Тарк этмасин меҳр-у муҳаббат,
Йўқлаб турсин бизни оқибат,
Дийдор ширин, дийдор ғанимат
Бир-биримиз йўқлаб турайлик.
Мол-у дунё ўткинчи, ҳавас,
Қора зулмат туйнуксиз қафас,
Муҳаббатга у лойиқ эмас
Бир-биримиз йўқлаб турайлик.
Танимизда омонат жондир,
Бу дунёга ҳамма меҳмондир
Савоб айла, дилни қувонтир
Бир-биримиз йўқлаб турайлик.
Кўзимизни босмасин ғафлат,
Ҳар сония олтиндан қиммат,
Инсон азиз, инсон ғанимат
Бир-биримиз йўқлаб турайлик.
Мисоли бир отилгандек ўқ
Бугун бормиз, балки эрта йўқ...
Хотиржам-у кўнгил бўлиб тўқ
Бир-биримиз йўқлаб турайлик.
Кимга дўзах, кимгадир жаннат,
Насиб бўлар бир куни албат,
Ҳал бўлади охир қиёмат
Бир-биримиз йўқлаб турайлик.
Тарозининг палласи гувоҳ,
Айро бўлар савоб-у гуноҳ,
Охиратдан ато эт Аллоҳ
Бир-биримиз йўқлаб турайлик...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев