Отаси ёлғиз қизини узоқроқ қариндошига фотиҳа қилди. "Ўзимизники, синашта одамлар", "Қоп ямоғи қопга, бўз ямоғи бўзга" Бу—отасининг кейинги пайтларда кўп такрорлайдиган мақоли. Аввалига маъносига тушунмади, ойисидан сўраган эди соддагина қилиб тушунтириб берди: "Тенг тенги билан дегани",-болам.
Тўй ўтди. Юрт қатори. Сарпо-суруқ ҳам, ҳовли-жой ҳам ҳамма қатори. Нимасидир ўзининг уйига ҳам ўхшайди. Аммо одамлари бошқачароқ эди. Самимий гапирсанг ҳам иллат қидираётгандек, ҳар бир ҳаракатингдан камчилик излаётгандек...
Югуриб-елиб хизмат қилиб, битта раҳмат эшитмайди. Кейин ота-онаси билан солиштиради. Келинойиси чой қуйиб узатса ҳам" Қўша қаринг, болам",-дейди онаси, "Раҳмат, болам"-дейди отаси. Ўзича нималадир пиширади, сал ўхшамаса камчилик айтадиганлар топилади-ю, мазали чиқса мақтайдиган одам йўқ. Ҳар иккала ҳолатда ҳам пиширган нарсаси катта оилада ейилиб кетади...
Турмуш ўртоғи ишдан қайтади. Негадир ҳамиша эшикдан қовоғини уйиб киради. Сув келтиради, у узатган топ-тоза, момиқ сочиққа артинади,сўнг қовоғини очмай
—Овқатинг пишдими? —дейди. Табассум билан келтиради. Бирга ўтириб ейишни истайди. Аммо шу уйга келиб эшитгани хунукдан хунук "Хотин қули эркак", "Эрсираган аёл", каби иборалардан безиб нари кетади.
Кейин хомиладор бўлади. Еганини қусар, ҳеч нарса ёқмас, кўнгли тусаганини айтолмас, қисқаси азоб эди. Энди у "хўмрайган келин", деган ном олди. Телефон тутишга рухсат йўқ. Кўнглини сўрайдиган бир меҳрибони йўқ...
Ҳар қандай ҳолатда ҳам ётиб дам олишга ҳақинг йўқ...
Бу ҳикоя эмас, бир келинчакнинг мактуби...
Давомини ёзгим йўқ!
Агар бу хат лоақал беш йил олдин ёзилганда ҳам мен унга "Сабр қил, жон синглим!"деган бўлардим. Бугун ўзгарганман. Мени ижтимоий тармоқлар ўзгартирди. Атрофимдаги одамлар ўзгартирди.
Қайси миллатнинг аёллари бунақа ҳаётда яшайди? Бу—зўравонлик бўлмай нима? Нимага ўзбек келинчакларининг тақдири шунақа бўлиши керак?
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев