16~қисм
Шамсиддинга келин топаман, деб Малика момонинг ковуши йиртилганини Хайрулла яхши билади. Ўша кунлар уйларидаги тунд вазият, онасининг ёшли кўзлари Шамсиддиннинг совуқ башараси кечагидай эсида. Қўшни тумандан келин топганларидан кейин ҳам қанчадан қанча дилхираликлар юз берди.
Хайруллада эса иш тамоман бошқача кетяпти. Тўғри, Момохол янгаси қизнинг эшигига уч-тўрт марта борди, аслида ўзбекчиликда удум шунақа-да, қайси ота-она қизини ҳа, деганда, ма, деб келган совчига бериб қўяди, аммо барибир ўзининг қишлоғидан ўзи ҳоҳлаган қизга уйланяпти. У – ғолиб! У – зўр!
Хайрулла ана шундай кайфиятда Шамсиддинникига қараб бораркан, назарида акаси Момохол янгаси каби: “Сен бола зўр чиқдинг, чатоқ экансан”, деяётгандай, маҳкам қучиб табриклаётгандай туюлди. Шунинг учун у аввалига Шамсиддиннинг хушламай кутиб олгани, “Нега келдинг?”, деб норози оҳангда савол берганига ҳам парво қилмади.
–Момохол янгам совчиликка борганди, қизнинг уйидагилар розилик беришибди, тўйга ўзингиз бош бўлинг, ака, – деди у ҳовлиқиб.
–Мени бош бўлсин десанг, мен айтган қизга уйланардинг. Сени ўйлаб, онамдан узоқроқда, одамга ўхшаб яша, деб ўша қизни топгандим. Энди билганингни қил, тўйингга бормайман.
Шамсиддиннинг терс гапидан Хайрулланинг тарвузи қўлтиғидан тушган бўлса-да, вазиятни айтсам акам тушунади, деган умидда сўзида давом этди:
–Ака, мендан ранжиманг, у қизга уйланмасам бўлмасди. У… Ҳалиги… Ҳомиладор эди…
Шамсиддин укасига қараб анграйиб қолди, сўнг сўзларининг мағзини чақиб, баттар ғазаби қайнади.
–Шунақа дегин. Сени ҳали ёш бола деб юрсам, бу ёғини ҳам боплаган экансан-ку. Кет, йўқол, кўзимга кўринма.
Иш тескари тус олиб, акасининг жаҳли чиққанини кўрган Хайрулла амакисиникига борди. “Яхшиям амаким бор экан, – ўйлади у йўлда. – Барибир бизга нафи тегади”.
Қулмат жиянининг сўзларини эшитгач, унинг кўнглини кўтарди.
–Ўйлама, ҳаммаси яхши бўлади. Сен ҳовлингни тартибга сол, уйларни оқла, тўйга тайёргарлик кўр, Шамсиддин билан ўзим гаплашаман.
Ўша кундан Маъқул холанинг ҳовлисида тўй тадориги бошланиб, келин тушадиган вайрона уйнинг тешик-туйнугини ямаб, оқлаб, эшикларини бўяшди. Уй сал эпақага келгач, кашта-кушта илишди.
Шамсиддин амакисининг юзидан ўтолмади, тўйга бош қўшмаса-да, меҳмондай келиб турди. Хайрулла ишлайдиган ташкилот раҳбари инсофли экан, бир оз пул берди. Маъқул холанинг сигири ҳўкизча туққан, уй қураман, деб боқиб юрганди, уйдан зарур иш чиқиб қолгач, сотиб тўйга ишлатди.
Янгали, жиянли бўлиш, улар билан бир ҳовлида яшаш ҳақидаги орзулари ниҳоят ушалган Меҳрининг оғзи қулоғида. Маъқул холага ҳам ниҳоят фарзандларидан бирининг тўйида иштирок этиш насиб этадиган бўлди.
Қулмат қудаларникига бориб, тўй кунини белгилаб қайтгач, Маъқул хола келинимнинг сепига, деб йиғиб қўйган кийимликларини тахлади.
–Бу матоларингиз ҳеч нарса бўлмайди, – деди Момохол сандиқни кўриб. –Янги чиққанларидан ҳеч бўлмаса тўрт-беш кийимлик солиш керак, хўп десангиз Санам ёки Бодом билан чиқиб олиб келамиз.
Маъқул хола рози бўлди. Асраб қўйган пулларидан Санамга берди, у янгаси билан бозорга бориб келди.
–Бу энди бошқа гап, – деди Момохол сепларни тахлаётганларида.
Ниҳоят ҳувиллаб ётган ҳовлига келин келди. Кечки пайт қирқ-эллик чоғли меҳмонлар билан келин-куёвни давранинг тўрида ўтирғизиб кичкинагина базм қилишди. Маъқул хола ўзида йўқ хурсанд, қувончини ким биландир баҳам кўргиси келиб, ҳали қудаларининг ёнига боради, ҳали қўшниларининг ёнига. Меҳрининг икки хаёли онасида, у қаерга борса ортидан қолмайди, Маъқул холага бу ёқмай, Меҳрини жеркиб ташлади:
–Сояга ўхшаб ортимдан эргашганинг эргашган. Ҳеч бўлмаса шу бугун мени ўз ҳолимга қўй.
Меҳри кулди. Онасининг гапидан кейин ҳақиқатдан ошириб юборганини сезиб, бир четга ўтди-да, уни узоқдан кузатишга тушди. Меҳрининг қўрққани – онасининг оғзидан турли хил гаплар чиқиб кетиши ёки ақлини йўқотиб қўйиши эди.
Эртаси куни тушга яқин қўни-қўшнилар, сўнг қудалар келишди ва таом тортилгач юз очар маросими бошланди. Одатга кўра келиннинг юзини қайнонаси очиши керак, қуда аёл қизининг юзини катта опаси очсин, деб туриб олди. Бу гап-сўзлар Маъқул холага етгач, бирдан авзойи бузилди.
–Нега келиннинг юзини Бодом очаркан? У ким бўлибди? Қудалар ҳам мени камситишни бошлашдими? Нимага ҳамма мени жинни деб ўйлайди? Жинни бўлсам, одамлар орасида улар қилган ишни қилиб юрармидим? Жинни бўлсам, мол боқиб, сигир соғармидим, хамир қориб, нон ёпармидим, кир ювармидим? Жинни бўлсам, нега қизини ўғлимга берди? Нега қизи уйимга қорнини дўппайтириб келди?
Маъқул холанинг жазаваси тутиб, бақира бошлади, уч қизи уч ёндан онасини тинчитишга уринди.
–Бўлди қилинг,–деди Бодом унга.–Тўйни бузманг. Сизнинг феълингизни билгани учун акам ўзининг тўйида ҳам, менинг тўйимда ҳам боришингизни истамади. Бизни шарманда қилишдан бошқасига ярамайсиз.
–Онамга бақирманг, –Меҳри Бодомга ўдағайлади. – У киши тўғри айтяптилар. Нега энди келиннинг юзини онам эмас, сиз очасиз? Болангизни катта қилиб, уйлантиринг, ўшанда сизга навбат келади. Ҳозирча онам бажариши керак бўлган ишга тумшуғингизни тиқмай, четроқда туринг, мен онамни камситишларига йўл қўймайман.
У шитоб билан юриб қуда аёлларнинг ёнига борди.
–Қуда хола, менинг онам ҳали ўлгани йўқ, тирик. Шундай экан келиннинг юзини онам очади, кўнмасангиз, қизингизни олиб кетинг.
Меҳридан бунақа гапни кутмаган қудалар бир-бирларига қараб анграйиб қолишди. Уйни совуқ сукунат босди, бир ишни бошлайди, деб синглисининг ортидан югуриб келган Бодом унинг қўлидан тортганди, Меҳри силтаб ташлади ва жойидан жилмай жавоб кутиб тураверди. Тўйга келган кекса аёллардан бири вазиятни юмшатиш мақсадида Меҳрини маъқуллади.
–Қизим тўғри айтяпти, – деди у. – Келиннинг юзини онаси очсин. Касаллиги ўз йўлида, лекин тўйда бинойидай мулозамат кўрсатяпти, армон қилмасин.
Шу кайвони аёлнинг гапи гап бўлиб, Маъқул холанинг қўлига Бодомнинг ўғлини тутқазишди. У болани кўтариб олганича, келинига яқинлашди ва қўлидаги кичкина чўп билан унинг юзидаги пардани кўтарди, атрофини ўраб олган, бу дамни интиқлик билан кутаётган хотин-халаж, бола-чақа, келинчак чиройлимикан, деган саволга жавоб топиш учун кузатиб турарди. Меҳрининг ўзи ҳам онасининг ёнида туриб олган, икки кўзини янгасидан узмасди. Келиннинг бўйи паст эди, Маъқул хола узун бўйли эмасми, келинининг икки юзидан энгашиб ўпди ва қўлидаги конфетни унинг оғзига соларкан, секингина пичирлади:
–Ҳаётингиз шу конфетдай ширин бўлсин, болам. Ўниб-ўсиб юринг.
Меҳри янгасига термулиб қолди, у кўзларини хиёл юмганича ўнг қўлига тутиб олган попур рўмолчасини устки лабига тегдириб таъзим қилар, ҳаяжонданми, киприклари пирпираб кетарди.
“Янгамнинг бўйи менинг бўйимдан ҳам пастроқ экан, –хаёлидан ўтказди Меҳри. –Акам ҳам узун эмас-ку, ўзига ёқса бўлди-да”.
Маъқул холадан кейин Момохол келин билан кўришди. У қўлидаги бир кийимлик матони келиннинг боши устига қўйди, икки чаккасидан ўпгач, қўша қаринг, деб қўйди. Сўнг Бодом, Малика момо, қариндошлар бирин-кетин келин билан кўришиб, атаганларини беришди. Маросим тугагач, келин орқага қараб юриб, янгалари қуршовида уйга кириб кетди.
Меҳри жуда хурсанд, назарида келин билан бирга хонадонларига файз кириб келгандай эди.
Хазонрезгилик бошланди. Дарахтлар барги сарғайиб, кузнинг эрталабки совуқ ҳавоси қиш яқинлашаётганини сездирди. Маъқул хола ҳар тонг ўрнидан туриб осмонга қарайди-да: “Ёмғир ёғармикин?”, деган савол кўнглидан ўтади ва: “Худойим, келиннинг олдида шарманда қилма, уйидан чакки ўтмасин”, деб қўяди. Тўйдан олдин томсувоқ қилган бўлса ҳам ўтган қишда тортган азоблари қайталанишидан хавотирда эди у.
Октябрь ойининг бошларида илк ёмғир ёққан куни Маъқул хола икки кўзини шифтдан узмай турди, ҳар тугул чакки ўтмади. Кейин келини Зоҳиданинг оғзини пойлади: у ҳеч нарса демагач, уйидан чакки ўтмабди, ҳаммаси жойида экан, деб ўзича қувонди.
Эртаси куни тонг саҳардан Маъқул хола ўзини нохуш сезди. “Қани энди Меҳри шу бугун мактабга бормаса эди”, деб кўнглидан ўтказса ҳам унга ҳеч нарса демади. Аксига олиб у наридан бери нонушта қилиб, мактабга вақтли кетди, сал ўтмай Зоҳида икки қўлида ширчой кўтариб кириб келди.
–Меҳри қанилар? –сўради у қайнонасидан.
Маъқул хола лом-мим демагач, яна гап қўшди:
–Ширчой ичмай кетибдилар-да, дарсгача ҳали анча бор эди-ку.
Зоҳида қайнонасига қаради, унинг лаблари қимирлаб пичирлагандай туюлар, бироқ овози эшитилмасди. Зоҳида уни бирпас кузатиб тургач, косалардан бирини яқинига суриб қўйди.
–Ширчой ичинг.
Маъқул хола кўзларини катта-катта очиб келинига қаради.
–Ичмайман! Сен косага заҳар солгансан, мени ўлдирмоқчисан..
Қайнонасининг важоҳати Зоҳидани эсанкиратиб қўйди, аъзойи бадани қалтираб, турган жойида таёқдай қотди, қочиб кетишни ҳам, тураверишни ҳам билмай, эрим келиб қолармикин, деган умидда кўзларини эшикка тикди, аммо нажоткор кўринмади. Маъқул хола ўрнидан туриб, девордаги михга илинган кўйлакларини тугунлади-да, “У мени ўлдиради, заҳарлайди”, деб кўчага чиқиб кетди. Шундан кейингина Зоҳида нариги уйга – Хайрулланинг ёнига югуриб ўтди.
–Онангизни жинни деб эшитгандим-у, бунчаликка боради, деб ўйламагандим, – гап бошлади у. – Ширчой олиб борсам ичига заҳар солгансан, мени ўлдирмоқчисан, деди, кейин кўйлакларини тугунлаб, келиним мени ўлдиради, заҳарлайди, деб кўчага чиқиб кетди, ўтакам ёрилаёзди, Бу гапни эшитганлар нима деб ўйлайди, келини қайнонасини заҳарламоқчи экан, дейишса неча пуллик одам бўламан?
–Қўрқма, ,–Хайрулла бамайлихотир гапирди. – Онамнинг бўлгани шу: дам ҳуд, дам беҳуд, лекин бировга зарари тегмайди, бирпасдан сўнг келиб, ҳеч нарсани кўрмагандай юраверади. Қўни-қўшнилар ҳам унга ўрганиб қолишган, гапига парво қилишмайди.
Зоҳида эрининг гапидан қониқмади.
–Аммо жинни одамда ақл бўлмайди, ундан ҳар нарсани кутиш мумкин. Мен бу аҳволда яшолмайман.
–Менга тегишингдан олдин онамнинг ақли заифлигини эшитгансан, – хотинининг сўзларидан жаҳли чиққан Хайрулла овозини баландлатди. – Энди чида.
–Мен-ку чидайман, бироқ қорнимдаги болага бир гап бўлса нима қиламиз. Ҳомиладор аёл қўрқса ёмон, хўжайин.
Зоҳида Хайрулланинг жон томиридан олганди, нима дейишини билмай жимиди, бироқ хотини жавоб кутиб, ундан кўз узмай тураверди.
–Нима қил, дейсан, онамни ўзининг уйидан ҳайдаб юборайми?
–Йўқ, ҳеч бўлмаса рўзғорни алоҳида қилайлик, у киши, заҳар солдинг, деб овқатимни емаса нима қиламан?
–Билганингни қил,–деди ниҳоят у.
Хайрулла айтганидай кўчага чиқиб кетган Маъқул хола икки-уч соатдан сўнг қайтди ва келинига ўғринча назар ташлади, Зоҳида ҳеч нарса демагач, кўнгли хотиржам тортиб ўз ишлари билан машғул бўлиб кетди. Маъқул холанинг дарди қўзғаганини мактабдан қайтаётиб кўчадаёқ эшитган Меҳри бир онасига, бир янгасига қараб, бирор нохушликни пайқамагач, у ҳам дарс тайёрлашга тушди. Аммо Зоҳида воқеадан қаттиқ таъсирланганини сездирмасаям юрагига тугиб қўйган, эрининг: “Билганингни қил”, деган сўзларини дастак қилиб, мақсадини айтиш учун пайт пойлаётганди, тўғрироғи, буни эри уйда пайтида айтмоқчи, мабодо она-бола жанжал кўтарса, эрига суянмоқчи эди. Аксига олиб шу куни Хайрулла кеч қайтиб, Зохиданинг оғзидаги бўғзида қолди, фақат эртаси куни эрталаб Меҳри мактабга кетаётган вақтда бу ҳақда сўз очди.
–Айтиб қўяй, – деди у Меҳрига, – бугундан бошлаб онангиз иккингизга овқатни ўзингиз пиширасиз, рўзғорни ажратамиз. Мен кеча шундай қўрқдимки, ҳомилам тушишига бир баҳя қолди.
–Қизиқмисиз, янга, сизлар икки киши, биз икки киши, қанақасига рўзғорни ажратамиз. Битта қозонда пиширайлик, майли, алоҳида-алоҳида овқатланамиз.
–Йўқ, онангиз, овқатимга заҳар солдинг, деб айтди, мен овқат қилишгаям қўрқиб қолдим, у кишига бир иш бўлса балонинг тўрига қолиб кетмай.
–Онамнинг ҳар замонда феъли тутади, оғзидан нима гап чиққанини билмайди, кейин айтган гапидан пушаймон ейди, сиз бунга хафа бўлманг, янга, онамни тушунинг, кечиринг.
–Кечирганим билан ичимга қўрқув, ваҳима кириб бўлди, ўзимни ўйламасам ҳам қорнимдаги болани ўйлашим керак, акангиз билан рўзғорни алоҳида қилишга келишдик.
Меҳри янгасидан сира бунақа гапни кутмаганди, унга алам билан тикилди ва кўзини узмай тураверди.
–Бунча **** қўйгудай тикилмасангиз, мени биринчи марта кўряпсизми?
–Йўқ, шунчаки сиз ҳақингизда бошқача фикрда эканман. Бугун бизга бегона эканингизни тушуниб етдим, фақат сиздан илтимос, онамга ҳеч нарса деманг, ўзим тушунтираман.
Меҳри бошқа гапирмади, мактабга кетди-ю, кун бўйи бу хабарни онасига қандай етказишни ўйлади. Ётиғи билан тушунтирмаса онасининг кўнгли чўкиши тайин ёки Зоҳида тап этиб бир нима деб қўйса, ким билади қандай аҳволга тушади.
У мактабдан қайтганида Маъқул хола ўчоқ бошида эди, кийимларини алмаштириб, тўғри унинг ёнига борди, қараса, хамир қориладиган тоғорага кул оляпти.
–Келдингми? –деди Маъқул хола ишини давом эттираркан. –Ўчоқнинг кули кўпайиб кетибди, олиб қўяй.
–Қочинг, ўзим оламан.
–Йўқ, кийиминг чанг бўлади, ишингни қилавер.
Маъқул холанинг баъзан ҳаром-ҳалишнинг фарқига бормай қоладиган одати борлиги учун Меҳри ажабланмади, янгам кўрмадимикин, деган хавотирда атрофга аланглади, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, югуриб эски челакни келтириб, онасининг ёнига қўйди-да, тоғоранинг кулини бўшатди.
–Энди давом эттиринг.
Маъқул хола хатосини пайқади, қизига бир қараб қўйди-ю, индамади, Меҳри онасини хижотликдан чиқаришга уринди.
–Бугун тўртта беш баҳо олдим, – деди у ўзини хурсанд кўрсатиб. –Синф раҳбаримиз роса мақтади.
–Нима деди?
–Меҳри оймомога биринчи бўлиб етиб олади, деди.
–У нима дегани?
–Устозимиз катта картон қоғознинг бир четига оймомонинг расмини чизиб, ҳаммамизнинг фамилиямизни, исмимизни ёзиб қўйибди. Ким беш олса фамилияси тўғрисига ёзиб қўяверади. Менинг бешларим оймомога яқинлашиб қолган, бошқалар ҳали-вери етиб келолмайди.
–Шунинг учун ҳам сени яхши кўраман-да, катта одам бўласан, деб айтганим ёдингдами, мен билмасдан гапирмайман.
–Ёдимда, – Меҳри бирпас ўйланиб турди, кейин гапида давом этди: Негадир янгамнинг ўзини тутиши менга ёқмаяпти, ҳамма ишни бир ўзи қилаётгандай тумрайиб юради. Яхшиси бундан кейин иккимизга овқатни ўзим пишираман, алоҳида овқатланамиз, розимисиз?
Маъқул хола қизи нега бундай деяётганини дарҳол тушунди, кун бўйи Зоҳида қовоғини солиб, қайнонасига бир оғиз гапирмай юрди, ниманидир сўраганида ўзини эшитмаганга олди, ўшандаёқ кўнгли бир нохушликни сезганди.
–Сен нима десанг шу, болам. Янгангдан ҳамма нарсани кутиш мумкин, акангни яхшилаб қайраган, ўз кунимизни ўзимиз кўрайлик, сен дўкондан у-бу нарса олиб кел.
–Хўп.
Меҳри кечга яқин ошхонага кирди-да, газ плитасига қозонни қуяётганди, Зоҳида келиб қолди.
–Ҳа, нима қиляпсиз? – деди у қайнсинглисига.
–Овқат.
–Оёғим остида кўп ўралашмай, овқатингизни ўчоқда пиширинг. Балонли газ ҳисоб-китобли эканини яхши биласиз. Мен бекорчиман, акангизнинг ёлғиз ўзи қайси биримизга етказсин. Боз устига ҳадемай чақалоқли бўламиз.
–Янга, газ плитаси ейилиб қолмайди, бир томонига пишираверай…
–Плита ейилмаса ҳам ичидаги газ тугайди, отам газ олиб бермасалар нима қилардингиз?
Меҳрининг томоғига нимадир тиқилиб, хўрлиги келди-да, қўллари илк бор мушт бўлиб тугилди. “Эҳ, –деди ўзига ўзи. –Қачон мактабни тугатаман? Қачон ишлаб пул топаман? Қачон мен билан онамни битта газ балонига арзитмаган акамнинг хотинига кимлигимни кўрсатиб қўяман?”.
У индамай ошхонадан чиқиб кетди.
Давоми бор.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев