10~қисм
Болалари улғайган сари Маъқул холанинг ташвиши кўпайди. Олган нафақаси рўзғордан ортмайди, яхши ҳамки, ҳовлиси катта, картошка, пиёз экади, эри раҳматли оғил қуриб кетган, ўшандан бўён уйларидан сигир аримайди. Маъқул хола ҳар эрта молини подага қўшиб, даладан ўт ўриб келади-да, қуритиб хашак қилади ва сомонхонанинг бир четига бостириб қўяди. Буғдой ўримидан кейин ғаллазорларда қолиб кетган сомонларни йиғиб келишни ҳам унутмайди. Ҳар тугул болаларининг бири бўлмаса бири унга кўмаклашади, озуқа ғамламаса, қишга бориб бир боғ беда фалон пулга чиқиб, қийналиб қолишларини ҳатто кичкина Меҳри ҳам билади. Сигир борлиги учун рўзғордан сут-қатиқ узилмайди, пулни ушлаб туради ва муҳими, ҳар йили туғиб беради. Пулга зарурат туғилса, Маъқул хола бузоқни сотади. Бодом техникумни битирар йили Ғайбиддин мактабни битирди. Шамсиддин уни Тошкентга олиб бориб, қурилиш техникумига жойлаб қўймоқчи бўлди, кетишидан бир кун олдин онасининг уйига кириб, ҳе йўқ, бе йўқ, ғунажиннинг ипини еча бошлади. –Ҳа,–деди югуриб келган Маъқул хола. –Нима қиляпсан? –Ғунажинни сотаман харидор топдим. –Нега сотасан? Ҳали жуда кичик, индама, бир оз боқайлик, кейин сотамиз. –Ўғлингни Тошкентга олиб бориб, ўқишга жойлайман, Тошкентга пиёда бориб бўлмайди, менга пул керак. Маъқул хола бўшашиб қолди, олиб борма, деса уни билмайди, олиб бор, деса ғунажинни кўзи қиймайди, бирпас иккиланиб турди, унинг ақли тиниқ пайт эди, Шамсиддинга қарши бориб ҳеч нарсага эришмаслигини тушунди. –Унда ўзинг биласан, –деди бўшашиб. –Бир оз боқсак, яхшироқ пулга сотардик. Майли, ҳадемай сигир туғса, ғунажиннинг ўрнини босиб кетади. Маъқул хола Шамсиддиннинг укаларига яхшилиги кўплигини билади: Бодом диплом олди, катта шаҳарда ўқиб, катта одам бўлсин, деб Ғайбиддинни Тошкентга техникумга киритиш ҳаракатида юрибди, ёлғиз ўзи ишласа, хотини ёш боласи билан ишлолмаса, қандоқ ҳам етказсин, мен битта ғунажинни қизғаниб ўтирибман, деб ўзини ўзи койиди ва ғунажин воқеасини унутди. Бироқ орадан икки-уч ҳафта ўтиб рўй берган кўнгилсизлик Маъқул холани яна гангитиб қўйди, ўша куни у болаларини мактабга жўнатиб, ҳовлида у-бу юмушларни бажараётганди, кутилмаганда кириб келган Шамсиддинга кўзи тушиб қувончи ичига сиғмади, уни Тошкентдан қайтганидан бўён кўрмаганди. –Укангни қўйиб келибсан, қаерга жойлаштирдинг? –сўради ўғлидан. –Ётоқхонага. Бир йўла имтиҳонларини топшириб қайтади. –Ким билан турибди? Пули борми? Овқатини қандай пиширади? –Қўрқма, боланг оч қолмайди, –деди Шамсиддин ва оғил томон ўтиб, сигирнинг арқонини еча бошлади. –Нима қиляпсан? Сигирни қаёққа олиб борасан? Шамсиддин лом-мим демай ишини қилаверди. –Сигирга тегинма, оғзимизни оқартириб турган битта-ю битта шу мол қолган, эрта-индин туғса, сут-қатиқ ичамиз, укаларингга раҳминг келсин. –Сотмоқчиман, менга пул керак –Шамсиддин сигирни дарвоза томонга етаклади. Ўғлининг гапидан Маъқул хола қаҳрланди ва йўлини тўсди. –Сотмайсан! Сотмайсан! Сотгани қўймайман! Ғунажинга индамагандим, сигирни сотгани қўймайман! –Йўлимдан қоч! –Шамсиддин онасини силтаб ташлади ва кетаверди. Маъқул хола йиғлаб, Шамсиддиннинг қўлидан ушлади, у энди ялинишга тушди: –Жон болам, сигирга тегинма, озроқ сабр қилсанг туғади, бузоғини сотасан. –Сабр қилишга вақтим йўқ, Бодомни эрга беряпман, менга пул керак. Сигирни сотмасам, унга қаердан сеп олиб, тўйни қандай ўтказаман? Энди мени тушундингми? Маъқул хола тушунди, нима қиларини билмай ҳовлининг тўрт томонига умидвор термилиб, сотишга арзигулик буюм излади-ю, ҳеч нарса тополмади, бисотида сигирдан бошқа ҳеч вақоси йўқ эди. У ўғлига бас келолмаслигини билиб, секингина сўради: –Бодомни кимга турмушга беряпсан? Синашта жойми? Шамсиддин онасининг саволини эшитмагандай сигирни эргаштириб кўчага чиқиб кетди... Болалар мактабдан қайтиб, уйда ҳеч ким йўқлигидан ажабланишди, негаки, бу пайтда оналари уларни кутиб ўтирган бўларди. Санам онасини қидириб кўчага чиқди, сўнг Малика момонинг ҳовлисига ўтди. –Онангни излаяпсанми? – сўради момонинг катта набираси. – Ҳа, дарвоза очиқ, аммо ҳеч ким йўқ. – Онангни касали қўзғаганга ўхшайди. Биринчи бригаданинг шийпони олдида кўрдим, кимнидир қарғаб кетяпти. Санам уйига келиб, синглисига воқеани айтганди, Меҳри маъюсланиб қолди, бу пайтда молхона томонга ўтган Хайрулла, оғилда сигир йўқ, деб келди. Меҳри билан Санам ўша томонга югурдилар, бир пайтлар беш-олтита мол боқилган оғил ҳувиллаб ётар, бир чеккада сигирларининг қозиғи сўппайиб турарди. Санам Меҳрига қаради, Меҳри Санамга. Ҳар иккиси улар йўқлигида нимадир бўлганини фаҳмлашди. –Бу акамнинг иши, – пичирлади Меҳри. –Билмасдан гапирма, –уни койиди Санам. –Акамдан бошқа ҳеч ким бу ишни қилмайди, – сўзида туриб олди Меҳри. Улар кўчага чиққанларида Хайрулла икки ҳовли наридаги қўшнилари Ваҳоб ака билан суҳбатлашаётган экан. –Амаки, оғилдан сигиримиз ғойиб бўлибди, эрта-индин туғади деб подага қўшмаётгандик, мабодо кўзингиз тушмадими? –Сигирни аканг олиб кетаётганини кўргандим, –деди Ваҳоб ака. – Сотмоқчига ўхшайди. Меҳри, айтмадимми, дегандай опасига қаради ва ҳафсаласи пир бўлиб ҳовлига кирди, Шамсиддиннинг қилмиши Маъқул холага ёмон таъсир қилган кўринади, ахир бутун оила аввал ой санаб, кейин кун санаб сигирнинг туғишини кутаётганди. –Акам нега бунақа, опа? –жаҳл билан сўради Меҳри. –Бир ой олдин бузоқни сотганди, энди сигирни. Ишқилиб онамни урмаган бўлсин-да. Меҳрининг кўнглига ғулғула тушди, Санам қанчалик қистамасин, тушлик ҳам қилмай, кўчада ўтирганича уйга кирмади, онасини кутди. Кечга яқин Маъқул хола қайтди, болаларининг бирортаси чурқ этиб сигир хақида сўрамади, анчадан кейин ўзи ёрилди: – Аканг сигирни олиб кетди, опангни эрга берармиш. Кимга бераётганини айтмади ҳам. Бодомнинг тўйи ҳам менга насиб қилмайдиган кўринади. У кўзларини юмганди, икки томчи ёш думалаб тушди...
Маъқул хола шу хонадонга келин бўлиб тушганидан бўён ҳовлиларидан сигир аримаган, эри раҳматли пулга муҳтож пайтлари молларини сотганида ҳам “кўнарги”га деб ҳеч бўлмаса бузоқча қолдирарди. Молларга ҳали ем бериб, ҳали сув бериб, дам соғиб, дам тагини тозалаб вақтининг қандай ўтганини сезмасди у. Энди эса... Баъзан молининг сотилгани хаёлидан кўтарилиб ем берар вақти ирғиб ўрнидан туради-да, молхонага киради ва бўм-бўш қозиқни кўриб юраги “шув” этиб кетади. Шунга қарамай Шамсиддинни айбламайди, укаларини ўқитяпти, синглисининг бошини топиб узатяпти, шунисига ҳам шукур, худо тақдир қилган куни яна сигирли бўламиз, деб ўзини ўзи овутади. Кўп ўтмай Маъқул хола Бодом ҳақидаги маълумотларни билиб олди: у янгасининг қариндошига турмушга чиқаётган экан. Кўнглидан ўтгани бўлди: унга қизининг тўйида қатнашиш ҳам буюрмади, Бодом Шамсиддиннинг уйидан чиқди. Маъқул хола энди бундай кўргуликларга кўниккан ва ўзини тутиб олганди. Одатдагидай Меҳри опасининг тўйига ҳам боришдан воз кечди, онасини ёлғиз қолдирмади. Санам билан Хайрулла тўйдан бир кун олдин акасиникига кетиб, икки кундан кейин қайтишди. –Опамнинг ҳовлиси жуда кичик экан, – деди Санам тўй таассуротларини айта туриб. – Лекин уйлари чиройли таъмирланган, опамга болохонани беришибди. –Илоё бахтли бўлсин, –Маъқул хола қизини дуо қилди. – Бодом мени ёмон кўрсаям бир жоним унинг ичида. –Акамнинг ўғилчаси катта бўлиб қолибди, – сўзида давом этди Санам. – Бирам ширинки, қараб тўймайсиз, янгам, бирор кун сизларникига борамиз, дедилар. Меҳри опасини нуқиб қўйди, набираси ҳақида эшитган Маъқул хола кўзларини бир нуқтага қадаб қолганди. У Шамсиддиннинг хотинидан жуда миннатдор эди, келини вақти-вақти билан бирор бир тансиқ таом пишириб уни йўқлаб турарди, бироқ фарзанд кўрганидан бўён келгани йўқ. Келинининг кўзи ёриганини эшитгач, ўзи бормасаям чиройли кийимча солиб суюнчи юборди. Ўшанда Меҳри онасини, сиз ҳам юринг, деб кўп қисталанг қилди, аммо унамади, унга ўз уйи оловдай кўринар, бошқа жойга боришни хоҳламасди. Унга: “Бормайман, ўзинг боравер, кимга керак бўлсам шу ерга келсин”, деди. Меҳри онасига гапирганига пушаймон еди, у қизлари кетгунича ўзига ўзи гапириб юрди: “Керак бўлса ўзи келсин, бормайман, у мени уради”. Онасининг гаплари ўзгарганини кўрган опа-сингил индамай акасиникига кетишди. Ҳозир Санамнинг сўзларини эшитиб юраги тўкилиб кетган Маъқул хола ҳали сира кўрмаган набирасини соғинаётганини ҳис этди. –Болаларим ўзларидан кўпайишсин, ҳеч бирининг тақдири меникига ўхшамасин. Унинг кўзларида ёш айланди. Шу билан Бодомнинг тўйи ҳақидаги гапга нуқта қўйилди ва Маъқул хола ўрнидан туриб, молхонага қараб кетди. Меҳри билан Санам бир-бирларига маъноли қарашди, Шамсиддин сигирни олиб кетганидан бўён у беихтиёр молхонага кириб, ўзига-ўзи гапириб ўтирадиган одат чиқарганди. Бир гал Меҳри уни оғилда тимискиланиб юрганини, бир боғ бедани охурга ташлаб, ол, жонивор, е, қорнинг очқагандир, деяётганини эшитиб, акасидан ранжиди. Сигир онаси учун катта эрмак эди, моллари сотилгач, унинг кўчага чиқиб кетиши кўпайди ва эс-ҳуши жойида пайти фақат сигир сотиб олиш ҳақида гапирадиган, фақирона рўзғоридан қисиб, нафақа пулларидан бир қисмини мол сотиб олиш учун яшириб қўядиган бўлди. Онасининг аҳволини кўрган опа-сингил унга ёрдам бериш илинжида жияк тикишга киришди, Санам билганларини Меҳрига ўргатди ва шу тариқа азоб-у машаққат билан икки йил деганда икки юз сўм пул йиғишди. –Она, 200 сўм пулга сигир берадими? – сўради Меҳри ундан. –Беради, албатта, беради. 200 сўм катта пул, ҳазилми, икки йил йиғдик. Шамсиддин келса, пулни бераман-да, яхшироқ сигир олиб келишини тайинлайман. –Акам қачон келадилар, ундан кўра ўзимиз акамникига борсакчи? –гапга қўшилди Санам. –Йўқ, шунча кутдик, бу ёғига ҳам кутамиз. Уч-тўрт кун ичида келиб қолса, якшанба куни мол бозорига чиқади, келмаса, мол олиш яна бир ҳафта орқага сурилади. Маъқул холанинг нияти холис экан, шанба куни токни хомток қилаётганида Шамсиддин кириб келди. –Акам келдилар! Шамсиддинни орзиқиб кутишаётгани учун Хайриддин бор овози билан қичқириб юборди. –Акам келибди, –Меҳри китоб ўқиётган Санамни турткилади. –Юринг, қараймиз. Бир зумда Шамсиддиннинг атрофида оила аъзолари жамулжам бўлишди. Маъқул хола ток қайчини бир четга қўйди-да ўғлига яқинлашди. –Тинчликми, бунча тиржаясан? – Шамсиддин Хайруллага қараб гапирди. –Тинчлик болам, тинчлик, – Маъқул хола сўз бошлади. –Қўшнилардан сут-қатиқ сўраш жонимизга тегди, гоҳ беришади, гоҳ беришмайди, баъзан пулга ҳам тополмаймиз. Тишимнинг ковагида сақлагандай бир амаллаб сингилларинг билан бирга икки юз сўм йиғдик. Эртага якшанба, мол бозорига чиқиб, битта соғин сигир олиб келиб берсанг, дегандим. –Шунақа дегин, унда майли, пулни бер. Маъқул хола ҳовлиқиб рўмолчасига тугиб қўйган пулини чиқариб берди, Шамсиддин санаб кўрди-да, тўғри экан, деб ортига қайтди. Ҳамманинг оғзи қулоғида, ахир сигирга етишишнинг ўзи бўлдими? Яхши емай, яхши киймай пул йиғишди, икки қиз тинмай жияк тикди, ҳатто дунёни сув босса парвосига келмайдиган Хайрулла ҳам аҳён-аҳёнда: “Она, сигирнинг пули қанча бўлди?”, деб сўраб қўяди. Ниҳоят энди орзулари ушаладиган кўринади. Эртаси куни тонг саҳардан Маъқул хола дарвоза олдидаги курсида катта йўл томонга қараб ўтирди, узоқдан мол етаклаган киши кўриниши билан кўз узмай туради, яқинлашганида бегоналигини билгач, ҳафсаласи пир бўлиб, яна йўлга тикилади. Шу тариқа уч-тўрт қишлоқдоши мол ҳайдаб ўтди. –Абдуҳафиз, – деди у қишлоқнинг адоқроғида турадиган йигитнинг молига ишора қилиб. – Жувонани қанчага олдингиз? –120 сўм, янга. –Шамсиддинга 200 сўм бериб сигир олиб кел, дегандим. Шу пулга яхшироқ сигир берармикин? – Беради, янга, беради. Бугун бозорда мол арзон. Абдуҳафизнинг сўзлари Маъқул холанинг кайфиятини кўтарди, хаёлида ўғли она-бола сигир етаклаб келаётгандай, шу бугундан сут соғишга киришаётгандай қувонди. Аммо тушдан ўтди ҳамки Шамсиддиндан дарак йўқ, Маъқул холанинг хаёлидан: “Мол бозори аллақачон тарқади, нега келмаётган бўлса”, деган фикр ўтди ва юрагига ғулғула тушди, бир кўчага чиқиб, бир ҳовлига кириб кунни кеч қилди. Она ва болалар кечки овқатни тановул қилишаётганда кўчадан мотоцикл овози эшитилди ва уларнинг ҳовлиси ёнида тўхтади, зум ўтмай дарвоза очилиб, Шамсиддин кириб келди. –Сигир қани?–сўради Маъқул хола унга рўпара келиб.–Сигир қани? –Сигирнинг ўрнига мотоцикл олдим,– Шамсиддин бепарволик билан гапирди. – Қайнотам уй олиб берди, онам мотоцикл совға қилса кўйиб кетадими? Уларнинг олдида тилим узун бўлишини истамайсанми? Маъқул холанинг гапиришга мажоли қолмай, ерга ўтириб қолди. Ҳафсаласи пир бўлган болалар: “Онам бирор нарса деса акам калтаклаб кетмасин”, деб дам Шамсиддинга, дам Маъқул холага жовдираб қарашарди. Меҳри чидаб туролмади, бутун бошли оиланинг қувончини мотоциклга алмаштирган акасига **** қўйгудай тикилди. –Нега сигирнинг пулига мотоцикл олдингиз? Нима ҳаққингиз бор? Бизга сигир керак эди? Ҳамма Меҳрига қаради. Онаси қизининг олдига бориб, оғзини қўли билан ёпди, Санам билан Хайрулла қўрққанидан дир-дир титради. –Сен зумрашани тилинг чиқдими? – деди Шамсиддин Меҳрига яқинлашиб. –Кесиб ташлайми? –Билмасдан гапириб юборди, –Маъқул хола қизини гавдаси билан тўсаркан ўғлини юмшатмоқчи бўлди. – Эътибор берма, уйингга кетавер. –Билиб гапирдим, –кутилмаганда Меҳри онасининг орқасидан чиқди. – Нега акам сизни ўйламайди? Сизга раҳми келмайди? Шу инсофданми? Ҳамма Шамсиддин Меҳрини уриб, ола қонига бўяйди, деган фикрда қўрқув ва ваҳимадан тарашадай қотиб қолди, бироқ негадир Шамсиддин Меҳрини урмади. –Сен билан кейин ҳисоб-китоб қиламан, –деди у. Шамсиддиннинг чекинганидан Маъқул холанинг юзи ёришди. –Ягона умидим сигирга етишиш эди, –афсус билан ўғлига қаради у. – Жуда қийналгандик, йўқса сендан бирор нарсани аярмидим. Майли, ҳеч нарса демайман, ўсгин, ўнгин, умринг узоқ бўлсин, аммо менга қилганларинг болаларингдан қайтсин. Маъқул хола бошқа гапирмади, йиғлагандан бери бўлиб турган қизига қаради-ю, ўзини мард тутиб, уйга кириб кетди.
Давоми бор.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев