МЕҲР
Қўшни аёлникига бир юмуш билан чиқдим. Шу маҳал унинг қўл телефони жиринглади.
– Алло, Шаҳноз яхшимисан?
– Алло, яхшимисиз ака, яхши юрибсизми?
– Яхши раҳмат, ўзинг яхшимисан? Уйдагиларинг яхшими?
– Яхши, ҳаммалари соғ-саломат юришибди.
– Шаҳноз, синглим, сени жуда соғиндим, сени жуда яхши кўраман.
– Ака, ичганмисиз?
– Ие, нега ичган бўлай, ичмайманку.
– Тинчликми ўзи?.. Унда нега...
– Сени соғиндим, десам, нимадир бўлган бўлиши керакми?
– Ака, тўғрисини айтинг нима бўлди?
– (кулиб) Ҳеч нарса бўлгани йўқ деяпманку, бўлди қилсангчи...
– Ростини айтинг, соғлигингиз жойидами?
Бир муддат суҳбатга гувоҳ бўлиб, сўнг аёлдан узоқлашдим. Лекин... Ҳозирги диалог хаёлларимга “ҳужум” қилганди. Кутилмаганда акасидан меҳрни эшитаётган сингилнинг ҳолатини таҳлил қилардим. Ахир, у акасидан дабдурустдан, томдан тараша тушгандек, бу сўзларни эшитмаганига неча йиллар бўлган экан. Балки шу боис қайта-қайта аканинг аҳволини сўроқлаб, хавотирга тушаётгандир... Ёки аксинча икки оғиз жумла қулоғига ёққани учун жигарининг яна такрорлашини кутаётгандир. Шу сабаб унинг ичидаги ҳаяжон, жўшиб кетган сингиллик меҳри, ишонч аралаш хавотирга йўғрилиб кетгандир балки. Гўё акасининг бу меҳри унинг «ичганлигидан» ёки бирор бир оғир дардга йўлиққанидан далолат бераётгандек. Аслида чуқурроқ ўйлаб қарасак, аканинг ўрнига биз сингилнинг ўрнига бирор яқинингизни қўядиган бўлсак, табиий ҳолки, улар ҳам бизнинг бу соғинчимизни яна нималаргадир йўйишлари мумкин. Улар учун бу ҳолат, кутилмаган янгиликдир балки.
Нега?! Нима учун?!
Нима учун бу ҳолат бунчалик ҳайратланарли?!
Меҳримиз шу қадар қимматми? У бебаҳо олмос ёки марваридми, олган одам ишонолмай қўлида авайлаб турса...
Неча йилларки биз қалбимиз тубидаги меҳрни, муҳаббатни бировга изҳор қилолмаймиз. У уммон қаърида ётган муз тоғ каби қалбимиз тубида ётаверади. Ўйлайман, қачон онамга ёки отамга, жигарларимга “Мен сизни яхши кўраман!” деб ҳеч бир таъмасиз, самимий айта олдим? Айтганмидим ўзи? Нега одамзод меҳрни шунчалик қизғаниб яшаркан? Кўрсатмаймиз, кўзлардан қизғанамизми, меъёрдан ортиқ кўрсатсак кўз тегишидан чўчимизми ё? Кўнглимиз тубида чўкиб ётган меҳрни улашиш бунчалар қийин бўлса?
“Сени яхши кўраман!” “Сен менга кераксан!” атиги уч оғиз сўз... Лекин у икки лаб орасидан чиқиши ҳамоноқ инсонга шу қадар катта куч бахш этишини биласизми? Сиз билан тенгма-тенг айтишиб турган жуфтингизга “Сени яхши кўраман”, деб кўрингчи... у ўзининг сўзларидан уялиб, ер чизиб қолади. Даҳанаки жанг тўхтайди. Қовоқлари уйилиб келган жуфтингизга “Сиз менга кераксиз”, деб кўрингчи... ҳеч бўлмаганда мийиғида жилмайиб қўйишни уддалайди.
Ҳа, ҳар бир инсон меҳрга ташна, муҳаббатга зор. У ҳеч қачон бу туйғуларга қонмайди. Дунёда кимгадир кераклигингни билиб яшаш бахт, аслида..
Бугун ишлар билан банд бўлиб, вақт тополмайсиз. Эртага фарзандингиз ногоҳ касал бўлиб қолади, ёдингиздан кўтарилади. Индинга эса дўстингизникида муҳим бир учрашув бор, имкон бўлмайди. Аслида ана шунақанги турли хил баҳоналар бугунни эртага, эртани эса индинга сураверади. Шу аснода кунлар кетидан ойлар ва йиллар югуриб ўтиб кетади. Биз эса ҳали ҳамон «Соғиндим», «Сизни жуда ҳам яхши кўраман», «Менга кераксиз» қабилидаги сўзларни айтишга «вақт» тополмай юрибмиз. Ваҳоланки, бу вақт орасида қанча кераксиз сўзлар айтилиб кетмоқда...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев