11-қисми давоми
Қувонч билан ташвиш ҳамиша ёнма ён юради. Меҳри ўша куниёқ усталарни чақиртириб ишни давом эттирди-ю, ўзининг тоби қочиб қолди, аслида у анчадан бўён вужудида ҳорғинлик сезса-да ваҳима зўрлигидан танасига қулоқ солмаган, ўтган ўн беш кун ичида кўнглидан ўтган кечинмалар ёлғиз ўзи билан худога аён эди Ахир ҳар соати йилдай туюлган бу кунларда онасининг ҳаёти учун бир ўзи курашди. Хайрулланинг бор-йўқлиги билинмас, Шамсиддин икки-уч кунда бир хабарлашар, Бодом бир келганича қайтиб қорасини кўрсатмаганди. Ғайбиддин билан Санам узоқда, онасининг касали ҳақида эшитишмаганди ҳам.
Меҳри ётиб қолгач, ҳаммадан ҳам усталарни ўйлади: уларга яна жавоб бериб юборса, қурилиши кечикади, жавоб бермаса, овқат қиларга ҳоли йўқ, уй қураётганидан Хайрулла норози бўлгани учун хотинининг усталар билан иши йўқ эди. Унинг аҳволини кўрган Шамсиддин Санамга қўнғироқ қилиб чақиртирди. Эртаси куниёқ етиб келган Санам уйдаги аҳволни кўриб қўрқиб кетди: тор хонанинг бир четида Маъқул хола ухлаб ётар, бошқа бир четида кўрпа-тўшак қилиб олган Меҳри ҳол-беҳол ўтирарди. Санам синглисини койишга тушди:
–Шамсиддин акамдан ҳаммасини эшитдим, онам у дунёга бориб келибдилар, менга билдирмабсан. Шунақа ҳам ичинг кенг бўладими? Ўлсалар дийдор қиёматга қолардими?
–Опа, сизни ҳам овора қилмай, дедим, ўқув йилининг охири, ишларингиз кўпдир.
–Бу дунёнинг иши тугайдими, барибир айтишинг керак эди. Шўрлик онам озиб-тўзиб кетибди, ўзинг ҳам бир аҳволга тушибсан.
–Меники ўткинчи, онам соғайсалар бўлгани, опа, негадир онам илгаригидай ўзига ўзи гапирмаяпти, сўзлари ҳам маъноли, худди бошқа аёлга айланиб қолганга ўхшайди.
–Балки сенга шундай туюлаётгандир?
–Йўқ, онамнинг хаёли жойига келганга ўхшайди, ўзим ҳам аввал ишонмадим, ҳеч кимга айтганим ҳам йўқ. Лекин аниқ билиб турибман, у соғайган, тиббиётда бунақа ҳолатлар бўлиб туради. Онам ишимик инсультни бошидан ўтказди, унинг иродасига яна бир бор тан бердим, инсультни енгиш баробарида эски касалидан анча халос бўлган кўринади.
–Қани энди айтганинг рост бўлса?
–Рост, опа, рост. Бунга ишончим комил, ҳали ўзингиз ҳам кўрасиз. Айтмоқчи, сиз тўрт-беш кун турасизми?
–Бу ёғидан хотиржам бўл, меҳнат таътилига чиқдим. Акам қўнғироқ қилмаса ҳам поччанг билан келмоқчи эдик.
–Сиз энди кераксиз, опа, қаранг, қанча иш кўп, ҳеч бўлмаса усталарга овқат тайёрлайсиз.
–Ўйлама, таътилим тугагунча шу ердаман. Поччанг онамнинг аҳволини кўрса, қолишимга эътироз билдирмайди.
–Севараниям олиб келмабсиз-да.
–Олиб келмоқчи эдим, қайнонам қўймадилар, эрингиз рози бўлса ўзингиз бораверинг, онангиз ғанимат, майли, қаранг, фақат Севарани юбормайман, дедилар.
–Севара катта қиз бўлиб қолгандир?
–Ҳа, бирам ширин, бийронки, қайнонам жуда яхши кўрадилар, боғчага ҳам қўймай ўзлари қараяптилар…
–Санам… Санамнинг овозими?..
Санамнинг товушини эшитиб, Маъқул хола кўзини очди, у онасининг яқинига бориб қучоқлади.
–Ассалому алайкум. Тузук бўлиб қолдингизми, онажон? Бир ўлимдан қолибсиз, Меҳри менга билдирмабди.
–Сени энди кўрмайман, деб ўйлагандим, хайрият. Аввало худо, аммо Меҳри мени тирилдириб олди, ўлган эдим…
–Соғайганингиз рост бўлсин, энди кўп яшайсиз.
–Ким билади, дейсан, бир оёғим ва қўлим ишламаяпти, Меҳрига дардисарман. Балки ўлганим яхшимиди?
–Унақа деманг, ҳаммаси худонинг иши, шунисига ҳам шукур. Меҳри сизни кўзига суртиб қарайди. Таътилим тугагунча мен ҳам шу ердаман.
–Опа, усталарга овқат қилиш керак эди, ҳадемай пешин бўлади.
–Ҳозир, бирпасда овқат тайёрлайман.
Санам шу заҳоти ишга киришди. Аввал тушликка мастава осди, орада онасига аччиққина кўк чой дамлаб элтиб берди ва ҳовлини супуришга тушди. Шу пайт дарвоза тақиллаб, олдинма кейин бир эркак ва аёл кўринди. Санам супургини бир четга қўйди-да, нотаниш кишиларга пешвоз чиқди. “Ким бўлдийкин булар”, ўйлади Санам ва яқинлашганларидан сўнг аёлни эслади: қишлоқ советининг раиси Манзура Маҳкамова-ку, Санам уни болалигида бир неча марта кўрган, кулча юзли, чиройли аёл эди. Орадан шунча йил ўтганига қарамай ўзгармабди, ҳали ҳам чиройли, юзида ажин кўринмайди, фақат бир оз тўлишибди. Аммо ёнидаги қотмадан келган, узун бўйли шляпали киши ким бўлса, афтидан у ҳам каттароқ ишда ишлайдиган кўринади.
–Ассалому алайкум, келинглар.
–Яхшимисиз, синглим, янга соғайиб қолдиларми? –сўради шиляпали киши.
–Худога шукур, бир оз яхшилар.
–Ўзлари туриб юрибдиларми? – энди Манзура Маҳкамова савол берди.
–Йўқ, ўнг томонлари ишламаяпти.
–Қани, бизни янганинг ёнларига бошланг.
–Хўп.
Улар Санамнинг ортидан бориб остона ҳатлашлари билан ғарибона, пастаккина кулбада чўзилиб ётган аёлга кўзлари тушиб, бир-бирларига маъноли қарашди. Ерда ранги униқиб кетган араби гилам тўшалган, кичкинагина иккита деразага ювилавериб, оқариб кетган қизғиш парда осилган, уйнинг бир бурчида яшик устида кичкинагина телевизор ва унинг, ёнида телефон турибди, шифтга қўл чўзса етади. Кулба кўримсиз, жиҳозлари эски бўлишига қарамай тоза ва озода, токчада банкадаги сувга солиб қўйилган ранг-баранг қашқар гуллар хонага файз бериб турарди.
Кутилмаган меҳмонларни кўриб Меҳри қўзғалаётганди, Санам қўймади.
–Ётавер, касалсан, –деди у ва меҳмонларга ўгирилди: – Меҳрининг ҳам тоби йўқ, акам қўнғироқ қилиб мени чақиртирди. Бир қадам узоқ бўлганидан вақт-бевақт хабар ололмайман.
–Ётаверинг синглим, – деди Манзура Маҳкамова. –Опадан бир хабар олайлик, дегандик.
Меҳри уларнинг олдида ётишни ўзига эп билмади, боши лўқиллаб оғриётган бўлса-да, деворга суяниб ўтирди.
Манзура Маҳкамова Маъқул холага юзланди.
–Ассалому алайкум, яхшимисиз, опа. Мен Манзураман, қишлоқ советининг раиси.
–Ваалайкум ассалом. Танимай ўлибманми? Тани-жонингиз соғми, синглим? Хуш келибсизлар.
–Опа, бу киши хўжаликнинг янги раиси Ваҳоб Амиров бўладилар.
–Келинг, яхшимисиз, ука, эски раис ишдан кетдими?
–Ҳа, Ҳазрат ака “Пахтакор” хўжалигига раис бўлдилар.
–Опа, “Пахтакор”нинг раиси қамалгани ростми? – савол берди Меҳри. –Курсдошларимдан бири “Пахтакор”дан эди, раисни жуда мақтар, ҳаммага ғамхўр, меҳрибон, дер эди. Бир гал раис Самарқандга бориб хўжалигидаги ҳамма талабаларни тўплаб чой ичирганди, курсдошим, сен бизга қўшнисан, юравер, деб қўярда қўймай мени ҳам олиб борганди.
–Ҳа, шунақа бўлиб қолди, биз ҳам ҳайрон. Пахтани қўшиб ёзганликда айблашибди. Бир у киши эмас, райондан яна икки-уч раисни қамашган.
–Худонинг ўзи мададкор бўлсин, –гапга қўшилди Маъқул хола. –Мушкулларини осон қилсин.
–Синглим сизга нима бўлди? – раис Меҳридан сўради.
–Бир оз бошим оғрияпти, ўтиб кетади.
–Врачлар ҳам касал бўларканми? – ҳазиллашди Манзура Маҳкамова.
Меҳри ўзича: “У менинг врач эканимни биларкан-да”, деб қўйди.
–Шу пайтгача сиздан хабар олмаганим учун узр, опа, –Манзура Маҳкамова хижолатомўз гапирди. –Ўғиллари бор, яхшидирлар, деб юраверибман. Қишлоқ кайвонилари ҳам бир оғиз бир нарса дейишмабди.
–Ҳечқиси йўқ, мен ҳеч кимдан гина қилмайман.
–Ваҳобжон, опадан хабар олайлик демаганларида элнинг кайвонисиман, деб юраверарканман…
Маъқул хола ҳам, Меҳри ҳам ялт этиб раисга қарашди. Уларнинг нигоҳларида “Раис бизни нега йўқлабди?”, деган савол зоҳир эди.
–Улуғов ўртоғим бўлади, –она-боланинг саволини уққан раис ойдинлик киритди. –Ўтган куни идорага борганди, сиз тўғрингизда гапириб қолди. Суриштирсам, гап раҳматли Неъмат аканинг оилалари ҳақида бораётган экан. Манзура Маҳкамова билан бир ҳол сўрайлик, деб келавердик.
Меҳри Улуғов унга ўзи ёрдам бергани етмагандай хўжаликдагиларни ҳам қўзғаб кетганини англади ва ”Қандай олийжаноб инсонлар бор-а”, деб қўйди ичида.
–Сиз хўжайинимни танирмидингиз? –сўради Маъқул хола Ваҳоб Амировдан.
–Албатта. Отам билан уйингизга ҳам келганман, у пайтда бола эдим, эслай олмайсиз. Чаманли қишлоғидан Бозор аканинг ўғлиман. Отам қолхозда ҳисобчи эдилар. Неъмат ака билан армияда бирга хизмат қилиб, дўст тутинганлар.
–Ҳа, ҳа, биламан, сиз ҳали Бозор аканинг ўғлимисиз? Ўзимиздан экансиз-ку. Отангиз бизникига кўп келардилар, ҳар гал дарвозадан: “Неъмат мўйлов, тирикмисан”, деб кирардилар. Жуда хушчақчақ, очиқ кўнгил киши эдилар. Иккалалари ҳам ёш кетишди, жойлари жаннатдан бўлсин.
–Мен, опани, Неъмат акани яхши биламан, десам, сиз мендан ҳам қадрдон чиқиб қолдингиз-ку,– ҳазиллашди Манзура Маҳкамова.
–Ҳа, биз эски қадрдонмиз,– деб қўйди раис ҳам.
–Опа, биз-ку нодонлик қилиб сизни йўқламабмиз, ўзингиз ёки қизларингиз ҳам бир бормабди-да, хўжаликдан ёрдам ташкиллаштириб берардим, раҳматли Неъмат аканинг ҳурматиям, хизматиям бор эди.
Афтидан Манзура Маҳкамова ночор аҳволда ётган аёлдан бир бор хабар олмагани учун янги раиснинг олдида хижолат чекаётганди.
–Бир марта хўжалик раиси Ҳазрат уканинг ёнига сомон сўраб боргандим, ўзи йўқ экан, ўринбосари қабул қилди. Шошиб турган эканми, Тоштемир бригадирга юборди. Тоштемир бригадир ҳайдагандан баттар қилди, сомонинг бошингдан қолсин, деб келавердим. Шу-шу қайтиб оримни солмадим.
–Тоштемирнинг кўполлиги ҳаммага аён, буни қаранг, келиб-келиб ўшанга рўпара қилишганини.
–Мен қайдан билибман, муовин ўшани айтди, боравердим…
–Янга энди сизни ўзим назоратга оламан, –деди раис. –Нима ёрдам керак бўлса тортинмай сўранг, хўжалик ўлар ерда эмас.
–Йўқлаб келганингизнинг ўзи катта гап, умрингиздан барака топинг.
Санам дастурхон тўшаётганди, Амиров қўймади.
–Овора бўлманг, синглим, районга мажлисга боришимиз керак.
–Унақа деманг, ука, дастурхон тўшасин, озиб-ёзиб бир келибсизлар, чой ичиб кетинглар.
–Раҳмат, янга. Ҳали яна келамиз, янги уй қураётган экансизлар, битганида бамайлихотир ўтириб чой ичамиз.
Меҳри меҳмонлар келиши билан уйларининг у ёқ, бу ёғига обдон қараганини сезиб ўнғайсизланганди, хижолатомуз гапирди:
–Уйимиздан кулмайсизлар-да, аста-секин тўғрилаймиз. Онам бизни пенсия билан ўқитдилар, уй-жойга қаролмадилар. Шу хонани ҳам ўзлари пахсадан қурганлар. Сабр қилинг, ўқишни битирсам ўзим қуриб бераман, деганимга қулоқ солмадилар, мана, энди касалланиб ўтирибдилар.
–Ўзлари қурганми? Қойил!
Манзура Маҳкамова, ўғиллари-чи, ўғиллари, демоқчи бўлди-ю, тилини тишлади. Ўғиллар оқибатли бўлганда шароит бу даражага етмас эди, ярага туз сепмай, деб индамай қўя қолди, бундай фикр Амировнинг ҳам кўнглидан ўтди.
–Эртадан хўжаликнинг қурилиш бригадасини ёрдамга ташлайман, усталарга қарашади, –раис Меҳрига қараб гапирди.– Уйнинг шифери менинг зиммамда, яна бирор етишмовчилик бўлса айтасиз, хўпми?
–Хўп, раҳмат.
Меҳмонлар бирпас уёқ-буёқдан гаплашиб ўтиргач, қўзғалишди. Санам уларни кузатаркан сўрида турган бир қоплардаги ун, гуручга кўзи тушди. Қопларнинг ёнида қовун-тарвуз, гўшт ва ёғ ҳам бор эди. Санам ажабланиб меҳмонларга қаради.
–Бу онангиз учун, синглим, –деди раис.–Янга ўзларини анча олдириб қўйибдилар, парвариш қилинглар. Лекин сўзлари бамаъни-ку, одамлар ҳар хил гап қилишганди.
–Меҳри синглим туғилганидан кейин баъзи-баъзида хаёллари чалғийдиган бўлди, аммо икки ҳафта беҳуш ётиб анча ўзларига келиб қолибдилар, буни мен ҳам бугун билдим.
–Онангиз яхши аёл, қаранглар.
–Таътилда ўзим ҳам шу ердаман, синглим билан биргалашиб қараймиз.
У меҳмонларни кузатгач, овқатига гуруч солди-да, ҳовлининг чала қолган жойини супурди, сўнг сўридаги озиқ-овқатларни ошхонага жойлади, ун билан гуручни олиб кириш учун усталардан бирини ёрдамга чақирди.
–Янги раис шу киши эканми? – сўради уста йигит. –Одамшавандага ўхшайди, ишини савобдан бошлабди.
–Ҳа, онам неча йиллардан бери касал, бирор киши йўқламаганди, шу кишининг эсига келибмиз. Раҳматли отам билан отаси дўст бўлган экан.
–Ёнидаги Манзура опами? У кишига тўй бўлса қолмайдилар, азага эса, бошим оғрийди, деб бормасканлар. Кайвониликни удда қилганга чиқарган, нима, ўзлари ўлмас эканми?
–Қайдам, мен қишлоқдан чиқиб кетганимга кўп бўлди, кимнинг қандайлигини билмайман.
Уста йигит қоплардаги ун ва гуручни ошхонага киритиб, шериклари ёнига қайтди. Овқат тайёр бўлгач, Санам аввал усталарга, сўнг онаси билан синглисига сузиб берди, уларга раис озиқ-овқат олиб келганини айтди.
–Опа, дунёда яхши инсонлар кўп экан, –деди Меҳри. –Мен ҳаммадан хафа эдим, ҳамма кўзимга ёмон кўринарди. Кечадан бери бошқачаман, аввал бош врачимиз Улуғов, кейин хўжалик раиси Хушвақтов, ўзимни қушдай енгил сезаяпман. Эртадан ишга чиқсамми, деб турибман, бормаганимга уч ҳафта бўлди-ёв.
–Аввал соғай, иш қочмайди.
–Анча яхшиман, эртагача янаям кучланаман, фақат сиз онамга, усталарга қараб турсангиз бўлгани.
–Мен шу ердаман, ҳеч ташвиш чекма. –Санам Меҳрини хотиржам қилди, сўнг онасига ўгирилди:
–Она, бизни боқаман деб қанчалик қийналгансиз, битта бузоқ оламиз, деб туни билан зеҳ тикканларимиз, тут, олма, ўрик сотганларимизни эсласам йиғлагим келади. Нега ўшанда раис ёки Манзура опанинг ёнига бормагансиз?
–Боя айтдим-ку, бир марта бориб ҳафсалам пир бўлган. Бировдан нарса сўрашнинг ўзи оғир, бетингга чарм қоплаб олишинг керак, берса-ку яхши, бермаса ерга кириб кетасан. Бир тележка сомонни – хасни қизғанишганидан кейин яна қандай борай? Ўшандан бўён Тоштемир бригадирни кўришга кўзим йўқ, бўғдой унинг бўлмасаям бўғдой сўзинг бўлсин, деганлар. У мени ер билан битта қилгани ҳеч эсимдан чиқмайди.
–Бормай тўғри қилгансиз, –Меҳри онасини маъқуллади. –Мана, ҳеч биримиз очдан ўлмадик, азоблардан қутулдик, таънали ошнинг ичида тоши бўлади, тўғрими, она?
–Тўғри.
–Лекин раис яхши одам экан, отамни таниркан, ёрдам берса йўқ деб ўтирманглар тағин. Уй қанча тез битса шунча яхши, тушундингми, Меҳри. Отамнинг ҳам колхозда ҳаққи бор, меҳнати сингган, иш деб ўлиб кетган, балки отам дори билан ишламаса ҳали тирик юрармиди?..
Санамнинг сўзларидан сўнг ўртага оғир сукунат чўмиб. ҳар ким ўз хаёлларига шўнғиб кетди…
Бири кам дунё деб шуни айтадилар-да, баъзан инсон бир нарсага эришса, бошқа нарсани бой бериб қўяди, бир нимани ютса, бошқасини ютқазади.
Маъқул холанинг ўн беш кунлик уйқуси ўнг қўл ва оёқ ҳаракатидан маҳрум этди-ю, ақлини қайтарди, фикри анча тиниқлашди, ўз-ўзига сўзламайдиган, вақт-бевақт энсани қотирадиган гаплар айтмайдиган бўлди, кўчага чиқишни-ку, хаёлидан чиқарди, фақат Қуръон оятларидан айтиб, тасбеҳ ўгиради.
Ҳаёти мобайнида ҳеч қачон шу кунлардагидек кўнгли равшан тортмаган эди Меҳрини. Бош врачи ва раиснинг одамгарчилиги, тўшакда михланса-да, хаёли жойига келган онасининг табассуми, бошлаётган иморати, режаларининг хамирдан қил суғургандай силлиқ амалга ошаётгани – буларнинг ҳамма- ҳаммаси уни беҳад қувонтириб, эртанги кунига умид уйғотди.
Тонг отгач, Меҳри ишга отланаркан, хайрлашиш учун онасининг ёнига кирди.
–Кетяпсанми? –сўради Маъқул хола. –Бош врачингни олдига кирсанг, менинг раҳматимни айтиб қўй, яхши инсон экан.
–Албатта, айтаман. Улуғов ҳақида кўп илиқ гаплар эшитгандим-у, оддий бир врачнинг ортидан уйигача келишини кутмагандим.
–Бир неча кун бормаганинг учун жиддий сабабинг борлигини сезган, ақлли кишига ўхшайди, –гапга қўшилди Санам.
–Йиғилишларда ҳам бирор гап бўлса, “Тўғрими, Меҳри?”, деб мендан тасдиқлатиб оладилар, Тажрибали врачлар бўла туриб менга мурожаат қилганларидан уялиб кетаман.
–Бундан чиқди бош врачингни ишончига кирибсан, сенга тан берибди, –деди у.
–Қайдам?..
Синглисини ишга жўнатгач Санам усталарга овқат пиширди, ҳамма ёқни супуриб-сидирди, бўш қолгани заҳоти онасининг ёнида ўтирди.
–Сени ҳам овора қилдим, –хижолатомўз гапирди Маъқул хола. –У ёқда эринг, қайнонанг, борганингдан кейин гапиришмаса яхшийди.
–Гапиришмайди. Қайнонамнинг ўзлари, бошқа пайт боролмайсиз, майли, таътилингизда онангизга қаранг, деганлар. Уйда овсинларимдан иш ортмайди, фақат Севарани жудаям соғиндим.
–Унда бир бориб хабар олиб кел.
–Йўқ, эртага қайнонам сизни кўргани келар эканлар, Севарани ҳам олиб келинглар, дедим.
…Эртаси куни Мардон онаси ва қизалоғи билан кириб келганида кун тушга яқинлашганди. Санам қизчасини бағрига босди.
–Бувингни ачом-ачом қилмайсанми? –деди унга.
Қизалоқ бегонасираб дадасининг пинжига тиқилди.
–У мени қучоқлармиди? –Маъқул хола кулди. –Бирор марта бешигини тебратганим, йўргаклаганим йўқ, ўзим билан ўзим овора юрибман. Майли, тани-жони соғ бўлсин, ота-онаси, ўша ёқдаги буви-боболарига насиб қилсин. Қучоқламаса ҳам шуларнинг борига шукур, димоғим чоғ.
–Меҳр кўзда, қуда,–деди Сора ая. –Келин Севарани ташлаб кетинглар, деяптилар, уч-тўрт кунда сизга ўрганиб қолади.
–Қайдам. Қани энди қўл-оёғим бут бўлса-ю, набирамни орқамда опичлаб юрсам.
–Худо хоҳласа отдай бўлиб кетасиз, ҳали ҳам ранги-рўйингиз яхши, кўз тегмасин.
–Ҳа, шунисигаям шукур.
Маъқул хола қудасини Санамнинг тўйи куни илк дафъа кўрганди, кейин чарлар қилиб чақирди, ҳар гал кўпчилик орасида бўлгани учун мундоқ ёзилиб гаплашишмаган, ҳол-аҳвол сўрашдан нарига ўтишмаганди. Бугун худди қадрдон дугоналардай икки қуданинг гаплари гапларига қовушиб кетди. Санам эрталабдан бўён мил-мил қайнаб пишган шўрвадан дастурхонга тортди, суҳбат бир пиёла чой устида давом этди. Тушликдан сўнг Мардон усталарнинг ёнига бориб гурунглашиб ўтирди, икки қуданинг суҳбати авжига чиқди: ботган ҳам қолмади, қотган ҳам, бор-бирлари билан обдон танишиб олдилар.
–Санам келиндан жуда миннатдорман, –деди Сора ая гап орасида. –Шундоқ қиз тарбиялаганингиз учун сизга катта раҳмат. Икки овсинини синглисидай кўради, ўртада сеники-меники йўқ. Мардон уй қуриб битказганига бир йил бўлди, қўйиб юборгим келмаяпти, ўзларининг ҳам чиққилари йўқ.
–Санам сизни онасидай яхши кўради, куёвим ҳам бебаҳо йигит. Қизи бахтли бўлса онага бошқа ҳеч нарса керак эмас.
–Худога шукур, рўзғоримиз тинч, келинимга, куч-қувватим борида яна бир-иккита бола туғиб олинг, деганим деган. Хўп, деб кулиб қўйишдан нарига ўтмайдилар. Севараям учга кирди, ахир. Бу аҳволда ҳадемай овсинларингиз сиздан ўзиб кетади, дедим.
–Овсинларини ҳам олиб келмабсиз-да, қуда, шу баҳона биз томонларни кўриб кетишарди.
–Уларга қолса-ку, жон деб келишади, иккаловининг ҳам қўлгўдаги бор. Ўғилларим бир ёш катта-кичик бўлгани учун икки келинни бир кунда туширганман, олдин-кейин фарзанд кўришди, ҳали болалари ёшига ҳам тўлмаган, Меҳри тўй бўлса борасизлар, дедим.
–Ҳа, Меҳри мени деб умрини ўтказяпти, уни бошини иккита қилсам ўлсам армоним йўқ эди.
–Яна бир ўғлим бўлса ўзим келин қилардим Меҳрини, лекин сиз ташвишга тушманг, ўтирган қиз ўрнини топади, ана кўрасиз.
–Илоё айтганингиз келсин.
Уларнинг суҳбати Санам палов сузиб келганида бўлинди, Мардонни чақиришганди, усталар билан овқатланаман, деди. Усталар кетганидан кейин Мардон уларнинг ёнига келди.
–Кетдик, демасам, уй ҳам эсингиздан чиққанга ўхшайди, –деди кулиб онасига.
–Нима қилай, қудам билан гапимиз тугамаяпти.
–Кеч киряпти, қайтайлик энди.
–Бугун ётинглар, бир кеча минг кеча бўлмайди, –Маъқул хола уларни кўндирмоқчи бўлди, меҳмонлар унашмади.
–Яна келамиз, ҳали сиз билан кўп гурунглашамиз.
–Майли, яхши кунларда дийдор кўришайлик.
Санам уларни дарвозагача кузатиб қўйди.
–Қайнонанг ажойиб аёл экан, менга жуда ёқди, –деди Маъқул хола Санамга. –Ўшанда аканг тўғри қилган экан. Қани энди Меҳрига ҳам шундай қайнона насиб этса…Ёз бўйи Маъқул хола нинг уйидан уста аримади, бири томни ёпиб, шифер қоқса, бошқаси панжакаш, гилкор қилди, дераза, эшик ясади. Меҳри ҳар куни ишга кетаётганида ҳам, ишдан қайтганида ҳам иморатни бир айланиб чиқади, кўзларига ишонмай, Аллоҳга минг марталаб шукроналар айтади. У бунчалик тез уй қураман, деб ўйламаганди, бир амаллаб уч хонали, олди пешайвонли иморати тикка бўлди. Аслида раис ёрдам бермаса ҳали-вери иш битмасди, мард инсон экан, шиферни-ку берди, баъзан уч-тўрт килодан гўшт ҳам юбориб турди, камига ишлатасизлар, деб бир гал шофёридан 100 сўм жўнатибди. Меҳри, айниқса, опасининг шу ердалиги пайтида асосий ишларни қилиб олганидан хурсанд, қолганини бир амаллайди, қишгача онасини янги уйга кўчирса бўлгани.
Шу кунларда Маъқул холанинг аҳволи анча яхшиланди, ёстиқ қўйса соатлаб суяниб ўтиради. Бир пайтлар биров мўралаб қарамайдиган ҳовлидан одам аримаяпти: бир кун Қулмат қайниси келса, эртаси куни Момохол овсини ёки қудаларидан бири йўқлайди. Шамсиддин билан хотинининг бир оёғи шу ерда, Малика момо-ку, тиқ этса ҳам, нима гап, деб ўтади.
Энг ёмони, Санамнинг меҳнат таътили тугай деб қолди. Усталарнинг-ку, иши деярли битган, аммо Санам кетса, Маъқул холанинг аҳволи нима кечади, ҳар икки қизнинг ўйлови шу эди. Санам бу ҳақда кечки овқат пайти – Зоҳида борлигида атайлаб гап очди.
–Уч кундан кейин поччанг бизни олиб кетади, иш жойинг узоқ, онамга қандай қарайсан?
–Улуғовдан илтимос қилдим, биринчи сентябрдан кундузги ишга ўтяпман, тунда навбатчиликка турмайман.
–Барибир-да, эрта кетиб, кеч келасан, онамнинг овқатланиши, ҳожати бор…
–Мен шу ердаман-ку, опа, битта тушлик бўлса тайёрлаб бераман. Қолганини ҳам амаллармиз.
Санам аслида шу гапни кутаётганди. Кейинги ойларда Зоҳидага инсоф кирган: ўлгудай қайсар қайнсинглисининг кун сайин ортиб бораётган обрў-эътиборидан чўчибми, дам-бадам хўжалик раиси юборган озиқ-овқатлар ўртадалиги боисми, бозор-ўчар қилганида Меҳри акасининг рўзғорини ҳам унутмагани, ҳар маошидан жиянларига кийим-кечак олиб бергани сабабми, феъл-атвори ўзгарган, Маъқул холага қарашиб турар, Санам бирор юмушни бажараётганда ҳеч бўлмаса Севарани ўйнатиб юрарди.
–Ўзим ҳам яқин атрофдан иш қидиряпман, онамга қарашиб туринг, мен сизни қуруқ қўймайман, янга.
–Гап қуруқ қўймаслигингизда эмас, онамиз ғаниматлар, савоб ҳам керак-ку.
Меҳри ичида: “Хайрият, савобни биладиган кунинг ҳам бор экан”, деди-ю, сиртига чиқармади, янгасининг юракдан бўлмаса-да, шундай дейишининг ўзи катта гап эди.
Орадан уч кун ўтиб Мардон хотини билан қизини олиб кетди. Меҳри энди одатдагидан вақтли турадиган бўлди. Нонушта қилишгач, онасининг ёнига термосда чой, у-бу егулик қўяди ва эрмак қилиб ўтирасиз, дейди. Меҳри биладики, онаси тез-тез очқайди, юрагим сийрилиб кетяпти, деб атрофга аланг-жаланг қарайверади. Баъзан қизидан уяладими, “Нима бало, ичимга илон кириб олганми, илгари овқат билан хушим йўқ эди, ҳозир иштаҳам карнай”, дерди кулиб.
Сентябрь ойида Меҳри янги уйига зина қилди, орадан ўн-ўн беш кун ўтгач – октябрь ойининг бошларида битта хона ва пешайвонни суватиб, оқлади, яп-янги гилам тўшади, уйнинг узунлигини ўлчаб, Малика момога қавитган кўрпачаларни солди, парда осди. Ўша куни онасини даст кўтариб, ҳовлининг тўрт томони кўриниб турадиган пешайвонга ўтқизиб қўйди, Маъқул хола қувонганидан йиғлаб юборди.
–Эй болам, уйинг жуда баланд экан, йиқилиб тушмайманми?
–Йиқилмайсиз, онажон, атрофни кўриб туринг, сизга ҳамманинг ҳаваси келсин, деб иморатни баланд қурдим. Энди маза қилиб яшайсиз.
У онасини, онаси уни қучоқлаб олди
Давоми бор.
#Телбақисса
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1