Ғийбатчининг ғийбатидан бирор кишини ҳимоя қилиш осон иш эмас, чунки ғийбатчи бундай ҳолатда ҳимоя қилувчини ҳам тинч қўймайди, балки ўзини оқлаш, ғийбат қилинувчини қоралаш учун энди у туҳмат-бўҳтонга ҳам ўтиши ва ҳаттоки ҳимоя қилувчининг ўзига ҳам ҳужумга ўтиб қолиши мумкин. Агар у ғийбатчи ҳадиси шарифда айтилганидек, мунофиқ бўлса-чи? У ҳолда бу хавф яна бир неча баробар ошади. Чунки мунофиқ одам қандай йўл билан бўлса ҳам мўминларнинг ва уларнинг ҳимоячиларининг обрўсини тўкишга, бошқалар олдидаги уларнинг обрў-эътиборини йўқотишга ҳаракат қилади. Мўминни мунофиқнинг ғийбатидан ҳимоя қилувчига
«Қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади».
Чунки у инсон ўзининг диндоши бўлмиш бир мўминни унинг шаънига отилаётган туҳмат, бўҳтон ва ғийбат тошларидан ҳимоя қилди. Шунинг учун Аллоҳнинг Ўзи қиёмат куни ҳимоя қилувчи фариштаси билан уни ҳимоя қилади.
«…Кимки бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан кайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради».
Мўминни сўкиш, уни ғийбат қилиш ўта қабиҳ ишлардан бўлгани учун Аллоҳ таоло бундай кимсани қиёмат кунида жаҳаннам кўприги устида ушлаб туриш билан жазолайди. Бу жазонинг энг оғир турларидан биридир, чунки доимий ҳолатда кўприкдан йиқилиб, жаҳаннамга тушиш хавфи билан туриш осон иш эмас, лекин бундан қутулишнинг чораси ҳам бор.
«Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) куни келишидан олдин ҳаққини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг яхшиликлари ҳақдорга олиб берилади. Агар яхшиликлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади» (Муттафақун алайҳ).
У ғийбатдан, ҳақоратдан қайтиши, тавба қилиши керак. Уламоларимиз бундай гуноҳларни бировнинг ҳаққига қилинган хиёнат деб ҳисоблайдилар. Бундан тавба қилишни эса қуйидагича таърифлайдилар.
Агар ғийбат ғийбат қилинган кишига етиб бормаган бўлса, ғийбат қилувчи қилган ишига надомат, пушаймон, афсус чекиши ва бошқа бундай гуноҳга қайтмасликка азму қарор қилиши лозим.
Агар ғийбат ғийбат қилинган кишига етиб борган бўлса, унинг ҳузурига бориб, ундан кечирим сўраши ва у инсон буни кечириши шарт қилинади. Қолаверса, уни қаерда ва қандай жамоатда ғийбат қилган бўлса, айнан ана шу жойларда энди у инсонни мақташи ва уни ёмон гап-сўзлар билан ғийбат қилганини айтиб, тавба қилганини эълон этиши керак.
Аксинча, ғийбатчини қилаётган гуноҳидан қайтариш ўрнига унинг гапларига қулоқ солган, эшитган киши уни тасдиқлаган бўлади ва унга шерик ҳисобланади. Унинг гапини тили билан инкор килсагина, гуноҳидан қутулади. Агар очиқ инкор қилишдан қўрқса, қалби ила инкор қилсин ва гапни бошқа тарафга буришга ёки туриб кетишга ҳаракат қилсин.
( ДАВОМИ бор )
@Кўнгил_халовати
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев