Элёр дарсдан эртароқ чиқди. Аниқроғи, кейинги дарсга киргиси келмади. Синфдоши Бекзод билан ораларидан гап қочди. Ўзи шундоғам зўрға чидаб юрган эди. Бекзоднинг:
— Астарчининг боласи, астарчи, астарчи! — деган таънаси суяк-суягигача етиб борди. Мактабда бир дақиқаям қолгиси келмади.
Аслида, онасининг астарчи экани унгаям ёқмайди. Уйида бундан бошқаям ёқмайдиган нарсалар жуда кўп. Туриш-турмушлари, етишмовчиликлар… Битта кўйлакни уч йиллаб кийиши. Жағи очилган ботинкасини этикдўзга қайта-қайта кўтариб боравериши… Ўн еттига кирган бўлса-да, йигитлардек пўрим кийина олмаслиги, икки йил аввал олинган костюмининг енги калта бўлиб қолганида ҳам кийишга мажбурлиги…
Онаси бошқаларнинг онасига ўхшамайди. Ҳар куни тонг саҳарда туради. Саҳармардонда ўчоққа ўтин ёқиб, овқат пиширади. Ўтиннинг чарс-чурс синган товуши одамни ухлашга қўяди, дейсизми. Элёр калласини кўрпага буркаб, тишини-тишига босиб, чидайди. Ниҳоят, онасининг қадам товушлари, эрталабки шипир-шипири тинади.
«Худога шукр, намоз ўқишни бошлади», деган ўйда уни эрталабки ширин уйқу босади. Лекин бироздан кейин онасининг овози эшитилади:
— Элёр, овқатни пишириб қўйдим. Чой қайнатиб, термосга дамладим. Мактабга нонуштасиз кетманглар, болам. Даданг уйғонса, совуқ сувга ювиниб юрмасин, катта термосга қайнаган сув қуйиб қўйдим. Совуқ сув билан чопиштириб бергин. Ўзинглар ҳам илиққина сувда ювининглар, хўпми?
— Хўп, — дейди у эринчоқлик билан.
Онаси бошига оғир тугунини жойлаштириб, йўлга отланади. Дарвоза ғийқиллаб очилиб, қарсиллаб ёпилади. «Шу ишни қилмаса нима экан?! — деб ўйлайди Элёр дилгир аҳволда. — Бошқаларнинг онасига ўхшаб тикувчилик қилсин, бор, ана фаррошлик қилсин, бир кунимиз ўтади-ку, барибир».
Мана, беш йилдирки, шу аҳвол, онаси ҳар куни саҳармардонда тугунини кўтариб кўчага чиқиб кетади. Уйма-уй, кўчама-кўча юриб астарлик сотади. Бир ойда бир-икки марта Тошкентга, «Ипподром» бозорига бориб тўп-тўп мато олиб келади. Олиб келган матолари тугагунча қишлоқма-қишлоқ юраверади. Баҳорни баҳор, ёзни ёз демайди. Қишнинг қаҳратонидаям ташламайди бу ишини. Бир маҳалладан иккинчи маҳаллага пиёда кетаверади. «Лўлиларга ўхшаб кетдингиз, — дейди Элёр баъзида жаҳли чиқиб. — Қачонгача сандироқлаб юрасиз?»
«Лўли одаммасми, болам?.. Ҳалол луқма билан боқяпман сизларни, — дейди онаси кулимсираб. — Насиб этса, ўқишларни битириб, катта бўлганингизда уканг икковинг шундай баракали кишилар бўласизки, ўшанда қўлимни совуқ сувга урмай ўтираман! Сизлар мени боқасизлар…»
Онаси бир кунга мўлжаллаган астарлигини сотиб бўлмагунча қайтмайди. Шунинг учун эрталаб овқат пишириб кетади. Баъзида савдоси ўнгидан келса, уйга эртароқ келиб, кечқурунга мантими, хонимми, ишқилиб, тансиқ таом тайёрлайди. Кир ювади, нон ёпади.
Баъзида совуқдан қўллари ёрилиб кетади. Ёзнинг жазирамасида юз-қўллари офтобда куйиб, қораяди, озғинлиги учунми, шундай пайтда иккита жавдираган кўзи ва оппоқ тишлари кўзга яққол ташланиб, одамнинг кўзига жуда хунук кўринади. Энг ёмони, кўчада одамлар уни «Лобар астарчининг боласи», деганида юрак-бағри ўртаниб кетади.
Баъзан болалиги эсига тушади. Ўшанда дадаси Россияга бориб ишлаб келарди. Кейин дадаси ишлагани бормай қўйди. Онаси эса шу иш билан шуғулланиб юриб, «астарчи», деган ном орттирди. Дадаси аввалига ичкиликка муккасидан кетди. Кейин ҳеч кимга гапирмай бир бурчакка тикилиб ўтираверадиган одат чиқарди. Мана, беш йилдирки, шу аҳвол. Озиб-тўзиб кетган. Бировга қўшилмайди. Уйдан чиқмайди. Онаси пул йиғиб, уни Тошкентга олиб кетади, шифохонага ташлаб келади. Бир ой, ўн беш кун дадаси ўша ёқда даволанади. «Дадам нима касал ўзи?» деган саволига Элёр онасидан тузук-қуруқ жавоб ҳам ололмаган шу пайтгача.
Тунов куни мактабдан қайтганида онаси тикув машинкани шиқирлатиб ўтирган экан, «Нима қиляпсиз?» деб сўраган эди, «Энди замон ўзгарди. Одамлар тайёр кўрпа сотиб олишга ўтишди. «Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ», деган машойихлар. Астарликларим унча ўтмаяпти. Шунга энди мен ҳам тайёр кўрпа тикиб сотаман-да», деди. Шундан бери кечасиям тинчлик йўқ.
Айниқса, қишнинг кунида ҳамма бир уйга тиқилиб қолган пайтда, туни билан чироқни ўчирмай, машинканинг шиқир-шиқирини эшитиб ётиш ёмон қийнайди одамни.
Элёр шу хаёллар билан уйига қайтди. Анчадан бери дадаси уларни койимай қўйган бўлса-да, барибир, «Дарсни ташлаб келганимга уришмасин», деб дарвозани секин очди. Оёқ учида меҳмонхона тарафга юрди. Бир амаллаб ичкарига кириб олса бўлгани. Ҳеч кимга кўринмай эшикни ёпиб, мириқиб ухлайди. Ўзи доим шунақа — туриш-турмушларидан сиқилиб кетганида меҳмонхонага яшириниб олади. Бу хона тинч. Ҳайҳотдек уй онасининг бир уюм астарлик матолари билан тўла.
Элёр меҳмонхона тарафга оёқ учида ўтиб бораркан, ичкаридан овоз чиқаётганини эшитиб, сергакланди. Яхшилаб қулоқ солди. Онаси билан дадаси гаплашиб ўтиришган экан. «Ие, бугун онам эрта келибди, энди гап эшитишим аниқ», деб ўйлади юраги увишиб.
— Мен нобакор банда сениям кўп қийнадим-а, — дерди дадаси.
— Унақа деманг, шу кунларни кўриш пешонамизда бор экан, кўряпмиз, бу ҳам Аллоҳнинг бир синови, — деди онаси.
— Ўшанда нафсимнинг гапига кириб, шу ифлосликни қилмаганимда, шу бедаво касалликни орттириб олмаган бўлардим. Ўзимниям, сениям, болаларниям бунчалик қийнамасдим. Энди аҳволимни болаларга айтиш керакмикин, а?
Элёр қулоғини динг қилди: «Дадам СПИД дедими?!»
— Йўқ, — деди онаси қатъий бош чайқаб. — Айтмаймиз болаларга. Шунча пайтдан бери билишмадими, эндиям айтмаймиз! Буни улар кўтаролмайди.
— Одамлар бу касал билан уч-тўрт йилга етмай ўлади, дейишганди. Беш йил бўлди-я, беш йил… Тезроқ ўлсам, шу азоблардан халос бўлардим. Болалар етишмовчиликдан кўп қийналишди. Айниқса, Элёрнинг дарди ичида.
— Унақа деманг, ҳаммамиз ҳам пешонамизда борини кўрамиз. Элёр ақлли бола. Менгаям, сизгаям суянчиқ бўлиб турибди. Худойим сизга умр берибдими, тавба қилишизга имкон бергани шу!
— Мен бундай деб ўйламайман, — деди дадаси шикаста товушда.
— Тунов куни бир ҳожи онанинг уйига кирдим. Набирасини узатаётган экан, анча астарлик сотиб олди. Ўзиям жуда тақводор аёл экан. Бироз гаплашиб ўтирдик. Ҳожи она айтдики: «Аллоҳ таоло Ўз ояти каримасида суюкли Пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаламга: «Менинг ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилади», деб айтинг», дея амр қилган» экан. Сиз ҳам ноумид бўлманг. Сиз ҳам истиғфор айтинг, тавба қилинг. Ахир Аллоҳ ноумид бўлмасликни буюрибди-ю, жон дадаси.
Нафасини ютиб, ота-онасининг гапини эшитаётган Элёрнинг дами ичига тушиб кетди. Оёғи бехосдан деворга суяб қўйилган тоғорага тегди. Онаси сергакланиб дераза тарафга ўгирилди. Элёр яширинишга улгуролмади.
— Элёр?! Қачон келдинг? — деди онаси шоша-пиша ташқарига чиқаркан. — Анча бўлдими келганингга?..
— Ҳаммасини эшитдим, — деркан Элёрнинг лаблари титради. Шу тобда йигитчанинг юраги алғов-далғов бўлаётган эди: Шунча қийинчилик, камбағаллик устига энди бу гап ҳам бормиди?!
— Шошма, қани бу ёққа кел-чи, — онаси озғин қўллари билан уни ўзига тортиб, бағрига босди. Пешонасидан ўпди. Элёрнинг кўнгли бўшаб кетди. Бирдан ҳиқиллаб йиғлай бошлади. Лобар опа ўғлининг юзини икки кафти орасига олиб, кўзларига синчиклаб қаради. Сўнг Элёрнинг елкасидан қучганича меҳмонхонага олиб кирди.
— Энди кап-катта йигитсан, — деди Лобар опа. — Бу гапни билиб қолганинг балки, яхши бўлгандир. беш йилдан бери шу дард билан яшаяпти. Тоби қочиб, сира ўзига келолмай дўхтирга учрашса, шу бедаво касални аниқлашган. Бу ёққа келганидан кейин менга бор гапни айтди. Яна текширтирдик. Шундан бери шу аҳвол, болам. Яна қанча умри қолганини билмаймиз. Даданг соғ бўлса, мен тирикчиликни деб кўчама-кўча юрармидим. Бу дардга чора йўқ! Дадангнинг умри ҳисобли. Яна жаҳл устида бирор нарса деб, унинг ичини оғритма. Бировга, ҳатто аммаларинггаям бу сирни оча кўрма, ҳеч ким билмасин. Ҳеч ким билмасин, болам!
— Энди Худонинг паноҳида фақат уканг икковингга суянаман. Ҳадемай уканг икковинг икки тарафимда тоғдек суянчиқ бўласизлар! Унгача… Унгача ҳали олдимизда синовлар бор…
— Касаллигини билган экансиз, нега ажрашиб кетмадингиз?
— Касал бўлсаям, у сизларнинг Дадангиз. Шу аҳволида отангни бировларга зориқтириб қўйганимизда, кейин уканг икковингнинг виждонинг қийналмасмиди? Нима қилсам сизларни ўйлаб қиляпман, болам.
Ҳалидан бери қунишиб ўтирган Элёр кўз ёшларини шаҳд билан сидирди. Онасини биринчи марта кўраётгандек озиб, кичрайган елкаларига, офтобда қорайган юзига тикилиб қаради. Шу туришида онаси унинг кўзига жуда савлатли, жуда истарали кўринди.
Синфдоши Бекзод билан бўлиб ўтган тортишув хаёлига келди. «Астарчининг боласи, астарчининг боласи», деган гап қулоқлари остида жаранглагандек бўлди. «Ҳа, мен астарчининг боласиман, астарчининг боласи», дея ғурур билан ўйлади у онасидан кўз узмай.
Сўнг онасининг озғин, қорамтир қўлларини кафтлари орасига олиб, маҳкам қисди-да:
— Хавотирланманг, бу сирни ҳеч кимга айтмайман, — деди бироз дўриллоқ овозда. — Сиз кўп сиқилманг, ҳали ҳаммаси яхши бўлади.
У шу пайтгача ўзини бунчалик кучли, бунчалик керакли ҳис этмаганди. Юрагида онасига нисбатан сира ҳис этмагани бир ҳурмат-эҳтиром уйғонган, у тобора кўнглини тўлдириб, улғайиб бораётган эди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев