Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам истиғфор айтишда бир неча лафзларни ишлатганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Зайддан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа иллаа ҳувал ҳаййул қоййум, ва атуубу илайҳ» (Ўзидан ўзга илоҳ бўлмаган, Ҳайюл Қойюм бўлган Аллоҳга истиғфор айтаман ва У Зотга тавба қиламан) деса, ҳатто жангдан қочган бўлса ҳам, унинг гуноҳлари кечирилади», дедилар.
Имом Абу Довуд ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир мажлисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Роббиғфирлий ва туб ъалайя, иннака антат-Тавваабур-Роҳим» (Роббим! Мени мағфират қил, тавбамни қабул қил, ахир Сен тавбаларни қабул қилувчисан, раҳмдилсан) деб юз марта айтганларини санаганмиз».
Абу Довуд «Сунан»да ривоят қилган.
Барчамиз бир қулмиз, бандамиз. Банда сифатида Роббимизнинг бу буюк исмига нима алоқамиз бор? Бу алоқа шундан иборатки, Аллоҳ таоло гуноҳларни кўплаб кечирувчи Зотдир, шундай экан, биз ҳам бошқаларнинг хатосини кечиришни унутмайлик.
Дўстингиз бирор гуноҳга ботиб қолса, мўмин бўлсангиз, буни ҳеч кимга айтманг. Аллоҳнинг ал‑Ғаффор исмини биламиз. Аллоҳ бизнинг гуноҳимизни кечиргани каби, ўзимиз ҳам биродаримизнинг айбини кечириб, гуноҳларини яширишимиз шарт.
Аллоҳнинг ал‑Ғаффор исми бизни У Зотдан мағфират сўрашга ундаши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбуб дуолардан бири «Аллоҳумма! Иннака ъафуввун, туҳиббул ъафва, фаъфу ъанний» (Аллоҳим! Сен афв қилгувчисан, афв қилишни яхши кўрасан. Мени афв этгин) деган дуо эди.
Мўмин кишининг ал‑Ғаффор исмидан оладиган насибаси – Аллоҳ яширган гуноҳни бошқалардан яшириш, мўмин ёки ғайримуслим бўлишидан қатъи назар, одамларнинг яширилган гуноҳларини ошкор қилмаслик, одамларнинг камчиликларини кечиришдир.
Аллоҳ таоло барчамизга тавбаи насуҳни, гуноҳларимиздан батамом қайтишни, афсус-надомат чекиб, бу гуноҳларга ҳеч қачон қайтмаслигимизни насиб этиб, Ўзининг Ғаффор сифати ила мағфиратига, раҳматига олсин, омин!
(Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлари" номли асари асосида Анвар Аҳмад
таржимаси)
@Кўнгил_халовати
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев