12-қисм.
(Сўнги қисм.)
Маъқул хола анча соғайса ҳам бировнинг кўмагига муҳтож эди, шунинг учун иш пайти Меҳрининг хаёли онасидан бери келмайди. Бир томондан тирикчилик ўтказиши, иккинчи томондан уй қуриш учун банкдан олган қарзини узиши керак, Зоҳида “ҳа”, деб тургани билан қайнонаси учун жонини кўп ҳам койитмайди, боз устига қишлоқда, бўш ётган участкалар қайтариб олинармиш, деган миш-миш тарқалгач, Хайрулланинг ичига бурга кирди. Унинг участкаси атрофидаги иморатлар қурилиб, эгалари аллақачон кўчиб кирган, Хайруллага берилган ер чиқиндихонага айланиб қолганидан маҳалладан огоҳлантирувчи хат олганди. Хайрулла тайёр участкани қўлдан кетказишни истамай, уй-жой қуриш тараддудига тушиб, куздаёқ участкасини девор билан ўради.
Меҳри шифохонадан ўз ўрнини топиб, жамоа унга, у жамоага боғланиб қолган бўлса-да, йўлнинг бир қадам узоқлиги ва вақт-бевақт онасидан хабар ололмаганидан кўнгли алағда эди. Шу сабабли касалхонани кўзи қиймаса ҳам ҳеч кимга сездирмай яқин атрофдан иш қидирди. Қишлоқ амбулаторийси терапевт врачи пенсияга чиқаётганини эшитган заҳоти амбулаторийга бориб ишни пишитди, сўнг Улуғовга мақсадини айтди.
–Онангнинг аҳволини кўзим билан кўрмаганимда сени қўйиб юбормасдим, – деди у. – Майли, сенга ўхшаган врачлар қаерда ишламасин ҳурматини топади.
–Раҳмат, устоз, – деди Меҳри ҳам. – Сизлар билан хайрлашиш мен учун оғир, бироқ бошқа иложим йўқ. Ҳаммаси учун катта раҳмат.
Ҳамширалар Меҳрини касалхона дарвозасигача кузатиб қўйишди, қай бирларининг кўзларида ёш қалқиди.
Меҳри эртаси кунданоқ янги жамоада иш бошлади, у энди хотиржам, тушда ҳам онаси билан бирга бўлиш имконияти туғилганди.
Бу йил она-бола қишни ҳеч бир хавотирсиз кутиб олди. Меҳри тайёргарликни олдиндан кўриб, кўмир, ўтин ғамлади, битта хонага печка ўрнатди, иссиқ ва шинамгина уйда ҳузур қилишди, фақат молларига қаров бўлмади. Меҳри вақт-бевақт ишда бўлгани учун баъзан сигири сувсиз, овқатсиз қолди, соғолмай қолган пайтлари ҳам бўлди. У бир гал янгасидан ўзи йўқ пайти молларига емиш ташлаб қўйишни илтимос қилганди, на хўп, деди, на йўқ, индамай уйига кириб кетди. Меҳри унинг, онангга қараганим етмай боз устига молингни ҳам боқаманми, демоқчи эканини тушунди ва шундан кейин хаёлига, молларни сотиш керак, деган фикр келди, ишдан қайтгач бу ҳақда Маъқул холага гап ташлади:
–Она, молларни сотсак нима дейсиз? Биламан, улар сизга керак, лекин қиш келди, емиш оз қолган, у ёқ, бу ёқдан сомонми, кунжарами сотиб олсам ҳам бўлади-ю, барибир вақтида қаролмаяпман.
Маъқул холанинг мол боқишга илгариги шашти йўқ эди, қандай ҳам бўлсин, мол ҳам бир рўзғор бўлса, ўзи тўшакка михланиб қолган, Меҳри ишидан ортмайди, Зоҳидадан нажот йўқ.
–Майлику-я, сут-қатиқдан қийналамиз-да, –деди у.
–Бир сут бўлса ўйламанг, энди ишлаяпман, пулим бор, нариги кўчада турувчи Шерқул аканинг келини билан гаплашдим, ҳар куни бир банкадан сут беради.
–Унда ўзинг биласан.
Она-бола суҳбатлари устига Малика момо келиб қолди.
–Уйда ўтириб зерикдим, Меҳри билан онаси нима қилаяптийкин, деб номозшомни ўқигач, ўтиб келавердим.
–Қани энди оёғимда мадор бўлса, мен ҳам намоз ўқисам, ёшим бир жойга боряпти, эрта-бир кун худонинг олдида нима дейман?
–Намоз ўқиш соғларнинг иши, сиздан гина йўқ, худонинг ўзи аҳволингизни кўриб турибди-ку. Қолаверса, қачон келсам, тасбеҳ ўгириб ўтирасиз, кўнглингизда худо бўлса, шунинг ўзи катта гап.
–Билганимча нималарни такрорлайман, Аллоҳ даргоҳига қабул қилсин, хатоларимни кечирсин.
–Молларни сотмоқчимиз, момо, –Меҳри қарияларнинг суҳбати мавзуини ўзгартирди. –Ишдан қатгунимча қоронғи тушиб, баъзан мол соғилмай қоляпти, янгамни ўзингиз биласиз.
–Онанг кўндими? –Малика момо Маъқул холага қаради.
–Кўнмай иложим қанча, менинг аҳволим бу бўлса, Меҳрига мен ҳам етаман, майли, сотақол, дедим.
Меҳри онасининг кўнглини кўтармоқчи бўлди.
–Балки ёзда яна сотиб олармиз, кунлар узайиб, емиш ҳам кўпаяди..
–Шароитингга қара, болам. Онанг оёқда юрса-ку, қанча мол бўлса ўзи эплаштирарди, худонинг ишига нима ҳам дердинг.
–Шуниси учун ҳам худога минг қатла шукур, момо, онам ўлса нима қилардим?
–Худога айтганинг бор экан, сенинг раҳмингни еди.
–Назаримда онам тамоман бошқа аёлга айланганга ўхшайдилар. –Меҳри онасига меҳр билан тикилди.
–Аввало худо, аммо унинг тузалиши сен туфайли, яхшиям бахтига сен бор экансан, қара, қанақа уй қурдинг, эркаклар бундай иморат қуролмайди. Сенга доим айтаман дейман, эсимдан чиқади, кўз бор, суқ бор, эшигинг тепасида кўзтикан осиб қўй.
–Қўйсангизчи, момо, –кулди Меҳри. –Оддийгина уй, кимнинг ҳам кўзи тегарди, одамлар қаср қураяпти, ахир.
–Одамлар билан нима ишинг бор, сени уйинг ҳам қишлоқнинг олди иморати, айниқса, қиз бошинг билан қурдинг, бирорта аканг ҳа, дейишни билмади.
–Акаларимнинг ҳам ташвиши кўп-да, момо. Улардан гина қилмайман, ҳаммаси ўзи билан ўзи овора, рўзғордор. Мени эса онамдан бошқа ўйловим йўқ. Шамсиддин акам қайнотаси берган уйда турибди, кучи етса ўзи ҳовли қилиб чиқарди. Ғайбиддин акам ичкуёв, Хайрулла акамга ҳам қийин, уй қураман, деб тиним билмай юрибди. Кузда бир амаллаб девор қилди, тўрт-беш сўм пули бор экан, яқинда шифер олиб қўйди. Чамамда баҳордан участкасини бошлайди, қайнотаси тахта-ёғочини тахлаб қўйганмиш.
–Сен, қиз, барибир акаларингнинг тарафини оласан. Бир ҳисобдан шундай қилганинг ҳам яхши.
Малика момо анчагача у ёқ, бу ёқдан суҳбатлашиб ўтирди. Меҳри эртаси кундан молларига харидор излади, бошидан кўп кунларни ўтказгани учун акаларига ишонмади, орадан уч кун ўтиб ҳамкасбларидан бири молларини сотиб олди.
Меҳрининг нияти онасига телевизор олиб бериш эди, у атиги бир кун –бозор куни ишга бормайди, шунда ҳам зерикиб ўзини қўйишга жой тополмайди, онаси бечора кун бўйи уйда ўтиришга маҳкум, ёнида биров бўлса-ку яхши, бўлмаса термилиб ётаверади. Тўғри, отасидан қолган эски “Рекорд” телевизори бор, аммо яхши кўрсатмайди.
У якшанба куни эрталаб, бозорда ишларим бор, деб уйдан чиқди, дўкон айланиб рангли телевизор харид қилди, онасига жемфер, рўмол олиб, ортига қайтди. Хайрулла уйда йўқ экан, Малика момонинг ўғли Ҳошимга телевизорни ўрнаттирди.
Рангли телевизорни кўрган Маъқул хола ўзида йўқ қувонди, Меҳри онасига телевизорни ўтирган ўрнида ўчириб, қўядиган қилиб берди.
–Энди зерикмайсиз, маза қилиб концерт кўриб ўтирасиз.
–Барака топ, болам. Телевизорнинг ранглиси бошқача бўларкан, одамлари худди ёнингда тургандай, олдингиси бижирлагани бижирлаган эди.
–Кўрганга яраша ранглисини кўринг, дедим-да. Рўмол ҳам ёқдими?
–Ёқди, жемферинг ҳам чиройли экан, буюрсин.
–Юз сўм пул қолди, мен эрта-индин маош ҳам оламан, шу пулни акамга берсам нима дейсиз, иморатининг бирор нарсасини кўтарармиди?
–Майли, бер, болам, ўзим ҳам сигирнинг пулидан акангга озроқ бер демоқчи эдим-у, сен нима деркинсан, деб айтолмай тургандим. Ҳарна бўлса ҳам жигаринг.
Хайрулла келгач, Меҳри юз сўм пулни олди-да, уникига ўтди.
–Ака, озроқ пул олиб келдим, уйингизнинг камига ишлатинг.
Хайрулла синглисининг қўлидан пулни олиб, хотинига узатди.
–Акам уйини бузиб кетмасин, деб оғриқнинг олдини оляпсанми?
Бунақа фикр хаёлига келмаган Меҳрининг жаҳли чиқди.
–Сизга яхшилик қилган кишининг ўзи аҳмоқ. Уйингизнинг поли йўқ, шифти ҳеч нарсага ярамайди, тупроғини кўтариб кетасизми? Агар шиферига кўз олайтираётган бўлсангиз, бузиб олинг, менинг ўзим қурган уйим бор, муҳтож эмасман.
–Қўрқма, бузиб кетмайман. Лекин ҳовли менга қоляпти, деб хомтаъма бўлма. Қачондир бир болам шу ерда яшайди.
Меҳри индамади, акаси билан ҳовли талашгиси келмай, онасининг ёнига қайтди. Унинг чиройли, баҳаво иморати олдида Хайрулланинг уйи кўримсиз бўлиб қолганди, бу Зоҳиданинг ғашига тегиб, ҳар икки гапнинг бирида эрига: ”Синглингиз қурган иморатни сиз қуролмайсизми?” деб таъна қилди.
Хайрулланинг мақсади пойдевори баланд тўрт хонали уй қуриш эди…
Меҳри учун қишнинг бир куни бир йилдай туюлган пайтлар ўтиб кетди, шароитини яхшилаб олгани учун энди аёзнинг заҳри сезилмайди, ҳар эрта ўрнидан туриб печканинг кулини олади, ўтин қалаб бир иситади-да, кўмир ташлаб қўяди. Маъқул холанинг эрмаги телевизор бўлиб қолган, Шодия мактабдан келгач, бувисининг ёнидан жилмайди, телевизорнинг мурватини бураб, у каналдан бу каналга ўтказиб беради.
Маъқул хола набирасига ўрганиб қолган, ҳали у нарсани, ҳали бу нарсани олиб бер, дейди, баъзан унга эртак айтиб беради. Гоҳ уларнинг ёнига Нурулло ҳам келиб ўтиради, лекин у бирпасда зерикиб чиқиб кетади. Шодияга қолса, бувисининг ёнидан қимирламаса, бола-да, яхши гапнинг шайдоси, боз устига Меҳри аммаси унга, онамнинг ёнида ўтир, деб тайинлаган, гапига киргани учун шайлагани шайлаган, дам расмли китобчалар, дам кийим олиб беради, шунга қарамай Зоҳида уни, укаларингга, қара, деб қўймайди.
Бугун ҳам тушдан кейин Шодия бувисининг ёнига китобларини олиб чиқиб дарс тайёрлаётган эди, онаси чақириб қолди.
–Шодия, Нуруллога қара, Дилшодани уйғотади, мен кир юваман.
–Дарс тайёрлаяпман, ая.
–Дарсингни кейин тайёрлайсан.
–Укангни шу ерга олиб кел, –деди Маъқул хола. –Қанд бераман.
Бир зумда Шодия Нуруллони етаклаб келди, Маъқул хола уларга қанд берди.
–Сизлар кўчиб кетсаларинг мен нима қиламан? –Маъқул хола паришон ҳолда гапирди. Хайрулла участкасида ҳаракат бошлаганидан бўён унинг юрагига ғулғула тушганди.
–Мен сиз билан қоламан, – деди Шодия.
–Мен ҳам, –опасига қўшилди Нурулло.
–Ота-она қаерда бўлса болалар ҳам ўша ерда бўлади, ҳар ҳафта мендан хабар олсаларинг бўлгани, ўзим боролмасам. –Маъқул холанинг кўзларида ёш қалқиди…
Дарвоқе, баҳорнинг ўрталарида Хайрулла уй қуришни бошлади, ҳавонинг очиқ кунларидан фойдаланиб, пойдевор ташлади, ўн-ўн беш кун Зоҳиданинг иши усталарга овқат ташиш бўлди. Аммо ёз келди ҳамки, бошқа иш қилмади, участкаси пойдевор ташланганича қолиб кетди. Хотинининг гапига кириб тўртта хона, олди пешайвонли уй қурмоқчи эди, бор пулини ишлатиб, қийналиб қолди.
–Кўрпангга қараб оёқ узатсанг бўлмайдими? –деди бир куни Шамсиддин унга. –Тўрт хонали иморат қуришнинг ўзи бўладими?
–Бир амаллаб қурамиз, деб келинингиз қўймади-да.
–Аёлларнинг гапига кираверасанми? Уларга қолса нималарни орзу қилишмайди? Ҳеч бўлмаса кўтариб, устини ёпсанг қолганини келаси йил давом эттирардинг.
–Ўзимнинг ҳам фикрим шундай. Ҳеч бўлмаса битта хонани тайёрлаб кўчиб бормоқчиман. Узоқдан қатнаб уста ишлатиш қийин экан, кўчсам у-бу ишларни ўзим ҳам бажаравераман. Қайнотамда тахта-ёғоч жуда кўп, олдин уй қурганимда ҳам берганди, келинингиз отасини иморатни синчдан қиламиз, болорини берасиз, деб кўндирибди.
Шамсиддин бир зум сукут сақлаб турди, сўнг афсус билан гапирди:
–Ҳаммамизнинг пешонамизга хотинга муттаҳам бўлиш ёзилган экан-да. Ўзинг биласан, қурадиган бўлсанг, тезлат, ҳадемай ёз ўтади.
–Келаси ҳафтадан уста иш бошлайди.
Бу йил ёз жуда иссиқ келдики, айниқса, Маъқул холага ўхшаган касалларга қийин бўлди, Меҳри вентилятор олиб келмоқчи эди, шамоллаб, бу кунимдан баттар бўлмай, деб унамади онаси. Меҳри ҳар куни ишдан қайтгач, анча пайтгача онасини елпиб ўтиради. Кўпинча жиянларининг шовқин-тўполонига андармон бўлади. Баъзан кўндаланг уйи деразасидан ҳовлисини томоша қилиб ўтиради.
Хайрулла бир амаллаб уйини кўтарди, яхшиям шиферини олиб кўйган экан, устини ҳам ёпди, бир уйнинг полига етгулик тахта ортиб қолди. Эр-хотин қандай бўлмасин қишга қадар бир хонани жой қилиб кўчиб ўтишмоқчи эди.
Сентябрь кириши билан кундуз кунлари иссиқ бўлсаям тунлар анча салқинлашди, ҳатто эшик ва деразаларни ёпиб ухлайдиган бўлишди. “Хайриятей, юрагимга шамол тегадиган кунлар ҳам келди”, дейди Маъқул хола қувониб.
Октябрнинг охирларида Хайрулла кўчиб кетишга ҳозирлик кўрди. Эр-хотин ўзлари ўйлаганидек, бир хонани пол қилиб, сувашди. Хайрулла бошқа бир хонани тупроқ билан тўлдириб, сувади ва вақтинча ошхона қилиб қўйди. Акаси қанчалик оқибатсиз бўлмасин, Меҳри барибир унга яхшилик қилгиси, қўллагиси келди, кўчишларидан бир кун олдин дўкондан катта бир гилам сотиб олди-да, Зоҳидага чиқариб берди.
–Янги уйингизга мен билан онамдан совға, янга, –деди унга. –Яхши кунларингизга ярасин.
Зоҳида қайнсинглисидан бунақа совға кутмаганди, севинганини яширолмади.
–Раҳмат, Меҳри, катта раҳмат. Топган-тутганимиз иморат қуришга кетиб, янги гилам ололмадик. Алмисоқдан қолган шолчаларни қандай тўшайман, деб ўйлаб ўтиргандим. Жуда яхши иш қилдингиз, катта раҳмат.
Хотинининг кайфияти Хайруллага ҳам “юқди”.
–Яхши кунларингга қайтарайлик, –деди жилмайиб.
Меҳри илк бор акаси билан янгасини шунақа самимий ҳолда кўрганидан ўзи ҳам қувонди.
Яхшими, ёмонми, Хайрулланинг оиласи ҳовлига файз бериб тураркан, кўчганларидан сўнг ҳамма ёқ ҳувиллаб қолди. Оёғининг остида пилдираб юрган икки жияни Меҳрининг кўз ўнгидан кетмайди, айниқса, Шодияни жуда яхши кўрарди, узун ёз кунлари набиралари Маъқул холанинг ҳам эрмаги эди.
–Жуда зерикдим,–шикоят қилди бир куни ишдан қайтган Меҳрига онаси.–Хаёлимда кўчани юз йилдан бери кўрмаганга ўхшайман.
–Она, ўзингиз ҳали саксонга кирганингиз йўқ, қанақасига юз йилдан бери кўчани кўрмаган бўласиз,–деди Меҳри кулиб.
–Билмадим, юз йил ҳам кам, минг йилдай туюляпти.
Меҳри онаси ҳақиқатдан сиқилганини сезди. У эрталабдан ишга жўнайди, ҳовлида Маъқул холанинг ўзи қолади. Яхшиям телевизор олиб берган экан, Маъқул холага овунчоқ бўлди. Кўпинча Малика момо, аҳён-аҳёнда овсини бирпас ўтиргани келади. Бодом-ку, онасини эсламайди ҳам, Санам бир қадам узоқ, ҳафта-ўн кунда Шамсиддин хабар олади, ҳозир онасига анча мулойим, ғамхўр.
–Сиз якшанбани кутинг, кўчаларни айланамиз, –деди Меҳри.
–Ахир юролмайман-ку.
–Бу ёғи билан ишингиз бўлмасин, бир йўлини топаман.
Маъқул холанинг юзи ёришиб, якшанбани кута бошлади. Ниҳоят дам олиш куни Меҳри молхонанинг бир четида турган, у-бу нарса ташийдиган аравачани яхшилаб ювди-да, устига эскироқ шолча, сўнг кўрпача тўшади. Қаттиқ фанер топиб, аравачага мослаб кесдгач, бир томонига маҳкам боғлаб, ёстиқ қўйди. Сўнг уйдан онасини кўтариб чиқиб, суянтириб ўтқизди, оёқларига кўрпача ёпди.
–Энди кетдик,–деди унга. –Маъқулхонимни бир саёҳат қилдирай.
Меҳри аравачани ҳайдаб кўчага чиқди.
–Қайси томонга ҳайдай, она, ўнггами, сўлга.
–Ўнгга, катта йўлгача олиб бор.
–Хўп бўлади, бир оғиз сўзингиз, Маъқулхоним.
Маъқул хола Меҳрининг сўзларидан боладай қувониб, кулди.
–Нега мени Маъқулхоним, дейсан, ғалати эшитиларкан.
–Тахтиравонда юрган киши хоним бўлади-да,–деди Меҳри қиқир-қиқир кулиб.
Улар йўл-йўлакай таниш-нотанишларга дуч келишди. Ким биландир тўхтаб гаплашишди, ким биландир саломлашиб ўтиб кетишди. Катта йўлга чиққач, автобус бекатига бориб тўхташди.
–Шу ерда бирпас ўтирамиз,–деди Меҳри. –Ботганни ҳам кўрасиз, қотганни ҳам.
Дарвоқе, бекат гавжум, кимдир автобусдан тушар, кимдир чиқар, Маъқул холани билганлар у билан қуюқ сўрашар, Меҳрига, яша, қизим, дегандай қараб қўйишарди. Орадан ярим соатлар чамаси ўтгач, она-бола ортга қайтдилар.
–Энди ҳар якшанба сизни қишлоқ бўйлаб “саёҳат”га олиб чиққаним бўлсин, зерикишингизга йўл қўймайман.
–Барака топ, қизим. Кўзимга кўчалар бирам чиройли кўриняпти-ки, хаёлимда илгари бунақа чиройли эмас эди.
–Олдин ҳам шунақа эди. Жуда соғинганингиз учун кўзингизга чиройли туюляпти.
–Шундайми?
–Ҳа.
Она-бола уйга қайтганларида кун тушга яқинлашганди. Меҳри онасини кўтариб, уйга олиб кирди. Дард Маъқул холани чўктирган, у бир бурда бўлиб қолганди.
–Чарчадингиз, бирпас ётиб дам олинг, мен овқат олиб келаман.
–Майли, қизим, майли.
Тушликдан сўнг она-бола суҳбатлашиб ўтирдилар.
–Меҳри,–деди Маъқул хола унга, –баъзан ўзимдан ўзим миннатдор бўлиб, яхшиям сени туққан эканман, дейман. Сенсиз ҳолим нима кечишини ҳатто тасаввур қилолмайман. Ўшанда духтирга кўринишга борганимда, болангни олдириб ташла, соғлигинг яхши эмас, деган эди. Негадир истамадим, ҳали туғилмаган гўдакнинг уволига қолгим келмади ва токи дард тутмагунча духтирга бормадим. Уйимга излаб келишганида яшириндим. Ўйлаб кўрсам, ўшандаёқ бир кун келиб кунимга сен ярашингни кўнглим сезган экан.
Меҳри онаси уни туққанидан сўнг касалланиб қолганини, отасининг калтаклари дард устига чипқон бўлганини эшитганди. Маъқул холанинг сўзларидан сўнг ичида: “Эҳтимол онам ўшанда духтирларнинг гапига кирганида ўзи соғ-омон бўлиб, менинг ёрдамимга эҳтиёж сезмасмиди?”, деган хаёлга борди. Бу ҳақда унга ҳеч нарса демаса-да, онасининг касаллиги учун илк бор ўзини гуноҳкор ҳис этди…
Кечга яқин негадир Меҳрининг юраги сиқилди, Санам билан суҳбатлашгиси келди, “Нега опам шунча узоққа турмушга чиққан, –хаёлидан ўтказди у. –Яқин бўлганида тез-тез келиб турарди, ўзим борардим, боз устига ўқитувчи, онасидан хабар олиши учун таътилни кутиши керак”.
У деразадан ҳовлига қаради: биринчи бўлиб нигоҳи рўпарасида салобат тўкиб турган ўрик дарахтига қадалди. Уни қачон экилганини Меҳри билмайди ҳам, эсини таниганидан бўён ҳовлиларида бор. Бир гал онасидан сўраганида, биз кўчиб келганимизда ҳам бу дарахт бор эди, деб айтганди. Шу йил ҳам баргини егудай ҳосил тугдики, барча қўшниларига улашиб чиқди, бир қоп туршак ҳам қилди. Онаси туршак сувини яхши кўради, қиш бўлди, дегунча кечаси идишга туршак солиб, қайноқ сувда ивитиб қўяди. Ширинлигидан ичган киши шакар қўшилган, деб ўйлайди.
Шу топда Меҳрининг эсига Ҳамид Олимжоннинг қўшиққа айланган сатрлари келди:
“Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади”…
“Қанчалар чиройли шеър, –хаёлидан ўтказди Меҳри. –Қўшиғи шеъридан ҳам чиройли. Аммо мен шоир бўлганимда кузги ўрик ҳақида ёзган бўлардим. Унда олтиндай товланаётган сап-сариқ япроқларни, эҳтимол, юлдузларга ўхшатармидим?”.
Меҳри ўрикдан кўзларини узмай қолди, хазонларнинг шитирлаши худди қўшиқдай эшитилди унга. Шамол беланчагида тебраниб, худди қувлашмачоқ ўйнаётгандай ерга узилиб тушаётган япроқлар шунақа қалин эдики, қор ёғиб, бирваракайига тўкилмаса, адоғи кўринадиганга ўхшамасди.
Бу манзара Меҳрига жуда ёқади. Зоҳида янгаси шу ерда яшаган пайти эрига: “Ўрикнинг хазонидан безор бўлдим, ҳосили ҳам керак эмас, кесиб ташланг”, деганида Меҳри кесгани қўймаганди.
“Ўригини егандан сўнг хазонини супурамиз-да, янга,–деган эди ўшанда. –Малол келаётган бўлса индаманг, ҳар куни ўзим супураман”.
“Билганингизни қилинг”,–деб уйга кириб кетган эди Зоҳида.
–Меҳри, ҳей Меҳри!
Меҳрининг фикри бўлинди, кимдир уни чақираётганди, югуриб ҳовлига чиқди.
–Меҳри, бизникига юр, онамнинг тоблари қочиб қолди, қон босимлари кўтарилганга ўхшайди.
Чақираётган қўшнилари Салтанатнинг ўғли Насим экан. Меҳри шошиб танометр билан фонедоскопини олди-да, онасига, мен ҳозир, деганича қўшнисиникига чопди. Салтанат опа бир аҳволда ётар, юзини у томон-бу томонга чайқатиб безовталанар,чакка томирлари бўртиб чиққан, кўзларини очишга ҳам мадори йўқ, боши устида Насимнинг хотини Фаёза йиғлаб ўтирарди.
–Нима бўлди, янга? Қаерингиз оғрияпти?
Салтанат опа зўрға, “бошим, қовоқларим”, деди ва ўнг қўли билан юрак томонини кўрсатиб, “безовта”, деб қўйди.
–Келишингиздан олдин қайт қилдилар, –деб қўшиб қўйди Фаёза.
Меҳри беморнинг қон босимини ўлчади: икки юзга юз ўн – меъёридан юқори, юрак уриши секинлашиб, пульси баландлашган, аҳволи анча жиддий эди.
–Бир оз қон босимлари кўтарилибди, “Тез ёрдам” чақирдингларми?
–Чақирдик, лекин қачон етиб келиши номаълум, –деди Насим.
–Уйда қанақа дориларинг бор? –сўради Меҳри.
–Қанақадир таблетка ичардилар, олиб чиқайми? –сўради Фаёза.
–Йўқ, мен ҳозир.
Меҳри югуриб уйга борди, онасининг вақт-бевақт тоби қочиб тургани учун аптечкасида барча дори-дармонлар муҳайё эди, кераклисини олди-да, яна қўшнисиникига шошилди. Беморнинг билагини қисиб боғлагач, томиридан укол қилди ва ҳолатини кузатиб турди.
–Бирор нарсадан хафа бўлганлари йўқми? –секингина сўради Насимдан.
Насим аввалига сукут сақлади, кейин ростини айтди:
–Аёлларни биласан-ку, –у кўзи билан хотинига ишора қилди. –Жанжаллашибди. Бир гапдан қол, деб юз марта айтсам ҳам ўз билганини қилади.
Меҳри Салтанат опанинг келинлари билан чиқишмаслигини эшитган, одамлар, икки келини-ку, уй-жой қуриб қутулди, балога қолган кенжаси, кун бермайди, дейишарди. Унинг “тез”лиги бутун қишлоққа маълум, қурбақани босса ҳам вақ этади, Фаёза инсон-ку, жаҳл устида бирор гап айтган бўлса бордир, шўрлик энди қўрққанидан дир-дир титраб ўтирибди. Меҳрининг унга раҳми келди.
–Хавотирланманг, ўтиб кетади ҳаммаси асабийлашганларидан.
Хиёл вақтдан кейин Салтанат опа ўзига келиб, кўзларини очди.
–Барака топ…. Раҳмат, қизим…
–Ҳечқиси йўқ, янга, қон босимингиз сал кўтарилибди, ҳар нарсани ўзингизга олманг, асабингизни асранг.
–Қани энди шундай қила олсам…
Салтанат опа бошқа гапирмади.
–Бир оз тузукмисиз? –сўради Меҳри ундан.
–Тузукман, енгиллашдим. Бошим отлиқиб кетаётганди… Ичида ари уя қургандай ғувиллагани ғувиллаган… Қулоғимнинг шанғиллагани ҳам юрагимга тушди…
–Ҳозир яхшимисиз, она? –хавотирланиб сўради Насим.
У боши билан “ҳа” ишорасини қилди.
–Унда мен уйга борай, –Меҳри ўрнидан қўзғалди. –Онам кутиб турибдилар. Безовта бўлсалар бемалол чақираверинг.
–Чой ичиб кет, Меҳри, –деди Насим. –Янганг чой дамлаяпти.
–Борай Насим ака, онам ёлғизлар.
–Раҳмат сенга. Қара, “Тез ёрдам” ҳали ҳам келгани йўқ, сен бўлмасанг нима қилардик.
Меҳри Салтанат опа уларникига ўтиб ҳовлини бошига кўтариб ҳақорат қилганини эс-эс билади, шунданми, акалари ва опалари уни кўргани кўзи йўқ, кўриб кўрмасликка олишади, шуларнинг таъсирида Меҳри ҳам кўча-кўйда Салтанат опага дуч келиб қолса саломини беради-да, индамай ўтиб кетади. У ҳозир шифокорлик бурчини бажарган бўлса-да, ичидан шайтон кўтарди, “Кўриб қўй, бир пайтлар сен ҳақорат қилган аёлнинг қизи корингга яраганини”, деб қўйди ўзича. Фаёза Меҳрини дарвозагача кузатиб борди.
–Борингизга шукур, Меҳри. Қайнонамнинг аҳволини кўриб юрагим қинидан чиқай, деди, бир гап бўлса аждаҳодек қизлари мени ямламай ютарди. Эшитишса, ҳалиям тинч қўйишмайди, онаси мени ер билан битта қилганининг фарқи йўқ уларга.
–Хафа бўлманг, ҳаммаси яхши бўлади, Салтанат янга бироз жаҳлдорроқ-да, нима қиласиз, иложингиз йўқ.
–Ҳа, пешонамга шунақаям қайнона ёзиладими? Ҳар тугул хўжайиним яхши, йўқса бу ҳовлида яшаш қийин, дўзахнинг ўзи.
Фаёза тўлиб турган эканми, юрагини бўшатди. Меҳри кўчага чиққан ҳам эдики, дарвоза олдига “Тез ёрдам” машинаси тўхтади.
–Салтанат деган аёлнинг уйи шуми? –Шофёр машина эшигини очиб сўради.
–Шу, кираверинглар.
–Қишлоққа кирганимиздан бери шу ҳовлини излаймиз, на кўчада свет бор, на дарвозада белги. Одамлар ҳам ёв қувлагандай ин-инига кириб кетган, –жаҳл билан гапирди шофёр. – “Тез ёрдам” чақирган киши, мундоқ кўчанинг бошига чиқиб турмайдими?
Меҳри жавоб қайтармади. Атроф ҳақиқатдан зимистон эди, у онасининг ёнига ошиқди, уйга кирганида Маъқул хола телевизорга қараб ётган экан.
–Бунча ҳаялладинг, нима гап? Қаерга бординг? –сўради у.
–Салтанат опанинг қон босими кўтарилибди, шунга чақиришибди.
–Тузукми?
–Ҳа, анча яхши. Ҳозиргина “Тез ёрдам” ҳам келди.
–Жиннининг қизига иши тушибди-да.
–Жиннининг қизига ҳали кўпчиликнинг иши тушади, шундай бўлишини билганим учун сиз рўйхуш бермасангиз ҳам ўқидим-да, онажон.
–Тўғри қилган экансан.
Меҳри онасини турғазиб, орқасига ёстиқ қўйиб суянтирди ва овқат келтирди, она-бола жимгина тамадди қилишди.
Меҳри идиш-товоқларни ювиб келгач, онасининг ёнига ўтириб, бирпас телевизор томоша қилди.
–Ҳар доим телевизорни қўйишим билан Олмахон Ҳайитова чиқармикин, деб умид қиламан, ҳеч бўлсаки, кўринса.
–Артист кўпайиб кетган-да, она, қайси бири чиқсин.
–Барибир Олмахон бошқача-да.
–Мен магнитофон олай, Олмахон Ҳайитованинг кўшиқларини ёздириб келаман, ҳар куни эшитаб ётасиз.
–Эй, унда ўзини кўрмайман-да.
–Сиз ўзини ҳам кўришингиз керакми?
–Ҳа-да. Ўзини кўриб қўшиғини эшитган бошқача-да.
–Бўлмаса телевизорга қараб ётаверинг.
Меҳрининг уйқуси келди, шекилли, жой тўшаб чўзилди.
–Она, эрталаб вақтлироқ уйғотинг, йиғилишимиз бор, кечикиб қолмай.
–Хўп, уйғотаман.
…Эрталаб Меҳри илиқ сувга онасининг юз-қўлларини ювиб қўйгач, шоша-пиша нонушта тахлади. Она-бола чой ичиб олдилар.
–Болам,– Маъқул хола қизига қаради. –Бугун тушимга кирибсан. Қинғир-қийшиқ йўллардан ўтиб, бир гулзорга кириб, атиргул териб юрган эмишсан. Чақирсам ҳам қарамадинг, кимдир кутиб тургандай шошиб кетавердинг.
–Шунақаям ёлғон туш кўрасизми?–деди Меҳри. –Сиз чақирасиз-у мен қарамайманми? Ранжидингизми?
–Нега ранжирканман, қайтага қувондим. Ахир қачонгача мен билан овора бўлиб юрасан. Ўқишни тугатганингга уч йилдан ўтяпти, ўзингни ўйлайдиган вақт келди.
–Бўлмағур гапларни гапирманг,– Меҳри онасини қайириб ташлади. –Ўзим бу – сиз. Сизни ўйлаганим – ўзимни ўйлаганим. Мен шу ҳаётган ўрганганман, бошқа хили керак эмас, иккинчи бунақа деманг.
–Дейман, болам, дейман. Кўзим тириклигида бошинг иккита бўлганини, турмушга чиққанингни кўрай, дейман.
–Мен турмушга чиқмайман,– узил-кесил гапирди Меҳри. – Бу ҳақда бошқа гапирманг.
Меҳри юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан турди-да, ишга кетди. Маъқул хола унинг ортидан маъюс термулиб қолди. У соғайганидан бери фақат Меҳрини ўйлайди, қизи уни деб умрини ўтказиб, келган совчиларни қайтариб юбораётганини билади. Шунинг учун бугун илк бор Меҳрининг кўнглига қўл солди-ю, жавобидан қониқмади ва “Мени деб қизим ёлғиз ўтмаслиги керак”, деган фикр миясига ўрнашиб олди. Кейинги пайтларда Маъқул холанинг аҳволи ёмонлашган, иштаҳаси йўқолган, сал ҳаракат қилса толиқадиган бўлганди. Илгари ёстиққа суяниб соатлаб ўтирса, ҳозир бир зумда чарчайди, ўзига бирор гап бўлса қизининг ҳоли нима кечишини ўйлаб хавотирга тушди. У Меҳрининг бошини иккита қилмай бу дунёдан хотиржам кўз юмолмаслигини англади, қизи ишдан келгач, яна суҳбатни эрталабги мавзуга бурди.
–Болам, ота-она ўлими мерос, –деди унга.–Мабодо ўлсам сира қайғурма, ўзингни авайла. Ҳар кимнинг охирини берсин, дейдилар, менинг охиримни берди, баланд уйда яшадим, қишда совқотмадим, томдан чакки ўтмади. Худога минг бора шукурки, сендай ақлли, ғамхўр қизнинг онаси бўлдим. Ҳамма болаларим бир бўлди-ю, сен бир бўлдинг. Сендан у дунё, бу дунё розиман. Битта-ю битта армоним – сени ёлғиз ташлаб кетаётганим, мени деб бошингга қўнаётган бахт қушларини учириб юборганинг. Энди ўзинг учун қайғур, болам. Сен бахтингни топиб, турмушга чиқсанг, гўримда тинч ётаман, йўқса, у дунёда менга ҳаловат йўқ.
–Она, етар, юрагимни сиқманг, мен врачман, биламан, сиз ҳали узоқ яшайсиз, ранги-рўйингиз яхши, юрагингиз бақувват.
–Аҳволим ўзимга аён, ичи идраб кетган тарвузга ўхшайман. Балки сиртим яхшидир, аммо ажал деб аталган пичоқ сал учини тегдирса бас, тўкилиб кетаман. Сен дуо олгансан, қизим, ҳали катта духтир бўласан, у кунларни мен кўрмасам дўстларим кўрсин. Ҳозир мени хотиржам қилишни истасанг турмушга чиқ ва бу сўзларимни васият, деб бил.
–Бўлди, бас қилинг! Бунақа гапларни гапирманг! –қичқириб юборди Меҳри. –Сиз ҳали ўлмайсиз, сиз ҳали яшайсиз, сизни ўлгани қўймайман.
Меҳри онасини қучоқлаб йиғлай бошлади Йиғлаб туриб, ўлмайсиз, ўлмайсиз, ўлгани қўймайман, дер эди нуқул.
У онасининг кундан кунга аҳволи оғирлашиб, кун-соати яқинлашаётганини билади-ю, ўзини билмасликка олади. Ҳар куни Маъқул холанинг юрак уришини текшириб, қон босимини ўлчаб, ҳолати яхши бўлмаса-да, бинойидексиз, деб қўяди.
Бугун унинг сўзларини эшитиб ваҳимаси ортди ва хаёлида онаси ҳозироқ ўлиб қолаётгандай қўрқиб, уни янада қаттиқроқ қучоқлади. Шу топда Меҳри икки нарсани: онаси ўлса жудолик юкини қандай кўтаришни ва ёлғизлик азобига қандай чидашни ўйлаётганди.
–Болам, жуда қисиб юбординг, нафасим қайтяпти…
Маъқул холанинг сўзлари Меҳрини ўзига келтирди, ихтиёрсиз равишда онасини қисиб ташлаганини сезиб, қучоғини бўшатди.
Меҳри чиндан ҳам ўзини унутиб юборган эди, тенгқурларининг фарзандлари мактабга бораётган бўлса-да, у оила, бола-чақани орзу ҳам қилмади, оила деб фақат онасини тан олди. Уни ҳимоя қилиш учун керак бўлса жонини гаровга қўйди, хурсанд қилиш учун ҳеч кимдан тап тортмади, ҳатто Шамсиддиндай акаси ҳам у билан ҳисоб-китоб қиладиган, фикрига қараб иш юритадиган бўлди.
Меҳри жинни аёл яшаётган хонадоннинг обрўсини кўтарган, энди бу хонадон бундан ўн-ўн беш йил олдинги ҳеч ким қиё боқмайдиган, қиё боққан тақдирда ҳам масхараомуз назар ташлайдиган хонадон эмас эди. Бу оиланинг болалари оқибатлими, оқибатсизми, палак ёзиб кетган, бир қизи Меҳри Меҳри Йўлчиевага айланиб, кўпнинг ҳурматини қозонганди. Илгари уларни бармоғининг учи билан кўрсатадиган кимсалар вақт-бевақт ёрдам сўраб келадиган, кимдир боласини, кимдир синглисини, отаси ёки онасини кўриб қўйишини илтимос қиладиган бўлди. Бунақа ҳурматли қизни келин қилишни ният этганлар чиқди, бироқ Меҳри онасини ўйлаб барча таклифларни рад этди.
Шу пайтга қадар Меҳрининг хаёлида онасидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Энди эса ваҳимага тушиб қолди: “Онам ўлса нима қиламан? Ким учун яшайман? Ёлғизлик деган аждаҳо мени ютиб юбормайдими?”
Меҳри онаси хавотирланишини ҳам унутиб, ўкириб йиғлай бошлади…
#телбақисса
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1