13~қисм.
Бодом ўғил туғибди! Санамдан бу хушхабарни эшитган Маъқул хола яна бир набирага етказгани учун Аллоҳга шукроналар айтиб, бирданига картошка билан тухум қовуришга тушди ва Санамни Бодомдан хабар олиш учун туғруқхонага юборди. Ўзи сандиғини титкилаб, беқасам мато топди-да, чақалоққа тўн тикишга тушди. –Бодом ўғил кўрибди, –деди уни тикиш қилаётганини кўриб ажабланиб қолган Меҳрига. –Чақалоққа тўн тикяпман. –Тўн тикишни биласизми? – сўради Меҳри. –Сен ҳам опанг ва акангга ўхшаб, онам жинниликдан бошқа нарсага ярамайди, деб ўйладингми? Бир пайтлар қишлоқнинг каттасидан тортиб кичигигача ўзим тўн тикиб берганман, ўн бармоғим ҳунар эди. Касал бўлиб қолганимдан сўнг бу ишлар юрагимни сиқиб, тикмай қўйдим. Маъқул хола ўйга толди, Меҳри унинг кўзлари ёшланганини сезди. –Она, ранжидингизми? Мен шунчаки сўраган эдим. –Нега ранжирканман, сен мени тикиш қилганимни кўрмаганингдан кейин сўрайсан-да. Шунчаки Бодом опангни соғиндим. Қизи тушмагур жуда тошбағир чиқди-да, қорасини кўрсатай демайди. Чарлар қилишимга ҳам кўнмади. Шамсиддин мени ёмон кўрсаям оёғини узмайди, келиб туради. Унинг важоҳат билан келиб, важоҳат билан кетганига ҳам шукур қиламан. Бодом эса... –Хафа бўлманг, –онасини юпатди Меҳри. –Уйидагилар рухсат беришмаса керак-да... –Бегуноҳ одамларни айблама,– Маъқул хола қизининг гапини бўлди. –Эрга тегишидан олдин ҳам опангнинг феъли шунақа эди. Онамни кўриб келаман, деса эри бошига тегирмон тоши юритмас, ўзи бемеҳр. Майли, қаерда бўлсаям соғ бўлсин. –Опамникига ўзингиз боринг, шу баҳона кўриб келасиз. –Йўқ, туғруқхонадан чиқиб олсин, Санам иккингиз борасиз. Орадан ўн кунлар ўтиб, якшанбада Маъқул хола палов дамлаб, лаганга сузди-да, устига иккита нон, чақалоқнинг тўнчасини қўйиб Санам билан Меҳрини Бодомникига жўнатди. Бодом қайнонаси Иззат ая билан чақалоқни чўмилтириб бўлиб, эмизаётган экан, икки енгини тирсагигача шимарган Иззат ая қизларга пешвоз чиқди. –Келинглар, холажонлар, келинглар. – У меҳмонларни очиқ чеҳра билан кутиб олди. – Жиянчалар муборак бўлсин. Қудам қани, нега олиб келмадинглар? Бешикка энгашганича боласини эмизаётган Бодом сингилларига қараб жилмайиб қўйди, кўзи билан кўрпачага ишора қилиб: –Ўтиринглар, –деди. Иззат ая дуога қўл очди, кейин яна қизларни койиди: –Қудамни олиб келмаганларинг чакки бўлибди-да, бирпас ўтириб кетардилар. –Онамнинг сал тоблари йўқ эди, сизлар борақолинглар, дедилар. –Эсиз, келин туширганимга уч йилга яқинлашяпти, ҳали икки қуда кўришганимиз йўқ, тўйда ҳам тоблари йўқ экан, қатнашмадилар. Келинга бир-икки олиб борай, дегандим, хўпдан нарига ўтмадилар. Кейинги гал, албатта, қудам билан келинглар, йўқса, ўзимиз бостириб борамиз, шундайми, Лазизбек. Иззат ая бешикка яқинроқ сурилиб, набирасини эркалатишга тушганди, Бодом кўкрагининг учини гўдаги оғзидан чиқариб, сингиллари ёнига ўтди. –Асалим мени, новвотим мени, бувиси кўришга келмабдими бу ширинтойни, бувиси кўргиси келмабдими шундай шакар болачани... –Чақалоқни бир кўрай, –Меҳри ўрнидан туриб бешикка энгашди. –Кимга ўхшайди? –Бешикдаги беш турланади, ҳали бир нарса дейиш қийин, – деди Иззат ая. – Ҳозирча қаеридир отасига ўхшагандай. Иззат ая очиқ кўнгил, ҳар нарсага қизиқувчан аёл экан, яна қизларни саволга тутди, ўқишларини суриштирди, Ғайбиддиннинг иши-ю, Хайрулланинг хизматигача сўради. Шундан сўнг, мен ҳозир, деб чиқиб кетди, опа-сингиллар ёлғиз қолишди. –Онам сўраб юбордилар, –Меҳри Бодомга юзланди. –Сизни жуда соғинибдилар. –Қайнонаси айтди, деб яна онамни етаклаб келма. –Бодом онасининг аҳволини сўраш ўрнига Меҳрининг жиғига тегди. –Онам сизни **** қўядими? – жаҳли чиқди Меҳрининг. –Егандан баттар қилади, тутуриқсиз гаплари билан шарманда қилади, онамни олиб келадиган бўлсанг, сен ҳам келма. Қайнонам нега бунча уни суриштирганини биласанми, жинни деб эшитган, жиннилигини ўз кўзи билан кўрмоқчи, кейин ҳар гапида менга пичинг отади. –Қайнонангиз ёмон аёлга ўхшамайди, опа, –гапга аралашди Санам. –Буни қайнонам билан яшаб кўрсанг биласан. Сув илон у, бировларнинг олдида ялтоқланади, ҳеч ким бўлмаса – заҳар. – Кўр кўрни қоронғида тапади, қайнона-келин мос тушибсизлар, –жизғириб гапирди Меҳри. –Ўхшатмасдан учратмас, –деди Санам ҳам кулиб. –Устимдан кулманглар, мен гапнинг борини айтяпман. Қайнонам, орзу-ҳавас кўрмаган эмиш. Онангизникига борамиз, деган гапидан қулоқларим қоматга келди, бир амаллаб орқага суриб юрибман, аммо энди қўймайди, барибир бу жодугар, ҳадемай бизни олдига солиб онамникига олиб бориши аниқ, шундай экан онамнинг келиши шарт эмас. –Онам жинни бўлсаям орсиз эмас, сизникига келаман, деб кўзи учиб тургани йўқ. –Қайнонангиз борамиз деса бораверинглар, опа, –энди Санам гапга аралашди. –Онамнинг оти жиннига чиққани билан айрим соғлардан яхши, ҳар доим жиннилик қилавермаслигини ўзингиз ҳам биласиз. Кўп ўтмай эшик очилиб, қўлида дастурхон қўтарган Иззат ая кўринди. –Қуда хола, биз қайтамиз, дастурхоннинг кераги йўқ, овора бўлманг, – деди Санам. –Овораси борми? Келиш меҳмоннинг, кетиш мезбоннинг измида. Боз устига чақалоқли уйдан қуруқ оғиз чиқмайдилар. Бодом ўрнидан туриб, қайнонаси қўлидаги дастурхонни тўшагач, чой дамлаб келди, дастурхон устига қанд-қурс, онаси бериб юборган паловдан қўйди. –Ош энди бизники, бемалол суҳбатлашиб, олиб ўтиринглар, мен бобосининг олдиларига борай. –Ўтиринг, қуда хола, ошдан енг. – Сизлар бемалол, мен бобосининг ёнларига борай. Иззат ая чиқиб кетгач, негадир гап-гапга қовушмади, Лазизбек ухлаб қолди, ўртага совуқ бир сукунат чўкди, Санам билан Меҳри дастурхондаги неъматлардан чуқилаб ўтиришди. –Паловдан олинглар, совимасин, –сингилларига мулозамат кўрсатди Бодом. –Уйдан ош егандик, биз энди борайлик, –деди Санам. –Қайнонангизни чақирсангиз дастурхонга дуо ўқиб берардилар. –Ўзларинг ўқийверинглар. Қизлар бир-бирларига қараб, “пиқ” этиб кулишди ва Бодомнинг хумрайиб турганини кўриб билганларича фотиҳа ўқиб, ўринларидан қўзғалишди. –Гапим эсларингдан чиқмасин, онамни олиб келманглар, чилламиз чиқса, ўзимиз борамиз. –Опа, тўтиқушдай ҳадеб бир гапни такрорлайверасизми, Меҳри, келмайдилар, деб айтди-ку, бўлди-да энди. Опа-сингилларнинг кетаётганини кўриб Иззат ая уларни бекатгача кузатиб қўйди ва қайта-қайта тайинлади: –Қудам, албатта, келсинлар. Кутаман-а. –Хўп, – деди Санам, –айтамиз, келадилар. –Келсин-келмасин, келсин-келмасин, –Иззат ая узоқлашгач Меҳри киноя билан гапирди. –Қайнонаси келсин, дейди, келини келмасин, дейди, қайси бирининг топшириғини бажарамиз энди, опа? – Бодомникини-да, – деб жавоб берди Санам. –Онамга, юринг, десак ҳам келмайдилар. Хоҳишлари бўлса шу пайтгача акамникига борардилар, Норхол янгам неча марта таклиф қилдилар. Тўғрисини айтсам, акамнинг хотини опамдан минг марта яхши, онамга меҳрибон. –Тўғри айтасан. –Опамнинг қайнонаси ҳам яхши аёлга ўхшайди, –деди Меҳри автобусда кетишаркан. – Лекин ўзи нега бунақа? Қайнонасига ҳам аллақачон лақаб қўйиб олибди. Жодугар эмиш. Онасига нима каромат кўрсатдики, қайнонасига кўрсатади. Мен онамни бир соат кўрмасам соғинаман, у эса... –Онамнинг бир гаплари эсингдами? –Санам синглисининг сўзини бўлди. –Қайси гаплари? –Бир куни Шамсиддин акамдан калтак еганларида сен билан мен овутдик, қўл-оёқларини ўқалаб қўйдик. Ўшанда онам, битта палак ҳар хил қовун тугади, деганлари тўғри экан, ҳаммангиз ҳар хилсиз, дегандилар. –Биз қовун эмас, одам-ку, опа. Ё Бодом опам одам эмасми? –Унақа дема, –койиб берди Санам. –Ўзингдан катталар ҳақида ёмон гап айтма, мақол қовун ҳақида бўлсаям одамлар назарда тутилган. Мана, масалан, ота-онамиз бир, бироқ сен билан мен икки хилмиз, опам ҳам бошқача, феъли оғирроқ, тошбағирроқ. –Қовуннинг селитра солингани, денг опа. Санам билан Меҳри қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди, ҳамма уларга ўгирилди, иккаласи ҳам бирданига жим бўлди. Бу орада автобус қишлоққа етиб келди, улар гап билан вақт ўтганини ҳам сезишмабди. Маъқул хола қизларини кўчада кутиб ўтирарди. –Опам билан қуда холам сўраб юбордилар, – деди Санам. – Ўзингиз ҳам бораркансиз? –Бодом ҳам шундай дедими? – ишонқирамай сўради Маъқул хола. Икки қиз бир-бирларига қараб олишди, Меҳри ёлғон гапиролмади, индамай ҳовлига кириб кетди. –Ҳа, – деди ноилож қолган Санам ва зийрак онаси ёлғон гапирганини сезиб турганидан уялиб қўшиб қўйди: –Чилласи чиқса, қуда холам чақалоқни олиб келарканлар. –Олиб келишса, бош устига,–деди Маъқул хола, –жонимга жойлайман. Орадан анча вақт ўтиб Маъқул хола қизларини яна Бодомникига юбормоқчи эди, ҳар иккиси ҳам бормаймиз, деб оёқ тираб олди.
Душанба куни эрталаб Маъқул хола хуш кайфият билан ўрнидан турди. Тушида Ғайбиддин томдан ошиб келиб онасини маҳкам қучоқлаб олганмиш, уларга қараб Санам билан Меҳри қиқир-қиқир кулармиш. Она-боланинг ўртасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтибди: “Нега томдан ошиб келдинг?” “Қўшнилар кўрмасин дедим”. “Қўшнилар кўрса кўраверсин”. “Гап қилишади”. “Гапдан қўрқсанг, нега келдинг?” “Сизни соғиндим”. “Соғинсанг шу пайтгача келардинг-да?” “Тоғдан ўтолмайман, деб қўрқдим”. “Ўртада тоғ бормиди?” “Ҳа”. “Энди ўтолдингми?” “Бир амалладим”. “Қайтиб кетмайсанми?” “Кетаман, тоғнинг ортида ҳам онам ва сингилларим бор”. Маъқул хола уйғониши билан тушини эслади ва мийиғида кулиб қўйди, ўғлининг ҳар бир сўзи мағзини қайта-қайта чақаркан, таъбирини яхшиликка йўйди: Ғайбиддин келади, албатта, келади! Унинг оғзи қулоғида эди, тилидан шу сўзлар тушмай қолди: Ғайбиддин келади, албатта, келади. Маьқул хола юз-қўлларини ювди-да, ҳовузнинг ёнига бориб сувга тикилди. “Эй обиҳаёт! Бугун Ғайбиддиним тушибга кирибди. Мени маҳкам қучоқлаб олиб, сизни соғиндим, деди. У тўғри айтди. У сира ёлғон гапирмаган, мени алдамаган, урмаган. Мен Ғайбиддинга ишонаман. У мени соғинган. У, албатта, келади, мени кўргани келади. Эй обиҳаёт! Мен ҳам Ғайбиддинни соғинганман. Шу кўрган тушим ўнгидан келсин ва ўғлим билан дийдор кўришиш насиб этсин, болагинамни бағримга босай...” –Тушингни сувга айтяпсанми? Маъқул хола чўчиб тушди ва бошини кўтариб, Шамсиддинни кўрди. –Кел, болам. Каллайи саҳарлаб нима қилиб юрибсан? –Санам шу ердами, кеча ўқишга кетмадими? –Йўқ, бугун эрталаб кетаман, деганди, уйғотмоқчи бўлиб тургандим. Маъқул хола сўзини тугатар тугатмас уйдан кўзини ишқалаб Санам чиқиб қелди. –Ўқишга борсанг, олиб кетаман, тез бўл, –деди Шамсиддин унга. –Ҳозир, ака. Санам апил-тапил юз-қўлини ювиб, чой дамлади. –Ака, бир пиёла чой ичиб олайлик, сиз ҳам келинг. –Мен тўйдан келяпман, –деди Шамсиддин. –Ош едим, Абдунаби ўғлини суннат қилибди. –Бугун Ғайбиддин тушимга кирибди, –Маъқул хола Шамсиддинга умидвор термулди. –Мени қучоқлаб олди, иккаламиз суҳбатлашдик. Келиб қолармикин, нима дейсан? Сувга илтижо қилиб, тушимни ўнгига бошқар, десам, жимирлаб, товланиб кетди, жавоб қайтарди: ўғлинг келади, деди. Шамсиддиннинг энсаси қотди. –Ғайбиддин бир ҳафта аввал хотини, қизчаси билан келди, икки кеча ётишди, –деди у. – Тошкент сенга бир нарса йилт этса чопиб келадиган қўшнининг уйи эмас. Бир зумда Маъқул холанинг, авзойи бузилди. –Нега бизникига келмади? – жазаваси тутиб кетди унинг. – Нега менга билдирмадинг? Қанақа инсонсан ўзи? Соғинганимни билмасмидинг? –Ўчир овозингни, –ўдағайлади Шамсиддин. –У аҳмоқми, сеникига келади? Тошкентлик хотини олдида шарманда бўлсинми? –Шамсиддин Санамга ўгирилди. – Тезроқ бўл, кетамиз. –Ўчирмайман, – Маъқул хола илк марта Шамсиддинга тик гапирди. – Ўчирмайман! Сен она юраги қанақалигини биласанми ўзи? Билмайсан! Билганингда Ғайбиддинни олдингга солиб келардинг, мана, она, бебош ўғлингиз, деган бўлардинг, мени тушунардинг, юрак-бағрим идраб ётганини сезардинг. Сен битта бола кўрибсан-у, ота бўлмабсан. Сен ота эмассан.... Сен... Сен... Ҳаммани ўзингдай деб ўйлайсан... Тошбағирсан... Маьқул хола йиғлашга тушди. –Халойиқ, мен бола ўстирмадим балойижон ўстирдим, Ғайбиддинни мендан яширди у, кўрсатмади, мени назарига илмади, мени жинни фаҳмлади... –Тезроқ чиқ, –Шамсиддин Санамга қаради. –Эчкининг орқаси қичиса, тўйхонага борармиш, нега кирдим ўзи? –Ака, ростдан Ғайбиддин акам келдиларми? –сўради Санам мотоциклга ўтираркан. –Гапнинг ёлғони бўладими? Туғилган куним сенларнинг хаёлингда ҳам йўқ, лекин у хотини билан келди. –Ҳеч қайсимизни туғилган кунимизда биров йўқламайди, ака. Улар тошкентликда, одатлари бошқача. Аммо бу ҳақда онамга бекор айтдингиз, ўтган йили келганларини ҳам яширгандик. –Жазаваси тутишини қаердан билибман. Бир ҳисобдан шуниси яхши, Ғайбиддиндан умид қилмайди. –Қайтанга умид қилганлари яхши эди... Ўша куни кун бўйи Маъқул холанинг кайфияти кўтарилмади, туз ҳам тотмади. Кечга яқин ўтирган жойидан ирғиб турди-да, уч-тўртта кўйлагини тугунлади. –Ҳа, она, қаерга отланяпсиз? –сўради Меҳри. –Тошкентга, энди ўзим Ғайбиддинни қидириб топаман. Меҳри онасини қайтаришга уринди. –Она, тўхтанг, қоронғи тушяпти, уйга киринг, эртага борасиз. – Йўқ, ҳозир бораман, сен йўлимни тўсма, поезд кетиб қолади, қоч. Меҳри уни силтаб ўтиб кетган Маъқул холани ушлаб қололмаслигини билиб индамади ва дарвоза ёнидаги ўриндиқда қайтишини кутиб ўтирганди, Санам қўлидан судрагудек қилиб олиб кирди уни. –Сен кўчада ўтирсанг ҳам, ўтирмасанг ҳам онам қайтади, бу унинг ҳар галги одати. Ундан кўра овқатингни е-да, дарсингни тайёрла. Меҳри индамай опасига эргашди, истар-истамас овқатини еди ҳамки хаёлидан онаси кетмади. У ўғлини қаттиқ соғинган, ўтган ҳафта расмига қараб йиғлаб ўтирганини Меҳри ўз кўзи билан кўрганди. –Акаларингнинг орасида Ғайбиддин бошқача, кўнглимга қараб иш тутарди, – деди онаси унга. –Шамсиддин урса, тарафимни олмаса ҳам кўзлари жовдирайди. Кўрмаганимга икки йил бўлди-ю, худди икки юз йилдай туюлади менга. Армияга кетса ҳам эрта-индин келади, деб умид қилиб ўтирардим. Уни кутишни ҳам билмайман, кутмасликни ҳам, афти-ангори эсимдан чиққан. Ғайбиддиндан гина қилсамми, Бодомданми? Аъмолим қаттиқ бўлмаса, ёнимда яшаб юрган қиз ҳам қорасини кўрсатмайдими? Маьқул холанинг бўғзига нимадир тиқилди, бошқа гапиролмади. “Ҳақиқатдан нега биз бунчалар бемеҳрмиз, –ўйлади Меҳри. – Ҳаммасига онамнинг касаллиги сабабчими? Йўқса, Тошкентдай жойдан келган акам онамдан, сингилларимдан хабар олай демайдими? Шунчалар бағритошлик, ноинсофлик қиладими? Уни соғинганимдан менинг юрагим ёняпти, онамнинг жонига тўзим берсин”. Меҳри шуларни эсларкан, юраги сиқилди. Дарс тайёрлашга ўтирса ҳам хаёли чалғийверди. Орадан бир оз ўтиб, Маъқул хола қайтди-да, овқат емай, кўрпачанинг устига чўзилганича уйқуга кетди. “Онам бечора боласини соғинган, –ўйлади Меҳри. – Мен ҳам акамни соғиндим. Жуда соғиндим”. Онасининг ҳолати Меҳрига таьсир қилди унсиз йиғлади. Уйга кириб, альбом ичидан Ғайбиддиннинг болаликда тушган суратини топиб тикилиб ўтирди. Идиш-товоқларни ювиб келган Санам унинг йиғлаганини сезди, қўлидаги суратни кўргач, ҳаммасини англади. –Йиғладингми? – секингина сўради синглисидан. –Ҳа. –Акамни соғиндингми? –Ҳа. –Мен ҳам соғиндим, жудаям соғиндим. Юз тузилишиниям унутгандим, мана, суратига қариб эслаяпман. Кўз ўнгимга келтириш учун кўзларимни юмиб оламан-у келтиролмайман. У ўзгариб кетгандир. Меҳри жавоб қайтармади, унинг елкалари титрар, йиғларди. Санам синглисини қучоқлаб олди. –Бўлди, бас қил, онам сезиб қоладилар. Меҳри ўзини тўхтата олмади, энди опасининг кўксига бошини қўйиб йиғлади
Давоми бор
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев