Жума ёмғири (ҳикоя)
У жазм қилган ишига икки кундан бери тайёргарлик кўрарди. Аввалги куни ҳовлини айланиб, бежо ётган ўтин-чўп ва бошқа майда-чуйдаларни йиғиштириб саранжомлади, кучи етмаганларни ўғлига буюрди. Келинга ҳовли анча ивирсиб кетибди, эртага супуриб-тозалаб қўйинг, деб тайинлади. Кеча тунда ҳамма ухлагани ўз уйларига чиқиб кетгач, катта сандиқни очди, ўлимлигига йиғиб юрган нарса-матоларни кўздан кечирди. Ҳаммаси жойида, бешта юз долларлик пул ҳам қўйган ўрнида – оқ сурп қатида турибди. Чўнтагида бор сўмларни ҳам олиб қўшиб қўйди. Чамаси, етарли, етмаса, бир гап бўлар…
Анчадан бери жума кунини мўлжаллаб юрарди.
Кеча эрталаб сартарошда соч-соқолини олдирди. Кейин шаҳарга кетди. Бозорга эмас. Сарой деган мавзедаги болалигидан маълум ва маъқул ҳаммомга тушиб, покланди. Ўша ерда ички кийимларини алмаштирди, оҳорли яктак кийди. Уйда пайшанба деб палов дамлашган экан, емади, енгилроқ, ҳам ични тозалайди, деб, келинига бир сиқим гуручга ширингуруч пиширтирди, аммо барибир таъби тортмади, уч-тўрт қошиқ тановул қилган бўлди. Кичкина-шўқатой ўғил неварасини сустгина суюб-эркалади. Ўғлига нималарнидир уқтириб-пишиқтириб қўйиш фикри йўқ эмас эди. “Ўлим ҳақ. Қазоим етиб қолса… ҳар пайшанба эҳсон қилиш, кўп одам йиғиш шартмас, қурбингга қараб, ҳар замонда беш-тўрт одамга икки-уч товоқ ош бериб, дуойи фотиҳа қилдириб қўйсанг, бас”, демоқчи эди. Аксига олиб, шу куни ҳам бўкиб ичган шекилли, уйига кириб, гумдон бўлиб кетди. Ўзи уни “Ичиб келган кунинг кўзимга кўринма”, деб огоҳлантирган эди. Ҳа, майли, барибир ўргатадиганлар кўп. Имом-домлага ўхшаган, “Ота-буванг қилганини қиласан-да”, дейдиганлар бор. Лекин лаҳадга қўйишни маҳалладаги энг тўғри, ҳалол одам, ўлим-йитимларда доим камарбаста бўлиб турадиган Шаҳобиддинга, омади гап, деб айтиб қўйган. Шуни эслаб, таскин топди.
Хуфтон намозларини шошилмай ўқигач, жойнамоз устида ўтирганича ўтган умрини ҳисоб-китоб қилиб чиқди, қариндош-уруғлар, ёру биродарларини, оласа-бераса қилиниб юрган олиб-сотар ҳамкорларини бир-бир кўз олдига келтирди. Бирон кимсада йирикроқ ҳақи ё қарзи борлигини эслолмади. У асли қарз деган нарсани ёмон кўрарди, ўғлига ҳам бировда ҳақинг қолса-қолсин, қарзинг қолмасин, деб тайинлагани-тайинлаган эди.
Ярим тунда туриб олди, бомдоддан кейин “Ихлос” сурасини минг марта такрорлади, калима келтириб яна анча ўтирди. “Ҳазрати Ёсин”га сабри етмади. Тонг оқариб қолаётганга ўхшади. Ҳавонинг авзойи бузилганини кўриб, бир зум иккиланди, кейинги жумага қолдирсаммикин, деди, яна фикридан қайтди. Ёмғир – оби раҳмат, айниқса, жума кунгиси…
Ўз ҳужрасидан сассизгина чиқиб, енгил шиппак кийди. Айвон четидаги устунлар орасига тортилган сим дордан ўғлининг бир пой қора пайпоғи ерга тушиб кетган экан, қоқиб-силкиб, жуфтининг ёнига илди. Дорда оппоқ майка ҳам ёйиғлик эди, олиб юзига бирпас босиб турди-да, уни ҳам ғижимланган бўйи жойига қайтариб ташлаб қўйди. Кейин ўғли ва келини ётадиган хона томонга кўз югуртирди, чироғи ўчиқлигидан хотиржам тортгач, зинадан оҳиста пастга тушиб, томорқа сари юрди.
Ёмғир битта-иккита томчиларди…
Томорқага ўтиладиган, азбаройи эскилигидан ранглари ўчиб, қуриб-қақшаб кетган, қийшайиб, таг томони ерни сирпайдиган бўлиб қолган пастак эшик ғийтилламаслиги учун уни ёғоч тутқичидан тепага оҳиста кўтариб очди-да, ичкарига оёқ қўйди ва икки қўллаб, қандай очган бўлса, шундай, аммо мумкин қадар зичлаб ёпиб, йилтиллаб турган занжирни мих илгакка солди. Хаёлидан бу илгак, занжирни нимага қўйишувдийкин, деган фикр кечди ва болалик пайтларида томорқанинг қўрғон эмаслиги, яъни тўрт томони девор билан ўралмагани ёдига тушди. Авваллари қишлоқ хонадонлари иккига бўлинар – ички, олди қисмида уй-жойлар, саҳнда эса узум ва бир-икки туп олма ё беҳи, қолган барча мевали-мевасиз дарахт, экин-тикин ҳовлининг иккинчи қисмида – иморатлар орқасида бўлар, шунинг учун ҳам у ёқ томорқа (яъни томнинг орқаси) дейиларди. Уйлар четидан қўшни хўжалик чегарасигача давом этган ўқ деворнинг қулай ерига юқоридагидай дарча-эшик қурилар, ҳожатхона ҳам ана шу девор ортида, яъни кўздан панароқда бўларди.
Орқамда шарпа йўқмикин, дея, дароз қаддини энгаштириб эшик тирқишларига қулоғини бирпас тутиб турди ва олдинга, яъни томорқанинг этак тарафи томон қадам ташлади.
Сўқмоқ энсиз бўлиб, икки қирғоғини ажриқ босган, ажриқ орасида ўриб ташланган ғўзағар, талха ва бошқа ўсимликларнинг чўкарлари тиккайиб турар, шунинг учун аста, авайланиб юришга тўғри келарди. Сирасини айтганда, у шошаётгани ҳам йўқ.У томорқа – боғ этагидаги анча илгари кўз остига олиб қўйган ва ўшандан бери у ерга бот-бот ўтиб, азмойиш олиб келаётган жой – ўзи каби қари субҳони ўрик дарахти остини кўзлаб борарди.
Бу режа унда бир йил аввал қатъийлашган, бундай савдоларга сабаб бўлган ҳодиса эса роппа-роса қирқ йил бурун рўй берган эди. Ҳозир етмиш бешга киряпти, демак ўшанда айни қирчиллама ёшда – ўттиз бешда бўлиб, ҳозиргидай оғир-босиқ эмас, серғайрат, шиддаткор ва анча гердайган эди.
Бултур қўшни қишлоқдаги бир эҳсонда қотиллик ҳақида гап кетди. Жуда кескин фикрлар айтилди.
– Одам ўлдириш исломда энг оғир жиноят – гуноҳи кабиралардан бири, – деди бирови.
– Ҳа, тўғри айтасиз, ҳар қандай осий банданинг гуноҳи кечирилиши мумкин, илло ширк келтирган билан бировни ноҳақ ўлдирганники афв этилмас экан, – қувватлади бошқаси.
– Қандай номаъқулликки, ўзига ўхшаган бир бандани жонидан айириб, унинг хотинини тул, болаларини етим қолдириб, беш-олти йил ўтириб чиқишади-да, яна ҳеч нарса кўрмагандай, маҳаллада бемалол бош кўтариб юраверишади. Пайғамбаримиз эрининг хунини талаб қилиб келган бир аёлни қўлига қилич тутқазиб, мана мен тайёрман хун тўлашга, деган экан. Ҳозир шунақа одам борми?.. Жазодан қутулиш учун жиннихонага ётволишданам тойишмайди.
Луқмалар унга жуда оғир ботди, жон-жонидан ўтиб кетди. Худди уни назарда тутишгандай… Сенга тегишли бу, эшитиб қўй, дейишгандай. Ростданам, билиб гапиришдими, билмайми, у англамади. Бир кўнгли, ҳа, атайин сенга теккизиб гапиришяпти, деса, бир кўнгли “У бўлиб ўтган ишларни булар эшитишмаган, энди, бир омади гапни айтишяпти-да. Ўзимизни қишлоқдагилар ҳам аллақачон эсдан чиқариб юборишган…” дея уни овутарди. “Лекин ўзингнинг ёдингдан кўтарилгани йўқ-ку, доим ич-этингни еб юрасан-ку”, дерди бошқа бир овоз кесатиб. Аслида бошқалар ҳам унутмаган экан…
Чорси шаклидаги, жаннатнинг бир парчасидек томорқа ҳам иккига бўлинган бўлиб, дарчадан тўғри йўлак очилган, ўнг томон анорзор, чеккароқда икки-уч туп анжир ҳам бор эди. Чапда эса анвойи мевалар: қўқон гилос, хурмо, олма, шафтоли, икки-уч нав ўрикнинг энг каттаси – энг этакдаги деворга ёпишиб ўсган, шохлари тарвақайлаган, танаси бақувват субҳони эди. Унинг ёнбошга кетган йўғон бир шохи ниятини амалга ошириш учун жуда қулай бўлиб кўринарди.
У айбдорлигини, жиноятининг қанчалар оғирлигини ўзи ҳам тан оларди. Умрига зомин бўлган ҳаммаҳалласининг ўғил-қизларини кўрса ўзини қаёққа уришни билмай қоларди. Кечалари уйқуси ўчиб, ташқарига айлангани чиқаркан, юлдузларга тўла сирли осмонга, қора тунни нурафшон айлаган тўлин ойга тикилиб, бир мўмин бандасини шундай мўъжизалардан маҳрум этгани учун Парвардигордан мағфират тилаб, илтижо қилар, пуштипаноҳсиз, бош эгасиз қолган бева-бечора онани, норисадаларни ўйлаб юраги эзиларди. Ўша – ўтган йилги, қўшни қишлоқдаги издиҳомда айтилган, унга калтак бўлган, юрагига тиғдай теккан дашномлардан кейин энди ёруғ дунёда яшаши қийинлигига ақли етган ва қарийб қирқ йилдан бери бот-бот дилига ғулу солиб турадиган васвасага бўйин эгиш мавриди келганлигига ишонч ҳосил қилган эди. Лекин хотини ўтиб кетгач, унга қарайдиган – кирини ювиб, овқатини пишириб, ётар кўрпасини тўшаб-йиғиб қўядиган невара қизининг сепи тайёр эмас эди. Ўғли ўзига ўхшаб арақхўр чиқди. Тўғри, у ўғлининг ҳозирги ёшидан (қирқ бешга бориб қолди) анча илгари, аниқроғи, бошига ўша машъум кулфат тушганидан кейин, оғзига шайтоннинг сувидан бир қултум ҳам олмай қўйган, чекишни ҳам буткул ташлаган эди. Аммо арзандасини ҳеч йўлга сололмади. Унга қаттиқ тегишдан ўзини тияр, чунки одамкушлик балосидан сўнг Оллоҳнинг бирон бандасини “сен” демайман деб ўзига ўзи сўз берган эди.
Буни қарангки, унинг отаси ҳам ичувчи, яъни бу “касб” уларга ота-бобо “мерос” эди. Падари бузруквори шаҳар бозорида қовун-тарвуз олиб сотарди. Унинг ёнида юриб савдо-сотиқни, яъни деҳқон билан савдолашишни, талашиб-тортишишни, қисқаси, арзонга олиб қимматга пуллашни ўрганди, мева-чева бозорига ўрнашиб олди. Отасидан кейин ҳам шу “ҳунар”ни давом эттириб, шу йўл билан тирикчилик ўтказарди. Аммо жонини жабборга бериб юбормасди. Фазилат билан иллат – ўт билан сув, иккиси бир вужудда макон қурса-да, ҳеч қовушмайди, аксинча, иккаласи икки томонга тортади – фазилат фазилатга етаклайди, иллат иллатга судрайди. Ишёқмаслик ичкилик билан топишди. Ичкилик уни қартабозларга ошно тутинтирди. Тўғри, улар катта гардкамчи эмас, савдо юришмай қолган кезларда эрмакка беш-ўн сўмдан тикиб ўйнашарди, холос. Аммо кўнгилсизликлар, фожиалар арзимаган нарсалардан бошланади.
Қартабозлик ҳам ичкиликка, гиёҳвандликка ўхшаган гирдоб – ўртасига тушиб қолган кимсанинг омон чиқиши даргумон, аксинча, унинг бир фалокатга гирифтор бўлиши ҳаётда кўп исботланган.
У қамоқдан келганида йигирма олти ёшли ўғил кашандаликка, майхўрликка муккасидан кетиб бўлган эди. Фарзанди унинг тарбиясини олмади, халқ таъбири билан айтганда, ота тийиғини емади, қиблагоҳ ёлғизгина жигаргўшасини едириб-кийдиролмади, уйланишида ҳам асқатмади. Бу ташвишларнинг бари шўрпешона хотинининг зиммасига тушди: у ҳовлидаги меваларни (яхшиям ота-боболари экиб кетишган экан) тирноқлаб парваришлар, қуш-паррандалардан қўриб, сотиб, рўзғор тебратарди. Ўғлини ака-укаларининг ёрдами билан уйлади. Аслида, тўйни отаси келганда ўтказишни мўлжаллашувди, келиннинг хаста онаси кўзим очиқлигида қизимнинг тиниб-тинчиганини кўрай, деб қўймади. Хуллас, унинг тили ҳам қисиқ, ўғлига қаттиқ тегишга ҳадди сиғмасди. Яхшилик билан кўп айтиб кўрди, ерга қараб, “хўп-хўп” дедию, ўзгармади. Элликка киряпти. У тенгилар ҳозир беш вақт намозни канда қилишмайди.
Ўша воқеадан кейиноқ эр-хотин ўртасига совуқчилик тушиб, оилавий муносабатлар дарз кетган, хонадондан ҳаловат, тотувлик йўқолган эди, у қамоқдан қайтганда ҳам илиқлик тикланмади. Аёл жуда азобланиб яшарди: у ёққа қараса – жигарлари, бу ёққа қараса – эри ва болалари. Бечора икки ўтнинг орасида куйиб-ёниб адойи тамом бўлди. Одам нима учун яшайди – оила қуриш учун. Ҳаётнинг мазмуни – оила. Оила – энг аввало умр йўлдоши, танмаҳрам. У бўлмагандан кейин оила ҳам йўқдай гап экан.
Бошқага уйланиши қийин бўлди. Одам ўлдириб, салкам ўн беш йил ўтириб чиққан қотил билан бир дастурхондан овқат еб, бир ёстиққа бош қўйишни тасаввур қила оладиган кам. Ниҳоят биттаси таваккал деб, розилик берган эди, кечалари босинқираб, чўчиб уйғонавергач, “Мениям бўғиб-нетиб қўйса-чи?” деган хавотирга тушиб, кетиб қолди. Азбаройи, тирикчилик учун бозорга чиқадиган мўмин-мусулмон бир аёл билан ҳамдард, ҳамҳасрат бўлиб, унга умид боғлаб, жувон ҳам мойиллик билдириб турувди, кимдир қулоғига шипшитиб қўйганми, бирдан ўзини тортиб қолди. Шундан кейин тақдирга тан беришдан ўзга чораси йўқлигини англади. Шундан буён сўққабош ичонғир ўғли, келини, уларнинг фарзандлари – икки қизи ва бир ўғли билан умргузаронлик қилишади. Унга қарашга эса невара-қизларининг каттаси тайинланган. Аёлининг эзилиб, касалланиб ёруғ дунёни барвақт тарк этишига (марҳум унинг суюкли, ёлғиз тоғаси эди), ўғлининг хулқи ўзгармаётганига (балки у отасининг жиноятидан, қамалишидан орият қилиб, аламидан ичар, балки кимлардир “қотилнинг боласисан-да” дея юрагини эзишар…) ўзини айбдор деб биларди. Лекин барибир маҳалла-кўйдан хижолат чекарди. Ҳожи одамнинг фарзанди-я…
Каъбатуллоҳни зиёрат қилиб, ҳаж амалларини ўтаганлар бутун гуноҳлари тўкилиб, онадан янги туғилгандай покланади, деган гап унга умид, илинж бағишларди. Кўп қийинчиликлар билан рўйхатга ёзилди. Судланганим учун бу қутлуғ ибодат ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилганмикинман деб қўрқувди. Олти йилда навбат келди. Шукр қилди.
Оллоҳнинг уйидан ўзича енгил тортиб қайтган эди. Масжид имоми жума маърузаларидан бирида “қони ноҳақ тўкилган одамнинг хуни ювилмайди” дегандан кейин тарвузи қўлтиғидан тушиб юрган эди (масжидга ҳам қатнамай қўювди), юқорида зикр этилган йиғиндаги муҳокама ва ҳукм дард устига чипқон бўлди.
“Ҳа, демак, бу дунёда яшашга чиндан ҳам ҳақинг йўқ экан” дегандай бўларди кимдир.
– Одам ўлдирган бир менми? Дунё қотилларга тўлиб ётибди-ку? Чингизхон, Гитлер, Сталин миллионлаб одамларни қириб ташлаган-ку?!
– У бошқа масала, улар мусулмон эмас эди.
– Фақат мусулмон одам ўлдирса гуноҳкор бўладими?
– Ҳамма гуноҳкор бўлади, айниқса, мусулмон…
Шунақа пайтда ўзини қаерга қўйишни, бошини нимага уришни билмай қоларди. Устига-устак, марҳумнинг ўғил-қизлари йўл-чўлда рўпара келиб қолишганда ошкора терс қараб ўтишса, баттар ичидан зил кетарди.
Ҳа, бу ёқда – очиқда у нафратли қарашлар таъқибига дош бериш мушкуллигини, таъна-маломатлар найзаси қамоқ жазосидан-да ўткир ва шафқатсизлигини, одамнинг қалбини вайрон, юрагини мажруҳ қилишини обдан тушунди. У ёмғирдан қочиб, дўлга тутилгандай ҳис этарди ўзини. Айниқса, марҳумнинг тунд башарали кичик ўғли унга “қаримта қайтадиган дунё бу, бир кунмас-бир кун сендан албатта отамнинг ўчини оламан” дегандай, қовоғини баттар уюб, ўқрайиб тикилар, қасоскорнинг енги ичида тиғли бир яроғ яшириндай туюларди. Аслида у турмадалигида ўлганнинг аламзада фарзандлари оиласига, хусусан ёлғиз арзандасига бир зиён-заҳмат етказиб қўйишларидан чўчирди. Бахтига у хавотирланган кор-ҳол юз бермади. Очиққа чиққач, балки қариндошлик туйғуси йигитларни ёвуз ниятларидан қайтаргандир, эҳтимол ўзимдан қасд олишни чоғлаб юришгандир деган гумон пайдо бўлди. Уларнинг гезариб, хўмрайиб қарашдан нарига ўтмаслиги эса унга таскин бермас, аксинча, шубҳаларини кучайтирар, бу машъум воқеа ҳам қачондир содир бўлиши мумкин деган ҳадик ҳеч тарк этмасди уни. Кутилган, аммо қай тарздалиги номаълум кўнгилсиз ҳодисанинг чўзилиши, сурункали таҳлика одамнинг жисми ва юрагинигина эмас, балки руҳиятини ҳам пажмурда қилиб қўйиши ҳеч гап эмас.
Шаҳарданми, бошқа қишлоқданми уй сотиб олиб, кўчиб кетишни ҳам кўп мўлжаллади. Лекин шаҳардан жой олишга қурби етмас эди. Бошқа қишлоққа кўчиб борса, ёши бир жойга етган одам ёт маҳалла аҳли билан киришиб, сингишиб кетиши қийин, қолаверса, у ердагилар ҳам “Ким экан?” “Қаердан келибди?” “Нимага ўз юртини ташлаб чиқибди?” деб сўраб-суриштирмайди, дейсизми?
Гоҳо-гоҳо, ёвқарашлар, писандалар, таъналар жонидан ўтиб кетганда қабристонга борарди-да, марҳумнинг гўрига бош уриб йиғлар, ундан афв этишини сўраб ялиниб-ёлворар, руҳининг безовта бўлмаслигини, болаларига тасалли беришини ўтинарди. Жабрдийда қасосчилар сал шаштидан тушармикин, деб бир-икки марта ўғлидан майда-чуйда ўтказиб юборди, лекин уни ҳайдаб солишибди. “Отамнинг қотили берган нарсани ейишдан ҳазар қиламиз, итимизга ҳам раво кўрмаймиз” дейишибди. Ўз қишлоғида ҳам тўй-ҳашам, маърака-маросимларга аралашишдан безиллаб қолди. Телевизорда кино бошланиши билан ўрнидан туриб кетарди – одам ўлдириладиган саҳна-ҳолатларни юраги асло кўтармасди. Кўчада бошқалар ҳам бир-бирини нуқиб уни кўрсатишаётгандай, “анави-да, фалончининг қотили” дейишаётгандай туюларди.
Назарида энди унга биргина йўл қолган, бу – дор остига элтадиган йўл эди.
Дарчадан субҳони ўрик тагигача бўлган сўқмоқ калта, нари борса, икки-уч дақиқалик масофа эди, аммо баъзан ана шундай қисқа манзилга етиб бориш ҳам ўнғай бўлмаслигини шу куни фаҳмлади.
У эсини танигандан бери Худодан жон қарздорлигини ёдлаб-ўйлаб, ҳис этиб юрар, бахтсиз ҳодисадан кейин эса бу ҳисобга бандасидан ҳам жон қарздорлиги қўшилган эди. Бу икки зил юк унинг елкасидан тегирмон тошидай эзар, маҳбуслар гарданига солинадиган ғул сингари қисиб, эркин, бемалол қадам ташлашга, ҳатто нафас олишга ҳам монелик қиларди. Масжиддаги маърузадан, издиҳомдаги таъна, танбеҳдан сўнг, энди ўша қиёмат қарзларни узиш, мажбуриятни зиммадан соқит этиш муҳлати етиб келди шекилли, деган ўй шууридан кетмай қўйди. Дўппини олиб, бундоқ ўйлаб кўрса, жамиятга, эл-юртга ҳам на ўзи ва на ўғли тузукроқ бир наф етказмабди. Лекин назарида набираси олдидаги бурч ҳаммасидан муҳимроқ, ҳаммасидан зарурроқ эди. Маъсума қиз ўн-ўн бир ёшидан бошлаб, яъни етти-саккиз йилдан бери унга сидқидилдан хизмат қиларди. Унинг бўйи етиб, турмушга узатадиган палла яқинлашиб қолган, аммо сеп-сидирғаси, уларга қўшиб берадиган ҳеч вақолари йўқ, ичувчи, иши юришмаган ўғлининг сабзифурушлик қилиб топгани бўлажак келиннинг ҳозирда урф бўлган мебели (девор шкафи), кийим-кечаги тугул, кўрпа-тўшаги, пардасига етиши ҳам даргумон. Шунинг учун етмишдан ошган одам яна белни маҳкам боғлаб, бозорга чиқиб кетган эди. Ҳар қалай, бу соҳадаги уқуви, кўп йиллик тажрибасига ишонса бўларди. Бозорни-ку умуман ташлагани йўқ эдику-я, аммо шу пайтгача эрмак учун, вақт ўтказиш учун йиғинларда камроқ қатнашиш, маҳалла-кўйдагилар, хусусан марҳумнинг яқинлари назаридан узоқроқ бўлиш учун шаҳарга бориб, савдо қилса қилиб, йўқса чойхонада ўзига ўхшаган бекорчилар билан валақлашиб, кунни кечкиртириб қайтиб келарди. Энди астойдил киришмаса бўлмаслигини англаган, невара-қизни бечора, ўксик ҳолда ташлаб бу дунёни тарк этиш яна бир номардлик, яна бир ноҳақлик бўлади, деган фикрга келган эди. Аксига олиб, бирон ташкилот ё хўжаликда тузук-қуруқ ишламагани учун нафақаси энг кам иш ҳақи миқдорида эди. Энди уйдан саҳар чиқиб кетиб, тонг қоронғисида бозорнинг катта, асосий дарвозаси олдида қишлоқлардан ёнғоқ мағизи, мева-чева ё бошқа маҳсулотларини олиб келадиган деҳқон, боғбонларни кутиб туришадиган ва енгил машиналар яқинлашиши билан уларга аридай ёпирилиб, молни эгасидан арзон-гаровга, қарийб юлқиб олишадиган ҳақиқий олиб-сотарлар – бозорнинг дарвозасини очиб, кечаси беркитиб кетадиганлар (ёш йигитлар, ўрта ёш аёллар, катта эркаклар) қаторига бир амаллаб (ҳаммани ҳам сиғдиришавермайди) қўшилиб олди. Бу унинг ёшига, оппоқ соқолига, сохт-сумбатига муносиб юмуш эмаслигини яхши туярди. Лекин бошқа қандай чора бор? Бошқа нима ҳам иш қиларди?.. Нима бўлса ҳам чидайди-да. Осон овқат борми? Ҳеч йўқ, мебелига етгулик маблағ тўплаб берса, қолганини отаси қарз-ҳавола кўтариб бўлса ҳам амаллар…
У хаёлан ўзи билан ўзи музокара қилиб, иккиланиб-иккиланиб, орқасига қараб-қараб, секин-секин қадам босар, ички нимчаси остидан белига ўраб боғлаб олган канопдан тўқилган арқонни ушлаб-сийпалаб қўяр ва яна ўзини, хаёлларини тафтиш қилишга тушарди.
Хўп, мен-ку бир банданинг ҳаётига билмасдан, тасодифан зомин бўлибман, аслида, Худо шоҳид, бунақа ниятим йўқ эди, йиқилиб жони узилди, фақат йиқилишига менинг шапалоғим сабаб бўлган, дейлик. Анови “доҳий”лар-чи, миллион-миллион одамларни билиб, атайин, қасддан қириб ташлашган-ку?! Қанчаларини тириклайин кўмиб ё ёқиб юборишган. Улар орасида юз минглаб бегуноҳ норасидалар, аёллар, кекса-нотавонлар бор эди. Яна қанча-қанча инсонлар ўша подшоларнинг нобоп-ноқобиллиги, нодонлиги туфайли очликдан, қаҳатчиликдан ўлиб кетишди. Шунча одамнинг ёстиғини қуритганлар ҳеч қанақа жазога тортилишмади-ку?! Тўғри, уларам ниятларига етишмади – осмонга устун бўлишмади. Уларниям икки қўли бошида кетди, бегуноҳ одамларни қириб-қақшатиб йиққан бойлиги, мол-дунёси, “донғи” ҳеч нарсага асқатмади, лекин қилмишларига яраша азоб-уқубат ҳам тортишмади…
Сўқмоқда ҳам қадамини тезлатишга халал берадиган нарсалар кўп эди. Кеча кечки пайтги қаттиқ шамолда ёнғоқ, ўрикдан синиб, узилиб тушган, ўша тўзонда ёпирилиб тўкилган ҳўл-қуруқ япроқлар кўрпаси орасида ярми кўриниб, ярми қўринмай айқаш-уйқаш бўлиб ётган чакалаксимон шох-шаббалар оёқларига ботар, уларни четга олиб ташлаш учун ҳадеганда тўхтаб, эгилишга тўғри келарди. Бошқа маҳал бўлганда бу ўтин-чўпларни бир жойга йиғиб қўйиш лозим эди, келини тутантириққа ишлатарди. Илло, ҳозир шошиб турар, ўғли ё келинининг ғисираган товушни эшитиб, эшик тирқишидан ё девор оша мўралаб қолишидан хавотирда эди. Ҳолбуки, майда ва сийрак ёмғир зарраларининг баргу хазонларга урилиб заиф шитирлашидан ўзга бир сас йўқ, атроф тонг олдидан бўладиган зариф бир сокинликка чулғанган эди. Лекин бу, ёмғир ҳидини инобатга олмаганда, кўнгилга хуш ёқадиган осойишталик эмас эди.
Бирдан оёқлари чалишиб кетаётганини сезиб, ўзини тетикликка солди ва елкаси оша орқасига бир ҳуркак назар ташлаб қўйгач, сўқмоқни эҳтиёткорлик билан тозалаб, юришда давом этди.
Рутубатли куз кунлари эди. Ёмғирли изғирин найзалари юпқа барра чопонни тешиб ўтиб, баданга тикандай санчилар ва сескантирарди. Шунга қарамай, боғдаги мевасидан енгиллаб, шохлари тиккайган ўрик, шафтоли, анор дарахтларининг ҳали ивиб улгурмаган, кечаги шамолда омон қолган, пушти, зардоли, олтин рангларга дўнаётган япроқлари янада тозариб, янада тиниқлашиб, товланиб, кўзни оладиган даражада чиройли кўринар, фақат кечагина оламни яшил либосга буркаб дилларни яшнатиб турган, бандидан барвақт узилиб, хазон номини олган баргларнинг, сарғайиб, учлари ерга бош қўя бошлаган турфа хил кўкатларнинг оёқ остида зорлангандай, қисирлаб синиши нохуш, аянчли эшитиларди. У ёқдан бу ёққа ёпирилиб учаётган тўсдай қора қарғаларнинг ҳали қиш келишига анча вақт бўлишига қарамай қағиллашида, яъни, одамларнинг айтишича, “қор, ёғ, қор, ёғ” дея ўтинишларида илинж, умидворлик бордай туюларди. Бечоралар қор ёғиб, гўнглар кўмилса, айнан ўзларига қийин бўлишини идрок қилмайдилар-да. Бу уларнинг нодонлигидан бўлса керак. Ҳар қандай жонзот фақат ўз зиммасига юкланган, табиати, феълига хос вазифани адо этади-ку. Балки бунда ҳам бир сир, ҳикмат бордир. Эҳтимол, балки ана шу нодонлиги туфайли қарғалар узоқ умр кўришар… Ерни қор босса, жамики қуш-паррандалар инига уриб кетиб, ҳамма егулик уларга қолар…
Шунча беҳисоб жониворлар ҳам умри билан, ризқи билан яратилган-а. Яна, қарғаларнинг турдошу нотурдошларидан ҳаддан зиёд узоқ – тахминларга кўра, уч юз йил яшаши-чи… Зерикиб, тўйиб кетмасмикин ҳаётдан? Худо берган умрни яшайди-да. Демак, зерикишга, ҳаётдан тўйишга ҳақлари йўқлигини ҳис этишади. Қолаверса, қушлар ва бошқа жондорлар бир-бирини ўлдиришмайди, чунки уларда ақл йўқ, бўлса ҳам, кам, аммо фаҳм бор. Демак, бир-бирининг қонини тўкиш – ақлли зотларга хос бу феъл, бу қисмат фақат бандаларга ато этилган…
Хуллас, бир неча дақиқада етиб бориладиган сўқмоқ шу тариқа бугун жуда чўзилди. Яна, йўлнинг ярмида олдидан кесиб ўтаётган чипор илонга кўзи тушиб бир сесканди. Газанда ҳам тўхтаб, баҳайбат жониворга ажаблангандай қаради ва сира писанд этмай, кенг оғзидан пиликдай чўзилиб чиқаётган ингичка, айри тилини ўйнатиб бир зум тургач, вишиллаганча, зипиллаб хазонлар орасига сингиб кетди. Бадбахт саҳарлаб қаердан келяптийкин? Бунча тажанг бу? Ёмғир кучаяди шекилли… Лаънатининг дум-пумини босиб олмай деб оёғини чекароққа ташлаган эди, қандайдир тўнгакка қоқилиб, мункиб кетаёзди. Ғижинди. “Илон – хосиятсиз махлуқ” деб янди ичида. Бу ҳам етмагандай, яқин атрофда бойўғли чўзиб “қув-қув”лади. Бу садо унга киноядай эшитилди (Балки бу уккининг шу тундаги сўнгги қичқириғидир). Шу кеча у тонггача деярли мижжа қоқмаган эди. “Ўлимга шошмасанг ҳам бўларди, – кўнглидан ўтарди унинг. – Ўзи, барибир тўрингдан гўринг яқинлиги аён, яшайдиганингни яшаб қўйдинг, яна қанчаям умр кўрардинг, ошиқмасанг ҳам, жонингни олгани ҳадемай келиб қолишарди…” Барибир осмонга устун бўлмаслиги аниқ. Эртагами, бир йилдан кейинми, қачондир ёруғ дунё билан видолашадиган кун келади-ку. Аслида мелиса қўлига кишан уриб олиб чиқиб кетган пайтданоқ ҳаётидан файз, мазмун йўқолган: темир идишда дарчадан узатиб берганларини (фақат одамнинг совуғини ошириб, жиғилдонини қайнатадиган, кекиртирадиган овқатларни) еб-ичиш (худди ҳайвонот боғидаги ё бошқа қафасдаги ҳайвонларга ўхшаб, лекин у жониворларнинг ҳар бирига таъбига қараб, махсус егулик тайёрлаб берадилар. Уларнинг ҳар бирини ҳафсала билан, меҳр билан парваришлайдилар, чунки улар жамиятга, одамларга зарур; маҳбусларга эса – ҳаммасига бир хил емиш – хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам шу…) билан нафси балосининг эҳтиёжини қондириб, буюрилган, зиммасига юкланган ишларни ўлганнинг кунидан, қўлининг учида бажариб, кунларини муайян тартиб-интизом асосида ва зуғум остида ўтказишдан иборат умрнинг қандай мазмунию қиммати бўлиши мумкин?
Салкам ўн беш йил шундай кун кечирди. Ҳа, кун кечирди, яшагани йўқ. Қамоқда одамнинг дили доим ғуссаю, андуҳга тўлиб тураверади, ичи ҳеч илимайди, юраги ҳаприқмайди, кулги, табассуми зўраки ва қисқа бўлади, шеригига, суҳбатдошига завқ бермайди, юқмайди. Тонг оттириш эса турган-битгани азоб: афсуслар, пушаймонлар, надоматлар киприк қоқтирмайди – тепангда девайлаб туриб олади, бигиз ўқталади, ҳоли-жонингга қўймайди. Биргина мароқли, умидбахш машғулот, эрмак – кун санаш, ой санаш. Маҳбуслар бу мусибат маконини ҳафтанинг қайси куни тарк этишларигача ҳисоблаб чиқишарди. Яна, туйнукдан юлдузли осмонга (ҳаво очиқ кечалари) тикилиб, ўзни чалғитиш… эди. Хайрият, ғурбат қўрғонидан, зулмат, изтироблар, таҳқирлар, таҳдидлар исканжасидан халос бўлиб, тунд башаралар, ўқрайган кўзлардан қутулдим, десанг, бу ёқда… Шу алпозда яшаб нима ҳузур-ҳаловат кўряпти? Узун кечаларни қисқартиришга шерик бўладиган ҳамдард, ҳамтун хотин ҳам йўқ. Биттагина ўғилнинг аҳволи бу – ора кунда кўзларига қон тўлгандай, қизариб-бўзариб келиб, асабини бузади. Эрталабдан кунни кечкиртиришнинг ғами, ташвиши босади. Издиҳомларда кулишиб, яйраб ўтиролмасанг, тўртта одамга дадил қўшилолмай, ҳамсуҳбатларинг юзига тик қаролмай, бир нима деб қолармикин деб, хавфсираб, ҳадиксираб турсанг… Шу ҳаётми? Бировдан тилинг қисилмай, юзинг шувит бўлмай, қаддингни ғоз тутиб яшасанг тузук. Акс ҳолда… Бозор ҳам жонга тегди. Қариган чоғингда боланг, неваранг тенги, пулнинг, фойданинг олдида отасидан ҳам кечиб юборадиган сурбетлар билан мол талашиб, дахшанда бозор аёлларига масхара бўлиб юриш одамнинг ҳамиятига тегар экан. Бунинг устига, юраги ҳам қачондан бери қисади, сал илдамроқ қадам ташласа, сал оғирроқ юк кўтарса, сал кескинроқ ҳаракат қилса, ҳансирайдиган, ҳарсиллайдиган бўлиб қолган. Оламда ҳақи тугаб бораётганидан белги эмасми булар?.. Йўқ, бир кун, бир соат, бир дақиқа бўлса ҳам унга белгиланган муҳлатдан илгарироқ, ўз ихтиёри билан омонатни эгасига топшириши керак. У дунёга елкасида шундай оғир юк билан қандай боради? Яратган Эгам “Мен бандамга қарзга берган жонни нега олдинг? Қилғиликни қилиб қўйиб, юравердингми?” деса нима деб жавоб беради? “Лекин жаноза-чи, жаноза нима бўлади?” Жанозани барибир ўқишади. Шайтон васвасага солган дейишади. Бунақа ишлар ундан аввал ҳам бўлган. Балки чиндан ўша иблис уни авраётгандир. Ё, эҳтимол, ёзуғи ўзи шундайдир. Балки шу ишидан кейин ўғли ҳам ҳушёр тортиб, бемаза одатларига чек қўяр, унда отага нисбатан ачиниш ва шафқат туйғуси уйғониб қолар. Ич-этини ейишдан, тавқи лаънат аламларидан, юзи қораликдан халос бўлса, балки ўзининг ҳам руҳи енгил тортар… Ё, енгилламасмикин? Янада кўпроқ жабру жафолар тортиши керакмидийкин? Аммо қачонгача давом этади бу?.. Ҳа-да, ахир у ҳам атай қилгани йўқ эди, бировни ўлдиришни хаёлигаям келтирмаганди. Инсон боласининг жон таслим этиши шу қадар осон бўлишини кўриб ўзиям ҳушидан айрилаёзган эди ўшанда. Бор-йўғи гап талашиб қолишган эди. “Ғирромлик қилдинг!” “Сен ғирромлик қилдинг!..” – Қартабозлар учун одатий ибаралар. Қарта ўйинининг моҳияти ўзи ғирромликдан иборат-ку. Айвондаги чорпояда ўтиришган эди. Тиккалашиб кетишди. Иккови ҳам анча қизиб олишганди. Ерга тушишди. Жўралар, ҳар доимгидай, ошхўрлик қилиб ўтиришувди. Бошқалар “ҳай-ҳай”лашди, лекин жиддий эътибор беришмади. Бирпаслик даҳанаки жанг деб ўйлашди. Ҳақиқатан ҳам “жанг” узоқ давом этмади. Айвон пойдевори баланд, саҳн эса анча паст эди. У муштга жавобан шапалоқ тортди – шапалоғи кенгроқ, дағалроқ эди – ўсмирлигида, ёшлигида анча-мунча муштлашиб турарди – рақибининг айвондан пастга чалқанчасига қулаётганини кўриб турди, гурсиллаб тушганини эшитди. Ҳозир ўрнидан туриб кетади, деб хаёллади. Бироқ у негадир ўрнидан туравермади, питирчиламас, қимирламас ҳам эди. Ирғиб тушди. Рақиб эшитилар-эшитилмас хириллаб нафас олаётган эди. Енгил машина топиш қийин бўлди.
Қишлоқларда автоулов кам эди у пайтларда. Туманга етказиб боришолмади, ярим йўлда узилиб қолди. Кейин суд-тиббиёт таҳлилида аён бўлди – бетон зинанинг қиррасига текканида бўйнидаги аллақандай томир узилиб кетган экан. Бунга ачинмабдими, афсусланмабдими? Шапалоқ тортганига пушаймон бўлмабдими? Қарта, қимор деган балоларни ўйлаб топганларнинг аждоду жаддодлари шаънига “ёғли” ҳақоратлар ёғдирмабдими? Ичкиликка ружу қуйгани учун ўзини ўзи лаънатламабдими?.. Ўн тўрт йилу, етти ой афсусланди, андуҳ чекди. Шунча умри турманинг нимқоронғи, зах хоналарида ҳайф кетди-ку. Бу жазолар камми? Аслида қисқароқ муддатга ҳукм қилдиришнинг йўли, чораси ҳам бор экан, қамоқда айтишди: эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жиноят деб, ҳатто “Ўзини ҳимоя қилган” деган модда қўйиш ҳам мумкин экан. Рақиби аввал қўл кўтарувди, бунга гувоҳлар ҳам бор эди. Лекин бу нарсалар унинг хаёлигаям келмаган ўшанда. Адвокат ёллашни ҳам билмабди. “Ҳа, шунақа бўлди, айбдорман”, деб бўйнини қисиб тураверган. Авахтадан қутулиб чиққач қанчалар суюнган эди! Аммо маҳаллада марҳумнинг ўғлига, тўғрироғи, унинг нафрат тўла нигоҳларига кўзи тушган чоғдан бутунлай битмаган, фақат юзаси қотган яраларнинг очилиб кетганини, бу жароҳат азобларидан, маломатлардан қутулиш қийинлигини ҳам, чидашга, тишини тишига босиб сабр қилишга мажбурлигини ҳам англаган эди. Лекин чидашнинг ҳам охири борлигини, сабр косаси ҳам бир куни тўлишини, шунда дунё ташвишларидан, адоғи йўқ изтироблардан безган ожиз бандага фақат бир чора – ҳамма нарсага этак силкиш имкони қолишини, ҳатто жоннинг ҳам ортиқчалик қила бошлашини ўйламаган экан… Аммо… У ҳозир шимининг почалари шудрингдан шилта бўлганини ҳам пайқамасди. Ўрик остига яқинлашаркан, тиззалари қалтираётганини сезди ва нигоҳлари билан кеча қўл-оёқлари тирноғини олиш баҳонасида қолдириб чиққан қўлбола курсичани қидира бошлади. Курсича негадир кўринмасди. Белидаги арғамчини ечишга тутинган бармоқлари титрар, юраги эса бесаранжом гупилларди.
Ёмғир тезлаб борар, у жуда майин, ёқимли ва… ҳузурбахш эди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев