Пиелонефрит — ўткир ва сурункали тури, аломатлари, асоратлари, ташхислаш ва даволаш
Пиелонефрит — турли хил бактериялар туфайли ривожланадиган буйрак инфектсион касаллигидир. Ўткир ва сурункали пиелонефрит билан оғриган беморлар урологик беморларнинг деярли 2/3 қисмини ташкил қилади. Пиелонефрит ўткир ёки сурункали шаклда кечиши, бир ёки иккала буйракни зарарлаши мумкин. Сурункали пиелонефритда касалликнинг аломатларсиз ёки унча сезилмайдиган белгилар билан кечиши кўп ҳолларда беморларни ушбу касаллика нисбатан бефарқ бўлишига олиб келади, улар касаллик жиддийлигини етарлича баҳолай олмайдилар ва даволашга жиддий ёндашмайдилар. Пиелонефритни ташхислаш ва уни даволаш нефролог шифокор томонидан амалга оширилади. Пиелонефрит ўз вақтида даволанмаса, у буйрак етишмовчилиги, карбункул ёки буйрак абстсесси, сепсис ва бактериал шок каби жиддий асоратларга олиб келиши мумкин.
Пиелонефрит сабаблари
Ушбу касаллик ҳар қандай ёшда пайдо бўлиши мумкин. Пиелонефрит қуйидаги даврларда ривожланади:
7 ёшгача бўлган болаларда (пиелонефрит учраши эҳтимоли болаларнинг анатомик тузилишидаги хусусиятлари туфайли ошади);
18-30 ёш орасидаги ёш аёлларда (пиелонефрит жинсий фаолиятнинг бошланиши, ҳомиладорлик ва туғиш билан боғлиқ);
Кекса экакларда (простата бези аденомаси туфайли сийдик чиқариш йўллари обструктсиясида).
Сийдик нормал оқимига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай органик ёки функтсионал сабаблар касаллик ривожланиш эҳтимолини оширади. Пиелонефрит кўпинча сийдик-тош касаллиги билан оғриган беморларда пайдо бўлади.
Пиелонефрит ривожланишига туртки бўлувчи салбий омилларга қандли диабет, иммунитет бузилишлари, сурункали яллиғланишли касалликлар ва тез-тез совқотиш киради. Баъзи ҳолларда (одатда аёлларда) пиелонефрит ўткир систитдан кейин ривожланади.
Касалликнинг аломатларсиз кечиши сурункали пиелонефритнинг кеч ташхисланишига сабаб бўлади. Беморлар буйрак функтсияси бузилиб бўлганидан кейин даволанишни бошлашади. Касаллик кўпинча сийдик-тош касаллигига чалинган беморларда учрайди, шунинг учун бундай беморларга ҳатто пиелонефрит белгилари кузатилмаганда ҳам махсус терапия керак бўлади.
Пиелонефрит аломатлари
Ўткир пиелонефрит учун касалликнинг тўсатдан намоён бўлиши ва тана ҳароратининг 39-40 °C гача ошиши хосдир. Гипертермия кўп терлаш, иштаҳанинг йўқолиши, кучли ҳолсизлик, бош оғриғи, баъзан кўнгил айниши ва қайт қилиш билан бирга кечади. Ҳароратнинг кўтарилиши билан бир вақтда бел соҳасида ўтмас оғриқ (одатда бир томонлама) пайдо бўлади. Жисмоний кўрикда бел соҳаси босиб кўрилганда оғриқ намоён бўлиши кузатилади (Пастернатский аломатининг ижобийлиги). Ўткир пиелонефритнинг асоратланмаган шакли сийдик чиқаришдаги бузилишларга олиб келмайди. Сийдик лойқа бўлади ёки қизғиш тус олади. Лаборатор сийдик таҳлилида бактериурия, бироз протеинурия ва микрогематурия аниқланади. Умумий қон таҳлили лейкоситоз ва ЭЧТ ошганини кўрсатади. Тахминан 30% ҳолларда қоннинг биокимёвий таҳлили натижасида азотли шлакларнинг ортганлиги аниқланади.
Сурункали пиелонефрит кўпинча даволанмаган ўткир шаклдаги касалликнинг оқибатидир. Шунингдек бемор анамнезида ўткир пиелонефрит бўлмай туриб, бирдан бирламчи сурункали пиелонефрит ривожланиши мумкин. Баъзан сурункали пиелонефрит сийдик таҳлиллари натижасида тасодифан аниқланади. Сурункали пиелонефрит билан оғриган беморлар кўпинча заифлик, иштаҳанинг пасайиши, бош оғриғи ва тез-тез сийдик чиқаришдан шикоят қилади. Баъзи беморларни совуқ, нам ҳавода кучаядиган бел атрофидаги тўмтоқ оғриқ безовта қилади. Икки томонлама сурункали пиелонефритнинг ривожланиб бориши билан буйрак фаолияти бузилади, бу эса сийдик солиштирма оғирлигининг ортишига, гипертония ва буйрак етишмовчилигига олиб келади. Сурункали пиелонефритнинг ўткирлашганини кўрсатувчи белгилари ўткир шаклдаги касаллик клиник тасвирлари билан мос.
Пиелонефрит асоратлари
Икки томонлама ўткир пиелонефрит ўткир буйрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин. Энг оғир асоратларга сепсис ва бактериал шокни мисол қилса бўлади.
Баъзи ҳолларда ўткир пиелонефрит паранефрит каби асоратга олиб келиши мумкин. Шунингдек апостеноматоз пиелонефрит (буйракнинг пўст моддасида ва юзасида бир неча кичик йирингли пуфакчаларнинг шаклланиши), буйрак карбункули (кўпинча кичик ярачаларнинг бирлашиши натижасида юзага келади, йиринг-яллиғланишли, мекротик ва ишемик жараёнларнинг мавжудлиги билан тавсифланади), буйрак абстсесси (буйрак паренхимасининг емирилиш) ва буйрак косачаларининг некрози ривожланиши мумкин. Буйракда йирингли-деструктив ўзгаришлар кузатилганда буйрак жарроҳлигини амалга ошириш талаб этилади.
Агар касаллик даволаснмаса, йирингли-деструктив пиелонефритнинг терминал босқичи бошланади. Бунда пионефроз ривожланади, бунда буйрак бутунлай йирингли емирилишга дучор бўлади ва сийдик, йиринг ва тўқима парчаланиши натижасида қолган моддалардан ташкил топган бўшлиқли ўчоққа айланади.
Пиелонефрит ташхиси
«Ўткир пиелонефрит» ташхисини қўйиш одатда аниқ клиник белгилар мавжудлиги сабабли нефролог учун қийинчилик туғдирмайди.
Кўпинча анамнезда сурункали касалликлар ёки яқинда ўтган ўткир йирингли жараёнлар мавжуд бўлади. Клиник тасвир пиелтонефрит учун хос бўлган иситма ва бел оғриқлари (кўпинча бир томонлама), оғриқли сийиш ва сийдикнинг ўзгаришидан иборат. Сийдик хира ёки қизғиш тусли бўлади, ўзига хос бадбўй ҳиди мавжуд.
Ташхисни лабораторик тасдиқлаш учун сийдикда бактериялар ва кичик миқдорда оқсил аниқланиши хизмат қилади. Касаллик қўзғатувчисини аниқлаш учун сийдик намунасини бактериял экиш ўтказилади. Ўткир яллиғланиш мавжудлигини умумий қон таҳлилида лейкотситоз ва ЭЧТнинг ошганлиги кўрсатади. Махсус тест тўпламлари ёрдамида яллиғланишига олиб келган микрофлора аниқланади.
Кенг кўламли урография ўтказилганда бир буйракнинг ҳажми катталашгани сезилади. Экскретор урография ортопроба ўтказилганда буйрак ҳаракатчанлигининг кескин чекланганлигини кўрсатади. Апостематозли пиелонефритда зарарланган томонда секретор функтсиясининг камайиши кузатилади (сийдик йўлларининг сояси кечикади ёки кузатилмайди). Карбункул ёки абстсессда экскретор урограммада буйрак контурида бўртишлар, жом ва косачаларида сиқилиш ва деформатсиялар аниқланади.
Пелонефритдаги тизимли ўзгаришларнинг ташхиси буйракларнинг ултратовуш текшируви ёрдамида амалга оширилади. Буйракларнинг консентратсия қобилияти Зимнтский тести ёрдамида баҳоланади. Буйрак-тош касалликлари ва анатомик аномалияларни истисно қилиш учун буйраклар КТ амалга оширилади.
Пиелонефритни даволаш
Асоратланмаган ўткир пиелонефритлар шифохона шароитида урология бўлимида консерватив даволанади. Антибактериал терапия олиб борилади. Препаратлар сийдикдаги бактерияларнинг сезгирлигини ҳисобга олган ҳолда танланади. Яллиғланиш жараёнларини тезда бартараф этиш ва пиелонефритни йирингли-деструктив шаклга ўтишига йўл қўймаслик учун даволаш энг самарали дори билан бошланади.
Дезинтоксикатсия терапияси, иммунитетни мустаҳкамлаш амалга оширилади. Иситма кузатилганда паст оқсилли таркибига эга бўлган парҳез буюрилади, ҳарорат меъёрга келгач бемор ўзида кўп суюқлик сақлаган тўлақонли озиқ-овқат ратсионига қайтади. Иккинчи даражали ўткир пиелонефритни даволашнинг биринчи босқичида нормал сийдик чиқаришга тўсқинлик қилувчи тўсиқлар бартараф этилиши керак. Сийдик чиқариш бузилган ҳолларда антибактериал дори-дармонларни тайинлаш исталган самарани бермайди ва жиддий асоратларни ривожланишига олиб келиши мумкин.
Сурункали пиелонефритни даволаш ўткир шаклдаги касалликни даволаш билан бир хил тамойилларга асосланиб амалга оширилади, лекин у кўпроқ вақт ва меҳнат талаб қилади. Сурункали пиелонефритни даволаш қуйидаги терапевтик усулларини ўз ичига олади:
Сийдик чиқишига тўсқинлик қилувчи ёки буйрак қон айланишининг бузилишига олиб келган сабабларни бартараф этиш;
Антибактериал терапия (даволаш микроорганизмларнинг сезгирлигини ҳисобга олган ҳолда белгиланади);
Умумий иммунитетни нормаллаштириш.
Тўсиқлар мавжуд бўлганда сийдикнинг нормал ўтишини тиклаш керак. Сийдик чиқариш оқимини тиклаш жарроҳлик амалиёти орқали оширилади (нефроптозда нефропексия, буйраклар ва сийдик йўллари тошларини олиб ташлаш, простата бези аденомасини олиб ташлаш ва бошқалар). Кўп ҳолларда сийдик йўлини тўсаётган тўсиқларни бартараф этиш узоқ муддатли ва ишончли ремиссияга эришишга имкон беради.
Сурункали пиелонефритни даволашда антибактериал препаратлар антибиотикограммани ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Микроорганизмларнинг сезгирлиги аниқлангунча кенг миқёсли таъсир доирасига эга антибактериал препаратлар қўлланилади.
Сурункали пиелонефритли беморлар камида бир йил давом этадиган узоқ муддатли тизимли даволанишни талаб қилади. Даволаш узлуксиз 6-8 ҳафта давом этадиган антибиотиклар билан бошланади. Бу усул буйракда йирингли жараёнларни асоратларсиз бартараф қилиш ва чандиқ тўқималар ҳосил бўлишини олдини олиш имконини беради. Буйрак функтсияси бузилган бўлса, нефротоксик антибактериал дориларнинг фармакокинетикасини доимий назорат қилиш талаб қилинади. Агар керак бўлса иммунитетни мустаҳкамлаш учун иммуностимулятор ва иммуномодулаторлардан фойдаланилади. Ремиссияга эришилгач, беморга узилишлар билан антибактериал терапия курслари берилади.
Ремиссия даврида сурункали пиелонефритли беморларга санаторияларда даволаниш тавсия этилади. Терапиянинг мажбурий давомийлигини эсдан чиқармаслик керак. Шифохонада бошланган антибактериал даво амбулатория шароитида давом эттирилиши керак. Қўшимча даволаш усули сифатида фитотерапия қўлланилади.
Google play'dan ko'chirib oling:Buyrak kasalliklari
https://play.google.com/store/apps/details?id=com.buyrak_kasalliklari.davolash
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев