Одатда ғийбатчилар ўзлари ғийбат қилаётган инсоннинг айбларини, камчилик ва нуқсонлари ҳақида гапира туриб, «Бу ғийбат эмас, бор гапни айтяпман», дейишади. Бу даъво ва тушунчалари тўғри эмаслигини айнан мазкур ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Афсуски, бу тушунча бизнинг давримиздагина пайдо бўлган эмас, балки саҳобаи киромлар давридан буён давом этиб келяпти. Буни ҳадиси шарифдаги «Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?» деган саволдан ҳам билиб олишимиз мумкин. Яъни ғийбат тўғрисидаги тушунча тўғри бўлмагани сабабли саҳобаларда мазкур савол пайдо бўлган. Жавоб эса ғийбатга оид барча ноўрин тушунчаларга барҳам берган. Мазкур маъно қуйидаги ҳадиси шарифда ўз таъкидини топди.
Хузайфа розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир аёл ҳақида эслаб, «У пакана эди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни ғийбат қилдинг», дедилар».
Ҳужурот сураси 12 оятида эса бундай дейилади:
«…Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир».
Ғийбат энг катта гуноҳлардан биридир. Шунинг учун ҳам у қатъий ҳаром қилинган мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз бандаларига ғийбатнинг қанчалик ёмон иллат эканлигини тушунтириш учун ажойиб бир услубни қўллаган. Яъни ғийбатчининг ғийбати гўёки ғийбат қилинганнинг гўштини ейиш билан баробардир. Одатда инсон ўзи ёмон кўрган кишини ғийбат қилади, бутун борлиғи билан ундан нафратланади. Бу нафратини ғийбат қилиш орқали бошқаларга ошкор қилади. Гўштини ейиш у ёқда турсин, ҳатто у билан ўтиришни ҳам истамайди. Уни шу қадар ҳақир санайдики, қўлидан бирор пиёла чой ичишни ҳам ўзига ор деб билади. Лекин ғийбат қилиши билан гўёки унинг гўштини егандек бўлар экан. Бу эса ҳар қандай соғлом ақлли инсоннинг нафратини қўзғатадиган, мутлақо табиати тортмайдиган ишдир. Ҳаммага маълум бўлган ушбу ҳақиқатни Аллоҳ таоло: «...Ҳа, ёмон кўрасизлар...» деб таъкидламоқда.
( Давоми бор )
@Кўнгил_халовати
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2