Ҳижрий – қамарий тақвимнинг еттинчи ойи Ражаб бўлиб, у ҳаром ойларнинг биридир. Бу муборак ойга боғлиқ бир неча маълумотлар бор. Уларнинг баъзилари мазкур ойнинг ҳаром ойлардан бири эканини баён этади.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг», деган (2-оят).
Оятдаги «ҳаром ой»дан мурод Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойларидир. Бу ойларда уруш қилишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Мазкур тўрт ойда агар уруш қилинса, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисоблаш бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида яна: «Аллоҳ Каъбани–Байтул-Ҳаромни, ҳаром ойни, ҳадийни ва осиладиган белгиларни одамлар учун асос қилиб қўйди», деган (97-оят).
Уламоларимиз, ояти кариманинг ушбу жумласини динга ва ҳаж ибодатларига асос қилиб қўйди, деган маънода таъвил қиладилар. Ҳақиқатда ҳам Ислом дини асослари, ҳаж ибодати Маккаи мукаррамага, ҳарамга, Каъбага чамбарчас боғлиқдир.
Ҳаром ойни асос қилиб қўйишига келсак, буни уруш ҳаром қилинган ойлар–Зул-қаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларини яхшилик асоси қилиб қўйилиши деб тушуниш керак. Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар таққа-тақ тўхтаган. Арзимаган нарса учун ўн йиллаб уруш қиладиган баджаҳл араб қабилалари ҳам бу ойлар кириши билан ўзларини тия олар эдилар. Ўғил отасининг қотилини кўриб қолса ҳам, унга бу ойларда бир оғиз сўз айтмас эди.
Бир йилда тўрт ойни урушсиз ой деб эълон қилиш бутун дунё тинчлигини кўзлаб қўйилган ажойиб асос эди. Ҳарамайни шарифайн макон жиҳатидан тинчлик-омонлик минтақаси бўлса, уруш ҳаром қилинган тўрт ой замон жиҳатидан тинчлик-омонлик даври эди.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳажларида хутба қилиб:
«Албатта, замон Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган кунидаги ҳайъатига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин; Зул қаъда, Зул ҳижжа ва Муҳаррам. Ва Жумадо ва Шаъбон орасидаги Музарнинг Ражаби», дедилар».
Учовлари ривоят қилган.
Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида ҳайит куни қилган хутбаларидан бир парча келтирилмоқда.
Ражаб ойининг ҳаром ойлардан бўлгани учун унда нафл рўза тутиш кўп савобга эга бўлишнинг йўлларидан бири ҳисобланади.
@Кўнгил_халовати
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев