( Маҳаллий халқ маршрутка дейди)
Бир аёл ҳайдовчига қараб ўтирган жойида бақираётган экан.
— Мен сизга ўн минг бердим. Сиз минг сўм қайтардингиз! Қолгани қани?
Ҳайдовчи йигит индамади. Аёл яна овозини баландлатиб эслатди. Ҳайдовчи пулининг қолганини ҳам узатиб юборди ҳамки, аёлнинг овози ўчмади
—Нега хато ҳисоблайсиз!? Нега вақтида қайтимини бермайсиз?
—Бердимку! Эрталабдан асабимни бузманг, кечгача ишлашим керак.
—Мен ўйнагани кетяпманми? Биз ҳам ишга кетяпмиз. Сўрамасам, пулимни бериш ниятингиз йўқ! Ээ, бетингдан бузилгур!
Хуллас, ишхонамга етиб боргунимча бу жанжал тўхтамади.
Тўғриси, ҳайдовчига раҳмим келди. "Аёл овозини ўчира қолса-чи?" деб ўтирибман. Орада бир-иккита йўловчилар "Опа, сиз қўя қолинг!"- деяпди, аёл ҳеч кимни эшитаётгани йўқ.
—Шу ерда тўхтатиб юборинг,-деди бир бола.
— Амаки, битта бекат юрдим,- деб икки минг сўм узатди.
—Яна минг сўм!-деди ҳайдовчи
— Ўзи ҳозир чиқдим-ку! Ҳар доим шу пулга келаман
—Мана отнинг қашқасидек қилиб ёзиб қўйганман. Бўл минг сўм бер!
Кейинги сафар яёв юргин, пулини тўлашга чидамасанг.
Болакай тушди ортидан кузатдим. Оқсоқланиб-оқсоқланиб, рўпарадаги дорихонага кириб кетди
Боядан бери бақираётган аёлни энди яхши кўриб қолгандим.
Назаримда, ҳайдовчи шу ҳақоратларга муносиб эди.
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1