12~қисм
Маъқул хола кичкина бўлсаям уйларида мол борлиги учун ўзида йўқ хурсандлигидан ғунажинини подага қўшмай, лалмида ўзи ўтлатиб келарди. Декабр ойи бўлишига қарамай ҳаво илиқ, далаларда ўт бор, қизларининг мол олишга астойдил киришганини кўрган Маъқул хола ёзда озуқа ҳам ғамлаган, хуллас, кўнгли тўқ эди. Бу орада Хайрулла мактабни битириб, Шамсиддин ҳар қанча ундамасин, ўқишга боришни истамай, армияга кетди. Ғайбиддин техникумни битирган бўлса-да, қишлоққа қайтмай, тошкентлик бир оиланинг ёлғиз қизини ёқтириб, ичкуёв бўлди. Тўйига Шамсиддин билан Бодом қатнашиб келишди. Ғунажин сигир бўлиб, бузоқча топган йили Санам ҳам мактабни битирди. У педтехникумга ўқишга кирди ва ётоқхонада жойлашиб, ҳафтанинг шанба кунлари уйига келадиган бўлди. Бошқа пайт катта ҳовли Меҳри билан онасига қолиб кетди. Ўша йили қиш қаттиқ келди ва эски иморат томидан чакки ўтиб, томчининг бир меъёрдаги чак-чак товуши она-боланинг асабларини эговлаб ташлади. Маъқул хола чакки томаётган жойга челак қуйиб, гиламларини йиғиштирди-да, қуруқ жойга кичкина кигизча тўшаб, тумушиб ётди. Меҳри учун энг тинч ва иссиқ жой тахмоннинг усти бўлди. –Мен ҳам баланд, чиройли уйларда яшасам, ўлсам армоним йўқ эди – деди бир куни Маъқул хола. –. –Албатта, яшайсиз–онасининг кўнглини кўтарди Меҳри. –Ҳали кўрасиз, сизга ўзим уй қуриб бераман, бу кунлар ўтиб кетади. –Билмадим. Катта бўлиб айниб қолмасанг, ҳозирча бор умидим сендан. Меҳри индамади. Хаёлидан: ”Эҳ, онажон, қалбим меҳр билан тўла эканини билмайсиз-да. Тезроқ катта бўлсам-у, орзуларингизни рўёбга чиқарсам”, – деган фикр ўтди. –Қишдан эсон-омон чиқиб олсак, сигирнинг боласини сотиб уй қуришни бошлаймиз, –Маъқул хола ўртадаги сукунатни бузиб гапирди. – Унгача бузоқ катта бўлади. Бу аҳволда уй қулаб, том босиб қолиши ҳеч гап эмас. Дарвоқе, уй анча хароба эди. Ҳар йили ёзда бир амаллаб қорилган лойни болалар кичкина челакда ташиб берар, она томсувоқ қиларди. Тупроғини енгиллатмай устма-уст сувайвергандан том оғирлашган, уйнинг айрим жойларида вассалар осилиб қолганидан тирговуч қўйишганди. Шунинг учун Маъқул хола хавотир билан яшар, ўзидан ҳам кўра Меҳрини ўйларди. Ёзга яқин Маъқул хола ғунажинни сотмоқчи бўлди. –Она, ғунажинни сўйиб сотсак нима дейсиз? Ўзимизга ҳам гўшт олиб қолардик. Меҳрининг сўзларидан Маъқул холанинг томоғига нимадир тиқилди. Улар овқатга деярли гўшт солишмасди. –Кечир, болам, –деди Маъқул хола. –Она бўлиб сенга кўнглинг тусаган нарсани олиб беролмаяпман, кечир. Меҳри онаси бу гапни кўнглига олади, деб ўйламаганди, тезда хатосини тузатди. –Майли, сотаверинг, шунчаки айтдим-қўйдим-да. –Йўқ, сўйиб сотамиз. Ғунажин ҳали жуда ёш бўлгани учун кўзим қиймаганди. Бир зумда етиб келган қассобнинг ҳам ғунажинни сўйишга қўли бормади. –Янга, жуда ёш экан, увол бўлади-да. –Биламан,–деди Маъқул хола. – Гуноҳи менинг бўйнимда, сўяверинг, боламнинг оғзи гўштга етсин, ҳеч бўлмаса калла-почаси қолади-ку. Қассоб ғунажинни сўйиб, бир бўлак гўштни уй эгаларига олиб қўйгач, Меҳрини ёнига ўтирғизиб, сотилган гўштнинг пулини бераверди. Озроғи насияга кетганини ҳисобга олмаса, қолган ҳаммаси пулланди. Бу орада Маъқул хола молнинг калласини тозалаб, қозонга солди. Гўштни сотиб бўлишгач, Меҳри негадир бир даста пулни деворнинг ковагига яширди-да, қолганини онасига берди. –Мана, пул, – деди у.– Беш килоси насияга кетди. У онасига гўштни насияга олганлар рўйхатини берди. Маъқул хола пулларни рўмолчага тугиб уйга қўйиб чиқиши билан кўчадан мотоцикл овози эшитилди ва Шамсиддин кириб келди. Меҳрининг юраги шиғ этди, акаси аллақачон ғунажинни сўйиб сотишганини эшитибди. –Нега сўйдирдинг?– ўдағайлаб онасига яқинлашди у. – Кимдан сўрадинг? –Ўзимнинг молимга хўжайинлик қилолмайманми? Сени пулинг кўйгани йўқ-ку, нега аралашасан?– деди Маъқул хола қўрқа-писа. –Болаларингни ҳаммасини ўқитяпман, тўй қиляпман, нега аралашмас эканман? Бузоқни ҳам сўядиларми? Уволдан қўрқмайдиган қассобни қаердан топдинг? Тириклай сотсанг ўласанми? – Ўзимизга ҳам гўшт қолсин, дегандим.... –Бундан кўра заҳар еганинг яхши эди. Қани гўштнинг пулини олиб чиқ. Маъқул хола қалтирай бошлади. –Йўқ, болам. Пулга уй қураман. Чакки томиб, ҳамма ёқ ивиб, қишдан қийналиб чиқдик, бу аҳволда уй устимизга қулаб тушади. –Сени жонинг қаттиқ, ўлмайсан. Олиб чиқ пулни. Шамсиддин онасига яқинлашди. –Тўхтанг, –Меҳри важоҳат билан акасига қаради. – Онамга қўлингизни тегдирманг. Пулни онам берган тақдирда ҳам мен бермайман. У пуллар бизники, меҳнат қилиб топганмиз. Меҳрининг бетгачопарлигидан ғазабланган Шамсиддин онаси қолиб, синглисига қараб ўқталди. Буни кўриб Маъқул хола шошиб қолди. –Тўхта, тўхта! Ҳозир олиб чиқаман. Маъқул хола уйга кириб кетди. Шамсиддин ўзига тик қараб турган Меҳрининг юзига тарсаки туширди. –Сенга тилингни калта қил, деб илгари ҳам айтгандим, унутибсан-да. –Сиз қўлингизни калта қилинг, –тап тортмай гапирди Меҳри. –Мен сенга қўлни калта қилишни кўрсатиб қўяман. Шамсиддин синглисини итариб юборди, Меҳри деворга урилиб, ҳушини йўқотди. Қўлида пул тугилган рўмолча билан чиқиб келган Маъқул хола қизини бу аҳволда кўриб даҳшатга тушди, рўмолчани отиб юбориб ўзини Меҳрининг устига ташлади. –Болам, болажоним! Кўзингни оч! Боламни ўлдириб қўйди бу Азроил. Меҳримни ўлдириб қўйди. Жаҳлдан кўзлари қонга тўлган Шамсиддинни онасининг фарёди ўзига келтирди, рўмолчани чўнтагига солар-солмас Маъқул хола девор тагида турган супургини олиб, ўғлини савалай бошлади. Унинг кўзига ҳеч нарса кўринмас, овозининг борича бақириб ўғлини қарғар, супурги билан урарди. Онасининг важоҳатини кўрган Шамсиддин кўчага қочиб чиқди ва мотоциклига ўтириб кўздан ғойиб бўлди. –Боламни ўлдирди, мени боламдан айирди, –тинимсиз қичқирарди Маъқул хола. Унинг овозини эшитиб бир зумда атрофда одам тўпланди. –Халойиқ, болам ўлиб қолди, уриб ўлдириб қўйди. Улар Маъқул холанинг ортидан ҳовлига киришди. Кимдир ҳушсиз ётган Меҳрини кўтариб олди, кимдир сўрига кўрпача солди, кимдир юзига сув сепди. Меҳри ўзига келганида бошининг устида онаси йиғлаб ўтирар, қўшнилар атрофини ўраб олишганди. –Ўзига келди, ўзига келди, – чуғурлашди улар. –Хайрият, кўзингни очдинг, – деди Маъқул хола. –Ўлиб қолдингми, деб қўрққандим. –Акам... –Аканг кетди. Пулларни олиб кетди. Бир сўм қолдирмади, ноинсоф. –Шамсиддинни кўрмабман-да, адабини бериб қўярдим, –Малика момо аччиқланиб гапирди. – Сингилга ҳам шунақа бераҳмлик қиладими? Ўлиб қолса нима бўларди? –Ҳали ҳам шу қизнинг борига шукур, онасини эплаб юрибди, – деди рўпараларида яшовчи Қодир ота. – Раҳмат айтиш ўрнига, қилган ишини қаранг. Қўшнилар жавраб-жавраб кетишди. Меҳри бир амаллаб ўрнидан туриб, девор ковагидаги пулни олиб келди. –Озроқ яшириб қўйгандим,– деди у пулни онасига бераркан. – Кўнглим ниманидир сезганди. Эссиз, кўпроғини яширмаган эканман. Шундай қилиб Маъқул холанинг уй қуриш ҳақидаги орзуси ушалмай, келаси қишда яна шу вайронада яшайдиган бўлди.
Қишлоқ кўчасидан ортидан чанг ва тутун қолдирганича мотоциклини ўқдай учириб бораётган Шамсиддиннинг кўзига ҳеч нарса кўринмас, йўловчилар ўзларини четга олишаркан, нима бало, ичиб олганми, деб қўйишарди. У шу зайлда катта йўлга чиқиб олгач, бири ортидан бири келаётган тирбанд машиналар хаёлини жойига келтирди, шекилли, тезликни пасайтириб тўхтади. Унинг кўз ўнгида беҳуш ётган Меҳри гавдаланди ва, ўлиб қолган бўлса нима қиламан, деб саросимага тушди. Бир хаёли ортига қайтиб, ундан хабар олмоқчи ҳам бўлди-ю, кўзини ғазаб қоплаб, уни супурги билан қувлаган онасини эслаб, фикридан қайтди. “Нега шу бугун онамникига келдим? – ўзидан ўзи хафа бўлди Шамсиддин. –Бошқа кун қуриб кетганмиди?” Аслида у шунчаки хабарлашмоқчи эди, дарвозанинг олдида қўшниси Қодир ота билан суҳбатлашиб қолгач, тўнини тескари кийиб олди. – Онанг ғунажинини сўйдирган экан, гўшт олгандим, пулини бериб кетяпман, –деди Қодир ота салом-аликдан сўнг. –Ғунажин ҳали жуда кичик эди-ку, –ажабланди Шамсиддин. –Меҳрининг гўштга ҳаваси кетибди, калла-почаси қолади, деганда шўрлик. Қодир отанинг сўзлари Шамсиддиннинг нафсониятига тегди. “Онамнинг ақли жойида бўлса бузоқни сўйдирадими? – жаҳли чиқди унинг. –Бир оғиз менга маслаҳат солмайдими? Гўштга ҳаваси кетганмиш, умрида гўшт **** кўрмагандай гап қилишини буларни”. У ана шу суҳбат таъсирида ҳовлига қадам қўйди ва жаҳлини жиловлолмай қолди, боз устига аччиқма-аччиққа бор пулини тортиб ҳам олди. Шамсиддин чўнтагига қўлини суқиб, рўмолчани чиқарди-да, пулларни сочиб юбормоқчи бўлди-ю, яна фикридан қайтди, лекин қўлидаги рўмолча кафтини оловдай кўйдирди ва яна шошиб чўнтагига солиб йўлида давом этди. Биров-ку биров, Шамсиддин ўзини ўзи тушунмайди баъзан. Онасини кўриб кетгач, кўпи билан бир ҳафтага чидайди, сўнг яна ота ҳовлиси оҳанграбодай ўзига тортаверади ва тўс-тўполон билан бўлсаям бир келиб, кўнгли хотиржам тортади. Онасини одам ўрнида кўрмаса-да, бирор саволига тузук жавоб қайтармай, гапларидан энсаси қотса-да, барибир уни кўриши билан таскин топади, ҳовури босилади ва шунинг баробарида қалбидаги илиқ туйғулар тумандай тарқайди ва юраги тошга айланади-қолади Аслида у онани ҳурмат қилиш лозимлигини билади-ю, менинг онам бундай ҳурматга лойиқ эмас, деган фикр миясига маҳкам ўрнашганидан ўзини идора қилолмай қолади. Кўз ўнгига онасининг сочлари тўзғиб кўча кезгани, болаларга калака бўлгани, ўз-ўзига гапириб юргани, мактаб ҳовлисида кўрсатган томошаси, Ғайбиддиннинг аянчли қиёфаси келаверади ва қўллари беихтиёр мушт бўлиб тугилади. Шундай пайт ёнида онаси бўлса борми, албатта, мушт мўлжалга бориб тегиши аниқ. Бу ҳаётдан зериккан укалари ва сингилларини онасининг “чангал”идан қутқариб узоқроқда, одамга ўхшаб яшатишни истайди у. Ўлгудай ўжар, айтгани айтган, дегани деган, ҳеч кимдан ҳайиқмайдиган кенжа синглиси Меҳрини онасидан ажратолмаслигини билса-да, унинг учун ҳам қайғуради, ич-ичидан ачинади. Бугун у Меҳрининг ўлиб қолишидан шунчалик хавотирга тушди-ки, синглисига бир гап бўлса ўзини айбдор деб ҳис этгани учунгина эмас, балки унга нисбатан қалбида акалик меҳри борлиги учун ҳам хавотирланаётганини ҳис этди ва қилмишидан уялиб кетди. Назарида пул турган чўнтаги бутун танасини ловуллатаётгандай туюлди. Бозор рўпарасига келганида кўзи исириқ тутатиб садақа сўраётган тиланчи аёлга тушди, беихтиёр мотоциклни тўхтатиб, уни кузатиб турди. Тиланчи Шамсиддин томонга юриб, ўзига тикилиб турган йигитдан умидвор бўлиб қўлини чўзди: –Садақа радди бало, садақа қил, ўғлим, ишларинг юришиб кетсин, юрагингдан ғашлик арисин, беморларингни дардига даво берсин... Шамсиддин бир зум иккиланиб турди, вужудига олов пуркаётган пулларни бериб, ўзини бу оташдан халос этмоқчи бўлди-ю, яна иккиланди: “Эй аҳмоқ Шамсиддин, – қўлини чўнтагидан узмай ўзига ўзи таъна қилди у.– Нима қилмоқчисан? Онанг билан синглингни чирқиратиб олган пулларни бир тиланчига бермоқчимисан? Шунчалик тубанмисан?” У ўзидан ғижинди, эсини йиғиб олди-да, мотоциклни ўт олдириб, йўлида давом этди, кўнглига қил сиғмаганидан ишга ҳам оёғи тортмади ва уйига йўл олди, остона ҳатлаб кираркан қўзларини хотинидан олиб қочишга уринди, барибир эрини кўрган Норхолнинг капалаги учди. –Нима бўлди? –сўради у хавотир билан. – Рангингизда ранг қолмабди, сочларингиз тўзғиган. Шамсиддин хотинига лом-мим демади, хонага кириб, кўрпачага чўзилди, кўзларини шифтдан узмай хаёлга толди. Унинг ортидан изма из кириб келган Норхол яна хавотир билан сўради: –Тинчликми? Ҳеч ким билан жанжаллашмадингизми? –Йўқ, –зўрға жавоб қайтарди Шамсиддин ҳануз кўзларини шифтдан узмай. –Онам мендан бир оғиз сўрамай бузоқни сўйиб сотибди. Жаҳлимга чидолмай пулларини тортиб олдим. –Бекор қилибсиз, онани оғринтирмайдилар, Шамсиддин ака, – деди Норхол эрини койиб. –Ҳали ҳам кеч эмас, бориб узр сўраб, пулларини қайтариб беринг, норози бўлмасинлар. –Норози қилиб бўлдим. У Меҳрини итариб, ҳушидан кеткизганини хотинига айтмади, уялди, ухлаб ҳамма нарсани унутгиси келиб, ўнг ёнбошига ағдарилди. Эрига гапини ўтказолмаслигини билган Норхол хонадан чиқиб кетди, Шамсиддин анча пайтгача тўлғониб ётди, бироқ ухлолмади, кўнгли ғаш, хаёли жойида эмас эди. Қоронғи тушиши билан хотинига, ҳозир келаман, деди-ю, мотоциклга миниб, қишлоққа йўл олди. Узоқроқда мотоциклини тўхтатиб, яёв юриб дарвозага яқинлашди ва тахталар орасидаги ёриқдан ичкарига мўралади: ҳаммаёқ жимжит, атроф сукунат измида эди. “Хайрият, – деди у ўзига ўзи.–Меҳрига ҳеч нарса қилмабди.– Хайрият”. У рўмолчани дарвоза тепасидан ичкарига отди ва қандай шиддат билан келган бўлса шундай шиддат билан ортига қайтди... Эрталаб вақтли туриб ҳовлига чиққан Маъқул хола дарвозахонада турган таниш рўмолчани кўриб тўхтади ва энгашиб қўлига олди. Пул қандай тугилган бўлса шундайлигича турарди. Аёлнинг кўзлари қувончдан порлади, у пул ўзига қайтгани учун эмас, балки ўғлига инсоф киргани учун хурсанд эди. Аслида Маъқул хола телба бўлса-да, бузоқнинг пулига мушук офтобга чиқмаслигини – уй қуролмаслигини яхши билар, шунчаки бу пулга иморатлик бирор нарса олиб қўймоқчи эди...
Давоми бор.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев