Бронхиал астма
Бронхиал астманинг типик ва характерли белгиси — нафас бўғилиш хуружларидир. Айрим касалларда нафас бўғилишдан олдин томоқ қирилиши, бурун қичишиши, аксириш, йўтал, айниқса нафас олиш оғирлашади. Сўнгра нафас қиса бошлайди, айниқса нафас чиқариш қийинлашади. Қуруқ йўтал хуружи тутади ёки у бироз балғамли бўлиб, ўпкада яллиғланиш белгилари эшитилади. Бронхиал астма сурункали касаллик бўлиб, вақти-вақтида беморнинг аҳволи оғирлашади, айрим ҳоллардагина бемор ўзини бироз енгил ҳис қилади. Хуруж пайтида ўпкада кўплаб қуруқ хириллаш эшитилади.
Хуружларнинг оғирлигига кўра касалликнинг енгил, ўртача ва оғир кечадиган турлари тафовут этилади. Бронхиал астманинг биринчи босқичида бўғилиш хуружлари енгилроқ ўтади, касаллик аниқ намоён бўлади, аммо рўйи рост бронхит аломатлари кўпинча астмали бронхитни пайдо қилади. Касалликнинг иккинчи босқичида доимий нафас қисади, натижада оғир бўғилиш хуружлари пайдо бўлади. Ўртача оғирликдаги хуружларда ҳам бир қадар нафас бўғилиши ва тери қопламаларининг оқариши кузатилади. Нафас шовқинли, хириллаш аниқ эшитилади. Бронхиал астманинг анча оғир босқичида тасвирлаб ўтилган аломатлар янада кескинроқ ифодаланади. Бемор бирор нарсага суяниб ўтиришга мажбур бўлади, чунки шундай ҳолат унинг нафас олишини бирмунча енгиллаштиради. Тери нам, оқарган бўлади. Нафас олдинига тезлашади, кейин камаяди, ҳуштаксимон хириллаш узоқроқдан ҳам эшитилиб туради. Беморнинг умумий аҳволи оғирлашади, мажбурий ҳолатни олади, ҳаракатлари чекланади, юрак ритми бу-зилади, оёқларида шиш пайдо бўлади.
Астмага чалинган аксарият касалларда хуруж йилнинг маълум вақтларида тутади. Бу кўпинча ўсимлик ва дарахтларнинг гуллаш даврига тўғри келади. Масалан, баҳор фаслида астма гуллаган ўсимлик ва дарахтларнинг гулчанги аллергенлари, ёзда ҳар хил бошоқли ўтларнинг аллергенлари, кузда — бегона ўтлар туфайли содир бўлади. Агар бу пайтга келиб зах, нам об-ҳаво шароитида яшаса, турли хил моғор замбуруғларнинг аллергенлари таъсири ҳам қўшилади, деб хулоса чиқариш мумкин.
Бронхиал астманинг ўткир хуружини одатда адреналин, эфедрин, эуфиллин препаратларини укол қилиш билан тўхтатилади. Беморнинг аҳволига қараб дори-дармонларни организмга турли йўллар билан юбориш (ичириш, тери остига, венага юбориш, нафас йўли орқали) мумкин. Астманинг ўртача ва оғир турларида беморларни касалхонанинг реаниматсия ёки даволаш бўлимларига жойлаштирилади.
Касаллик оғир кечаётганда ва барча чора-тадбирлар самара бермаганда астма хуружини тўхтатиш учун кортикостероидларни (преднизолон типидаги гормонал препаратлар, триамсиналон ва бошқаларни фақат кичик дозаларда суткасига 20—25 мг) қўллаш тавсия этилади.
Кейинги вақтларда физиотерапевтик даволаш методлари — ултратовуш, УВЧ, электрофорез ва бошқалар кенг қўлланилмоқда. Бронхиал астма билан оғриган беморларни курортларда даволаш комплекс даво усулларидан бири ҳисобланиб, асосан тоғли курортларда (Кисловодск, Налчик ва бошқа) ҳамда денгиз (Алушта, Ялта каби) курортларда ўтказилади.
Қатор мамлакатларда (МДҲ, Полша) бронхиал астманинг дастлабки босқичларини (айниқса, болаларда) даволаш учун ишлатилган тузли шахталардан фойдаланилмоқда. Уларнинг яқинига иқлим билан даволовчи санаторийлар бунёд этилган ва уларда даволаш ишлари катта муваффақият билан олиб борилмоқда.
Беморларни курорт шароитида даволашни бошқа соғломлаштирувчи тадбирлар комплекси билан бирга ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
Бронхиал астмани даволашда даво гимнастикасига катта аҳамият берилмоқда ва у ҳамма ёшдаги беморлар учун даволаш комплексининг зарурий қисми бўлиб ҳисобланади. Даво гимнастикаси бузилган нафас функсиясини тиклашга ёрдам беради, балғам кўчишини осонлаштиради, ўпка эмфиземасининг ривожланишини ёки кўкрак қафаси ва умуртқа поғонасининг нотўғри ўсишининг олдини олади, организмнинг қаршилик кўрсатиш қобилиятини оширади, нерв системасини мустаҳкамлайди. Даво физкултураси формаларининг даво гимнастикаси, дозаланган юриш, гигиеник гимнастика шаклларидан фойдаланилади.
Даво гимнастикаси методикасининг ўзига хос хусусияти махсус нафас машқларини бажаришдан иборатдир. Гимнастикадан ташқари кўкрак қафасини массаж қилиш, сузиш, уйқу олдидан сайр қилиш ҳам фойдалидир. Қуёш ванналарини қабул қилиш тавсия этилмайди. Хуружлар тутмаётган пайтда ва касал ўзини яхши ҳис қилаётганда сузиш, конкида учиш, чанғида юриш, эшкак эшиш, туризм, яқинроқ масофаларга саёҳат қилиш соғайиб кетишга анча ёрдам беради.
Профилактик тадбирлар турмуш ва меҳнат шароитларни яхшилашга, чекишни бутунлай ташлашга, хона ҳавосини доимо тоза сақлашга қаратилиши керак. Меҳнат ва дам олишни тўғри ташкил этиш, организмни чиниқтирувчи воситалардан оқилона фойдаланиш лозим.
Аллергияга мойил одамлар химик, фармасевт бўлиб ишламасликлари, улар фармасевтика заводларида, нонвойхоналарда, табиий ипак, пахта тозалаш, жун тўқиш ва бошқа завод ва корхоналарда ишлашлари тавсия этилмайди.
Кейинги пайтларда болаларда ҳам бронхиал астма тез-тез учрайдиган бўлиб қолди. Одатда болалар астма билан 2—4 ёшларида оғрийдилар. Болаларда астманинг дастлабки белгилари кўпинча астма олди кўринишида юзага чиқади ва аллергик кўринишлари (диатез, эшакем ва ҳоказо) нафас олиш йўлларининг қайта касалланиши билан характерланади. Болаларда бронхиал астма хуружлари формасидан қатъи назар, одатда бир неча соат ёкй кун мобайнида аста-секин ривожланади, шунга қараб хуруж аломатлари даврини ажратиш мумкин. Яъни хулқатвор ўзгаради (қўзғолиш, ҳаддан ташқари ҳаракатчанлик ёки аксинча, бўшашиш, уйқучанлик), аллергик характердаги тумов, бурун қичишиши, аксириш пайдо бўлади ва бетиним йўтал тутади, салга нафас қисади. Кейинчалик аҳвол оғирлаша боради ва унинг олди олинмаса, бўғилиш хуружлари кўринишидаги астма ривожланиб кетади. Хуруж вақтида бола ўзига қулай ҳолатда ўтиришга ҳаракат қилади, кўзи ва юзидан қўрқув аломатлари сезилиб туради, қорачиқлари катталашиб кетади. Териси оқиш-кулранг, оғиз атрофи кўкариб кетади. Бўғилиш хуружлари тутиб қолган болаларга ҳам худди катталардаги каби даво чоралари кўрилади.
Болаларда бронхиал астмани профилактика қилиш ҳар хил аллергенларга организм сезгирлигини камайтириш ва нафас органлари касалликларининг олдини олишдан иборатдир.
Ёшликдан чиниқиш ва физкултура билан шуғулланиш, диатезни, болалар экземасини эрта аниқлаш ва даволаш, таркибида овқат аллергенлари сақлайдиган озиқ-овқат (шоколад, ситрус мевалари, тухум ва бошқа) ларни истеъмол қилмаслик керак. Профилактик эмлашларга монелиқ бўлган ҳолларда эмламаслик ва астманинг илк босқичида болаларни тўғри даволаш ушбу касалликка қарши курашдаги асосий даво профилактика тадбирлари ҳисобланади.
Гўдак ёшдаги (1 ёшгача) болалардаги аллергия бир қатор хусусиятлари билан ажралиб туради. Янги туғилган ва гўдак болалар организми айниқса ҳаётининг биринчи йилларида ҳали касалликларга қарши кураша олмайди. Бироқ, кўп ҳолларда бундай болаларда диатез, экзема типидаги аллергиккасалликлар содир бўлади. Бундай ҳолларда ҳомиланинг она қорнида қандай шароитда ривожланганлиги, онанинг соғлиғи, қандай касалликлар билан оғригани, туғруқнинг кечиши, рнанинг овқатланиши, унинг организмига ташқи муҳитнинг, жумладан, касбга доир зарарли омилларнинг таъсир этган-этмаганлиги алоҳида аҳамиятга эга. Она организми ва ҳомиланинг ҳар хил ташқи муҳит омилларига ўта сезгирлиги бир вақтда пайдо бўлиши мумкин, чунки она ва ҳомила организми ўзаро бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлади.
Аллергенлар ҳомила организмига пласентар тўсиқни енгиб, қон орқали, чақалоқ организмига эса тери, нафас ёки меъда-ичак йўллари орқали ўтади. Ҳомила ёки бола организми секин-аста маълум бир бегона моддаларга (аллергенлар) сезгирлиги орта боради ва пировардида унда аллергия содир бўлади.
Гўдак ёшидаги болаларда аллергик касалликлар ва реаксияларнинг олдини олишдаги асосий принсип ҳомиладор аёл ва эмизакли онанинг тўғри овқатланишини йўлга қўйишдир. Ҳомиладорлигида ҳаддан ташқари кўп овқатланган аёлларнинг болаларида аллергик касалликлар белгилари (экссудатив диатез, бронхиал астма, юқумли-аллергик характерга эга бўлган томоқ шиши ва ҳоказо) бўлиши илгаридан маълум. Шунинг учун ҳомиладор аёл ва эмизикли онанинг овқатланиш қоидаларига тўғри амал қилишлари катта аҳамиятга эга.
Айниқса ҳомиладор аёллар ва эмизикли оналар товуқ тухуми ва ҳаддан ташқари кўп овқат истеъмол қилмасликлари лозим. Қайнатилган сигир сутини кунига 0,5 л дан ортиқ ичиш тавсия этилмайди, чунки сутни (10 минутдан ошиқ) қайнатганда аллергия пайдо қиладиган биологик актив моддалар парчаланади.
Ҳомиладор аёллар (ҳам она, ҳам ҳомила) организми учун ниҳоятда зарур бўлган калсий, фосфат препаратларини мунтазам олиб туришлари лозим. Организм сезгирлигини оширадиган, таркибида кўп миқдорда оқсил ва бошқа моддалар сақлайдиган пишлоқни бир суткада 30 г гача чегаралаш, ситрус меваларидан тайёрланган шарбатларни (мандарин, апелсин, лимон ва ҳоказо) овқат ратсионидан чиқариб ташлаш зарур. Парҳез таомлар турли-туман, яхши ҳазм бўладиган, таркибида етарли миқдорда витаминлар ва зарур моддалар сақлаган бўлиши керак.
Гўдак болаларнинг меъда-ичак фаолиятининг нормал ишлаши уларда аллергияни, айниқса овқат аллергиясининг олдини олишда катта аҳамиятга эга эканлигини унутмаслик зарур.
Диспепсия, ичак фаолиятининг бузилиши, қабзият кабилар овқат аллергияси пайдо бўлишига қулай шароит яратади. Гўдак ёшидаги болаларда овқат аллергиясини профилактика қилишдаги муҳим йўл уларни фақат она сути билан боқиш ҳисобланади. Донор сути бунга кафиллик беролмайди, чунки бундай сут сифатини назорат қилиш қийин. Улар бошқа бола учун юқори таъсирчан бўлган аллерген сақлаши мумкин.
Гўдак ёшидаги болаларни сунъий овқатлантириш учун сигир сутидан тайёрланган овқат аралашмалари асосий маҳсулот ҳисобланади. Бундай аралашмаларнинг аллергик таъсирини камайтириш учун уларга тенг ярим миқдорда сув қўшиб суюлтирилади ёки қатиқ билан ачитилади. Бу даврдаги болаларга қўшимча овқат сифатида сабзавотлардан тайёрланган пюре ва турли бўтқаларни камроқ миқдорда бериш тавсия этилади. Химиявий таркиби бўйича сигир сутига соя унидан тайёрланган соя сути анча яқин.
Чақалоқларда ўта сезгирликни камайтириш учун қўлланиладиган гамма-глобулин ва плазма каби препаратларни иложи борича ишлатмаслик керак. Чақалоқларда аллергия пайдо бўлиши кўпинча улардаги умумий касалликларга боғлиқ. Тез-тез шамоллаш касалликларига чалиниб туриш (юқимли касалликларни айтмаса ҳам бўлади) бола организми сезгирлигининг ошиб кетишига олиб келади, яъни организмни аллергик реаксиялар, аллергик касалликларга «тайёрлайди». Бундай ҳолларда умумий чиниқтирувчи тадбирлар, массаж, тоза ҳавода етарлича бўлиш, дам олиш, болани парвариш қилишда гигиена қоидаларига амал қилишни ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Сурункали юқумли касалликлар (сурункали тонзиллит, тиш кариеси, синуситлар) ни ўз вақтида даволаш уларни тезда соғайиб кетишларида муҳим аҳамиятга эга.
Аллергик касалликларга айниқса мойиллиги бўлган болаларнинг (янги туғилган ёки эмадиган!) яшаш шароитига алоҳида аҳамият бериш керак. Касал бола яшайдиган уйда кераксиз уй-рўзғор буюмлари, айниқса жун ва мўйнали нарсалар бўлмаслиги, хоналар ёруғ ва ҳавоси тоза, ниҳоятда озода сақланиши керак. Уй чанги анча хавфли, чунки унинг таркибида жун, майда соч, қасмоқ каби организмнинг сезгирлигини оширадиган моддалар бўлади. Улар бола юқори нафас йўлларига ёки нозик терисига тушганда тез таъсир қилади. Шунинг учун уйжой, рўзғор асбобларини, мебел жиҳозларини пол, гилам, полослар, дераза токчаларини , ойналарни доимо намлаб артиб туриш даркор.
Уларни кўтариб йиғиштираётган пайтда бемор болани ташқарига — ҳовлига олиб чиқиш ва уйни яхшилаб шамоллатиш лозим. Боланинг ўйинчоқларини ҳар куни нам латта билан артиш ёки ювиб туриш керак.
Тукли, газламадан, сунъий, губка ва бошқа ювилмайдиган материаллардан ишланган ўйинчоқларни таш-лаб юбориш зарур, чунки улар чанг йиғади.
Бола ётган уйда кийиниб-ечиниш мумкин эмас, чунки бу чанг ажралиб, уй ҳавосини ифлослаши мумкин. Уйда уй ҳайвонлари бўлса, уларни боланинг олдига қўйиш мумкин эмас.
Бола терининг аллергик касаллигига дучор бўлган бўлса (болалар экземаси, экссудатив диатез), унинг бадан терисини ниҳоятда озода тутиш зарур. Ушбу касалликларнинг зўрайиб кетишииинг олдини олиш мақсадида бола терисини патлар, мўйна, жониворларнинг юнги, жун, ипакдан тўқилган материаллар, сунъий толалардан эҳтиёт қилиш керак. Бундай материалларни мебел анжомларидан ва ўйинчоқлардан олиб ташлаш лозим. Пар ёстиқларни, патларни чанг ўтказмайдиган қалин материалдан тикилган ёстиқ жилдларига жойланади. Жун адёлларга албатта ип-газламадан тикилган жилдлар кийгизилади. Кўрпа-ёстиқ, чойшаб, жилдлар ипгазламадан ёки зиғир толасидан тўқилган матодан тикилган бўлиб, яхши ювилган ва дазмолланган бўлиши керак. Юқорида кўрсатиб ўтилган материалларнинг бола терисига тегиб турмаслиги учун, аввал болага бевосита ип-газлама ёки зиғир толасидан тикилган ички кийим қийгизилади ва шундан кейингина устидан юқорида айтиб ўтилган матолардан тикилган кийим кийгизиш мумкин.
Билак, бўйин ва бошқа бўғимлар атрофидаги терини айниқса эҳтиёт қилиш лозим, чунки терининг шу жойлари кўпроқ ишқаланади. Болани сайр қилдираётганда, парвариш қилаётганда, у билан ўйнаганда терисига юқорида кўрсатилган матодан тикилган катта кишиларнинг кийимлари тегиб кетишидан эҳтиёт қилиш зарур.
Болани ювинтирганда шампун, юқори сифатли совун турларидан фойдаланмаслик керак.
Яхшиси, махсус болалар совунидан фойдаланиш лозим.
Ташқи муҳитнинг зарарли омиллари қаторига инсектитсидлар, уй-рўзғор химияси буюмлари, ҳар хил ёт ҳидлар киради. Инсектитсидлардан ва уй-рўзғор химияси буюмларидан (лаклар, полироллар, суюқ синтетик тозаловчи воситалар ва бошқалар) яхшиси, болалар уйда бўлмаганда, масалан, у шаҳардан ташқарига сайлга ёки қариндошиникига кетган вақтда фойдаланиш мумкин. Ҳидларга келганда, улар бола турадиган уйга ошхонадан ўтмаслиги, шу жумладан, тамаки тутуни, ҳар хил тозаловчи синтетик суюқликлар, бензин ҳамда парфюмерия ва бошқа кучли ҳид тарқатувчи моддаларнинг бўлмаслигига эътибор бериш керак. Болаларда айрим дори моддаларга нисбатан сезгирлик юқори бўлса, бу дориларни қайта қўллаш тавсия этилмайди, булардан ниҳоятда зарур ҳоллардагина (бола саломатлиги учун) фойдаланиш мумкин. Дори препаратлари, айниқса антибиотикларга болалар сезгирлигининг қай даражада эканлигини аниқлаш учун аллергология кабинетларининг хизматидан фойдаланиш зарур.
Google play'dan ko'chirib oling:Allergiya va uni davolash
https://play.google.com/store/apps/details?id=com.allergiya.davolash
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев