқа ҳамма Маъқул холадан умидини узганди, Малика момо ҳам қизга, алжирадим, дегани билан ана шундай фикрда эди…
Якшанба куни эрталаб Шамсиддин кириб келганида Хайрулла қаёққадир отланаётган эди.
–Орқангга қайт, ҳовлини тозалаймиз, –Шамсиддин уни тўхтатди.
–Зарур ишим бор эди, ака.
–Иш-пишингни йиғиштир. Мотоциклда оҳак келтирдим, келинга айт, деворларни оқласин. Иккимиз ҳовлини тартибга соламиз, онамга бир гап бўлса дўст ҳам келади, душман ҳам. Мен-ку бошқа жойда яшайман, лаънат сенларга тегади. Қани бўл, кийимингни алмаштириб чиқ.
Акаси ҳақ гапни айтаётганди, ноилож Хайрулла жомакорини кийиб чиқди ва иккиси ишни ҳовли юзидаги ортиқча лаш-лушларни сомонхонанинг бир четига ташишдан бошлашди. Зоҳида оҳак билан деворларни оқлашга тушди. Ногаҳон деразадан енг шимариб ишлаётган акаларини кўриб Меҳрининг юраги шув этиб кетди, бирпас уларни кузатиб тургач, секин олдиларига келди.
–Ака, онам ўладиларми? –Меҳри шунчалик совуққонлик билан савол бердики, Шамсиддиннинг эти жўнжикиб кетди. – Ишончингиз комилми?
Шамсиддин миқ этмади.
–Сиздан сўраяпман, ака, онам ўладиларми?
–Нима қил дейсан? Ҳовли шу аҳволда тураверсинми?
–Йўқ, бироқ мен ҳали онамдан умидимни узганим йўқ.
–Унда ўзинг биласан. Аммо ҳовлини тозалаб қўйишнинг ёмон томони борми?
Меҳри индамай онасининг ёнига қайтди. У акасининг тўғри қилаётганини билар, ўзи ҳам ташқарига чиққан пайти атрофга қараб юраги сиқиларди: экинлар сарғайиб, бегона ўт босган, чўп-у ёғочларини ажратиб олишганига қарамай қулаб тушган эски уйнинг тупроғи ҳануз тепа бўлиб ётар, бир томонда янги уй қуриш учун қум ва шағал тўкиб қўйилган, деворларнинг оҳаклари қўпорилган, хуллас, ҳовлининг эгаси кўчиб кетганга ўхшарди.
Хайрулла уй юмушларига қизиқмай қолган, икки хаёли участкасини битириш эди. Аслида бу ишларни Меҳрининг ўзи ҳам уддалай оларди, қиз бола бўлса-да, онасидай гавдали, эпчил, чайир эди, бироқ қўли ишга бормаётганди, ҳовлининг у ёқ, бу ёғини тартибга келтириш онасининг ўлимини тан олиш билан баробардай туюларди назарида.
У Маъқул холанинг ёнига ўтириб, юзига термулди: онаси ҳануз кўзларини юмиб ётарди.
–Онажон, шунчаям ухлайсизми? Туринг энди. Бу қандоқ уйқуки, кундузниям, тунниям билмаса. Орқангиз ботиб кетмадими? Туринг. Бир марта бўлсаям менга жавоб беринг, отимни айтиб чақиринг. Сизга уй қуриб бераётгандим, ишларим чала қолди, қизингизни субутсиз қилиб кетманг.
Маъқул хола миқ этмади. Меҳрининг жаҳли чиқди.
– Қанақа онасиз ўзи? Шунчалик ҳам бағрингиз тош бўладими? Илтижоларимни эшитмаяпсизми? Мен деворга гапиряпманми? Ҳамма сизни ўлдига чиқариб қўйди, акам ҳовлини тозалашни бошлади. Онам ўлмайди, десам ҳеч ким сўзимга ишонмаяпти? Кучингизни кўрсатинг, юзимни ёруғ қилиб, ҳаммани уялтириб ташланг, кўзингизни очинг, онажон!
Яна Маъқул хола миқ этмади. Энди Меҳри онасини таталашга тушди ва туринг ўрнингиздан, туринг, деб такрорлайверди нуқул. Ниҳоят у аҳмоқлик қилаётганини англади, қўллари бўшашиб, шалвираб қолди. Кейин онасининг юзларини силади, қўлларини ушлаб ўқалади. Хаёлида унинг бармоқлари қимирлаб кетгандай бўлди. Аввалига, менга шундай туюляпти, деб ўйлади-ю, барибир кўнглида умид уйғонди, онасининг қўлларини маҳкам ушлаганича кўзларига тикилди. Шу пайт Маъқул холанинг бармоқлари яна қимирлади, киприклари пирпираб, кўзлари саҳал очилди. Меҳри онасига қараб қотиб қолди, гапирай дейди-ю, гапиролмайди, ишонай дейди-ю, ишонолмайди, ҳадсиз қувонч ҳам кишини эсанкиратиб қўйишини у илк бор туйди, тушимми, ўнгимми, деб ўзини чимчилаб кўрди, ўнги экан, балки менга шундай кўринаётгандир, деган хаёлда онасидан нигоҳини узмади. Маьқул хола кўзини каттароқ очди, шундагина қиз илтижолари худога етиб борганини, тинимсиз муолажалари кор қилганини, ҳаёт посангиси оғир келганини – ўн беш кун деганда онаси дунёга қайтганини англади ва қувонганидан қичқириб юборди:
–Онам… Онам кўзларини очдилар…
Қизнинг шодон овози уйнинг тўрт деворидан нарига ўтмади, аммо у бу қувончни ичига сиғдиролмасди, бу севинч юзага чиқмаса танасини ёриб юборарди. Шунинг учун ҳовлига чопиб чиқиб, овозининг борича қичқирди:
–Онам… Онам кўзларини очдилар…
Ҳар дақиқа Маъқул холанинг ўлимини кутаётган келин ва ўғиллар бу хабардан эсанкираб қолишди, кейин Меҳри қанчалик рост гапираётганини билиш учун бирин-кетин уйга қараб югурдилар, Маъқул хола шифтга қараб ётарди.
–Янга, янгажон! Онам тирилдилар! Онам кўзларини очдилар!..
Меҳри янгасини қучоқлаб олиб, тинмай ўпарди. Сўнг Шамсиддинни, Хайруллани қучоқлади.
–Шўрлик онам! Бечора онам! Жони шунчалар қаттиқ экан-а. Нақ ўлимнинг оғзидан қайтиб келди-я. Уни менга худонинг ўзи қайтариб берди-я.
Ҳамма Маъқул холага қараб ҳайкалдай қотиб қолди.
–Мени уйимга олиб бориб қўй…
Онасининг биринчи гапи шу бўлди. Меҳри уни қучоқлаб, юз-кўзларидан ўпди.
–Она, уйингизга олиб келганман. Биз уйимиздамиз. Қаранг, ҳамма нарса ўзингизники.
Маъқул хола бир оз тинчланди, ростданми, дегандай уйнинг тўрт томонига кўз югуртирди. Меҳрининг овозини эшитиб келган Малика момо қўшнисига қараб эсанкираб қолди.
–Ё пирим! Бунақасини кўрмагандим. Бу мўъжиза, Меҳри, мўъжиза. Онангнинг қолган умри фойдага.
Маъқул хола ўрнидан турмоқчи эди, бўлмади.
–Меҳри, ўнг қўлимни кўтаролмаяпман, қара-чи.
Меҳрининг юраги шув этиб кетди, врач эмасми, хаёлига келган фикрдан таҳликага тушиб, онасининг қўлларини, оёқларини ушлай бошлади ва билдики, унинг ўнг қўли ва оёғи шол бўлиб қолибди. Аммо у барибир хурсанд, шунисига ҳам шукур қилаётганди.
–Энди қўлим билан оёғим…
–Ўйламанг, онажон, мен борман-ку. –Маъқул холанинг сўзини бўлди Меҳри. – Қўлингиз ҳам, оёғингиз ҳам ўзим бўламан, сира хавотир олманг.
–Сен ишга кетсанг қандоқ қиламан?.. Мени уйимга олиб бор, акангникида қолмайман…
–Сиз уйимиздасиз, онажон, уйимизда. Мана, момомни, Зоҳида янгамни кўрмаяпсизми? Улар акамникида нима қилишади? Биз ўз уйимиздамиз.
Маъқул холанинг: “Ишга кетсанг қандоқ қиламан?” деган сўзларидан сўнг Меҳрининг эсига касалхона тушди. У икки ҳафтадан зиёд онаси билан овора бўлиб, ишга бормаган, касалхона узоқдалиги учун айттириб ҳам юборолмаганди. “Нима бўлса бўлди, – деди ўзига ўзи. – Мен учун ҳозир энг муҳими – онамнинг ҳаёти”…
У бошқа барча хаёлларни миясидан чиқариб ташлади. Эртаси куни онасига озроққина атала пишириб олиб кираётганди, кутилмаганда уни ҳангу манг қилиб, касалхона бош врачи Улуғов ўринбосари билан кириб келди. “Энди мени ишдан ҳайдашади”, деган фикр миясига урилган Меҳри уларни кўриб тахтадай қотди, раҳбарини уйга таклиф қилишни ҳам, ҳатто салом беришни ҳам унутди. Улуғов унинг ҳолатини пайқади, мулойимлик билан сўради:
–Яхшимисан, она қизим, дом-дарагинг йўқ, сендан хабар олгани келяпмиз.
Шундагина Меҳри ўзига келди, қўлидаги косани сўрига қўйди-да, уларга пешвоз чиқди.
–Узр,–деди у Улуғовга. –Ишга боролмадим. Онам…
Меҳри гапининг давомини айтолмай, йиғлаб юборди. У онаси тилсиз-забонсиз, ўлим тўшагида ётганида ҳам йиғламай ўзини мард тутган эди. Аммо ҳозир раҳбарининг олдида ўпкаси тўлиб кетди, неча кундан бўён онасининг ўлиб қолишидан қўрқиб чеккан азоб-у уқубатлари, изтироблари – ҳамма-ҳаммаси кўзидан ёш бўлиб қуюлиб келаверди.
Меҳри Улуғовнинг одамшавандалигини эшитганди-ю, уйига айнан ўзи йўқлаб келади, деб етти ухлаб тушига кирмаганди. Аммо бош врачнинг назарига тушганини билар, бир гал оғир аҳволда касалхонага келган беморга муносабатда Меҳри энг тўғри мулоҳаза юритган, зийрак духтир Меҳрининг билимли мутахассис эканини тезда пайқаган, йиғилишларда унга алоҳида эътибор берарди. Бундай мутахассис ўз вазифасига совуққонлик билан қараши мумкин эмаслигини билганидан ёш врачдан хабар олиш учун айнан ўзи ташриф буюрди.
Меҳри уларни ичкарига бошлади. Бош врачга унинг аҳволи кундай аён бўлди, танасининг бир қисми ишламай оғир аҳволда ётган она, қинғир-қийшиқ уй, алмисоқдан қолган гиламлар, чала иморат – буларнинг барчаси Меҳрининг ҳаёти эди. Бош врач дарвозадан кирибоқ аҳволни тушунганди.
–Ўртоқ Мирҳодиев,–деди у ўринбосарига. –Ходимларнинг оилавий шароитини ўрганмай туриб хулоса чиқаришга шошилганингизни кўряпсизми?
Мирҳодиев индамай бошини хам қилди. Улуғов Меҳрига юзланди:
–Қизим, сен онангга қара. Ўзим бир ойлик бюллетинингни тўғрилаб бераман. Сира тушкунликка тушма, бардам бўл.
У кетиши олдидан Меҳрига 200 сўм пул узатди.
–Бу касалхона жамоасидан сенга ёрдам. Уйингни тиклаб ол.
Бемор билан бўлиб, уй қуриш Меҳрининг кўнглига сиғмаганди. Онасидан умидини узиб турган бир пайтда қўл-оёғи ишламаса-да унинг дунёга қайтиши Меҳрига катта давлат эди, шундай экан, энди ваъдасининг устидан чиқмаса, онаси учун уй қурмаса бўлмасди.
Давоми бор
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев